БОШ САХИФА    
2009 - Халқаро астрономия йили
 
       
 

Мирзо Улуғбек

Асли исми Муҳаммад Тарағай Мирзо Улуғбек (1394-1449) Амир Темурнинг Эрон ва яқин Шарққа қилган «беш йиллик» юриши пайтида Ажам Ироқининг Султония шаҳрида 1394 йилда дунёга келади. Амир Темур сулоласига мансуб улуғ зот, ўлкан давлат арбоби ва буюк даҳодир. Амир Темур набираси Улуғбекда энг аввало инсонпарварлик, адолат ва диловарлик фазилатлари бўлган. Зотан, инсонпарваргина саҳий ва адолатли бўлиши мумкин. Соҳибқирон фикрича, салтанатга даъвогарлик қилган ҳар бир киши салтанат шаъни-мартабасига лойиқ иш тутиши ва унга мувофиқ бўлиши зарур. Узоқни кўролмаган ҳукмдор яқинлари балоларига гирифтор бўлади. Аммо яқинни кўриб иш тутган ҳукмдор ҳам хато қилади.

Амир Темур набирасига ҳар доим толеингда битилган бўлса ҳукмдор бўлурсан, аммо ким бўлмагин мусулмон бўл, ҳеч кимсага ҳақсизлик қилма, сабабсиз ранжу озор етказма, тўғрилик тўнини кийгин. Фақирлар ва ожизларга ҳар қандай шароитда мурувват кўрсат, - деб таълим берган.

Улуғбек соҳибқирон бобосининг қўл остингдагиларнинг қалби ва кўнглидан фақат яхшилик билан жой топ, акс ҳолда қуввутсиз қолурсан ва унутиларсан, деган йўл йўриғини ёшлик чоғидан ботинан ва руҳан ўзлаштириб, бутун ҳаёти давомида уларга қатъий амал қилган. Буларнинг ҳаммаси Мирзо Улуғбекнинг илмий камолоти ва сиёсий фаолиятида муҳим аҳамият касб этади.

У темурийлар хонадонининг суюкли фарзанди сифатида ёшлигиданоқ сарой муҳитида сарой аёнлари, олимлар, шоирлар таъсири, таълим ва тарбиясида улғаяди. Унинг тарбияси шахсан бобоси соҳибқирон Амир Темур томонидан назорат қилиниб, бувиси Сароймулкхоним энагалигида олиб борилади. Мирзо Улуғбек саройдаги энг йирик олимлар: Мавлоно Аҳмад, Қозизода Румий ва бошқалардан сабоқ олади. У қадимги юнон мутаффакирлари ва IX-XII асрларда етишиб чиққан яқин ва Ўрта Шарқ ҳамда Марказий Осиё олимларининг асарларини қунт билан ўрганади. Мирзо Улуғбек, айниқса, табиатшунослик фанларини математика, геометрия, география, кимё, астрономияга оид билимларни чуқур эгаллайди. Натижада, йигирма ёшларида ўз даврининг йирик олимларидан бири бўлиб етишади. МирзоУлуғбек 1411 йилда Моварауннаҳр ва Туркистоннинг ҳокими қилиб тайинланади. У ҳокимлик қилган даврларда, мамлакат ташқи ва ички мудофаасини мустаҳкамлаш билан бир қаторда, Самарқанд, Ғиждувон, Бухоро шаҳарларида кўплаб мадрасалар, масжидлар, турли илм ўчоқлари қурдириб, илм-фаннинг ривожланишига катта эътибор беради. 1425-1928 йилларда Мирзо Улуғбек Самарқандда, кейинчалик унинг номини жаҳонга машҳур қилган расадхона-обсерваторияни қурдириб, ўзининг фалакиёт мактабини яратади. У ўзининг бу мактабига ўз замонасининг энг буюк олимларини жалб қилиб, уларга ўзи бошчилик қилган ҳолда, илмий тадқиқотлар олиб боради. У ўзининг бутун қобилият ва иқтидорини, салоҳиятини ҳукмдорликдан кўра илмий фаолиятга кўпроқ қаратади. Натижада, 1428-1438йиллар давомида ўз устозлари ва шогирдлари билан ҳамкорликда олиб борган илмий кузатишларининг якуни сифатида унинг шоҳ асари–“Зижи жадиди Кўрогоний” асари майдонга келади.

