БОШ САХИФА
.. Орқага қайтиш                        
 
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ
АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ НОМИДАГИ ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ

Қўлёзма ҳуқуқида
УДК 94 | 15 / 16 | (575.146)


ТЎРАЕВ ҲАЛИМ

БУХОРО ХОНЛИГИНИНГ XVI - XVII АСРЛАР ИЖТИМОИЙ-СИЁСИЙ ВА МАЪНАВИЙ-МАДАНИЙ ҲАЁТИДА ЖЎЙБОР ХОЖАЛАРИНИНГ ТУТГАН ЎРНИ

Ихтисослик: 07.00.03 – Умумий тарих

Тарих фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертация

А В Т О Р Е Ф Е Р А Т И

Тошкент – 2007

Диссертация Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси
Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида бажарилган

Илмий маслаҳатчи тарих фанлари доктори
Юсупова Дилором Юнусовна

Расмий оппонентлар: тарих фанлари доктори
Азамат Зиё

тарих фанлари доктори
Аъзамова Гулчеҳра Азизовна
сиёсат фанлари доктори, профессор
Мунавваров Зоҳидулло Иномхўжаевич

Етакчи ташкилот Ўзбекистон Республикаси Вазирлар
Маҳкамаси ҳузуридаги
Тошкент ислом университети

Диссертация ҳимояси 2007 йил ________ ойининг «___» куни соат «___» да Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳузуридаги тарих фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертациялар ёқлаш бўйича Ихтисослашган Д 015.14.01 рақамли Кенгаш йиғилишида ўтказилади (100170, Тошкент, акад. Ҳ. Абдуллаев Шоҳ кўчаси, 81). Тел: 162-54-61, факс (162-52-77), e-mail: beruni@globalnet.uz

Диссертация билан ЎзР Фанлар Академияси Асосий кутубхонасида танишиш мумкин (100170, Тошкент, акад. И. Мўминов кўчаси, 13).

Автореферат 2007 йил «___» ________________________ да тарқатилди

Ихтисослашган Кенгаш илмий котиби т.ф.н. Тошов Н.И.


ДИССЕРТАЦИЯНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ

Мавзунинг долзарблиги. Мустақиллик илм аҳли олдига янги вазифаларни қўйди. Совет мафкураси таъсири остида ёзилган тарих бугунги кунга келиб замон талабларига мос келмай қолди. Янгича талқин, янгича мушоҳадага зарурат аниқ ва равшан сезилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг бир гуруҳ етакчи тарихчилар ва журналистлар билан учрашувида бу нарса янада очиқ баён қилиниб, мамлакатимизда тарих фанини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари белгилаб берилди. «Биз ҳаққоний тарихимизни тиклашимиз, миллатимизни ана шу тарих билан қуроллантиришимиз зарур», деган эди Президентимиз шу учрашувда .
Марказий Осиёнинг ўрта асрлар даври тарихига оид тадқиқотлар кейинги 50 йил ичида кўплаб эълон қилинди. Қўлёзма манбаларга таяниб эълон этилган илмий ишлар кўлами ҳам талайгина. Улар фактик материалларга бойлиги билан ажралиб туради. Лекин масаланинг мураккаб томони шундаки, бу илмий ишларда масалага синфий нуқтаи назардан ёндашиш, воқеалар баёнини коммунистик мафкурага мослаштириш, масалани давр тарихнавислиги анъаналарига оғишмай амал қилган ҳолда ёритиш жуда кучли. Олимларнинг шарқшунослик соҳасида, айниқса, қўлёзма манбаларни ўрганиш борасида қилган хизматларини инкор этмаган ва камситмаган ҳолда, мамлакатимиз ўрта асрлар даври тарихини, маданиятини, ижтимоий-сиёсий ҳаётини янгича нуқтаи назардан, ҳаққоний, тарихийлик, илмийлик, холислик тамойиллари асосида ўрганиш зарурлигини яна бир бор эътироф этмоқчимиз.
Бухоролик Жўйбор хожалари хонадони тарихи, ички ҳаёти, хонадон аҳлининг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тутган ўрни масаласига бағишланган тадқиқотларда ҳам бир ёқламаликка йўл қўйилганлиги, ҳукмрон совет мафкураси қобиғида ҳукм чиқарилганлиги мавзуни қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Шу мавзуга бағишланган тадқиқотлар ва уларнинг илмий даражасига ҳурмат сақлаган ҳолда, мавзуга қайтадан, янгича нуқтаи назардан мурожаат қилишни лозим топдик.
Маълумки, Жўйбор хожалари қарийб икки аср мобайнида ўз иқтисодий қудрати ва маънавий-сиёсий салоҳиятларини сақлаб келдилар. Бу хонадон тўғрисида ёзилган рисола, мақола ва илмий ахборотларда кўпроқ уларнинг иқтисодий соҳадаги фаолиятига эътибор қаратилиб, хонадон вакилларининг маънавий-сиёсий соҳадаги фаолияти кам ёритилди ёки бир ёқлама изоҳланди.
XVI-XVII асрлар ижтимоий-иқтисодий, маънавий-сиёсий ҳаётини Жўйбор хожаларисиз тасаввур қилиш қийин. Мовароуннаҳрда ҳукмронлик қилган икки сулола – Шайбонийлар ва Аштархонийлар даврида бу хонадон вакиллари мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига катта таъсир кўрсатдилар. Лекин бу масала тарих фанида кам ўрганилган мавзу сифатида ҳамон ўз аҳамиятини сақлаб келмоқда.
