БОШ САХИФА
.. Орқага қайтиш                        
 
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ
АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ НОМИДАГИ
ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ

Қўлёзма ҳуқуқида
УДК 930.2+94(575)(093)

Султонов Ўктамбек Абдулғаниевич

МУҲАММАД СОЛИҲХОЖАНИНГ «ТАРИХИ ЖАДИДАЙИ ТОШКАНД» АСАРИ МУҲИМ ТАРИХИЙ МАНБА СИФАТИДА
(XIX аср)

Ихтисослик : 07.00.08 – Тарихий манбашунослик

Тарих фанлари номзоди
илмий даражасини олиш учун бажарилган диссертация

А В Т О Р Е Ф Е Р А Т И

Тошкент – 2007

Диссертация Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида бажарилган.

Илмий раҳбар: - Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби,
тарих фанлари доктори
Асомиддин ЎРИНБОЕВ

Расмий оппонентлар: - тарих фанлари доктори
Дилором Юнусовна Юсупова

- тарих фанлари номзоди
Бобир Бомуродович Аминов


Етакчи ташкилот: - Мирзо Улуғбек номидаги
Ўзбекистон Миллий университети

Ҳимоя 2007 йил _____________ ойининг ____ куни соат ____да Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳузуридаги тарих фанлари бўйича докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга мўлжалланган Д 015.14.01 рақамли Ихтисослашган Кенгаш йиғилишида ўтказилади (100170, Тошкент шаҳри, акад. Ҳ.Абдуллаев кўчаси, 81-уй. E-mail: beruni@globalnet.uz)

Диссертация билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Асосий кутубхонасида танишиш мумкин (100170, Тошкент шаҳри, акад. И.Мўминов кўчаси, 13-уй).

Автореферат 2007 йил________ ойининг ____ куни тарқатилди.

Д 015. 14. 01 Ихтисослашган Кенгаш илмий котиби т.ф.н. Н.И.Тошов

ДИССЕРТАЦИЯНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ

Мавзунинг долзарблиги. Ўрта Осиёнинг ижтимоий-иқтисодий тарихи ва бой маданий ўтмиши азалдан Шарқ ва Ғарбнинг кўплаб олимлари эътиборини тортиб келган. Миллий қадриятлар ва анъаналарни ўзида мужассам қилган ушбу тарих давлатчилик тараққиёти ва баркамол авлод тарбиясида ҳам муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А.Каримов тарихнинг миллат тарбиясидаги ўрни ҳақида: «... тарих миллатнинг ҳақиқий тарбиячисига айланиб бормоқда. Буюк аждодларимизнинг ишлари ва жасоратлари тарихий хотирамизни жонлантириб, янги фуқаролик онгини шакллантирмоқда. Ахлоқий тарбия ва ибрат манбаига айлантирмоқда», деб таъкидлаган эди .
Мамлакатимиз тарихи ҳақида сўз борар экан, Президент И.А.Каримовнинг «Тарихий хотирасиз келажак йўқ» номли асарида ўзбек давлатчилик тарихини қадимдан ҳозирги кунга қадар илмий асосларда ўрганишда бирламчи манбаларни тадқиқ этишга катта эътибор қаратилгани бежиз эмас . Зеро, Ватанимиз тарихининг маълум бир қисми ўша даврларда яратилган тарихий асарларда ўз аксини топганлигини таъкидламоқ зарур. XIX аср Ўрта Осиё тарихида муҳим аҳамият касб этган Қўқон хонлигида ҳам ўзига хос тарихнавислик мактаби шаклланган бўлиб, унда XX аср бошларига қадар ўттизга яқин насрий ва назмий йўналишларда тарихий асарлар яратилган. Улар, шубҳасиз, Қўқон хонлиги ва унга туташ минтақалар тарихини ўрганишда асосий манбалар ҳисобланади. Айни пайтда мазкур манбаларнинг бир қисми ҳануз илмий муомалага киритилмаган ва уларни ўрганиш кун тартибидаги долзарб мавзулар қаторида турибди. Чунончи, Муҳаммад Солиҳхўжа қаламига мансуб «Тарихи жадидайи Тошканд» асари ҳам ҳозиргача тўлиқ ўрганилмай қолаётган йирик тарихий асар бўлиб, бугунги кунда унинг илмий қиймати янада ошди.
Биринчидан, XIX асрнинг маърифатпарвар муаррихларидан бўлган Муҳаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асари Қўқон хонлиги ва унга қўшни мамлакатлар тарихи ҳамда Россия империясининг Ўрта Осиё ҳудудларида олиб борган истилочилик юришларини ўрганишга доир энг асосий манбалардан бири ҳисобланади. Асардаги маълумотлар Ўзбекистоннинг янги давр тарихини маҳаллий манбалар асосида ўрганиш имкониятларини кенгайтиради.
Иккинчидан, 2007 йил Ислом конференцияси ташкилоти таркибидаги «Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Халқаро ислом ташкилоти (ISESCO)» томонидан Тошкент шаҳрининг «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилиниши юртимизда катта кўтаринкилик билан кутиб олинди. Президент И.А.Каримов «Туркистон-пресс» нодавлат ахборот агентлиги мухбирининг бу борадаги саволига « ... АЙСЕСКО (ISESCO) томонидан Тошкент шаҳрига 2007 йилда «Ислом маданияти пойтахти» деган ном берилиши мамлакатимиз ҳаётидаги улкан маданий-маънавий воқеадир» деб, таъкидлаб, Тошкентнинг ислом маданияти ривожида тутган ўрни ва тарихи ҳақида алоҳида тўхталиб ўтган эди. «Тарихи жадидайи Тошканд» асари эса Тошкент тарихига бағишланган яхлит тарихий асар бўлиб, унда Тошкентнинг XIX аср тарихига доир келтирилган маълумотлар бошқа тарихий манбаларда учрамайди.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, «Тарихи жадидайи Тошканд» асарини Ватанимизнинг XIX аср тарихи ҳамда Тошкент шаҳрининг ижтимоий-сиёсий ва маданий-маънавий ҳаётини ёритиб берувчи тарихий манба сифатида тадқиқ этиш тарихий манбашунослик олдидаги долзарб вазифалардан биридир.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Муҳаммад Солиҳхўжа ҳаёти, ижоди ва унинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асари тарихий манба сифатида алоҳида тадқиқ этилмаган. Асар қўлёзмаларининг фақат Тошкентда мавжудлиги ҳам унинг хорижда ва кенг доирада илмий муомалага киритилишига тўсқинлик қилган. Муаллиф тўғрисида маълумотларнинг камлиги боис, унинг ҳаёти ва фаолиятини кенгроқ ёритиш имкони ҳам бўлмаган. Шу сабабли Муҳаммад Солиҳхўжа тўғрисида тадқиқотларда деярли бир хил маълумот учрайди .
«Тарихи жадидайи Тошканд» асари устидаги дастлабки илмий тадқиқотлар Я.Ғуломов, Муродхўжа Солиҳхўжа ўғли, А.Носиров, А.Ўринбоев томонидан олиб борилган . Кейинчалик, қўлёзмалар тавсифига бағишланган тадқиқотларда «Тарихи жадидайи Тошканд» асарига XIX асрда яратилган Тошкент ва Қўқон хонлиги тарихи ҳамда Россия империясининг Ўрта Осиё ҳудудларидаги ҳарбий ҳаракатларини ўрганишга доир асосий манбалардан бири сифатида баҳо берилган . Ўтган давр мобайнида асардан қуйидаги йўналишларда фойдаланилган:
- Тошкентнинг чорҳокимлик даври ҳамда шаҳар даҳалари ва дарвозалари тарихини ўрганишда ;
- Қўқон хонлиги ва хонлик таркибида бўлган Тошкентнинг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тарихини тадқиқ этишда ;
- Қўқон хонлигининг шимолий ҳудудлари (Туркистон, Авлиёота, Чимкент, Оқмасжид) ва Тошкентнинг Россия империяси томонидан босиб олиниши тарихини ёритишда .
Айрим тадқиқотчилар асарни Тошкент шаҳри тарихи ва тарихий географиясига доир манба сифатида, баъзи бирлари Тошкентнинг XVIII–XIX асрлар метрологиясига оид маълумотларни таҳлил қилишга уринганлар . Асардаги Тошкентнинг Россия империяси томонидан босиб олиниши воқеалари баёни З.Ражабов томонидан таржима қилинган бўлса, О.Д.Чехович Тошкентнинг Юнусхўжа (1784–1803) бошқарувига бағишланган қисмини таржима қилиб, матни ва факсимилесини нашр қилган .
Юқорида номлари тилга олинган тадқиқотларнинг барчасида ҳам «Тарихи жадидайи Тошканд» асаридаги тарихий маълумотлардан изчил фойдаланилган, деб бўлмайди. Асардаги Қўқон хонлиги ва Тошкент тарихини ўрганишга доир муҳим маълумотларнинг анчагина қисми ҳануз илмий муомалага киритилмаган. Шунингдек, юқорида номлари зикр қилинган тадқиқотларда «Тарихи жадидайи Тошканд» асаридаги муаллиф ҳаёти ва фаолияти, асарнинг ёзилиш сабаблари, умумий мазмуни, манбаларининг тадқиқи, ундаги Қўқон хонлиги ва Тошкентнинг XIX асрдаги сиёсий тарихига доир маълумотлар, Россия империясининг Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигини босиб олишга қаратилган ҳарбий ҳаракатлари, Тошкент шаҳрида жойлашган зиёратгоҳ мозорлар, мадраса ва масжидлар, кўчалар ва бошқа иншоотлар билан боғлиқ маълумотлар тўлиқ тадқиқ этилмаган.
Тадқиқотнинг даврий чегараси. Асар умумий тарих услубида ёзилган бўлиб, қадимги даврлардан XIX асрнинг 90-йилларигача бўлган тарихий воқеаларни қамраб олади. Лекин диссертациянинг даврий чегараси қилиб муаллиф яшаган давр, яъни XIX аср белгилаб олинди.
Диссертация ишининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация ЎзР ФА Шарқшунослик институтининг Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси томонидан белгиланган Ф.-3.10 рақамли «Марказий Осиё халқларининг фани, диний-маърифий ва ижтимоий фикрларини тадқиқ этишда қўлёзма мероснинг роли ва унинг ҳозирги маънавий юксалишдаги аҳамияти» мавзуидаги гранти доирасида бажарилган.
Тадқиқотнинг мақсади XIX асрда яратилган муҳим тарихий манбалардан бири – «Тарихи жадидайи Тошканд» асарини тарихий манбашунослик нуқтаи назаридан тадқиқ этишдан иборат.
Тадқиқотнинг вазифалари. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарини ўрганишдаги мақсаддан келиб чиқиб, қуйидаги вазифалар белгиланди:
- Муҳаммад Солиҳхўжанинг ҳаёти ва фаолиятини асарда ва архив ҳужжатларида мавжуд маълумотлар асосида ёритиш;
- «Тарихи жадидайи Тошканд» асарининг муаллиф дастхати ва қўлёзма нусхаларини қиёсий ўрганиш;
- асардаги Қўқон хонлигининг XIX аср тарихига доир маълумотларни ўрганиш, зарур деб топилган воқеликларни ўша даврнинг бошқа манбалари билан қиёсий таҳлил қилиш;
- Тошкент шаҳри ва вилояти тарихий географияси ва топографиясига доир маълумотларни тадқиқ этиш;
- Тошкентнинг XIX асрдаги ижтимоий-сиёсий ва маданий-маънавий ҳаётини асардаги маълумотлар асосида ўрганиш.
Тадқиқот объекти. Қўқон хонлиги ва Тошкентнинг XIX аср ижтимоий-сиёсий ва маданий тарихи ҳамда Россия империясининг Ўрта Осиё ҳудудларида олиб борган ҳарбий ҳаракатлари. Тадқиқот предметини Муҳаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асари, унинг муаллиф дастхати ва кейинги даврларда кўчирилган қўлёзма нусхалари ташкил этди .
Тадқиқотнинг манбавий асослари. Диссертацияда тарихий маълумотларни илмий таҳлил қилиш ва қиёсий ўрганишда бир қатор маҳаллий ёзма манбалар тадқиқотнинг манбавий асосини ташкил этди. Уларга Муҳаммад Ҳакимхонтўранинг «Мунтахаб ат-таворих» (1843), Имомали Қори Қундузийнинг «Таворихи манзума» (1857), Абдулғафурнинг «Зафарномайи Худоёрхоний» (1859), Тожирнинг «Ғаройиби сипоҳ» (1864), Бекназарнинг «Амирлашкар жангномаси», Абу Убайдуллоҳ Тошкандийнинг «Хулосат ал-аҳвол» (1864–1865), Ниёз Муҳаммад Хўқандийнинг «Тарихи Шоҳрухий» (1872), Аваз Муҳаммад Аттор Хўқандийнинг «Тарихи жаҳоннамойи» (1874), Мирзоолим Мушрифнинг «Ансоб ас-салотин» (1884), Муҳаммад Юнус Тоибнинг (Мулла Юнусжон мунший) «Ҳадиқат ал-анвор» (1887) ва «Тарихи Алимқули Амирлашкар» (тахм.1903), Аҳмад Донишнинг «Таржимайи аҳволи амирони Бухоройи шариф» (1895–1897), Мирзо Абдулазим Сомийнинг «Туҳфайи шоҳий» (1898–1899) ва «Тарихи салотини Манғития» (1906–1907), Муҳаммад Азиз Марғилонийнинг «Тарихи Азизий» (1902–1903), муаллифи номаълум бўлган «Анжум ат-таворих» (XIX аср – охири XX аср боши), Муҳаммад Фозилбек Муҳаммад Отабек қози ўғлининг «Мукаммал тарихи Фарғона» (XX аср боши), Мирзо Салимбекнинг «Тарихи Салимий» (XX асрнинг 20-йиллари) каби асарларини киритиш мумкин. Бундан ташқари мавзуга бевосита дахлдор бўлган қўлёзма ва тошбосма асарлар, архив ҳужжатлари ҳамда ўша давр матбуотидан ҳам манба сифатида фойдаланилди.
Тадқиқотнинг назарий-услубий асослари. Тадқиқот замиридаги асосий илмий концепция мавзуга тарихий ҳақиқат асосида ёндашиш бўлиб, унда ижтимоий-сиёсий ва маданий-маънавий жараёнлар тарихий ва қиёсий таҳлил ҳамда холислик тамойилларига таянган ҳолда тадқиқ қилинди. Президент И.А.Каримовнинг тарихимизни ҳаққоний ёритиш тўғрисида билдирган фикрлари, шунингдек, тарихий манбашунослик соҳасида чоп қилинган тадқиқотлар диссертациянинг назарий асосини ташкил этди.