Мирзо Улуғбек узоқ йиллар мобайнида Моварауннаҳр диёрини номдор ҳукмдори бўлди. Ҳукмдор сифатида у тинчлик, тотувлик, ҳар томонлама тараққиётни қарор топтириш йўлида мислсиз шижот матонат кўрсатади.

Мирзо Улуғбек таълимотида илм инсон маънавиятининг асоси эканлиги ҳақидаги ғоя етакчи ғоя ётади. Дарҳақиқат, илм жаҳолат, хурофотнинг кушандасидир. Илм инсонни ғафлат уйқусидан уйғотади, фикрни теранлаштиради, тафаккурни ўткирлаштиради. Инсон илм-маърифат ёрдамида улуғлар даражасига етади. Улуғбек ўзи қурдирган мадраса пештоқига: «Билим олиш ҳар бир муслим ва муслиманинг бурчидир», деб ёзиб қўйилган.

Мирзо Улуғбекнинг фикрича, одоб ва ахлоқ инсон маънавияти ва маърифати камолотида катта ўрин эгаллайди. Инсонлар орасидаги ўзаро муносабат, одамгарчилик, меҳру-муҳаббат, дўстлик, биродарлик, аҳиллик асосида яшаш ва фаолият кўрсатиш ақлий-ахлоқий тарбияга кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Мирзо Улуғбек ўз қарашларида ҳақиқий ва сохта дўстларини ажратиш лозимлиги, ғаразли киши дўст бўлмаслиги, бундай «дўстлар» кишиларни тўғри йўлдан чиқариши ҳақидаги ғояларини дастурий йўлланма сифатида илгари сурган. Мирзо Улуғбекнинг ҳеч қачон ихтиёрингни тилёғламага берма, атрофингга лаганбордорларга тўплама, улар сенинг эмас, ўз манфаатларини кўзлаб сени мақтайдилар. Ўз ихтиёрини шундай кишиларга бериб қўйган ҳукмдорга садоқатли инсонларни яқинлаштирмайдилар, деган ибратли сўзлари мавжуд. Унинг фикр-мулоҳазаларидан кўриниб турганидек, қалби пок, нияти бузуқ, иймони бузуқ, беоқибат кишилардан ҳар қандай йўл билан бўлса-да. Йироқ бўлиш, тузоғига илинмаслик тилёғламалигига учмаслик, аксинча, зоти тоза, насл-насабли кишиларни қўлдан қўймаслик керак. Инсон якка ёлғизликда қила олмаган юмушларини кўпчилик билан биргаликда бажариши мумкин. Дўстларсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Улуғбекнинг илмий амалий фаолияти унинг бу назарий фикрини тасдиқлайди.

Улуғбек ижтимоий-сиёсий таълимотида меҳнатсеварлик ҳақидаги ғояни ўз даври талаб ва эҳтиёжларини назарда тутиб ривожлантирди. Тинимсиз ҳаракат қилмасанг, меҳнат қилиб касб-ҳунар ўрганмасанг, мураббийлардан таълим-тарбия олмасанг, - дейди бу ҳақида у, - ақл- заковатда етук, одоб-ахлоқ ва билимда баркамаол бўла олмайсан, жамиятда қадр-қиммат тополмайсан. Амир Темур таълимотича, тузукларидаги белгилаб берилган қонун қоидаларга умрбод содиқ қолди, Амир Темурнинг «куч адолатдадир» деган, умумбашарий аҳамиятга эга бўлган доно ў г ити ва сабоғи Мирзо Улуғбекнинг шоҳ ва донишманд сифатидаги ижтимоий-сиёсий, маънавий-ахлоқий фаолиятида мезон бўлиб хизмат қилди.