Жўйбор хожалари тўғрисидаги маълумотлар бир қанча манбаларда учрайди. Бу манбаларни икки қисмга бўлиш мумкин. Биринчиси, Жўйбор хожаларининг ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-сиёсий фаолиятига бағишланган махсус манбалар. Булар Бадриддин Кашмирийнинг “Равзат ар-ризвон” (“Жаннат боғи”) (XVI аср), Ҳусайн ас-Сарахсийнинг “Маноқиби саъдийа” (“Саодатли [Хожа Ислом] маноқиби”) (XVI аср), Абу Аббос Муҳаммад Толибнинг “Матлаб ат-толибин” (“[Ҳақ] изловчилар мақсади”) (XVII аср) асарларидир. Мазкур асарлар маълумотлари тадқиқотчилар томонидан қисман илмий муомалага тортилган. Иккинчиси, Жўйбор хожалари тўғрисидаги айрим ёки умумий маълумотларни ўз ичига олган манбалар. Бунга Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Шарафнома-йи шоҳий” (XVI аср), Муҳаммад Юсуф Муншийнинг “Тарихи Муқимхоний” (XVII аср), Мир Муҳаммад Амин Бухорийнинг “Убайдулланома” (XVIII аср), Абдураҳмон Давлат Толенинг “Тарихи Абулфайзхон” (XVIII аср), Муҳаммад Тоҳир Эшоннинг “Силсилаи Хожагон-нақшбандийа” (XVIII аср), Муҳаммад Яқубнинг “Гулшан ул-мулук” (“Подшоҳлар гулшани”) (XIX аср), Мулла Абдуллатиф Хожанинг “Мажмуа” (“[Маълумотлар] тўплами”) (XIX аср), Саййид Муҳаммад Носириддининг “Туҳфат аз-зойирин” (“Зиёратчиларга туҳфа”) (ХХ аср бошлари) ва бошқа асарлар киради.
Шунингдек, Жўйбор хожаларининг иқтисодий, хўжалик, маданий фаолиятини акс эттирувчи талайгина ҳужжатлар бизгача етиб келган ва улардаги маълумотлар диссертация ишига жалб қилинган.
Темурийларнинг сиёсий саҳнадан кетиши ва Мовароуннаҳрда Шайбонийлар сулоласи ҳукмронлигининг ўрнатилиши ҳали тўла таназзулни англатмасди. Шайбонийлардан Абдуллахон (1557-1598) Мовароуннаҳрни Бухоро атрофига бирлаштириш ва мамлакат яхлитлигини сақлаб қолиш ҳамда мустаҳкамлаш учун қаттиқ курашди. Бундай қийин ва мураккаб, масъулиятли вазифани амалга оширишда Абдуллахонга яқиндан кўмак берган Жўйбор хожаларининг хизматлари, саъй-ҳаракатлари эътиборга молик. Масалани янги нуқтаи назардан ўрганиш, унга объектив ёндашиш талабидан келиб чиқиб, қўлёзма манбаларни чуқур таҳлил қилиш, асосли хулосаларни илгари суриш тарихчи-шарқшунослар олдида турган муҳим вазифалардан ҳисобланади. Лекин ҳозирга қадар Жўйбор хожаларига бағишланган қўлёзма асарлар ўзбек тилига тўлиқ таржима қилинмаган. Уларнинг муҳим қисмларини ўзбек тилига таржима қилиб, чоп этиш давр талабидир.
Мавзунинг ўрганилиш даражаси. Жўйбор хожалари тўғрисидаги илк маълумотлар эълон қилингандан бери ярим асрдан кўпроқ вақт ўтди. Шу давр ичида Жўйбор хожалари фаолиятини ёритишга бағишланган қатор тадқиқотлар олиб борилди. Мавзуга биринчи бўлиб В. Л. Вяткин қўл уриб, хонадон йирик вакили Хожа Ислом (1493-1563) мисолида Жўйбор хожалари ижтимоий-хўжалик фаолиятини умумий бўёқларда ёритиб берди . Ҳажм жиҳатдан катта бўлмаган бу тадқиқот Жўйбор хожалари ижтимоий-хўжалик фаолиятини ўрганишнинг дебочаси бўлиб, ҳозирга қадар ўз илмий қимматини сақлаб келмоқда. В. Л. Вяткин Муҳаммад Толибнинг “Матлаб ат-толибин” асаридан асосий манба сифатида фойдаланиб, кўпроқ Жўйбор хожаларининг иқтисодий фаолиятини ёритишга ҳаракат қилган.
Абдурауф Фитрат илмий фаолиятида Жўйбор хожалари мероси муайян ўрин тутади. У Жўйбор хожалари архив ҳужжатларини ўрганишга киришган биринчи тадқиқотчидир. Гарчи Фитрат томонидан хонадон ижтимоий-иқтисодий фаолиятига бағишланган бирор бир йирик тадқиқот эълон қилинмаган бўлса-да, у Жўйбор хожалари архив ҳужжатларини тўплаш ва дастлабки илмий муомалага тортиш билан шуғулланди . Жўйбор хожалари архивини асраш ва сақлаш борасида Абдурауф Фитратнинг амалий фаолияти кейинги тадқиқотлар учун асос яратди.