Ҳимояга олиб чиқилаётган асосий ҳолатлар асосий ҳолатлари қуйидагилардан иборат:
1. Муҳаммад Солиҳхўжа маърифатпарвар зиёлилардан бўлиб, унинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асари Ўрта Осиё, хусусан, Қўқон хонлиги тарихига доир асосий манбалардан бири, Тошкент тарихига доир яхлит тарихий асардир.
2. «Тарихи жадидайи Тошканд» асари XIX асрда Қўқон хонлигида яратилган тарихий асарлардан ҳажми ва кенг қамровлилиги билан ажралиб туради. Бугунги кунда асар фақат Тошкентда, ЎзР ФА Шарқшунослик институтида уч нусхада мавжуд бўлиб, унинг 7791 рақамли қўлёзмаси муаллиф дастхатидир.
3. «Тарихи жадидайи Тошканд» асари Қўқон хонлиги ва Тошкентнинг XIX асрдаги ижтимоий-сиёсий тарихига доир қимматли маълумотларни ўзида жамлаган бўлиб, у Тошкент-Қўқон, Тошкент-Бухоро муносабатлари, Тошкентдаги Қўқон хонлари ноибларининг бошқарув тизими ҳамда Қўқон хонлигининг Россия империяси томонидан босиб олиниши билан боғлиқ тарихий воқеликларни акс эттирувчи асосий маҳаллий манбалардан биридир.
4. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида Тошкент шаҳри ва вилояти топографияси ҳамда тарихий географияси, Тошкент шаҳрининг ўша даврдаги қиёфаси, яъни мудофаа девори, дарвозалари, маҳалла ва мавзелари, кўчалари, суғориш тармоқлари, мадраса ва масжидлари, зиёратгоҳ мозорлари ва бошқа турдаги меъморий иншоотларнинг XIX асрдаги ҳолатини умумийликда ёритиб берувчи ягона ёзма манбадир.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги. Ушбу диссертацияда «Тарихи жадидайи Тошканд» асари, бошқа ёзма манбалар ва архив ҳужжатларидан олинган маълумотларга таяниб, XIX асрда Қўқон хонлиги ва унга қўшни ҳудудлар ҳамда Тошкентнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий тарихи ёритилган. Бинобарин, тадқиқотнинг ўзига хос илмий янгиликларини қуйидагиларда кўриш мумкин:
– тадқиқот жараёнида муаллиф яшаган давр далиллар асосида кўрсатиб берилди, унинг келиб чиқиши, ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар аниқлаштирилди. Муҳаммад Солиҳхўжа ва унинг оиласи билан боғлиқ архив ҳужжатлари топилиб, тадқиқотга жалб этилди. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарининг муаллиф дастхати ва кейинги даврларда кўчирилган қўлёзма нусхалари тадқиқ этилиб, ёзилиш сабаблари, манбалари ва мазмуни ёритиб берилди;
– «Тарихи жадидайи Тошканд» асаридаги Қўқон хонлигининг ташкил топишидан то 1876 йили тугатилгунига қадар бўлган ижтимоий-сиёсий тарихи тадқиқ этилиб, асарнинг бу борадаги ўрни кўрсатиб берилди;
– Муҳаммад Солиҳхўжанинг ўзи яқиндан таниш бўлган Қўқон хони Худоёрхоннинг ўғиллари ва Қўқон хонлари хонадонига мансуб бошқа шаҳзодаларнинг 1875–1889 йилларда Тошкентда кечирган ҳаётига доир маълумотлар архив ҳужжатлари билан қиёсий ҳолда ўрганилди;
– Муаллифнинг Россия империясининг Ўрта Осиё ҳудудларида олиб борган истилочилик юришларининг гувоҳи ва Тошкент мудофааси иштирокчиларидан бири сифатида берган маълумотлари диссертациянинг иккинчи боби иккинчи бўлимида алоҳида ёритиб берилди;
– «Тарихи жадидайи Тошканд» асаридаги маълумотлар асосида Тошкент вилояти географияси ҳамда Тошкент шаҳри топографияси (шаҳар қўрғони, дарвозалари, даҳалар, маҳалла ва мавзелар, кўчалар, бозорлар ва бошқа турдаги иншоотлар, суғориш тизими, мадраса ва масжидлар, зиёратгоҳ мозорлар) тадқиқ этилди;
– «Тарихи жадидайи Тошканд» асаридаги Тошкентнинг ижтимоий-сиёсий тарихи, жумладан, Тошкентнинг Қўқон хонлиги давридаги бошқаруви тизими ҳамда 1842, 1847, 1852, 1858 ва 1863 йилларда Тошкент-Қўқон муносабатларининг кескинлашувидан юзага келган ўзаро урушлар ва ғалаёнларнинг сабаблари ва оқибатлари кўрсатиб берилди;
– Муҳаммад Солиҳхўжанинг асарда тилга олинган ўзига замондош маданий-маънавий муҳитга алоқадор шахслар ва тариқат аҳли, моҳир ҳунармандлар, табиблар ва мусиқачилар тўғрисидаги маълумотлари ўрганилиб, уларнинг Тошкент маданий-маънавий ҳаётида тутган ўрни тадқиқ этилди.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Диссертация қўлёзма манбаларнинг муомалага киритилиши ва Ўзбекистоннинг XIX аср тарихини янги маълумотлар билан бойитиши жиҳатидан илмий-амалий аҳамиятга молик. Ундаги материаллардан Қўқон хонлиги ва Тошкентнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий тарихини тадқиқ этишда, Тошкент шаҳрининг тарихий жой номларини тиклашда, Ўзбекистон тарихи ҳамда ўлкашунослик фанларидан ўқув-услубий қўлланмалар ва маърузалар тайёрлашда, амалий машғулотларда фойдаланиш мумкин.
Натижаларнинг жорий қилиниши. Диссертация мавзуси юзасидан ЎзР ФА Шарқшунослик институтида ташкил қилинган акад. У.Каримов номидаги ёш шарқшунослар илмий анжуманида (06.04.2005), ЎзР ФА Шарқшунослик институтида ўтказилган Ёш олимлар илмий анжуманида (06.04.2006), Кўкалдош Ўрта махсус ислом билим юртида «Тошкент Ислом маданияти пойтахтига муносиб шаҳар» мавзуида ўтказилган илмий-амалий анжуманда (14.02.2007) илмий маърузалар қилинган. Мазкур диссертация натижалари асосида Тошкент шаҳрининг «Ислом маданияти пойтахти» деб эълон қилиниши муносабати билан олиб борилган ишлар жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти Девони, ЎзР Диний ишлар қўмитаси, ЎзР Мусулмонлар идораси ва ЎзР Фанлар академиясининг махсус топшириғи ва ҳамкорлигида Тошкентнинг ижтимоий-сиёсий ва маданий тарихига доир мақолалар, радиода махсус эшиттиришлар ҳамда «Муҳаммад Солиҳхўжа ва унинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асари (XIX аср)» номли рисола тайёрланди, анжуманларда маърузалар қилинди ҳамда керакли маълумотлар йиғиб берилди.
Тадқиқотнинг синовдан ўтиши. Ушбу диссертация апробация сифатида ЎзР ФА Шарқшунослик институтининг «Шарқ қўлёзмаларини илмий тавсифлаш» бўлимида (20.10.2006), Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети тарих факультети ҳузуридаги Тарихга ихтисослашган Илмий семинарда (14.02.2007), ЎзР ФА Тарих институти «Ўрта асрлар тарихи» бўлими Илмий семинарида (26.02.2007), ЎзР ФА Шарқшунослик институти қошидаги докторлик ва номзодлик диссертацияларининг муҳокамасини ўтказишга ихтисослашган Илмий семинарда (09.03.2007) муҳокама қилиниб, ҳимояга тавсия этилган.
Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Диссертациянинг асосий мазмуни муаллиф томонидан эълон қилинган 8 та мақола ва 3 та тезисларда ўз ифодасини топган.
Тадқиқотнинг тузилиши ва ҳажми. Тадқиқот кириш, саккиз бўлимни ўз ичига олган уч боб, хулоса, фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати ҳамда иловадан иборат. Диссертациянинг умумий ҳажми 173 бет бўлиб, ишда 217 та манба ва адабиётлардан фойдаланилган.

ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ

Кириш қисмида мавзунинг долзарблиги, ўрганилиш даражаси, тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари, тадқиқот объекти ва предмети, манбавий асослари ҳамда илмий янгилиги каби маълумотлар берилди.
«Муҳаммад Солиҳхўжа ва унинг “Тарихи жадидайи Тошканд” асари» деб номланган биринчи боб уч бўлимдан иборат. Бу бобнинг «Муҳаммад Солиҳхўжа яшаган давр, унинг ҳаёти ва ижоди» деб номланган дастлабки бўлимида муаллиф даври ва ҳаёти «Тарихи жадидайи Тошканд» асари ҳамда архив маълумотлари асосида ёритилди.
Муҳаммад Солиҳхўжа домла Раҳматхўжа (Қорахўжа эшон) ўғли тахминан 1246/1830–1831 йилда Тошкентнинг Қорёғди (ёки Қорабоғди) маҳалласида машҳур шайх Умар Боғистоний (ваф. 691/1291–1292 й.) авлодига мансуб оилада туғилган. Муаллифнинг таъкидлашича, бобоси Мулла Муҳаммад Раҳимхўжа ўзининг шайх Хованд Таҳур (ваф. 760/1358–1359 й.) авлодидан эканлигини тасдиқловчи 871/1466–1467 йилга мансуб насабномасини Қўқон хони Олимхон (1798–1810) қозихонасида тасдиқлатиб олган. Насабнома «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида келтирилган ва унда Муҳаммад Солиҳхўжанинг аждодлари халифа Умар ибн ал-Хаттобдан (642–644) бошланиб, XIX асргача давом эттирилган.
Насабномадаги маълумотларга асосланиб айтиш мумкинки, XIV асрдан бошлаб шайх Умар Боғистонийнинг ўғли – шайх Хованд Таҳур авлодлари «шайх», «қози», «раис», «аълам», «садр», «нақиб», «охунд» каби амалларни эгаллаганлар ва Тошкентдаги ижтимоий-маънавий ҳаётда муҳим рол ўйнаб келганлар. Муҳаммад Раҳимхўжа оиласи аъзоларига унинг аждодларига берилганидек мансаблар насиб қилмаган ва улар мадрасаларда мударрислик, масжидларда имомлик қилиш билан чекланиб қолганлар.
Муҳаммад Солиҳхўжанинг оиласи ва шахсий ҳаёти тўғрисида маълумотлар жуда кам. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарининг хулоса қисмида ёзилган муаллифнинг таржимаи ҳолига кўра, у бошланғич таълимни бобоси қўлида олган . 1255/1839–1840 йилда бобоси вафот этгач, у 1255–1265/1840–1848 йилларда Тошкентнинг Эшонқули додхоҳ, Лашкар Бекларбеги ва Хожа Аҳрор мадрасаларида, 1266/1849–1850 йилларда Қўқонда, 1270/1853–1854 йилларда Наманган ва Марғилонда, 1272–1279/1856–1863 йилларда эса Бухородаги Кўкалдош мадрасасида таҳсил олган. Бу даврда у нақшбандия тариқатининг Қўқондаги раҳнамоси Миён Бузрук (1790–1870) мажлисларида қатнашган, Бухородалигида амирликнинг Самарқанд, Шаҳрисабз, Қарши каби шаҳарларига саёҳат қилиб, уламолар ва таниқли шахслар билан ҳамсуҳбат бўлган. Унинг ўзи эса нақшбандия сулукида, тошкентлик Абдулмажидхон эшон Юнусхон эшон ўғли мухлисларидан бўлган. Муҳаммад Солиҳхўжа Бухорода таҳсилни якунлагач, 1279 йил зулқаъда ойида (1863 йил, май-июнь) Тошкентга қайтиб келиб, умрининг охиригача Қиёт маҳалласидаги Бекмуҳаммадбий масжидида имомлик қилган. Шу билан бирга масжид қошидаги мактабда шаҳарнинг юқори табақа кишилари фарзандларига, шунингдек, Худоёрхоннинг (1845–1858, 1863, 1865–1875) Тошкентга кўчиб келган фарзандлари ва бошқа қариндошларига таълим берган.
Муҳаммад Солиҳхўжа мадрасада ўқиб юрган пайтларидан бошлаб Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлигидаги юқори табақа вакиллари ва таниқли шахслар билан дўстлашган. Жумладан, Пўлатхон қўзғолони йилларида, аниқроғи 1875 йили Тошкентга кўчиб келган Худоёрхон оиласи билан яқин алоқада бўлган, хусусан, Насриддинбекнинг яқин дўстига айланган. Улар ўртасидаги суҳбатлар асосан шеърият ва адабиёт мавзусида бўлган. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида учрайдиган муаллиф қаламига мансуб байтлар ва тўртликлар ҳам Муҳаммад Солиҳхўжанинг шеърий иқтидоридан дарак берса-да, бироқ унинг алоҳида шеърлар тўплами маълум эмас.
Муҳаммад Солиҳхўжанинг вафот этган йили номаълум. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарининг автограф нусхасидаги охирги саналарга қараганда, муаллиф XIX асрнинг 90-йилларига қадар ҳаёт бўлган. Чунки, асар ҳошиясидаги тузатишларнинг охирги санаси 1307/1889–1890 йилга тўғри келади.
Биринчи бобнинг иккинчи бўлимида « “Тарихи жадидайи Тошканд” асарининг ёзилиши, таркиби ва умумий мазмуни» кўриб чиқилди. Мазкур асарнинг ёзилиши сабаблари ҳам бор. Муҳаммад Солиҳхўжа ҳали ёшлик йилларида, бобоси қўлида ўқиб юрган кезларидаёқ тарих илмига кўпроқ қизиққанлигини таъкидлайди. Демак, у Ўрта Осиё тарихига оид кўплаб тарихий асарларни ўқиб борган. Муҳаммад Солиҳхўжанинг тарих илмини яхши билишидан дўстлари ҳам хабардор бўлган ва улар муаллифдан Тошкент тарихи ҳақида махсус бир асар ёзишни кўп бор сўраганлар. Муҳаммад Солиҳхўжанинг ўзи асарнинг ёзилиш сабаби сифатида Тошкент тарихига бағишланган бирор бир асарнинг йўқлигини ҳам кўрсатиб ўтган.
Муҳаммад Солиҳхўжа ўз асарини Бухорода таҳсилни тамомлаб, Тошкентга қайтгандан сўнг, 1279 йил зулқаъда ойида (1863 йил, май-июнь) ёзишни бошлаб, 1305/1887–1888 йилларгача, яъни 25 йилдан ортиқ давр мобойнида ёзган. Охирги саҳифада асар тугалланганлиги айтилса-да, олдинги саҳифалардаги айрим тарихий воқеаларга 1307/1889–1890 йилгача қўшимчалар киритиб борилган .
«Тарихи жадидайи Тошканд» асари умумий тарих услубида ёзилган бўлиб, Муҳаммад Солиҳхўжанинг ўзи бир неча жойда асар муқаддима, тўрт рукн ва хотимадан иборатлиги ва шартли равишда икки жилдга бўлинганлигини таъкидлайди . Аслида асарнинг таркибий тузилиши муаллиф айтганидан анча мураккаброқ бўлиб, муқаддиманинг ўзи яна бир қанча тарихий даврларга ва қисмларга бўлинган.
Бугунги кунда «Тарихи жадидайи Тошканд» асарининг учта қўлёзмаси мавжуд бўлиб, учаласи ҳам ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланади. Улардан 7791 рақамли нусха муаллиф дастхати бўлиб, Қўқон қоғозига настаълиқ хатида қора сиёҳда ёзилган, муқоваси жигарранг чармда, хати ва сиёҳ ранги бошидан охиригача бир хил эмас; қўлёзма ўлчами 13х20 см, матни ўлчами 7х14 см, ҳар бир саҳифа 13 қатордан, жами 1040 варақ. Китобда 870а-873а-варақлар бўш қолдирилган, пойгирлари йўқ; 1а ва 1040б варақларда китоб эгасининг исми ёзилган доирасимон муҳр босилган бўлиб, уни ўқишнинг иложи бўлмади. А.Носиров берган маълумотларга кўра, ушбу нусха 1947 йили тошкентлик Ҳабибуллохўжадан Шарқшунослик институти учун 3000 сўмга сотиб олинган .
Муҳаммад Солиҳхўжа асарнинг номланиши ҳақида сўз юритганда, Худоёрхоннинг ўғли Сайид Муҳаммад Аминбек исмини тилга олиб, асар номини «Таворихи мунтахаб» деб эслатади . Тадқиқотчилардан Муродхўжа Солиҳхўжа ўғли эса, муаллиф ўз асарини Сайид Муҳаммад Аминбекка бағишлаб ёзганлигини таъкидлайди . Бизнингча, асарни Сайид Муҳаммад Аминбекка бағишлаш фикри муаллифда анча кеч, яъни ўзининг шаҳзодалар орасида энг яқин кишиси Насриддинбек вафотидан кейин (1299/1882) туғилган бўлиши керак. Асарнинг номи яна «Тарихи жадидайи Тошканд», «Тарихи вилояти Тошканд» деб ҳам аталади. Гарчи мазмунан учинчи ном асарга тўғрироқ келса-да, «Тарихи жадидайи Тошканд» номини муаллиф кўп тилга олади ва бу ўз навбатида илмий адабиётларда асарнинг шу ном билан машҳур бўлишига олиб келди.
«Тарихи жадидайи Тошканд»нинг муаллиф дастхатидан кўчирилган биринчи нусха икки китобдан иборат бўлиб, асарнинг иккинчи жилдини ўз ичига олган . Бу нусха 1935 йил сентябрдан 1936 йил 17 мартгача Набирахўжа Сайидхўжа ўғли томонидан муаллиф дастхатидан кўчирилган. Уларнинг қўлёзма ўлчами 15х21 см, матни ўлчами 10,5х16,5 см ҳажмда, ҳар бир саҳифа 11 қатордан, пойгирлар қўйилган, рус фабрика қоғозига настаълиқ хатида кўчирилган. Биринчи китоб 302 варақдан иборат ва автографнинг иккинчи жилди биринчи бобини, иккинчи китоб эса 294 варақ бўлиб, иккинчи жилд иккинчи бобининг ярми ва учинчи бобни ўз ичига олади.
«Тарихи жадидайи Тошканд»нинг вақт жиҳатдан энг кейинги қўлёзмаси Набирахўжа кўчирган нусхадан кўчирилган асарнинг иккинчи жилди бўлиб, 294 варақдан иборат . Настаълиқ хатида, ўқув дафтарига ёзилган ушбу нусханинг қўлёзма ўлчами 19х28 см, матни ўлчами 14х24 см ҳажмда. Ҳар бир саҳифа 19 қатордан, пойгирлари йўқ. Бу нусхани кўчириш 1940 йил июнда Тошкент шаҳар Марказий кутубхонаси (ҳозирги Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси) мудири кўрсатмаси билан Муҳаммад Ҳасан Бухорий томонидан бошланиб, Абдулла Носиров томонидан 1940 йил ноябрь ойида якунланган. Ушбу нусханинг охирги уч варағига (377а-380б) 1950 йили Муродхўжа Солиҳхўжа ўғли томонидан кўк қаламда «Тарихи жадидайи Тошканд» асарига тақриз ва илова ёзилган . Иловада Муҳаммад Солиҳхўжага замондош 16 нафар тошкентлик шоир ҳақида маълумот берилган. Мазкур нусха ҳам муаллиф дастхати билан солиштириб чиқилди. Қўлёзмани кўчирган котиблар асарнинг 11072 ва 11073 рақамли нусхаларидан айнан кўчирилганлигини таъкидлаган бўлсалар-да, бироқ унда автограф нусхадаги тарихий воқеаларга аниқлик киритувчи айрим жумлалар ва кўчирувчилар томонидан «аҳамиятсиз» деб топилган ортиқча жимжимадор сўзлар тушириб қолдирилгани аниқланди.
Бу бобнинг учинчи бўлими « “Тарихи жадидайи Тошканд” асари манбалари» деб аталиб, унда асарнинг манбалари таҳлил этилган. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида қадимдан бошлаб умумий тарихга оид жуда катта давр қамраб олинган ва уни ёзишда муаллиф Ўрта Осиё ҳамда Шарқнинг мусулмон мамлакатлари ижтимоий-сиёсий ва маданий тарихига доир асарлардан кенг фойдаланган. Бундан ташқари Муҳаммад Солиҳхўжанинг ўзи ҳам Қўқон хонлиги ва Бухоро амирлиги бўйлаб қилган саёҳатлари чоғида асар учун керакли маълумотларни тўплаб юрган. Умуман олганда, Қўқон тарихнавислик мактабида ёзилган бошқа тарихий асарлар каби «Тарихи жадидайи Тошканд» асари манбаларини ҳам халқ оғзаки ижоди (нақл, қисса, ривоят), оятлар ва ҳадислар, ўтмишда яратилган асарлар, замондош муаллифларнинг асарлари, Шарқнинг машҳур шоирлари шеърларидан намуналар ва тарих-хронограммалар ташкил этган . Шулардан келиб чиқиб, «Тарихи жадидайи Тошканд» асари манбаларини мазмунига кўра қуйидагича туркумлаш мумкин.

