БОШ САХИФА
 
БЕБАҲО ХАЗИНА

Асрлар давомида олимлар ва шоирлар томонидан ажойиб асарлар яратилган бўлиб, айнан ана шу қадимий қўлёзма асарлар орқали тарихий воқеалар ва ҳодисалар, маданият ва илм-фаннинг турли тармоқларига оид маълумотлар кейинги авлодларга етиб келган.

Бу қўлёзма китоблар – минглаб олимлар тафаккури ва котиблар қаламининг тебранишидан вужудга келган дурдоналардир. Ана шундай асарларни Шарқ қўлёзмалари, уларнинг бир ерга тўпланган жойини эса қўлёзмалар фонди - хазинаси деб атаймиз.

Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзмалар хазинаси ўзининг бойлиги, у ерда сақланаётган асарларнинг ранг-баранглиги ва илмий қиммати жиҳатидан дунёдаги қадимий қўлёзма китоблар сақланадиган энг машҳур хазиналардан ҳисобланади. Ушбу хазинанинг дунё миқёсидаги алоҳида ўрнини кўрсатиш мақсадида унда сақланаётган асарларнинг баъзи қадимий нусхалари ҳақида қисқача маълумот бериб ўтмоқчимиз.

Бу хазинада сақланаётган қўлёзмалардан бири куфий хати билан ёзилган Қуръони каримнинг қадимий ва табаррук нусхасидир. Манбашунос олимларнинг таъкидлашича, у IХ асрда кўчирилган.

Хазинада сақланаётган нодир асарлардан яна бири - машҳур олим Ибн Салломнинг (в. 837 й.) « Ғ ариб ал-ҳадис» асаридир. Бу асар ярим куфий, ярим насх хати билан 344/955 йилда кўчирилган. Бу асарларни ўрганиб, куфий хатидан насх хатига ўтиш Х асрнинг ўрталарида содир бўлган деган хулосага келинган.

Шунингдек, қўлёзма асарлар хазинасида Қуръони каримнинг бошқа нодир нусхалари ҳам сақланмоқда. Улардан бири – жуда йирик, нафис сулс хатида китобат қилинган. Унинг хати, қоғози ва бошқа аломатларидан келиб чиқиб, Х II асрда кўчирилганини таъкидлаш мумкин.

Қуръони каримнинг хазинада сақланаётган яна бир қўлёзма нусхаси диққатга сазовордир. У ажойиб насх хатида ёзилганлиги ва бадиий безаги билан ажралиб туради. Матн аввалдан охиригача тилла суви тортилган қатор устига ниҳоятда гўзал насх хатида кўчирилган. Унинг тагига қизил сиёҳда форсча таржимаси ёзилган. Ҳар бир саҳифанинг ҳошиясида « Тафсири Жалолайн » ва « Тафсири Ҳусайний » асарлари келтирилган. Китоб аввалида жуда гўзал лавҳа бор. Қоғозига ипак аралаштирилиб тайёрланган. Муқоваси – лак-бўёқли, нафис гуллар билан безатилган.

Ислом оламида «Қуръони карим»дан сўнгги мўътабар манба - муҳаддислар султони Имом ал-Бухорийнинг « ал-Жомиъ ас-саҳиҳ » («Ишончли тўплам») асаридир. Бу тўпламнинг ҳам турли асрларда кўчирилган бир қанча қўлёзма нусхалари сақланмоқда. Уларнинг энг қадимийси – 801/1399 йилда Амир Шамс ибн Амир Ибод томонидан насх хатида кўчирилган нусхадир.

Ислом оламида катта шуҳрат топган буюк уламолардан яна бири Абу Мансур ал-Мотуридий ҳазратларидир. У калом илмининг асосчиларидан бўлган. Мотуридийнинг бу борадаги асарларидан иккитаси бизгача етиб келган. Бири – « Таъвилот аҳл ас-сунна » бўлиб, унинг бир нусхаси институтимиз хазинасида сақланмоқда.

Ислом оламидаги буюк уламолардан бири, фиқҳ илмини қиёмига етказган ва « ал-Ҳидоя » номли машҳур асар ёзган Бурҳониддин ал-Марғинонийдир. Институтимизнинг қўлёзма-лар хазинасида ушбу асарнинг бир неча қўлёзма нусхалари сақланмоқда. Уларнинг энг қадимийси – 679/1280 йилда Умар ибн Садр аш-Шариа номли котиб томонидан яхши насх хатида кўчирилган.

Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин. Мазкур хазинада сақланаётган асарларнинг энг янгилари эса, ХХ асрнинг бошларида ёзилган. Бир сўз билан айтганда, биз Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида минг йилликлар мобайнида яратилган ва ижод қилинган хилма-хил маъно ва мазмундаги асарларга эгамиз.

Тошкентда бундай катта ва бой қўлёзма китоблар фонди узоқ йиллар давомида олиб борилган машаққатли меҳнат туфайли шаклланди.

Бу қўлёзма китоблар турли Шарқ тилларида ёзилган бўлиб, улар илм-фаннинг тарих, адабиёт, тил, фалсафа, ҳуқуқ, астрономия, геометрия, химия, медицина, фармакология, география, мусиқа, санъат ва бошқа соҳаларига доир асарлардир.

Агар ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланаётган адабий асарларга назар ташласак, Ўрта Осиё ҳудудида, Ҳиндистон, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида яшаган халқлардан етишиб чиққан шоирлар ва адиблар томонидан жуда кўп асарлар ижод этилганлигини кўрамиз. Абу Али ибн Сино, Фирдавсий, Юсуф Хос Ҳожиб Болосоғуний, Маҳмуд Қошғарий, аллома Замахшарий, Низомий Ганжавий, Умар Хайём, Саъдий, Фаридуддин Аттор, Жалолуддин Румий, Рабғузий, Амир Хусрав Деҳлавий, Ҳофиз, Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий, Фузулий, Мирзо Абдулқодир Бедил ва бошқа юз-юзлаб шоир ва адибларнинг қўлёзма девонлари, «Хамса» лари ва бошқа асарлари мазкур фондга тўпланган.

Ўрта осиёлик буюк олим Абу Али ибн Сино (980-1037) беназир файласуф ва табиб сифатида шуҳрат қозонган эди. «Шайх ар-раис» унвонини олган энциклопедист олим замонасининг турли илмларидан хабардор бўлиш билан бир қаторда, ўз даврининг атоқли адиби ва шоири ҳам эди. Унинг шеърлари ва «Соломон ва Ибсол» номли адабий асари бизгача етиб келган. Бу асар қўлёзма фондимиздаги Шарқ олимларининг юздан ортиқ ҳар хил мазмундаги илмий-адабий, фалсафий рисолалардан иборат «Мажмуа-и расоили ҳукамо» номли тўпламга киритилган. Бу эса Абу Али ибн Сино адабий фаолиятини кўрсатувчи далилдир.

Х I асрнинг машҳур олими ва адиби Юсуф Хос Ҳожибнинг « Қутадғу билик » номли асаридан ҳам бир нусха фондимизда бор. У Х IV асрда кўчирилган ва дунёда сақланаётган нусхаларнинг энг қадимийларидан ҳисобланади. Юсуф Хос Ҳожиб Болосоғуний ўз даврининг етук олимларидан бўлиб, тарих, риёзиёт, табииёт, фалакиёт, адабиёт ва бошқа фанлардан етарли даражада хабардор бўлган. Асар 1069 йилда ёзилган ва 73 бобдан иборат.

Низомий Ганжавий, Амир Хусрав Деҳлавий ва Алишер Навоий–Шарқнинг буюк хамсанависларидандир. Улар ўзларининг « Хамса »лари билан адабиёт тарихида ўчмас из қолдирганлар. Фондимизда буюк шоир ва мутафаккир Низомий Ганжавий « Хамса »сининг бир неча нусхалари бор. Улардан бири ажойиб миниатюра ва лавҳалар билан безатилган.

Низомий Ганжавийдан сўнг « Хамса » яратган буюк шоир ва мутафаккир Амир Хусрав Деҳлавий бўлган. У адабиёт ва тарихга оид қатор асарлар муаллифидир.

Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг қўлёзма асарлар фондида Амир Хусрав Деҳлавийнинг «Матлаъ ал-анвор» («Ёритгичларнинг чиқиши»), «Ширин ва Хусрав», «Мажнун ва Лайло», «Ойинаи Искандарий» («Искандар кўзгуси») «Ҳашт беҳишт» («Саккиз беҳишт») номли достонларини ўз ичига олган «Хамса», «Туҳфат ас-сиғар» («Ёшлик туҳфаси»), «Васат ал-ҳаёт» («Ҳаёт ўртаси»), «?уррат ал-камол» («Камолотнинг бошланиши»), «Бақияйи нақия» («Сараларнинг сараси»), «Ниҳоят ал-камол» («Камолот чўққиси») девонларига киритилган шеърлар тўплами- девони, «Қирон ас-саъдайн», «Нуҳ сипеҳр», «Дувалроний ва Хизрхон», «Мифтоҳ ал-футуҳ» номли асарларнинг қўлёзма нусхалари сақланади. Бу ерда сақланаётган Амир Хусрав Деҳлавий девонлари, узоқ давр ичида Ҳиндистон, Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида ҳар хил хаттотлар томонидан кўчирилганлиги туфайли уларнинг ҳажми, таркибига киритилган ғазаллар, қасидалар, рубоийларнинг адади ҳам турличадир. Фондимизда Амир Хусрав Деҳлавий асарларининг шундай ажойиб нусхалари борки, улардан бири Х IV асрда кўчирилган бўлса, иккинчиси машҳур лирик шоир Ҳофиз Шерозий томонидан китобат қилинган, «Хамса» асардир.