Машҳур шарқшунослар Е. Э. Бертельс ва П. П. Ивановларнинг бу борада олиб борган изланишлари илмий доираларда ва жаҳон шарқшунослигида ҳанузга қадар қадрланиб келмоқда. В. Л. Вяткин ва П. П. Иванов бошлаб берган тадқиқотларни М. Й. Йўлдошев , М. А. Абдураимов , Л. Раҳмонова , Б. А. Аҳмедов , И. Саидаҳмедовлар давом эттирдилар. Эълон этилган мақолаларда кўпроқ хожазодаларнинг хўжалик фаолиятига эътибор қаратилди. Жўйбор хожалари меросини ўрганиш юқорида қайд этилган тадқиқотлар доираси билангина белгиланмайди, балки улар кейинги изланишлар учун асос бўлиб хизмат қилади. Хожазодалар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган ҳар бир қўлёзма асар алоҳида эътиборни талаб қилади.
Жўйбор хожалари хонадони меросининг илк тадқиқотчиларидан бири Е. Э. Бертельс таҳрири остида эълон қилинган «Из архива шейхов Джуйбари» номли китоб Жўйбор хожалари хўжалик фаолиятини ўрганиш учун муҳим манба бўлиб хизмат қилади . Арабча транскрипцияда берилган Жўйбор хожалари архив ҳужжатларида хонадон вакиллари томонидан сотиб олинган кўчмас мулклар, дўконлар, қишлоқлар ва ҳоказолар қайд этилган бўлиб, булар Жўйборийлар иқтисодий қудратини аниқлашда катта аҳамият касб этади.
Хонадон тарихини кенг миқёсда ўрганиш борасида таниқли шарқшунос олим П. П. Ивановнинг хизматлари ҳар жиҳатдан таҳсинга лойиқ . Жўйбор хожалари хонадони тарихини ўрганиш П. П. Иванов илмий фаолиятида асосий ўринлардан бирини эгаллайди. “Матлаб ат-толибин” қўлёзма асарини тадқиқ қилиш асосида олим Жўйбор хожалари хонадонининг ижтимоий-иқтисодий фаолиятини батафсил ёритади. Жўйбор
хожаларининг уч вакили – Хожа Ислом, Хожа Саъд (1531-1589) ва Хожа Тожиддиннинг (1574-1646) иқтисодий-хўжалик фаолияти тўғрисида атрофлича маълумот беради.
П. П. Иванов томонидан Жўйбор хожалари хонадони хўжалик ҳаётини тадқиқ қилиш бошланган даврда фанда биргина қўлёзма асар “Матлаб ат-толибин” асари маълум эди. Олим шу имкониятдан келиб чиқиб, хожазодалар хонадони ижтимоий-иқтисодий ҳаётини мазкур асарга суянган ҳолда тадқиқ этган ва кўп жиҳатдан В. Л. Вяткин фикрларини тўлдирган. Асар ёзилган санага аниқлиқ киритган .
Олимнинг қизиқиш доираси Жўйбор хожалари хожалигининг ташкил топиши ва ривожланиши масалаларини қамраб олади. Хожа Исломнинг Бухоро хони Абдуллахонга бўлган таъсирининг моддий ва маънавий сабабларини очиб бериш жараёнида хонадонга тегишли ерларнинг миқдори тўғрисида маълумот беради . Умуман, Хожа Ислом томонидан хонадон иқтисодий пойдеворининг яратилиши ва мустаҳкамланишини мисоллар билан кўрсатиб ўтади.
Хожа Саъд хўжалик фаолияти П. П. Иванов диққат марказидаги алоҳида масалалардан бири бўлган. Унинг қарамоғидаги ерлар ва уларнинг ҳажми, жойлашган ўрни, йирик мулкларни бошқариш мақсадида Хожа Саъд томонидан жорий этилган тизим каби қатор масалалар П. П. Иванов тадқиқот объектини ташкил этади . “Матлаб ат-толибин” асарида келтирилган Хожа Саъднинг кўплаб зиёфатлар уюштириши тўғрисидаги маълумотларни эътироф этган ҳолда бу зиёфатларга кетган харажатлар миқдорига шубҳа билдиради .