1) тарихий ва тарихий-географик асарлар;
2) биографик асарлар;
3) маънавий-маърифий ва адабий асарлар;
4) ислом ва тасаввуфга оид асарлар;
5) оғзаки хабарлар (ривоятлар ва муаллифнинг эшитганлари);
6) муаллифнинг ўз кўрган-кечирганлари.

Бундан ташқари, зарур ўринларда муаллиф Қуръон оятлари ва ҳадислардан ҳам далиллар келтирган.
Муҳаммад Солиҳхўжа манбаларининг муҳимлари бу тарихий воқеаларнинг иштирокчилари ва уларни ўз кўзи билан кўрган муаллифнинг яқинлари, таниш-билишлари берган маълумотлардир. Айрим тарихий воқеаларни ёритишда олдинги асарларга эмас, кўпроқ суҳбатдошларидан эшитганларига таяниши Муҳаммад Солиҳхўжанинг ўзига хос услуби дейиш мумкин. Хусусан, Олимхоннинг Тошкентга юриши баёнида Муҳаммад Солиҳхўжанинг тутган бундай йўли худди шу воқеани ёритган бошқа муаллифлардан алоҳида ажралиб турадики, бу ҳол айрим тадқиқотчилар эътиборини ҳам ўзига тортган . Муҳаммад Солиҳхўжа шу йўл билан ўзи фойдаланган манбаларга танқидий ёндашади, зарур топганда айрим аниқликлар ҳам киритади. Масалан, Муҳаммад Солиҳхўжа тарихчи Ниёз Муҳаммад Хўқандийнинг «Тарихи Шоҳрухий» асарида Олимхон Тошкентни забт этгач, «Юнусхўжа Бухорога қочди», деб хато ёзганини тўғрилаб, Бухорога Юнусхўжа эмас, балки унинг ўғли Ҳомидхўжа қочганлиги ҳақида ёзади ва унинг авлодларини Бухорода кўрганини таъкидлайди .
« “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида Ўрта Осиё тарихининг ёритилиши» деб номланган иккинчи боб икки бўлимдан иборат ва унинг биринчи бўлими «Қўқон хонлиги тарихига доир маълумотлар» деб аталади.
XIX асрнинг иккинчи ярми Ўрта Осиёнинг, айниқса, Қўқон хонлигининг ижтимоий-сиёсий ва маданий тарихини ўрганишга доир манбалар турининг кўплиги билан ажралиб туради. Улар орасида маҳаллий манбалар алоҳида аҳамият касб этади. «Тарихи жадидайи Тошканд» асари услуб жиҳатдан Қўқон тарихнавислик мактаби анъаналарида ёзилган ва шу сабабли асарнинг биринчи жилдида хонликнинг ташкил топишидан то 1876 йилда тугатилгунига қадар бўлган тарихи «Фарғона мулкининг олийнасаб султонлари» сарлавҳаси остида ёритилган. Унда Муҳаммад Солиҳхўжа келтирган Қўқон хонлари насабномаси бошқа манбаларда берилган насабномалардан анча тўлиқлиги ва архив ҳужжатларида ҳам ўз тасдиғини топиши билан алоҳида эътиборга молик.
«Тарихи жадидайи Тошканд» асаридаги маълумотлар таҳлили шуни кўрсатадики, муаллиф Қўқон хонлиги тарихини ёзишни мақсад қилмаган бўлса-да, бироқ мавжуд анъанавийликдан воз кечолмаган ва хонлик тарихини маълум тартибда баён қилган. Айни пайтда бу ҳақда турли манбалардан тўплаган маълумотларини ҳам қиёслаб борган ва шу асосда ўз асарини тўлдиради. Чунончи, муаллиф Шоҳрухбийдан (1709–1721) Муҳаммад Алихонгача (1822–1841) бўлган давр тарихи, айниқса, хонларнинг ҳарбий юришлари «Тарихи Шоҳрухий» ва «Тарихи жаҳоннамойи» асарларида батафсил ёритилганини эътиборга олган ҳолда, уларда келтирилмаган воқеаларни ҳам баён қилади. Бунинг учун у кўпроқ воқеа гувоҳларидан эшитган маълумотларга таянади. Айниқса, асарда келтирилган Қўқон-Тошкент муносабатларига доир айрим маълумотлар бошқа манбаларда учрамайди. Уларни қуйидаги баъзи мисолларда ҳам кўриш мумкин:
- Шералихоннинг ўғли Салимсоқхон 1846–1847 йилларда Тошкентда мустақил ҳоким бўлган даврда Мусулмонқул мингбошининг Тошкентга қарши ҳарбий ҳаракатлари;
- 1847 йили Мусулмонқул мингбоши амалдан туширилгач, Тошкент ҳокими Азиз парвоначининг Мулло Холбек мингбоши бўлиб турган Қўқон ҳукуматига қарши мухолифлик ҳаракати ҳамда Тошкентнинг Мулло Холбек мингбоши ва Худоёрхон томонидан уч ой қамал қилиниши воқеалари;
- 1852 йил февралида Мусулмонқул мингбошининг ҳокимиятга қайтишидан норози бўлган айрим амалдорларнинг Тошкент ҳокими Нормуҳаммад қўшбеги ҳузуридан паноҳ топиши ҳамда Тошкентда Мусулмонқул мингбошига қарши мухолифлик ҳаракатининг бошланиши ва бунинг оқибатида Тошкентнинг Қўқон қўшинлари томонидан икки марта қамал қилиниши билан боғлиқ воқеалар;
- 1863 йил февралида Салимсоқхоннинг ўғли Шоҳмурод хон этиб кўтарилгач, Тошкент ҳокими Қаноат оталиқнинг Қўқонга қарши мухолифлик ҳаракати ҳамда Тошкентнинг Алимқули амирлашкар, Шодмонхўжа қўшбеги ҳамда Шоҳмуродхон томонидан қамал қилиниши.
Шунингдек, 1875 йилда Қўқон хонлигида юз берган Пўлатхон қўзғолони тафсилотлари ҳам бу борадаги маълумотларга аниқлик киритади.
Иккинчи бобнинг иккинчи бўлими «Ўрта Осиёнинг Россия империяси томонидан босиб олиниши» деб номланади. Ўрта Осиё тарихини ўрганишда ўлканинг Россия империяси томонидан босиб олиниши даврига доир манбалар хилма-хиллиги ва мураккаблиги билан ажралиб туради. Жумладан, Н.А.Халфин мазкур манбаларни шартли равишда қуйидагича кўрсатади: 1) архив маълумотлари; 2) мемуар асарлар; 3) инқилобгача бўлган рус тарихшунослиги; 4) Ғарбий Европа тарихшунослиги; 5) ҳинд тарихшунослиги; 6) собиқ совет тарихшунослиги . Кўриниб турибдики, инқилобдан олдинги давр ва совет тузуми шароитида ёзилган айрим ишларни назарда тутмаганда , маҳаллий манбаларга эътибор берилмаган ва бу ҳол мавзунинг бир ёқлама ўрганилишига олиб келган. Мазкур манбалар Қўқон, Бухоро ва Хива сарой тарихчилари ёки воқеалар гувоҳлари асарлари ва кундаликларини ўз ичига олади. Уларнинг муҳимлиги кейинги пайтлардаги илмий изланишларда тасдиқланди. Шу жумладан, «Тарихи жадидайи Тошканд» ҳам Россия империясининг Ўрта Осиёга истилочилик юришларини ёритиб берувчи асосий манбалардан биридир. Муҳаммад Солиҳхўжа ҳарбий ҳаракатлар жараёнини бошқа муаллифлардан фарқли ўлароқ воқеалар кетма-кетлиги асосида батафсилроқ ёритишга интилган. Асарда ўз ифодасини топган Россия империясининг Ўрта Осиёга қаратилган истилочилик юришларига доир маълумотларни қуйидаги мавзуларга бўлиш мумкин:
- Қўқон хонлигининг шимолий сарҳадларида жойлашган қалъалар истилоси;
- Тошкентга бўлган ҳужумлар ва шаҳарнинг босиб олиниши;
- Бухоро амирлиги ҳудудларида олиб борилган ҳарбий юришлар;
- Қўқон хонлигининг тугатилиши.
Бундан ташқари муаллиф Туркистон генерал-губернатори Н.К. фон Кауфманнинг Хива хонлиги ҳамда Хуросон ва Шарқий Туркистонга уюштирган ҳарбий ҳаракатлари билан боғлиқ воқеаларга ҳам тўхталиб ўтган.