«Хамса»нинг беш достонидан учтаси («Хусрав ва Ширин, «Ойинаи Искандарий», «Ҳашт беҳишт») - Ҳофиз қаламига мансуб. Бу нусха ҳам ажойиб лавҳалар билан безатилган. Институт қўлёзма китоблар хазинасида Амир Хусрав Деҳлавий девонларининг ҳам ажойиб нусхалари бор.

Энди фондимизда сақланаётган Алишер Навоийнинг баъзи қўлёзма асарлари ҳақида қисқача тўхталиб ўтамиз. Маълумки Навоий асарларининг қўлёзма нусхалари ҳам, бошқа олим ва шоирларнинг асарлари каби беш асрдан кўпроқ давр ичида кўпгина хаттотлар томонидан Ўрта Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ мамлакатларида жуда кўп нусхаларда кўчирилган. Хазинамизда Алишер Навоий қаламига мансуб «Хамса», «Наводир ан-ниҳоя» («Энг нодир шеърлар»), «?аройиб ас-сиғар» («Болалик ажойиботлари»), «Наводир аш-шабоб» («Йигитлик нодирликлари»), «Бадойиъ ал-васат» («Ўрта ёш бадиъалари» ва «Фавойид ал-кибар» («Кексалик фойдалари») номли девонларидан ташкил топган «Хазойин ал-маъоний» («Маънолар хазинаси»), «Маҳбуб ал-қулуб» («Қалблар маҳбуби»), «Лисон ат-тайр» («Қуш тили»), «Мажолис ан-нафоис» («Нафис таъблилар мажлиси»), «Тарихи мулуки Ажам» («Ажам подшоҳлари тарихи»), «Мезон ал- авзон» («Вазнлар тарозуси»), «Муҳокамат ал-луғатайн» («Икки тил ҳақида муҳокама»), «Тарихи анбиё ва ҳукамо» («Анбиё ва ҳукамолар тарихи»), «Насойим ал-муҳаббат» («Севги шабадалари»), «Назм ал-жавоҳир» («Гавҳарлар шодаси»), «Хамсат ал-мутаҳаййирин» («Беш ҳайрат»), «Муншаот» («Мактублар тўплами») ва бошқа асарларнинг қўлёзма нусхалари сақланмоқда. Уларнинг орасида Алишер Навоий ҳаётлик вақтида Ҳиротда атоқли хаттотлар томонидан кўчирилган қўлёзма нусхалар ҳам бор. Шулардан бири-аъло даражадаги настаълиқ хати билан заррин қалам хаттот Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган. Алишер Навоийнинг «Наводир ан-ниҳоя» номли девонидир. У моҳир рассомлар томонидан чизилган бадиий лавҳалар ва миниатюралар билан безатилган. Асарнинг охирида Султон Али Машҳадий томонидан қуйидаги сўзлар ёзиб қўйилган: «Бу нусхани, мен – Султон Али Машҳадий, Ҳиротда, Мирзо Султон Ҳусайн хазинаси учун китобат қилдим».

Машҳур хаттот Султон Али Машҳадий ўз даврида настаълиқ хати санъатида энг юксак поғонага кўтарилган ва «Котиблар пешвоси» деган шарафли номни олишга муяссар бўлган. Заҳириддин Муҳаммад Бобур ўзининг «Бобурнома» асарида Султон Али Машҳадий ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради: «хушнавислардан агарчи хели киши бор эрди, вале борининг саромади настаълиқда Султон Али Машҳадий эрди. Мирзо учун, Алишербек учун қалин китобатлар қилди. Ҳар кунда ўттуз байт Мирзо учун ва йигирма байт Алишербек учун битар эрди».