Жўйбор хожаларининг навбатдаги йирик вакили Хожа Тожиддин ижтимоий-хўжалик фаолияти П. П. Иванов томонидан XVI аср охири ва XVII аср биринчи ярмида Мовароуннаҳрда юз берган сиёсий воқеалар фонида берилади. Ҳарбий-феодал доираларнинг Жўйбор хожалари мулкларига дахл қилишга интилиши кучайганини таъкидлаб, бу интилиш Хожа Тожиддин томонидан қаршиликка учрганлигини эътироф этади . Ҳатто бундай шахслар эгаллаб турган лавозими ва амалига қарамасдан Хожа Тожиддин кўрсатмаси билан ўлдирилганлигини қайд этади . Ҳукмрон мафкура таъсири остида П. П. Иванов шундай хулосага келганлиги шубҳасиз. У Хожа Тожиддин томонидан жорий этилган ўзига хос иқтисодий тизим ва унинг моҳиятини очиб беришга ҳаракат қилади. Хўжалик девонида хизмат қилган шахслар, уларнинг вазифалари, молиявий фаолияти тўғрисида маълумот беради. Хожа Тожиддин томонидан беҳисоб мол-мулкнинг бир қисми хайрли мақсадларга сарф қилинганлигини эътироф этади .
Таъкидлаш жоизки, П. П. Иванов шўро тарихчиси сифатида ўша давр ҳукмрон мафкурасига бўйсунишга мажбур эди. Шу боис у Нақшбандия тариқатига мансуб Жўйбор хожаларини феодал доиралар манфаатини ҳимоя қилувчи қатламга мансуб эди, деб хулоса чиқаради .
Хожа Тожиддиннинг катта ўғли ва асосий меросхўри Муҳаммад Юсуф Хожа (1593-1651) таржимаи ҳолига П. П. Иванов томонидан қисқа ўрин берилади. Унинг Имомқулихон (1611-1642), Надрмуҳаммадхон (1642-1645), Абдулазизхон (1645-1680) ҳукмронлик даврларидаги обрў-эътибори, Аштархоний хонлари инъомларига мушарраф бўлиши, Жўйбор хожаларининг кейинги вакилларининг жамият ижтимоий ҳаётида тутган ўрни муаллиф томонидан кўрсатиб берилган.
Муаллиф таъкидлашича, манғитлар сулоласи асосчиси Муҳаммад Раҳимхон (1753-1758) даврида, шунингдек, Амир Музаффар (1860-1885) ҳукмронлик йилларида ҳам Жўйбор хожалари ўз ижтимоий мавқеларини сақлаб қолганлар .
П. П. Ивановнинг «Хозяйство джуйбарских шейхов» номли китоби гарчи шўро мафкураси таъсири остида ёзилган бўлса-да, унда жуда муҳим фактик маълумотлар мавжуд. Илмий қиммати баланд.
XX асрнинг 30-50-йилларида Жўйбор хожалари меросини ўрганиш бўйича яна бир муҳим иш амалга оширилди. Жўйбор хожалари архив ҳужжатларидан 385 донаси П. Л. Верховский томонидан қайта кўриб чиқилиб нашрга тайёрланди ва П. П. Ивановнинг юқорида тилга олинган китобида уларнинг русча таржимаси эълон қилинди . Бу ҳужжатлар ҳануз ўз тадқиқотчисини кутиб турибди.
Жўйбор хожалари меросини ўрганиш масаласи 60-йилларда ҳам ўз аҳамиятини йўқотган эмас эди. Мавзу билан машҳур тарихчи, академик М. Й. Йўлдошев қисман шуғулланди. Унинг эътиборга молик хизмати Бадриддин Кашмирийнинг “Равзат ар-ризвон” асарини илмий муомалага тортиш ва бу асар тўғрисида дастлабки маълумотларни эълон қилиш билан белгиланади. «Общественные науки в Узбекистане» журналининг 1963 йил 5-сонида эълон қилинган «Новые данные о хозяйстве джуйбарских шейхов» мақоласида Жўйбор хожаларининг иқтисодий-хўжалик, савдо-сотиқ фаолияти тўғрисида, шунингдек, «Равзат ар-ризвон» қўлёзма асарининг илмий қиммати, ёзилиш тарихи тўғрисида маълумот беради . Бу қўлёзма П. П. Ивановга маълум эмас эди. Жўйбор хожалари хонадони тарихини ўрганиш учун «Равзат ар-ризвон» асари жуда катта аҳамият касб этишига қарамасдан, бу асар М. Й. Йўлдошев мақоласи эълон қилингандан сўнг, қарийб 20 йил мобайнида атрофлича ўрганилмади, кенг илмий муомалага тортилмади.