XIX асрнинг 40-йиллари охири ва 50-йилларига келиб Россиядаги ижтимоий-иқтисодий шарт-шароит, ички ва ташқи сиёсатнинг барқарорлашуви Қўқон хонлигининг шимолий ва шимоли-шарқий чегара ҳудудларида кенг кўламда ҳарбий ҳаракатларни бошлаш имконини берди . Мазкур ҳудудлардаги қалъа ва қўрғонлар – Оқмасжид, Туркистон, Авлиёота, Янгиқўрғон, Чўлоқ, Қизилжар, Шамай, Чимкент учун бўлган жанг тафсилотлари ўша даврда ёзилган бир қанча манбалар, шу жумладан, «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида ҳам ўз аксини топган. Асарда батафсил баён қилингани Тошкентнинг босиб олинишига доир маълумотлардир.
Муҳаммад Солиҳхўжанинг сўзларига қараганда, дастлаб генерал М.Г.Черняев бошчилигидаги истилочилар Тошкент шаҳрининг шарқ томонида, Дарвишак қофқа мавзеида Кайкобус ариғидан ўтиб, Хожа Аҳрорнинг Оққўрғондаги вақф ерига келиб ҳужум бошлаганлар. Тошкентликлар эса, тўрт даҳа мерганларини йиғиб, ўз даҳалари бўйича жойлаштириб, мудофаани сақлаганлар .
Тошкентга иккинчи юриш «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида анча батафсил ёзилган. Муҳаммад Солиҳхўжанинг ёзишича, 1281 йил зулҳижжа ойида (1865 йил, 28 апрель-май) М.Г.Черняев ўз аскарлари билан Чимкентдан чиқиб, Тошкент шаҳар девори шимолидаги Дарвишак қофқа мавзеига келиб тушган ва тошкентлик Абдураҳмонбек кўрсатмаси билан Парвизшоҳи мавзейи қаршисидаги Тошкентга сув кирадиган Ниёзбек қалъасини эгаллаган. Дастлабки шиддатли жанглар Тошкент яқинидаги Шўртепа, Олтинтепа мавзеларида, Салор ва Тархон-сайёд ариқлари атрофларида бўлган. Асардаги маълумотларга қараганда, жангларда шаҳар аҳолиси ҳам фаол иштирок этган. Бироқ, яхши қуролланган душман ҳужумни кучайтириб, Салор ариғигача етиб келган. Худди шу пайтда Алимқули амирлашкарнинг ярадор бўлиб вафот этиши ҳам мудофаачиларнинг руҳан тушкунликка тушишига ва тартибсиз ҳаракатланишига олиб келган. Тошкентга ҳал қилувчи ҳужум 1281 йил сафар ойининг ўнинчи куни (1865 йил, 16 июль) тонгда бошланиб, асосий эътибор шаҳарнинг жануби-ғарбидаги Хиёбон дарвозасига қаратилган. Дастлаб Қирилмос дарвозаси яқинидаги тор йўлак ишғол қилиниб, шаҳарга йўл очилган. Қаттиқ жанглардан сўнг тошкентликлар истилочилар билан аянчли сулҳ шартномасини имзолашга мажбур бўлганлар. Генерал М.Г.Черняев Солиҳбек додхоҳ, Абулқосим эшон, Ҳакимхўжа қозикалон, шаҳар қозилари, уламолари, тўрт даҳа оқсоқоллари ва савдогарлари билан учрашади ва тўрт даҳа учун алоҳида нусхада шартнома тайёрланиб, имзоланади . Лекин кўп ўтмай М.Г.Черняев мудофаа раҳбарларининг аксариятини турли йўллар билан жазога тортади ва шартноманинг асл матнига истилочилар фойдасига ўзгартиришлар киритади .
«Тарихи жадидайи Тошканд» асарида тилга олинган Россия империясининг 1865–1876 йилларда Ўрта Осиёдаги юришлари Бухоро амирлиги, Хива хонлигининг босиб олиниши ва 1875–1876 йилларда юз берган Пўлатхон қўзғолони ҳамда Қўқон хонлигининг тугатилиши билан боғлиқ ҳарбий ҳаракатларга тўғри келади. Афтидан, Муҳаммад Солиҳхўжа Тошкентдаги қонли жанглардан сўнг босқинчиларнинг бутун Ўрта Осиёдаги ҳарбий ҳаракатларини кузатиб борган ва кўрганлари ҳамда воқеа қатнашчиларидан эшитганларини ўз асарида қайд этган. Шу сабабли ҳам Муҳаммад Солиҳхўжа ўз танишларидан эшитганлари асосида амирлик ҳудудидаги жанглар, Пўлатхон бошчилигидаги озодлик ҳаракати тўғрисида анча аниқ ёритадики, унинг ёзганлари Мирзо Абдулазим Сомий, Мирза Салимбек, Аҳмад Дониш, Мирзоолим Мушриф, Муҳаммад Азиз Марғилоний, Ибрат каби ўша даврнинг бошқа муаллифлари асарларига янги маълумотлар кирита олади.
Тадқиқотнинг учинчи боби « “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида Тошкент шаҳри ва вилояти тарихининг ёритилиши» деб номланиб, у уч бўлимни ўз ичига олган. Унинг биринчи бўлимида Тошкент шаҳри ва вилоятининг тарихий географияси ва топографиясига доир маълумотлар таҳлил қилинган бўлиб, « “Тарихи жадидайи Тошканд” асарида Тошкент шаҳри ва вилоятининг географик тавсифи» деб аталган.
Тошкент тарихи акс этган ёзма манбалар икки минг йиллик тарихга эга бўлиб, ўрганилаётган даврдаги Тошкент тарихига доир айрим маълумотлар Ўрта Осиё хонликларида ва Тошкентда бўлган саёҳатчилар ҳамда ўлка тадқиқотчилари асарларида ҳам мавжуд. Бироқ айрим хорижлик тадқиқотчилар ҳозиргача Тошкентнинг Россия империяси томонидан босиб олингунга қадар бўлган даврини ёритувчи маҳаллий манбалар йўқ деган хулосага келиб, фақат рус манбаларига ва архив ҳужжатларига таянмоқдалар . Лекин Муҳаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарини Тошкент тарихига бағишланган бугунгача маълум бўлган ягона тарихий асар деб айтишга асос бор. Чунки, асарда Қўқон хонлиги тарихи баёнида асосий воқеаларни Тошкент шаҳри ва вилоятида юз берган сиёсий жараёнлар ташкил этади ва асар сўнгида шаҳарнинг юзага келиш тарихи, тўрт даҳанинг топографик тавсифи берилиши унинг чиндан ҳам Тошкент тарихига бағишланганлигини кўрсатади.
Муҳаммад Солиҳхўжа Тошкент шаҳрини тавсифлаганда Тошкент вилояти ҳудудини ҳам қамраб олган. Унинг таркибидаги бир қанча шаҳарлар, қишлоқлар ва мавзелар Сирдарёнинг бошланишидан охиригача, Тошкентнинг шарқий сарҳади Қурама тоғларигача баён қилинган .
«Тарихи жадидайи Тошканд» асарида Тошкентнинг тарихий топографиясига доир маълумотлар диссертацияда қуйидаги йўналишларда тадқиқ этилди: мудофаа девори; дарвозалари; даҳалар, маҳаллалар ва мавзелар; кўчалар ва суғориш тизими; бошқа турдаги йирик иншоотлар; мадраса ва масжидлар; зиёратгоҳ мозорлар; Тошкент атрофи ва вилояти географияси . Тадқиқот жараёнида асардаги Тошкент топографияси, жумладан, шаҳарнинг таркибий қисмлари – даҳалар, маҳаллалар, мавзелар, кўчалар, суғориш тизими ҳамда шаҳарда жойлашган мадраса, масжид, мозорлар борасида берилган маълумотлар бошқа манбаларда учрамаслиги аниқланди. Бу ўринда Муҳаммад Солиҳхўжанинг Тошкент топографиясини ёзишда кўпроқ шахсан ўзи олиб борган ўлчовлар ва ўз кўзи билан кўрган маълумотларга таянганлигини ҳам эътиборга олмоқ лозим. Асарда Тошкент Қўқон хонлиги таркибига киритилгандан кейинги даврда шаҳарда олиб борилган кенг кўламдаги бунёдкорлик ишлари ҳам ўз аксини топган. Хусусан, шаҳар ҳокимларидан Лашкар бекларбеги (XIX асрнинг биринчи ярми), Нормуҳаммад қўшбеги (XIX асрнинг биринчи ярми), Қаноат оталиқ (XIX асрнинг иккинчи ярми) ва Аҳмад қўшбеги (1856–1857) ҳамда аҳолининг юқори табақа вакиллари ҳам ўз маблағлари ҳисобига шаҳардаги вайрон бўлган мадраса ва масжидларни таъмирлаш ва янги мадрасалар, карвонсаройлар қуришнинг асосий ташкилотчилари бўлганларини кўриш мумкин.