XV асрнинг бошларига келганда Самарқандда фалакиёт ва риёзиёт фанлари кучли тараққий этади. Мирзо Улуғбек асос солган фалакиёт мактаби, фалакиёт расадхонаси ва у қурдирган обсерватория ўша даврда табиий-илмий билимлар тараққиётида муҳим рол ўйнайди. Ниҳоят, бу даврда фалсафа ва мантиқ илмлари билан шуғулланган йирик олимлар пайдо бўлиб, бу соҳаларга оид махсус рисолалар ҳам яратилади. Бунга мисол қилиб Саъдиддин Тафтазоний ва Мир Саид Журжоний яратган асарларни кўрсатиш мумкин. Мирзо Улуғбек асос солган фалакиёт мактаби вакиллари: Мансур Коший, Қозизода Румий, Али Қушчи, Ғиёсиддин Жамшид ва бошқалар эса табиатшуносликнинг фалсафий масалаларига оид ўзларининг қимматли фикрларини илгари суришади.

Мирзо Улуғбекнинг бундан ташқари, яна «Бир даража синусни аниқлаш ҳақида рисола», «Рисолаи Улуғбек» каби астрономияга оид, «Тарихи улус арбаъа» («Тўрт улус тарихи»), унинг муҳтасари «Шажараи ат турк» тарихга оид ҳамда бир неча мусиқага оид асарлари ҳам мавжуд.

Ниҳоят, Мирзо Улуғбек бобоси соҳибқирон Амир Темур вафотидан кейин темурийзодалар, маҳаллий ҳукмдорлар, жоҳил шариат пешволари, хусусан, ота-бола-шоҳ ва шаҳзодалар ўртасида курашлар оқибатида унинг мансабпараст ўғли –Абдуллатиф томонидан 56 ёшида 1449 йил 27 октябрда фожиали ўлдирилади. У бошлаган илмий ишларни унинг шогирдлари: Ғиёсиддин Коший, Оловиддин Али Ибн Муҳаммад Қушчилар ва бошқалар томонидан давом эттирилади!.

Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрогоний» асари: кириш (назарий қисм) ва тўртта катта боблардан иборат. «Кириш»нинг ўзи мустақил тўрт қисмни ўз ичига олиб, унинг бошида «Қуръон»дан юлдузлар ва сайёраларга таалуқли оятлар келтирилиб, бу билан астрономик кузатишларнинг зарурлиги ўша давр ғоявий талабларидан келиб чиқиб асосланади. «Кириш»нинг кейинги қисмларида бу илмий тадқиқотлар қандай мақсадда қайси олимлар иштирокида олиб борилганлиги, уларга муаллифнинг миннатдорлиги илмий тадқиқот қачон ва қандай бошланганлиги, унда қандай илмий усуллар ва асбоблар қўлланганлиги ва ниҳоят, қачон тугаганлиги ёритиб берилган. Асарнинг биринчи бўлими - «Тарих, яъни хронологиянинг маърифати» деб аталиб, унинг ўзи етти бобни ўз ичига олади. Бу бобларда исломда қўлланиладиган асосий эра-хижрий эра билан суръёний-юнон эраси, уларда келтирилган саналар бошқа «жалолий»эраси, хитой ва уйқур эраси, ҳинд-форсий эралар билан солиштирилиб, улардаги машҳур кунлар ҳақида баҳс юритилади. Бу бўлимда, шу билан бирга, туркий мучал йиллари ҳақида ҳам кенг фикр юритилади.

Иккинчи бўлим - «Вақтлар ва уларга таалуқли нарса ва ҳодисалар» деб аталиб, унда асосан, математика ва сферикастрономия масалалари ёритилади.

Бунда олим эклептиканинг осмон экваторига оғиш бурчагининг аниқ миқдорини топганлиги - у 23 даража 30 дақиқа, 17 сония эканлигини ёзади. Бу миқдор Ўрта асрлар даври учун ниҳоятда аниқ ўлчанган миқдор эди.

Асарнинг учинчи бўлими – 13 бобдан иборат бўлиб, уларда фақат астрономия масалалари: Қуёш, ой ва бошқа беш сайёранинг ҳаракатлари, «турғун юлдузлар»нинг узунлама ва кенглама ҳолатлари ёритилади.