60-йилларнинг иккинчи ярмида яна илмий нашрларда, журналларда Жўйбор хожалари хожалиги тарихини акс эттирувчи мақолалар пайдо бўла бошлади. Тадқиқотчи Л. Раҳмонова илмий фаолияти бунга мисол бўлади . Унинг томонидан эълон қилинган мақолаларда Жўйбор хожалари вақф ҳужжатлари чуқур таҳлил қилиниб, хожазодаларга, айниқса, Хожа Исломга тегишли мулкларнинг умумий тасвири чизиб берилади. Л. Раҳмонованинг номзодлик диссертацияси ҳам Жўйбор хожалари хўжалик ҳаётини ҳужжатлар асосида таҳлил қилишга бағишланган . Таниқли тарихчи олим М. А. Абдураимов илмий фаолиятида Жўйбор хожалари мавзуси муайян ўрин эгаллайди. У Бадриддин Кашмирийнинг “Равзат ар-ризвон” асарини илмий муомалага тортган тадқиқотчилардан бири ҳисобланади. Олимнинг «О малоизвестном источнике по истории аграрных отношений в Средней Азии в XVI в» мақоласида Бадриддин Кашмирийнинг “Равзат ар-ризвон” асарининг ёзилиш сабаблари, манбалари, муаллифнинг ўзи тўғрисида қисқача маълумот беради. Шунингдек, Жўйбор хожалари хонадони хўжалик фаолияти тўғрисидаги масалаларни илгари суради.
Узоқ танаффусдан сўнг, 80-йиллар бошларида Жўйбор хожалари ижтимоий-сиёсий фаолиятини ўрганиш яна тадқиқотчиларнинг қизиқиш доирасига кира бошлади. Таниқли тарихчи, шарқшунос Б. А. Аҳмедов масалани қайта ўрганиш ва янгича талқин қилишга киришиб, қатор илмий мақолалар эълон қилди . Б. А. Аҳмедов ўз мақолаларида Жўйбор хожалари хожалиги иқтисодий пойдеворининг барпо этилиши, хожаларнинг Шайбоний ва Аштархоний хонлари, Ҳиндистон, Қошғар, Эрон ҳукмдорлари билан муносабатлари, хонадон мулки яхлитлигини сақлаб қолиш мақсадида ўзаро қуда-андачилик ипларини боғлаш каби масалаларни батафсил ёритади. “Равзат ар-ризвон” асаридаги Жўйбор хожаларига ёзилган турли мавзудаги мактубларни, Абдуллахон фармонларини биринчи бўлиб илмий муомалага тортган, рус ва ўзбек тилларига таржима қилган. Жўйбор хожаларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётда тутган ўрнини атрофлича баён этган.
И. Саидаҳмедов тадқиқоти Жўйбор хожалари ижтимоий-сиёсий ва хўжалик фаолиятига бағишланган ишлар орасида ўзига хос ўринни эгаллайди . У Бадриддин Кашмирийнинг “Равзат ар-ризвон” асарини илмий тадқиқ қилиш жараёнида Жўйбор хожаларининг ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги мавқеини ёритади. Шайбонийларнинг Жўйбор хожаларига ёзган мактубларини чуқур таҳлил қилади ва уларнинг илмий-маърифий, тарихий аҳамиятини очиб беради. Муаллиф томонидан 130 дан ортиқ мактуб ва ёрлиқлар илмий изоҳлар билан рус тилига таржима қилинган. Хонадон тарихини янада чуқур ўрганиш учун бу таржиманинг аҳамияти нихоятда каттадир.
Америкалик олим Роберт Мак Чезни ва ўзбекистонлик олима Е. Некрасова тадқиқотларида Чорбакр меъморлик мажмуаси атрофидаги Жўйборийларга тегишли ҳазиралар тарихи ўз аксини топган. Ўзбек олими Б. Бобожонов ва француз олимаси М. Шуппе ҳамкорликда Лондонда эълон қилган монография эса Жўйбор хожалари хилхонаси – Чорбакр эпиграфикаси ва шу ёдгорликка тегишли вақф ҳужжатлари тадқиқига бағишланган .
Жўйбор хожалари мероси чет эл шарқшуносларини ҳам қизиқтириб келмоқда. Немис олими Флориан Шварц Жўйбор хожаларининг йирик намояндаси Хожа Ислом ижтимоий-сиёсий ва диний-маънавий фаолиятини турли бўёқларда, ғарбона тафаккур билан мухтасар изоҳлаб берган .