Тошкент вилояти ва унга туташ ерлар баёнида муаллиф келтирган маълумотлар, айниқса, тоғлардаги қазилма бойликлар ва доривор гиёҳлар ҳақида ёзганлари тарихий ўлкашунослик нуқтаи назаридан муҳимдир.
«Тошкент шаҳри ижтимоий-сиёсий тарихига оид маълумотлар» деб номланган иккинчи бўлимда «Тарихи жадидайи Тошканд» асаридаги Тошкентнинг ижтимоий-сиёсий тарихига доир маълумотлар таҳлил этилган. Муҳаммад Солиҳхўжа асарнинг Қўқон хонлари тарихига бағишланган саҳифаларида Тошкентнинг XVIII аср охири – XIX асрнинг биринчи ярмидаги сиёсий тарихини ёритиб берган. Ундаги муҳим маълумотлардан бири Тошкентнинг чорҳокимлик даврига тўғри келади. О.Д.Чеховичнинг фикрича, муаллиф ушбу маълумотларни қўлига тушиб қолган, лекин бизгача етиб келмаган бирор-бир асардан ёки мазкур воқеалар гувоҳи бўлган кишилардан эшитганлари асосида ёзган бўлиши мумкин . Юнусхўжанинг Тошкентдаги ҳокимлиги ва унинг Қўқонга юриши, Умархон ва Олимхоннинг Тошкентга қилган ҳарбий ҳаракатлари тафсилотлари ҳам бошқа асарларда ёзилганлардан фарқ қилади.
Таъкидлаш жоизки, асардаги Тошкент тарихига доир маълумотларнинг катта қисми унинг Қўқон хонлигига қўшиб олингандан кейинги даврига тегишлидир. Аниқроғи, муаллиф ўзи яшаган давр тарихига кўпроқ эътибор берган. Демак, бу жиҳатдан асарнинг оригиналлик даражаси ҳам салмоқлидир. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида Тошкентнинг Қўқон хонлари ноиблари давридаги бошқарувига оид қимматли маълумотлар мавжуд. Унга кўра, Чимкент, Сайрам, Туркистон, Авлиёота, Оқмасжид, Пишпак, Тўқмоқ каби қалъа-шаҳарларни ҳамда ўша атрофдаги Ўрта жуз қозоқлари ва қирғизларни бошқариш ҳам Тошкент ҳокими қўлида бўлган. Ҳокимлар сиёсий вазиятга кўра ёки иш олиб боришига қараб хонлар томонидан алмаштирилган. Тошкент ҳокимининг қароргоҳи шаҳарнинг Ўрда қисмида жойлашган ва ҳоким ўз девонхонасига эга эди. Унинг таркибида диний (қозикалон, шайх ул-ислом, даҳалар қозилари, қози аскар, аълам, муфтий, нақиб, раис, халифа), маъмурий бошқарув (даҳалар оқсоқоллари, девонбеги, хазиначи, закотчи, саркор мунший), ҳарбий (баҳодирбоши, понсадбоши, тўпхонабоши, юзбоши, даҳбоши) мансаблар мавжуд бўлиб, ушбу мансаб эгалари бевосита Тошкент хазинасидан маош олганлар.
Асардаги маълумотларга таяниб, Тошкент XIX асрнинг 40–60- йилларида Қўқон хонлигидаги тахт учун кечган ўзаро урушларнинг марказида турган ва бу айрим Тошкент ҳокимларининг мамлакат сиёсий ҳаётида катта мавқега эга бўлганлиги билан боғлиқ эди, дейиш мумкин. Асардаги 1282–1307/1865–1890 йиллардаги воқеа-ҳодисалар эса, йилма-йил баён қилинган бўлиб, унда Туркистон ўлкасининг маркази бўлган Тошкент шаҳрида юз берган ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар ўз аксини топган.
Учинчи бобнинг сўнгги бўлими «Тошкент шаҳри маданий-маънавий ҳаётининг “Тарихи жадидайи Тошканд” асаридаги инъикоси» деб номланган. «Тарихи жадидайи Тошканд» кўпроқ сиёсий тарих услубида ёзилган асарлар сирасига кирса-да, бироқ унда Тошкент шаҳрининг XIX асрдаги маданий-маънавий ҳаёти билан боғлиқ маълумотлар ҳам (асосан Тошкентга бағишланган қисмида) учрайди. Келтирилган маълумотларга қараганда, бу даврда Тошкентдаги маданий-маънавий ҳаёт кўпроқ Тошкент-Қўқон, Тошкент-Бухоро маданий алоқалари асосида ривожланишда давом этган. Бу борада Тошкент мадрасалари ва уларда фаолият кўрсатган мударрислари хизматини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз
«Тарихи жадидайи Тошканд» асарининг Тошкент шаҳри тавсифига оид қисмида Муҳаммад Солиҳхўжа ҳар бир даҳадаги таниқли шахслар тўғрисида қисқа биографик маълумот ҳам беради. Уларни ижтимоий ҳолатига кўра диний мансаб эгалари (қози, муфтий, аълам, охунд), тариқат вакиллари (эшонлар, сўфийлар), мударрислар ва бошқа касб эгаларига (ҳунармандлар, табиблар, мусиқачилар) киритиш мумкин. Мазкур маълумотларда Тошкентнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий ҳаётида муҳим рол ўйнаган кишилар билан бирга, муаллифнинг оддий таниш-билишлари ҳақида ёзганлари ҳам акс этган.
«Тарихи жадидайи Тошканд»да ўша даврда Тошкент шаҳри маънавий ҳаётининг муҳим жабҳасини ташкил қилган тасаввуф таълимоти билан боғлиқ маълумотлар ҳам келтирилган ва улар кўпроқ XIX асрда яшаб ўтган тариқат пешволари тўғрисида ёзилганлардан иборат . Муҳаммад Солиҳхўжа келтирган маълумотлар мазкур табақанинг фақат тариқат доирасидаги фаолияти билан эмас, балки давлат амалларида ҳамда мударрислик, боғдорчилик, деҳқончилик ва китобатчилик каби соҳаларда меҳнат қилиб, тирикчилик ўтказганидан далолат беради. Барча даврларда бўлганидек, бу пайтда ҳам тасаввуф аҳлига юқори табақа вакиллари иқтисодий жиҳатдан ҳомийлик қилиб келган.
Муҳаммад Солиҳхўжа тилга олган шахслар орасида созанда ва қўшиқчилардан кўкчалик Шаҳлохўжа ва Юсуфхўжалар, бешёғочлик Исои Муллойи созанда, табиблардан кўкчалик Эшон Сиддиқхўжа табиб, бешёғочлик Мулла Муҳаммадрасул охунд Ялангқарягий ҳақида маълумотлар мавжуд. Чунончи, Мулла Муҳаммадрасул табиб тиббиётдан ташқари ҳандаса, жуғрофия, илми нужум, кимё ва тарих фанларини ҳам чуқур билган. Моҳир ҳунармандлардан бири Мулла Бобожон охунд заргар бўлиб, Султон Саъидхон даврида Қўқонда хон саройи гулдастасига ўрнатган катта соатнинг овози 1 фарсах ергача эшитилиб турган. Мулла Бобожон амир Музаффарнинг (1860–1885) Қўқонга юриши даврида Бухорога олиб кетилган, соат эса Бухоро арки дарвозахонасининг нақорахонасига ўрнатилган. Тилга олинган хаттотлардан тарихчи Мулла Юнусжон мунший Тошкандий ва асли шаҳрисабзлик бўлган Мулла Юнусжон мунший Бобожонбий ўғлини кўрсатиш мумкин. Бундан ташқари Эшон Абдусамиъхўжа хатибнинг ўғли Эшон Абдулваҳҳобхўжа муҳркан ҳам моҳир хаттот бўлиб, кейинчалик Бухорога кўчиб кетган.
«Тарихи жадидайи Тошканд» асаридаги маълумотлар тошкентликлар маънавий ҳаётида шаҳардаги зиёратгоҳ мозорлар ҳам муҳим аҳамият касб этганлигини кўрсатади. Айниқса, шаҳардаги Қаффол Шоший, шайх Зайниддин, Занги ота ва шайх Хованд Таҳур мозорлари тошкентликлар ва шаҳар меҳмонларининг эътиборли зиёратгоҳларидан бўлиб, мазкур мозорлар уларнинг авлодлари назорати остида бўлган. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида келтирилган маълумотлар Тошкентнинг XIX асрдаги маданий-маънавий муҳитини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