Шу даврдаги Ҳирот қўлёзма асарлар хазинасининг хозини – машҳур миниатюрачи-рассом Камолиддин Беҳзод эди. Кўпгина қўлёзма китоблар Камолиддин Беҳзод ва унинг шогирдлари томонидан бадиий лавҳа ва ажойиб миниатюралар билан безатилган. Камолиддин Беҳзод мўйқаламига мансуб бадиий безак ва миниатюраларга хос бўлган хусусиятлар таҳлилидан келиб чиқиб айтиш мумкинки, мазкур девоннинг бошидаги ажойиб бадиий лавҳа машҳур рассом томонидан чизилган.

Мазкур қўлёзма девоннинг мўътабар нусхалиги шундан маълум бўладики, у, аввало, машҳур хаттот Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган, иккинчидан, Мирзо Султон Ҳусайн хазинаси учун махсус кўчирилганлиги қайд этилган, учинчидан, бадиий лавҳалар ва миниатюралар билан безатилган.

Навоий девонининг ушбу ажойиб нусхаларини ўрганган киши, буюк шоир ғазалларига офарин ўқиш билан бирга,бу нусхаларни кўчирган хаттотларнинг хуснихати-ю уларни безатган рассомларнинг маҳоратига таҳсинлар айтади.

«Наводир ан- ниҳоя» девонининг иккинчи тўлиқ нусхаси ҳам институт томонидан сотиб олинган. У 893/1487 йили заррин қалам хаттот – Абдулжамил котиб томонидан кўчирлган нусха бўлиб чиқди.

Фондимизда Навоийнинг «Хазойин ал-маъоний» («Маънолар хазинаси»)га киритилган ғазалларидан танлаб олиб тузилган, ҳажм жиҳатдан кичкина девонларнинг ажойиб нусхалари ҳам мавжуд. Улардан бири – настаълиқ хати билан кўчирилган қўлёзма бўлиб, бошидаги икки саҳифасига ниҳоятда гўзал лавҳа ишланган. Қўлёзманинг ҳар бир бетидаги матн атрофи алоҳида-алоҳида рангга бўялган бўлиб, суюлтирилган тилла сувидан ҳалафшон қилинган. Девонга зийнатли муқова ишланган. Хатига қараганда, у Султон Али Машҳадий томонидан кўчирилган кўринади.

Таниқли китобдон олим, марҳум Ибодулла Одиловнинг берган маълумотларига қараганда, Навоий ўз асарларидан махсус нусхалар кўчиртириб, яқин дўстларига туҳфа қилган. Бу ана шундай нусхалардан бўлса керак.

Улардан яна бири – Навоий ҳаётлик вақтида 898/1492 йили Ҳиротда Султон Али Машҳадий томонидан настаълиқ хати билан кўчирилган нусхадир. Унинг дастлабки икки саҳифасига нозик лавҳалар ишланган ва қўлёзма саҳифасида келтирилган матн атрофи ҳар хил бўёқлар ва суюлтирилган тилла билан ранг-баранг гуллар солиб безатилган.

Институт қўлёзма асарлар хазинасида, юқорида кўрсатиб ўтилган нусхалардан ташқари, Навоий девонларининг машҳур хаттотлар томонидан кўчирилган ва етук рассомларнинг нафис миниатюраларию ажойиб лавҳалари билан безатилган бошқа қатор нусхалари ҳам мавжуд.

Навоий девонларининг кейинги даврларда кўчирилган ажойиб нусхалари ҳам борки, улар ўзининг хати ва бадиий безаклари билан кишини ҳайратда қолдиради. Ана шундай нусхалардан бири - XIX асрнинг биринчи ярмида Қўқон шаҳрида Мирзо Шариф Дабир исмли заррин қалам хаттот томонидан кўчирилган. Унда Навоийнинг энг ажойиб ғазаллари жамланган. Қўлёзманинг ҳар бир саҳифаси моҳир рассом томонидан тилла-ю ранг-баранг бўёқлар воситасида доира шаклида ишланган ҳамда турли нақшлар билан безатилган. Ушбу қўлёзма ўзининг бадиий безаклари ва услуби жиҳатидан дунё хазиналарида сақланаётган Навоий асарлари орасида ягона ҳисобланади.