Муаллифнинг бу бўлимда келтирган юлдузлар жадваллари ўз даври учун энг нодир ва мукаммал жадваллар бўлган.

Ниҳоят, «Зижи жадиди Кўрогоний»нинг охирги тўртинчи бўлими, асосан, икки бобдан иборат бўлиб, у илми нужум астрологияга бағишланган.

Мирзо Улуғбекнинг бу асари ўз давридаги энг мукаммал астрономик асар сифатида тезда замондош олимларнинг диққат эътиборини ўзига жалб қилади ва улар ижодига таъсир кўрсатади. Унинг қўлёзмалари тез орада Яқин ва Ўрта Шарқ, Хитой ва Ҳиндистон олимлари қўлларига ҳам етиб боради.

Улуғбек вафотидан кейин Истамбулга бориб яшаган ва ижод қилган шогирди –Али Қушчи туфайли XVI аср ўрталарида бу асар Европа олимлари томонидан лотин, инглиз, француз ва немис тилларига таржима қилиниб, нашр этилади.

Умуман, Мирзо Улуғбекнинг бу асари унда илмий кузатишлар асосида ишлаб чиқиб келтирилган астрономик жадваллар ўзларининг илмий аниқликлари бир неча юз йил давомида шарқу ғарб олимларини ҳайратга солиб, астрономия илмида дастуруламал вазифасини ўтаб келди.

Собиқ Совет даврида Мизро Улуғбек ва унинг даври, унинг астрономик илмий мактаби юзасидан маълум камчилик ва чекланганликлар билан ёзилган.

Шарқшунос Б.А.Бартольднинг «Улуғбек ва унинг замонаси» (1918й) ҳамда акад. Т.Н.Қори-Ниёзийнинг «Улуғбекнинг астрономия мактаби» (1950) монографиялари яратилди. Лекин марҳум акад. И.М.Мўминов қайд қилиб ўтганларидек, Ўзбекистон мустақилликка эришгунгача, Мирзо Улуғбекнинг бу асари, унинг астрономик мактаби, илмий мероси хақида «бирор жиддий монографик асар» вужудга келмади.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳамма табиатшунослар сингари Мирзо Улуғбек ҳам ўз дунёқарашига кўра, моддий дунёнинг инсон онгидан ташқари ва мустақил мавжудлигини, табиат ҳодисаларининг ва бутун коинотнинг, шубҳасиз, ўз қонунлари ва қонуниятлари асосида ҳаракатланиши ва мавжудлигини, шу билан бирга табиат ва жамият ҳодисаларининг ўзаро алоқадорлиги, улар ҳақидаги билимлар кишилик жамиятини ривожлантириш йўлида хизмат қилиш зарурлигини тушуниб етган донишманд мутафаккирдир.

Мирзо Улуғбек ва у асос солган астрономик мактабнинг табиий-илмий ва фалсафий қарашларини чуқурроқ ўрганиш ва тушунишга унинг содиқ шогирди Али Қушчининг қарашлари ва астрономияга оид ёзган асарлари ғоят қимматли аҳамиятга эга.

Қийин ва мураккаб, зиддиятли шароитда яшаган Улуғбек мамлакатнинг сиёсий ва иқтисодий ҳаётини бошқариш билан бир қаторда илмий ижод билан шуғулланган. Олимларга раҳбарлик қилган.