ХУЛОСА

Муҳаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асари фанда Тошкент тарихи бўйича муҳим манба эканлиги анча илгари эътироф этилган ва бу соҳада бир қанча тадқиқотлар чоп этилган. Ушбу диссертация ана шу долзарбликнинг давоми сифатида, бу асарнинг тарихий манбашунослик нуқтаи назаридан бажарилган махсус илмий тадқиқот ҳисобланади.
«Тарихи жадидайи Тошканд» Қўқон хонлигида юзага келган ўзига хос тарихнавислик мактаби доирасида ёзилган йирик манбалардан бири бўлиб, даври, географик қамрови ва ҳажми жиҳатдан XIX асрда яратилган бошқа тарихий асарлардан ажралиб туради. Икки жилддан иборат бу асарнинг биринчи жилди Ўрта Осиё ва унга қўшни мамлакатларнинг ўрта асрлар тарихига бағишланган ва мазмунан компилятив қисмдир. Иккинчи жилди эса XIX аср тарихи, аниқроғи Қўқон хонлиги ва унга қўшни ҳудудлар, айниқса, Тошкент тарихини ўрганишда бирламчи маълумотларни ўзида жамлаган.
Асар муаллифи Муҳаммад Солиҳхўжа мулла Раҳмат Қорахўжа ўғли ўз даврининг зиёлиларидан бўлиб, насаби шайх Умар Боғистоний авлодига мансуб. Муаллифнинг ота-боболари XV-XIX асрларда шайх Хованд Таҳур авлодлари сифатида танилганлар ва Тошкентдаги ижтимоий ва маънавий ҳаётда муҳим рол ўйнаганлар, маъмурий ва диний амалларни эгаллаганлар. Бу ҳолат Муҳаммад Солиҳхўжанинг зиёли, билимли шахс сифатида шаклланишида муҳим аҳамият касб этган. Унинг тарихнавис сифатида шаклланишида эса ўз билимини турли илм масканларида мунтазам ошириб бориши ва Тошкент тарихига оид асар ёзишни ният қилгани бош омил бўлиб хизмат қилган. У ўзининг «Тарихи жадидайи Тошканд» асарини 25 йилдан ортиқ вақт (1863–1889) мобайнида ёзди ва ушбу китоб Тошкент тарихига оид ягона тарихий ва тарихий-географик манба бўлиб қолди.
Бугунги кунда «Тарихи жадидайи Тошканд» асарининг турли ҳолатдаги учта қўлёзмаси мавжуд ва улар ЎзР ФА Шарқшунослик институтида сақланади. Айниқса, муаллиф дастхатининг сақлангани асарни тарихий манбашунослик талабида ўрганиш учун жуда муҳимдир.
«Тарихи жадидайи Тошканд» кўпгина манбаларга таяниб ёзилган ва муаллиф турли мавзулардаги асарлар, ривоятлар ҳамда воқеаларнинг гувоҳларидан эшитганларидан фойдаланган; XIX асрнинг 40–80-йилларига мансуб воқеалар эса бевосита муаллифнинг ўз кўзи билан кўрганлари асосида ёритилган.
Асарда Қўқон хонлигининг ташкил топишидан 1876 йили тугатилгунига қадар бўлган даврдаги ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаётига доир маълумотлар акс этган. Шералихон (1842–1844), Муҳаммад Муродхон (1844/1845), Худоёрхон (1845–1858, 1863, 1865–1875), Маллахон (1858–1862), Шоҳмуродхон (1862/1863) ва Султон Саъидхон (1863–1865) ҳукмронлиги олдинги даврларга нисбатан тўлароқ ёритилган.
«Тарихи жадидайи Тошканд» асари Россия империясининг Ўрта Осиё ҳудудларида олиб борган ҳарбий ҳаракатлари, хусусан, Оқмасжид, Туркистон, Чимкент ва Тошкент учун бўлган жанглар бошқа манбалардан ҳудудий ва даврий жиҳатдан кенг ёритилганлиги билан ажралиб туради.
Муҳаммад Солиҳхўжа Тошкентда бўлган жангларда шахсан иштирок этгани сабабли, Тошкент мудофааси ҳамда Алимқули амирлашкар, Ҳакимхўжа қозикалон, Солиҳбек додхоҳ каби мудофаа ташкилотчиларининг Ватан учун бўлган жанглари тафсилотларини анча муфассал баён қилган ва бу маълумотлар бошқа манбаларда учрамайди.
Асарда Россия империяси қўшинларининг Бухоро амирлиги, Хива хонлиги ҳудудларига босқинчилик юришлари, Абдумаликтўра бошлиқ ватанпарварларнинг душманга қарши кураши, Пўлатхон бошчилигидаги халқ норозилик ҳаракати ва уни бостириш баҳонасида Қўқон хонлигининг тугатилиши ҳам акс этган ва у бу борадаги бошқа манбаларни тўлдирадиган маълумотлар бор.
Тошкент тарихи билан боғлиқ айрим воқеалар «Тарихи Шоҳрухий», «Тарихи жаҳоннамойи», «Хулосат ал-аҳвол» каби асарларда ҳам тилга олинган бўлса-да, Муҳаммад Солиҳхўжа воқеаларни эшитганлари ва кўрганлари асосида бойитиб, бошқа муаллифларга қараганда батафсил ёритган. Хусусан, чорҳокимлик даври, Юнусхўжа ва унинг ўғиллари ҳокимлиги даврига доир маълумотлар бошқа асарларда учрамайди. Қўқон хони Олимхоннинг Тошкентга юриши ёки Шералихоннинг ўғли Салимсоқхоннинг Тошкендаги мустақил ҳокимлиги даври бошқа манбалардаги тарихий воқеликларга аниқлик киритади.
«Тарихи жадидайи Тошканд»да келтирилган Қўқон хонларининг Тошкентдаги жами йигирма иккита ноиблари ҳокимлиги даври, хусусан, Салимсоқтўра, Лашкар бекларбеги, Нормуҳаммад қўшбеги, Азиз парвоначи, Қаноат оталиқ ва Аҳмад қўшбеги давридаги сиёсий-маъмурий бошқарув, улар олиб борган ободончилик ҳамда бунёдкорлик ишларига доир маълумотлар Тошкентнинг XIX аср ижтимоий-сиёсий тарихига янгиликлар киритади.
Асарнинг Тошкент шаҳри тавсифига бағишланган қисмидаги шаҳар тарихий топографияси ва Тошкент вилояти географиясига оид маълумотлар муаллифнинг Тошкентда яшаганлиги, шаҳар тарихини яхши билганлиги сабабли, аниқлиги билан ажралиб туради ва тарихий ўлкашунослик нуқтаи назаридан маълум илмий аҳамиятга эга.
Асарда ёритилган Тошкент топографияси шаҳар девори ва дарвозалари, даҳалар, мавзелар, маҳаллалар ва улар бўйлаб кетган кўчалар, мозорлар, суғориш тизимига доир маълумотларни ўз ичига олади. Тошкентнинг тарихий топонимиясини ўрганиш учун муҳим саналувчи жой номлари ҳам анчагина бўлиб, уларни алоҳида тадқиқ этиш талаб қилинади (шаҳар дарвозалари, маҳаллалар, гузарлар, мавзелар, қадимий тепаликлар ва кўчаларнинг номлари ва ҳ.к.).
«Тарихи жадидайи Тошканд» асарида шаҳар топографиясида муҳим ўрин тутган асосий бинолар – йигирмата мадраса ва кўплаб масжидлар, ўттизга яқин зиёратгоҳ мозорлар, катта-кичик ҳаммомлар, карвонсаройлар, бозорлар ҳамда шаҳарда жойлашган турли иншоотларнинг қурилиши, жойлашган ўрни, меъморий тузилиши ҳамда ўша даврдаги аҳволи тўғрисидаги маълумотлар бизга Тошкент шаҳрининг XIX асрдаги қиёфасини кенгроқ тасаввур қилиш имконини беради.
Асарда қайд этилган Тошкент шаҳридаги ўттизга яқин мозорлар ва улар билан боғлиқ маълумотлар бошқа турдаги манбаларда ва архив ҳужжатларида учрамайди. «Тарихи жадидайи Тошканд» асаридаги мазкур маълумотлар Тошкентдаги мадраса ва масжидлар, зиёратгоҳ мозорларни атрофлича ўрганиш ҳамда шаҳар маданий-меъморий ёдгорликларини асраб авайлашда ва қайта таъмирлаш ишларини олиб боришда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳаммад Солиҳхўжа Тошкент шаҳри тавсифида ва асарнинг турли ерларида ўз даврида Тошкентда яшаган 80 га яқин таниқли кишилар – давлат амалдорлари (шаҳар ҳокимлари ва унинг ёрдамчилари, қозилар, аълам, муфтий ва бошқ.), тасаввуф аҳли, мударрислар ва қўшиқчи-созандалар ҳамда моҳир ҳунармандларнинг қисқача биографияси ҳамда турмуш тарзи ҳақида ёзганлари шаҳарнинг XIX асрдаги ижтимоий ва маданий-маънавий ҳаётидан ҳикоя қилувчи қимматли маълумотлар саналади.
«Тарихи жадидайи Тошканд» асарида келтирилган Тошкент атрофи ва вилоятининг тарихий географияси, қазилма бойликлар ва доривор гиёҳлар тўғрисида берган маълумотлари тарихчилар билан бирга географлар, ўсимликшунос ва маъданшунослар учун маълум амалий аҳамиятга эга деб айтиш мумкин.
Диссертациядаги таҳлил ва хулосаларга таяниб қуйидагилар тавсия қилинди:
1. «Тарихи жадидайи Тошканд» асари XIX асрда яратилган муҳим манбалардан бири бўлгани учун шу давр тарихига бағишланган қисмини, ҳеч бўлмаганда Тошкент тарихига бағишланган қисмини ўзбек тилига таржима қилиб чоп этиш зарур.
2. Асарда келтирилган 1842–1865 йиллардаги Тошкент-Қўқон муносабатларига доир воқеалар (Салимсоқхоннинг 1846–1847 йилларда Тошкентда мустақил ҳокимлик қилиши; 1847 йилда Тошкентда Азиз парвоначига қарши юз берган халқ норозилик харакати; Тошкент ҳокимларидан Нормуҳаммад қўшбегининг 1852 йилда ва Қаноат оталиқнинг 1863 йилдаги марказий ҳокимиятга қарши мухолифлик ҳаракати ва бошқ.) «Ўзбекистон тарихи» номидаги рисолалар туркумида ёритилиши мақсадга мувофиқ.
3. Тошкентнинг Россия империяси томонидан босиб олиниши арафасида Алимқули амирлашкар, Солиҳбек додхоҳ каби Тошкент мудофаасида жонбозлик кўрсатган шахсларнинг ватанпарварлик жасорати ёш авлод тарбиясида муҳим ўрин тутишини ҳисобга олган ҳолда, пойтахтдаги айрим кўчаларга мазкур шахсларнинг номларини бериш лозим, деб биламиз.