Навоий асарларининг ажойиб нусхалари хусусида сўз борганда, машҳур «Хамса» асарининг бир мўътабар қўлёзма нусхаси ҳақида ҳам тўхтаб ўтмасдан бўлмайди. Институтимиз хазинасида Навоий «Хамса»сининг турли шаҳарларда кўчирилган бир неча қўлёзма нусхалари мавжуд. Улар орасида шоир ҳузурида хизмат қилган ҳиротлик заррин қалам машҳур хаттот Абдулжамил котиб томонидан настаълиқ хати билан кўчирилган нусха ҳам бор. У – дунёдаги қўлёзма хазиналарида мавжуд бўлган Навоий «Хамса»сининг энг қадимги ва мўътабар нусхаларидан биридир. Ундаги биринчи достон «Ҳайрат ал-аброр» 889 йил рабиъ ал-охир/1484 йил, апрел ойида, иккинчи достон «Лайли ва Мажнун» 889 йил зулқаъда/ 1484 йил ноябр ойида, қолган достонлар – «Фарҳод ва Ширин», «Сабъаи сайёра», «Садди Искандарий» 889/1484 йили, Навоий ҳузурида кўчирилган. Ҳар бир достоннинг аввалига бадиий лавҳалар ишланган.

Шарқ мумтоз адабиётининг йирик намояндаларидан бири – машҳур шоир ва мутафаккир Абдураҳмон Жомийдир. Институтимиз хазинасида Абдураҳмон Жомий асарлари ҳам алоҳида ўрин тутади. Улардан бири, дунёда ягона нусха асар –«Муншаот» («Хатлар албоми»)дир. XV асрда яшаган олимлар, шоирлар ва давлат арбоблари замонасининг ажойиб инсони, илм-фан ҳомийси Алишер Навоийга ҳар хил мазмунда хатлар ёзганлар. Навоийнинг илтимосига кўра, бу хатларнинг ҳаммаси бир ерга тўпланган ва албом шаклига келтирилган. Абдураҳмон Жомийнинг ундаги табаррук дастхати билан ёзилган мактублар алоҳида аҳамиятга эга.

Абдураҳмон Жомийнинг яна бир «Куллиёт»и ҳақида тўхталиб ўтмоқчимиз. У аллома вафотидан 10 йил кейин ҳиротлик атоқли котиб Муҳаммад ибн Ҳасаншоҳ ал-Котиб ал-Ҳиравий томонидан ўта нафис насх хати билан китобат қилинган. Қўлёзма 631 варақдан иборат. Унга Жомийнинг жуда кўп асарлари киритилган. «Баҳористон», «Рисолаи аруз» («Аруз фани ҳақида рисола»), «Рисолаи мусиқа» («Мусиқа ҳақида рисола») девонлари, «Силсилат аз-заҳаб» («Олтин занжир»), «Соломон ва Ибсол», «Туҳфат ал-аҳрор» («Саховатлилар совғаси»), «Суҳбат ал-аброр» («Саховатлилар тасбиҳи»), «Юсуф ва Зулайхо», «Лайли ва Мажнун», «Искандарнома» ва бошқа қатор асарлар бор. Нусха ажойиб ва нафис лавҳалар билан безатилган.

Машҳур шоир Муҳаммад ибн Сулаймон Фузулий девонининг ҳам бир неча нусхалари сақланмоқда. Улардан бири ўзининг қадимийлиги ва безатилиши билан бошқаларидан яққол ажралиб туради. Девонда сўзбоши, ғазаллар, «Банг ва бода» поэмаси бор. Қўлёзма 1581 йили китобат қилинган бўлиб, муаллиф вафотидан сўнг кўчирилган нусхаларнинг энг қадимгиси ҳисобланади.

Шунингдек, хазинамизда ҳинд, араб, форс адабиёти тарихига оид қатор қўлёзма асарлар ҳам сақланмоқда.

Хазинамизда ўзбек адабиёти тарихига оид қатор қўлёзма асарлар мавжуд. Жумладан, Дурбек, Саккокий, Лутфий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Хожа, Машраб, Нишотий, Ҳувайдо, Мужрим Обид, Мунис, ?озий, Увайсий, Нодира, Огаҳий, Маҳзуна, Фурқат, Муқимий, Аваз, Баёний ва бошқа кўпгина шоиру шоираларнинг асарларини кўрсатиб ўтиш мумкин.

Адабий асарлар билан бир қаторда фондимизда умумий тарихга, Ўрта Осиё, Ҳиндистон, Покистон, Афғонистон, Эрон ва араб мамлакатлари тарихига, улар ўртасидаги сиёсий, иқтисодий ва маданий алоқалар тарихини ўрганишга оид кўплаб қўлёзма асарлар ҳам сақланмоқда.

Умумий тарихга оид асарлардан бири кўп томли «Тарихи Табарий» («Табарий тарихи»), дир. Бу асар, аслида араб тилида Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий (в. 922 й.)томонидан ёзилган. Кейинчалик бухоролик олим Мир Абу Али ибн Муҳаммад Балъамий уни қисқартириб, форс тилига таржима қилган.

Институтимиз қўлёзма китоблар фондида бу асарнинг ўзбек тилига таржима қилинган дунёда ягона нусхаси ҳам бор.