Ўз устида тинмай ишлаган, ижод қилган. Илмий-фалсафий тафаккурни ривожлантирган. У ўз фаолиятида фалсафа, тарих, мантиқ, астрономия, математика, табиатшунослик ва ҳуқуқ билимлари билан шуғулланиб асарлар ёзган. Юнон олимларидан Афлотун, Арасту, Птоломей асарлари билан танишган. Улуғбек ўтмиш аждодлардан, хусусан, Ўрта Осиё олимларидан қолган маданий мерос, фалсафий қарашлардан ўз ижодида унумли фойдаланган. Унинг фалсафасида ақл-заковатни жангу-жадалларга, юрт олиш, бойлик орттиришга эмас, адолат билан ҳукм суриш, мамлакатни обод қилиш, адабиёт, илм-фанни ривожлантириш марказий ўринни эгаллайди. Улуғбек ўз атрофига ўз даврининг «Афлотуни» деб ном қозонган машҳур математик, астроном Қозизода Румий ва таниқли олимлар Али Қушчи, Мансур Коший, Али ибн Муҳаммад Биржандий, Мирам Чалабий, Ғиёсиддин Жамшид, Муҳаммад ибн Умар Чағниний кабиларни тўплаган. Улуғбек шу олимлар иштирокида кенгашлар ўтказиб математика, астрономия, геометрия фанлари юзасидан тадқиқотлар олиб борган. Оби раҳмат сойи ёқасида расадхона қурдирган. Кўриниб турибдики, у табиат муаммоларини ечиш билан бирга диний эътиқоддан воз кечмаган.

Унинг фалсафасида моддийлик ва маънавийлик мужассам эди. Улуғбек 1437 йилда «Зижи Кўрагоний» рисоласини ёзиб тугатган. Унинг асари ҳозиргача олимлар қўлидан тушмайди. Ўз расадхонасида ижод қилиб, 1018 та юлдузнинг мувозанатини аниқлаган.

Мирзо Улуғбек илмий кузатишлар олиб бориш ва мадрасада фалаккиёт илмидан ваъз айтиш билан бирга маданий-маиший ишларга ҳам жиддий эътибор берган. Ўнлаб мадраса, хонақоҳ, масжид, карвонсаройлар қурдирган. Олдинроқ бошланган Бибихоним масжиди, Гўри амир мақбараси, Шоҳи зинда ансамблининг қурилишини ниҳоясига етказган. Улуғбек ҳақида юзлаб асарлар мавжудки, уларда у донишманд файласуф, адолатли султон, ижодкор устоз сифатида мадҳ этилади. Алишер Навоийнинг «Фарҳод ва Ширин» достонида «Улуғбек мадҳияси» деган махсус боб мавжуд. Унда Улуғбек заминда осмон яратган олим, деб таърифланади:

Расадким боғламиш зеби жаҳондир,
Жаҳон ичра яна бир осмондир.
Билиб бу навъ илми осмоний,
Ки андин ёзди «Зижи Кўрагоний».
Қиёматга деганча аҳли айём,
Ёзарлар анинг аҳкомидин аҳком.

«Зижи Кўрагоний» асари назарий-кириш қисм ва тўртта катта бобдан иборат. Биринчи бобида муаллиф хитойлар, ҳиндлар, греклар, эронийлар ва бошқа халқларнинг календарлари билан танишиб, ўз фикрларини билдиради. Иккинчи бобда эса амалий астрономия, учинчи бобда сайёралар назарияси ва тўртинчи бобда астрология ҳақида ўз фикрларини билдиради. Узоқ йиллар кузатиш ва илмий текширишлар натижасида Улуғбек фазодаги сир-асрорларни ижод қилишда, йил, ҳафта ва кеча-кундузларни белгилашда улкан ютуқларга эришади.

Ўзидан олдин ўтган Эротосфен, Гиппарх, Птоломей, Батонний, ибн Юнус, Носириддин Тусий ва бошқа астрономларнинг бу соҳадаги ютуқларини орқада қолдирган эди.

«Зижи Кўрагоний» асаридан ташқари, Улуғбек, «Бир даражанинг синусини аниқлаш ҳақида рисола», «Рисола-дар илму мусиқа» асарларини ҳам ёзиб қолдирган. Улуғбек ижоди дунёвий фалсафа бўлиб, жаҳон табиатшунослиги, ижтимоий фанларини ривожлантиришда муҳим ҳиссадир.

Улуғбек жаҳонда телескопгача бўлган астрономиянинг буюк олими, кўп назарий кашфиётлар қилган. Гап шундаки, уларнинг ҳаммаси илмий кузатишдан, илмий экспериментдан бошланган.