Диссертация мавзуси юзасидани қуйидаги илмий мақолалар эълон қилинган

1. Султонов Ў.А. Хожа Аҳрорнинг Тошкентдаги мадраса ва масжидлари // Имом ал-Бухорий сабоқлари. – Тошкент, 2004. – №3. – Б. 185-186.
2. Султонов Ў.А. Тошкентдаги Хожа Аҳрор номи билан боғлиқ масжидлар // Хожа Аҳрор Валийнинг Марказий Осиё тарихи ва маънавиятида тутган ўрни. Республика илмий-амалий конференция тезислари. – Т., 2004. – Б. 81-84.
3. Султонов Ў.А. Тошкент мадрасалари Муҳаммад Солиҳхўжа тавсифида (XIX аср) // акад. У.Каримов номидаги ёш шарқшунослар илмий конференцияси тезислари. – Тошкент, 2005. – Б. 67-71.
4. Султонов Ў.А. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида Яссавия тариқати намояндалари мозорлари зикри // Имом ал-Бухорий сабоқлари. – Тошкент, 2005. – №1. – Б. 75-77.
5. Султонов Ў.А. XIX аср Тошкент мадрасалари ҳолати // Ўзбекистон тарихи. – Тошкент, 2005. – №3. – Б. 64-72.
6. Султонов Ў.А. Муҳаммад Солиҳхўжа Тошкандий: ҳаёти ва фаолияти // Мозийдан садо. – Тошкент, 2005. – №4. – Б. 32-35.
7. Султонов Ў.А. «Тарихи жадидайи Тошканд» асарида Тошкент дарвозалари тўғрисидаги маълумотлар // Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. – Тошкент, 2006. – №3. – Б. 70-77.
8. Султонов Ў.А. Тарихи жадидайи Тошканд // Мозийдан садо. – Тошкент, 2006. – №3. – Б. 28-31.
9. Султонов Ў.А. Алимқули Амирлашкар // Солиҳбек додхоҳ. – Т.: Фан, 2006. – Б. 42-50.
10. Султонов Ў.А. Муродхўжа Солиҳийнинг Собирбек Солиҳбек охунд ўғли Улфат ҳақида хабари // Солиҳбек додхоҳ. – Т.: Фан, 2006. – Б. 66-70.
11. Султонов Ў.А. Қўқон хонлари хонадонида қариндош-уруғчилик муносабатлари (маҳаллий манбалар асосида) // акад. У.Каримов номидаги ёш шарқшунослар илмий конференцияси тезислари. – Тошкент, 2007. – Б. 75-78.

Тарих фанлари номзоди илмий даражасига талабгор СУЛТОНОВ Ўктамбек Абдулғаниевичнинг 07.00.08 – Тарихий манбашунослик ихтисослиги бўйича «Муҳаммад Солиҳхожанинг “Тарихи жадидайи Тошканд” асари муҳим тарихий манба сифатида (XIX аср)» мавзуcидаги диссертациясининг

РЕЗЮМЕСИ

Таянч (энг муҳим) сўзлар: Муҳаммад Солиҳхўжа, шайх Хованд Таҳур, «Тарихи жадидайи Тошканд», муаллифнинг дастхат нусхаси, қўлёзмалалар, Қўқон хонлиги тарихи, Россия империяси, Тошкент тарихи ва топографияси, шаҳар дарвозалари, мадраса ва масжидлар, зиёратгоҳ мозорлар, архив ҳужжатлари.
Тадқиқот объектлари: Муҳаммад Солиҳхўжанинг «Тарихи жадидайи Тошканд» асари; Қўқон хонлиги ва Тошкентнинг XIX аср ижтимоий-сиёсий ва маданий тарихи; Россия империясининг Ўрта Осиёда олиб борган ҳарбий ҳаракатлари.
Ишнинг мақсади: XIX асрда яшаган муаррих Муҳаммад Солиҳхўжанинг ҳаёти ва фаолиятига аниқлик киритиш ҳамда Қўқон хонлиги, хусусан Тошкент тарихига оид муҳим манбалардан бири – «Тарихи жадидайи Тошканд» асарини манбашунослик нуқтаи назаридан тадқиқ этиш ва асарнинг Ўрта Осиё тарихини ўрганишдаги ўрнини кўрсатиб бериш.
Тадқиқот усули: манбашунослик, тарихий-қиёсий, матншунослик.
Олинган натижалар ва уларнинг янгилиги: Муҳаммад Солиҳхўжанинг ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар аниқлаштирилди, «Тарихи жадидайи Тошканд» асарининг умумий мазмуни очиб берилди ва манбашунослик жиҳатидан ўрганилди, Тошкент шаҳридаги йигирмата мадраса, масжидлар ва ўттизга яқин зиёратгоҳ мозорлар тадқиқ этилиб, жойлашган ўрни аниқлаштирилди.
Амалий аҳамияти: Диссертация материалларидан Ўрта Осиё халқларининг ижтимоий-сиёсий, маданий тарихини ҳамда Тошкент шаҳри топографияси ва меъморий обидаларини ўрганишга доир тадқиқиқотларда, Ўзбекистон тарихи ҳамда Ўлкашунослик фанларидан ўқув-услубий қўлланмалар ва маърузалар тайёрлашда, амалий машғулотларда фойдаланиш мумкин.
Татбиқ этиш даражаси ва иқтисодий самарадорлиги: диссертациянинг асосий мазмуни муаллиф томонидан эълон қилинган 8 та мақола ва 3 та тезисларда ўз ифодасини топган.
Қўлланиш (фойдаланиш) соҳаси: Диссертация материаллари Қўқон хонлиги ва унга қўшни минтақаларнинг XIX асрдаги тарихи, Тошкент тарихи ҳамда топографияси, Тошкент шаҳри ва вилояти тарихий-географияси, топонимиясини ўрганишда, шунингдек, олий ўқув юртларида ўқув-услубий қўлланмалар яратишда қўл келади.

РЕЗЮМЕ

диссертации СУЛТАНОВА Уктамбека Абдулганиевича на тему: « “Тарих-и джадида-йи Ташканд” Мухаммад Салих ходжи – как важный исторический источник (XIXв.)» на соискание ученой степени кандидата исторических наук по специальности 07.00.08 – «Историческое источниковедение»

Ключевые слова: Мухаммад Салих ходжа, шейх Хованд Тахур, «Тарих-и джадидай-и Ташканд», автограф, рукописи, история Кокандского ханства, Российская империя, история и топография Ташкента, городские ворота, медресе, мусульманские святыни, архивные документы.
Объекты исследования: Произведение Мухаммад Салих ходжи «Тарих-и джадида-йи Ташканд»; социально-политическое и икультурное история Кокандского ханства и Ташкента в XIX в.; военные действие Российской империи в Средней Азии.
Цель работы: Внести ясность в описание жизни и деятельности Мухаммад Салих ходжи, а также исследовать с точки зрения источниковедения произведение «Тарих-и джадида-йи Ташканд», которое является важным источником при изучении истории Кокандского ханства, в частности истории Ташкента, определить место этого произведения в изучении истории Средней Азии.
Метод исследования: источниковедческий, историко-сравнительный, текстологический.
Полученные результаты и их новизна: Уточнены данные о жизни и деятельности Мухаммад Салих ходжи; раскрыто содержание и проведено исследование «Тарих-и джадида-йи Ташканд» с точки зрения источниковедения, выявлены сведения по истории и топографии города Ташкента, в том числе: 20 медресе, мечети, около 30 священных мазаров, ворота, улицы, базары и их месторасположение.
Практическая значимость: Материалы диссертации могут быть использованы при изучении общественно-политической и культурной истории народов Средней Азии, а также при исследовании топографии города Ташкента и архитектурных памятников. Материалы могут быть полезны в составлении учебно-методических пособий и лекций по истории Узбекистана и краеведению, их можно использовать на практических занятиях.
Степень внедрения и экономическая эффективность: По теме диссертации опубликовано 8 статей и 3 тезиса.
Область применения: Материалы диссертации имеют важное значение в изучении истории Кокандского ханства и сопредельных регионов XIX в., исторической географии и топонимии Ташкента, а также при подготовке учебно-методических пособий для ВУЗов.

RESUME

Thesis of Sultanov Uktambek Abdulganievich on the scientific degree competition of the doctor of philosophy in historical specialty 07.00.08 – «Historical source study» research subject: « “Tarikh-i djadida-i Tashkand” by Muhammad Salih khodja as the important historical source (XIXth century)»

Key words: Muhammad Salih khodja, «Tarikh-i djadida-i Toshkand», shaikh Khowand Tahur, authographe, manuscripts, the history of Kokand khanate, Russian empire, the history and tophographs of Tashkent, town gates, medressas, muslim shrines, archive documents.
Subjects of the inquiry: Novel of Muhammad Salih khodja «Tarikh-i djadida-i Tashkand»; social-political and cultural history of Kokand khanate and Tashkent in XIXth century; military operations of Russian empire in Middle Asia.
Aim of inquiry: Reveal the life and creative works of Muhammad Salih khodja explicitly who lived in XIX century in Kokand khanate, particularly to research the manuscript of «Tarikh-i djadida-i Tashkand» in the point of view of historical points according to the history of Tashkent, to studying this manuscript in the history of Middle Asia.
Method of inquiry: historical-comparative, historical-realistically, textologic.
The result achieved and their novelty: Data about the life of Muhammad Salih khodja was shown explicitly, «Tarikh-i djadida-i Toshkand», was studied as a source and overall meaning was revealed. There were founded and explored about 20 medressas, mosques and about 30 muslim shrines, gates, streets, bazaars and their situation.
Practical value: Materials of this thesis can be used for studying political and cultural history of Middle Asia, also for studying Tashkent city’s topographies and architectural monuments. It’s useful for educational supplies and lectures on the subject of history of Uzbekistan. It’s possible to use on practical lectures.
Degree of embed and economic effectivity: On the subject of the thesis is published 8 articles and 3 thesises.
Sphere of usage: Thesis materials have important place in studying of history of Kokand khanate and its neigh boring regions in XIXth century, historical geography and toponimic study of Tashkent, also it can be useful for making educational supplies of universities.

ТАДҚИҚОТЧИ СУЛТОНОВ Ў.А.

   
   
   
   
   
   
 
   
 
 
   
 
 
   

 
 
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
                                       
                 
                 
       
Copyright 2005 © beruniy.6te.net
       
       
ЎзР Фанлар Академияси Шарқшунослик Институти
       
Free Web Hosting