Қимматли асарлар қаторида буюк тарихчи Ибн Мискавейҳнинг (в.1030 й.) «Тажориб ал-умам» («Халқлар тажрибаси») асарини кўрсатиб ўтиш жоиздир. Фондимизда сақланаётган қўлёзма дунёдаги энг эски нусхалардан бўлиб, у 1199 йили кўчирилган. Шунингдек, машҳур тарихнавис олим Ибн ал-Асирнинг (в.1232й.) умумий тарихга оид «Тарихи комил» («Мукаммал тарих») номли асари 12 томдан иборат бўлиб, араб тилида ёзилган. Бу асарнинг ҳам ХХ аср бошларида Хивада Муҳаммад Шариф охунд, Нурулла муфтий ва бошқалар томонидан ўзбек тилига қилинган таржимаси фақат институтимизнинг қўлёзма китоблар фондида бор, холос.

Диққатга сазовор қўлёзма асарлардан яна бири - Хожа Алоуддин Ато Малик ибн Хожа Баҳоуддин Муҳаммад ал- Жувайнийнинг (ваф. 1283 й.) «Тарихи жаҳонкушо» («Жаҳонгирлик тарихи») номли асаридир.

Умумий тарихга оид Шарқда машҳур асарлардан яна бири Фазлулла Рашидуддин ибн Имодуддавланинг (в. 1318 й.) «Жомиъ ат-таворих» («Тарихлар тўплами») номли китобидир. Академик В.В.Бартольд кўпгина тарихий қўлёзма манбаларни ўрганиб, «Ўрта асрда на Осиё ва на Европада яшовчи халқлар қўлида бунақа асар бўлмаган»,- деб унинг илмий қимматини таъкидлаб ўтган эди.

Шунингдек, институтнинг қўлёзмалар фондида Банокатийнинг (в. 1317 й.) «Равзат улил ал-боб фи ат- таворих ва-л-ансоб» («Улуғ кишиларнинг тарихи ва насаблари ҳақида оқиллар боғи»), Дарвеш Муҳаммад ибн Рамазоннинг «Субҳат ал-аброр», Мирхонднинг «Равзат ас-сафо», Хондамирнинг «Ҳабиб ас-сияр» ва бошқа қатор тарихнависларнинг умумий тарихга оид муҳим асарларини учратиш мумкин.

Юқорида айтганимиздек, мазкур фондда Ўрта Осиё тарихини ўрганишда алоҳида аҳамиятга эга бўлган қўлёзма асарлар ҳам кўп. Улардан бири Х асрда Абу Бакр Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий томонидан араб тилида тасниф этилган «Тарихи Наршахий» («Наршахий тарихи») номли асардир.

Тарихчилардан Шарафиддин Али Яздийнинг «Зафарнома» номли асари ҳам машҳур манбалардан ҳисобланади. Фондимизда ушбу асарнинг бир неча қўлёзма нусхалари мавжуд. Уларнинг орасида миниатюралар ва лавҳалар билан безатилган ажойиб нусхалар ҳам бор.

Абдураззоқ Самарқандийнинг «Матлаъ ас-саъдайн ва мажмаъ ал-баҳрайн» («Икки саодатли юлдузнинг чиқиши ва икки дарёнинг қўшилиши») номли асари ҳам шундай қимматли манбалардандир.

Ўрта Осиё тарихига оид нодир манбаълардан бири, Фазлулла ибн Рузбехоннинг «Меҳмонномаи Бухоро», Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг «Бобурнома», Ҳофиз Таниш Бухорийнинг «Абдулланома», Саййид Роқимнинг «Тарихи Роқимий», Абдулғозихоннинг «Шажараи турк» ва «Шажараи тарокима», Муҳаммад Юсуф Муншийнинг «Тазкираи Муқимхоний», Муҳаммад Амин Бухорийнинг «Убайдуллонома», Шермуҳаммад Муниснинг «Фирдавс ал-иқбол» («Иқбол боғи»), Муҳаммад Ризо Огаҳийнинг «Риёз ад-давла» («Давлат боғи»), «Зубдат ат-таворих» («Тарихлар қаймоғи»), «Жомиъ ал-воқеоти султоний» («Султонлик воқеалари тўплами»), «Гулшан-и давлат» («Давлат гулшани»), Муҳаммад Ҳакимхоннинг «Мунтахаб ат-таворих» («Тарихий асарлардан сайланма»), Мулла Мирза Олимнинг «Ансоб ас-салотин ва таворихи хавоқин» («Султонлар насаби ва ҳоқонлар тарихи») каби батафсил тарихий маълумотлар жамланган асарлар ҳам сақланмоқда.