Кузатиш деганда, оддий кўз билан ёки микроскоп ва техника билан табиий ёки жамоа жараёнларини кўриб бориш тушунилиши мумкин. Лекин, лаборатория ёки обсерватория шароитидаги кузатиш – бу экспериментдир.

Улуғбек Қуёш, планеталар, юлдузларни ўзи қурдирган Самарқанд астрономия обсерваториясидаги ўша замон илмий асбоблари ёрдамида олиб борди. Қозизода Румий, Ғиёсиддин ал-Коший, Али Қушчи ва бошқа таниқли астрономлар ҳамда шогирдлар бу ишларни тадрижий равишда бажардилар.

Улуғбек илмий ижодининг ўзига хос хусусияти шундан иборатки, у илмий ишларини воқеаларни кузатишдангина эмас, балки олдин ўтган олимларнинг кузатиш натижаларини ўрганиб уларни танқид қилишдан бошлади. Бор кузатув хулосаларини тўққа ва пучга ажрата олди. Унинг яна бир хусусияти шуки, осмон жисмларини кузатиш учун обсерватория қуриш зарурлигини пайқаб, унинг конструкциясини фикран эксперимент ёрдамида аниқлади, осмон меридиани ва қуёш эклиптикаси ўринларини аниқлади, координата системаси барча элементларини фикран ва амалда ўрнатди. Обсерватория ишга тушди.

Кузатиш объектлари – Қуёш, Ой, планеталар ва юлдузлар, субъектлари Улуғбек ва бошқа кузатувчилар, кузатиш воситаси – секстант. Уларнинг ҳаммаси биргаликда кузатиш тизимини ташкил қилдилар.

Улуғбек кузатишлари табиий ҳодисаларни одам томонидан яратилган жаҳонда дастлабки мукаммал сунъий иншоотлар орқали фандаги инъикосидир.

Кузатишдан бошлаб назарий мавқегача етмаган усулни гоҳо эмпирик усул ҳам деб юритилди. Унинг маъноси шуки, назарий жиҳатдан баён этилиши қийин бўлган жараёнларни эксперимент ёрдамида қонунлаштириш. Тажриба йўли билан аниқланадиган воқеалар. Кўп факторли ҳодисаларнинг меъёри бўлган оптимал параметрлар бўйича боғланишларни тажрибавий тадқиқ қилиш.

Эмпирик усул қуйидаги шаклларда намоён бўлади: а) бевосита, юзаки ифодалаш. Тарихий воқеаларни, ҳодисаларни, эсдаликларни дастлабки мантиқий баён этиш. Ботаника, археология моддий фактларини дастлабки ўрганиш; б) график усул – содда ва осон.

Параметрлар орасидаги муносабатларни яққол кўрсатади; в) экстра– интраполяция усули эксперимент ёрдамида ҳосил бўлган сонлар ва рақамларни қайта ишлайди. Аналитик ва келгусидаги воқеаларни олдиндан билишда ишлатилади. Кўпинча эксперимент қилиш имконияти йўқ ҳолларда ҳам ишлатилади” .

Шундай қилиб, Улуғбек астрономик илмий мактабининг эришган табиий-илмий ва фалсафий қарашлари Али Қушчидан кейин Марказий Осиёдан ташқарида Ҳиндистон, Эрон, Туркияда, Ғарбий Европада эса XVI асрдан бошлаб давом эттирилади ва ривожлантирилади.

Мустақилликка эришганимиздан кейин 1994 йилда Президентимиз И.Каримов фармони билан Мирзо Улуғбек тавалудининг 600 йиллиги ўтказилиб, мамлакатимизда ва хорижда ЮНЕСКО қарори асосида Парижда илмий конференциялар бўлиб ўтди ва шундан бошлаб Мирзо Улуғбекнинг табиий илмий ва фалсафий қарашларини ҳақиқий илмий ўрганиш бошланди.

 
     
   
     
   
     
     
     
   
     
   
   
     
     
     
     
     
     
     
   
     
     
     
     
     
 
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
     
                                       
               
               
       
Copyright 2005 © beruniy.6te.net
       
       
ЎзР Фанлар Академияси Шарқшунослик Институти
       
Free Web Hosting