Мазкур фондда Ҳиндистон тарихига оид кўпгина қўлёзма асарлар ҳам мавжуд.

Шунингдек, қўлёзма китоблар фондида Эрон, Афғонистон, Туркия ва араб мамлакатларининг тарихи ҳақида бой маълумот берувчи ажойиб асарлар ҳам сақланмоқда.

Институт фондида аниқ фанлар тарихига оид анча қўлёзма асарлар ҳам бор. Шарқда яшаб ижод этган ва жаҳон маданияти хазинасига салмоқли ҳисса қўшган олимлар илм-фаннинг математика, химия, астрономия, география, тиббиёт, фармакология, минералогия ва бошқа соҳаларида анчагина асарлар ижод этганлар.

Ўтмишда аждодларимиз томонидан яратилган асарларнинг муайян бир қисми турли табиий офатлар ва қонли урушлар оқибатида бизгача етиб келмаган. Шу боис хатто Абу Райҳон Беруний ва Ибн Сино каби машҳур алломалар ёзган асарларнинг ҳам маълум қисмигина сақланиб қолган, холос.

Институт қўлёзма китоблар фондида сақланаётган қимматли қўлёзмалардан бири IX - X асрларда яшаган машҳур олим Абу Бакр ар-Розийнинг кимё фани тарихига оид «Китоб сирр ал-асрор» («Сирлар сири китоби») номли асаридир. Шу вақтгача дунёдаги шарқшунос олимларга Розийнинг фақат «Китоб ал-асрор» («Сирлар китоби») маълум эди, холос. Абу Бакр ар-Розийнинг ушбу асари дунёда ягона нусха бўлиб чиқди.

Ўрта Осиёли буюк олим ва мутафаккир, «Муаллим ас-соний» («иккинчи муаллим») номини олишга сазовор бўлган Абу Наср ал-Форобийдир. Форобий машҳур файласуф бўлиш билан бирга, табиб, шоир, мусиқашунос ҳам эди. Унинг «Уюн ал-масоил» («Масалалар булоғи») «Рисолат фи фусус ал- ҳикам» («Ҳикмат гавҳарлари ҳақида рисола»), «Рисола фи-л-ақл» («Ақл ҳақида рисола»), «Китоб фи ороъи аҳли мадинат ал-фозила» («Фозил одамлар шаҳри») каби бир қанча юксак илмий аҳамиятга молик асарларига эгамиз.

Машҳур олим Абу Али ибн Сино ижоди кўп қиррали бўлиб, у фаннинг турли соҳаларига оид илмий асар ёзган. Унинг жуда кўп асарлари Шарқ ва ?арб мамлакатларининг кутубхоналарида сақланиб келмоқда. Ибн Синонинг беш жилддан иборат «Тиб қонунлари», унинг буюк файласуф сифатида танилишга сабаб бўлган «Шифо китоби» (бир қисми) ва фаннинг турли тармоқларига доир қатор илмий рисолалари ҳамда асарлари институт қўлёзма фондида сақланмоқда.

X аср охири - XI аср бошларида Хоразмда яшаган улуғ ўзбек олими Абу Райҳон Берунийнинг ҳам бир неча илмий асарлари бизгача етиб келган. Фондимизда қомусий аллома Абу Райҳон Беруний қаламига мансуб астрономия ва геометрияга оид “Китоб ат-тафҳим ли авоили синоат ат- танжим” (“Нужум илмидан бошланғич маълумотлар берувчи китоб”) номли асарнинг XIII асрда кўчирилган нусхаси мавжуд. Бу қўлёзма дунё хазиналарида сақланаётган Абу Райҳон Беруний асарларининг энг қадимги нусхаларидан бири ҳисобланади.

Шунингдек, фан тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эга бўлган Беруний билан Ибн Синонинг савол-жавобларини ва бошқа асарларини учратиш мумкин. Буюк ўзбек олими Улуғбек, Қозизода Румий, Али Қушчи, Қутбиддин Шерозий ва бошқа жуда кўп олимларнинг асарлари ҳам институтнинг қўлёзма китоблар фондида сақланмоқда.

Фондимизда фаннинг турли соҳаларига оид, яъни адабиёт назарияси, грамматика, лексикография, мусиқа, каллиграфия, философия, ислом тарихи, мусулмон қонуншунослигига тааллуқли асарлар, ҳар хил мазмундаги қомуслар ва мемуарлар мавжуд. Сақланаётган қўлёзма асарлардан бир қисми замонасининг уста хаттотлари томонидан махсус ҳуснихат турида кўчирилган ва моҳир рассомлар чизган турли нафис лавҳалар, миниатюралар, расмлар ва гуллар билан безатилган. Бу лавҳалар ва миниатюралар Шарқ рассомлик санъати тарихини ўрганишда катта аҳамиятга эгадир. Бизгача етиб келган ушбу қадимий қўлёзма китоблар ўрта асрлардаги фан ва маданият тарихини ўрганишда асосий манба бўлиб хизмат қилмоқда.

Институт қўлёзмалар фонди кун сайин бойиб бормоқда.

Шундай қилиб, Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшнослик институтининг қўлёзма китоблар фонди ўзининг бойлиги ва илмий қиммати жиҳатдан жаҳондаги энг муҳим фондлардан бири ҳисобланади.

Институтимизнинг илмий ходимлари томонидан ўтмишдан илмий мерос сифатида бизга қолган бу бебаҳо дурдоналарни қунт билан ўрганиб, қўлёзма китоблар фондига тўпланган бу асарларни илмий йўсинда карточкали каталоглар тузиш, қисқача илмий таърифлаш, «Ўзбекистон Фанлар академиясининг Шарқ қўлёзмалари тўплами» номли каталогни нашр қилиш, фан учун энг муҳим ҳисобланган ўрта аср ёзма ёдгорликларини таржима ва нашр қилиш борасида кейинги йилларда анчагина ишлар амалга оширилди.

Институт илмий ходимларининг йиллар давомида олиб борган самарали фаолияти натижасида «Ўзбекистон Фанлар академияси Шарқ қўлёзмалари тўплами» каталогининг ўн бир томи нашр этилди. Институт турли соҳалар - тарих, табиий фанлар, тасаввуф, табобат ҳақида каталоглар нашр этди. Институт илмий ходимлари томонидан ал-Хоразмий, Беруний, Ибн Сино, Розий ва Форобий каби буюк энциклопедист олимларнинг қатор илмий асарлари ўзбек ва рус тилларига таржима этилди, нашр қилинди ва уларнинг ижоди ҳақида илмий тадқиқот ишлари олиб борилди. Ҳозир ҳам институт олимлари бу қадимий бебаҳо қўлёзма китобларни ўрганиш, таржима ва тадқиқ этиш борасида баракали меҳнат қилмоқдалар.

Мустақиллик улуғ аждодларимизнинг ақлу заковати билан бунёд этилган ва узоқ йиллар мобайнида босилиб ётган дурдона асарларни халқимизга, бошқача айтганда ушбу табаррук меросини унинг ҳақиқий ворисларига етказишга кенг имкониятлар яратиб берди. Бу институтимиз ходимларини янги-янги илмий изланишлар олиб боришга ундамоқда.

Ҳақиқий тарихимизни, маданиятимиз тарихини ана шу хазинада сақланаётган қимматли манбаларни ва уларга келтирилган бой маълумотларни ўрганиш асосида яратишга катта имкониятлар яратилди. Буюк давлат арбоби ва саркарда Амир Темур, олим ва давлат арбоблари Улуғбек ва Жалолиддин Мангубердиларнинг, буюк уламоларимиздан Имом ал-Бухорий, Абу Мансур ал-Мотуридий, Бурҳониддин ал-Марғиноний, Аҳмад ал-Фарғоний ва бошқаларнинг юбилейлари кенг миқёсда нишонланди, улар ҳақида фундаментал китоблар, рисолалар ва мақолалар ёзилди, асарлари нашр этилди.

Шарқшунослик институти узоқ йиллар давомида улуғ олим Абу Али ибн Синонинг илмий меросини мунтазам равишда ўрганиб келаётганлиги ва уни дунё миқёсида оммалаштиришда олиб бораётган ишлари учун I халқаро Ибн Сино мукофотини олишга сазовор бўлди.

Ҳозирги вақтда Тошкентдаги Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзма асарлар хазинаси дунёда бой қўлёзма асарлар хазинаси қаторида ЮНЕСКО нинг рўйхатига олинган.

 

   
 
 
   
   
   
   
 
   
 
 
   
 
 
   

 
   
 
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
                                       
       
| Раҳбарият | Институт ҳаёти | Янгиликлар | Эълонлар | Илмий Кенгаш | Китоблар |
       
       
| Мақолалар | ШИ фонди | ШИ журнали | Мирзо Улуғбек | Ташқи алоқалар | Ихтисослаган кенгаш |
       
       
Copyright 2005 © beruniy.6te.net
       
       
ЎзР Фанлар Академияси Шарқшунослик Институти
       
Free Web Hosting