XX асрнинг 80-90-йилларида хорижда Ўрта Осиё тарихи, ижтимоий фалсафаси, айниқса, сўфийлик таълимотига қизиқиш янада ортди. Европа, АҚШ шарқшунослари илмий фаолиятида Ўрта Осиё ижтимоий тарихини қайта кўриб чиқиш, таҳлил ва тадқиқ қилиш тенденцияси асосий ўринни эгаллади. Бир қарашда XIX-XX аср биринчи ярмида жаҳон шарқшунослиги эришган ютуқлар ўз аҳамиятини йўқотгандай туюлади. Аслини олганда, хорижлик шарқшунослар совет шарқшунослиги тадқиқот доирасидан четда қолган тасаввуф мавзуига қўл уриб, қатор монография ва мақолаларни эълон қилдилар. Шу ўринда Фритц Майер , Юрген Паул , Девин Ди Уис , Анке фон Кюгельген , Ҳамид Алгар каби олимлар номини тилга олиб ўтиш мумкин. Бу тадқиқотларда Жўйборийлар давригача ва ундан кейинги даврларда Хожагон-нақшбандия тариқатининг ижтимоий-фалсафий илдизлари ва ривожланиш динамикаси таҳлил этилади. Немис олими Юрген Паул сўфийлик жамоалари ҳаётида хонақоҳларнинг аҳамиятини очиб берса , америкалик тадқиқотчи Девин Ди Уис Хожагон тариқатидаги айрим ички зиддият ва қарама-қаршиликлар сабабини тадқиқ қилади . Бошқа бир немис олимаси Анке фон Кюгельген эса Нақшбандия тариқатининг XVIII-XIX аср бошларидаги ҳолати, Нақшбандия-мужаддидия тариқати шайхлари тўғрисида жуда қимматли маълумотларни келтиради . Бу тадқиқотлар қанчалик илмий қимматга эга бўлмасин, уларда тасаввуфга ижтимоий ҳодиса сифатида қаралиб, унинг жамият маънавий-ахлоқий жараёнларидаги ижобий аҳамияти четлаб ўтилади, тадқиқ этилмайди. Бизнингча, бу ғарб тасаввуфшунослигининг заиф томонларидан бири бўлса керак. Шунга ўхшаш ёндашувни Жўйборийлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Немис олими Юрген Паул Хожа Аҳрор бошқарган Нақшбандия биродарлигидаги мавжуд ички муносабатларнинг фақат иқтисодий асосларини таҳлил қилган ҳолда хулосалар чиқаради . Ваҳоланки, XV-XVI асрлардаги Нақшбандия биродарлигида сўфийларни бир-бирига боғлайдиган ва жамоатга бирлаштирадиган қатор маънавий омиллар, қонун-қоидалар, тамойиллар мавжуд эди. Шундай анъана ҳозирга қадар давом этиб келмоқда .
Президент И. А. Каримов 2003 йил 31 июлда Бухорода бўлганида Чорбакр меъморий мажмуини зиёрат қилиб, олимлар зиммасига Чорбакр меъморий ёдгорлиги ва у билан бевосита боғлиқ улуғ зотлар тарихини илмий ўрганиш, шу асосда алоҳида илмий тўплам тузиш, илмий ишлар ёзиш вазифасини юклади . Жўйбор хожалари меросига бундай катта эътибор бу хонадон тарихини янада чуқурроқ тадқиқ қилиш учун кенг имконият очади.
Юқорида тилга олинган рисола ва илмий мақолалар Жўйбор хожалари хонадони ҳаётининг умумий жиҳатларини, айниқса, хўжалик фаолиятини акс эттиради ва кейинги тадқиқотлар учун кенг имкониятлар очиб беради.
Диссертация ишининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация мавзуси Бухоро Давлат университети Ўзбекистон тарихи кафедраси ҳамда ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий тадқиқот режаси доирасида амалга оширилган (Қайд номери – ПФИ. – 7.3.10.). Шунингдек, Бухоро Давлат музейи илмий-тадқиқот режалари, жумладан, Нақшбандия тариқати тарихига бағишланган музей экспозициясини янги экспонат ва маълумотлар билан бойитиб бориш борасида олиб борилаётган илмий тадқиқотларга мос тушади (Бухоро музейи архиви. 217, 218-иш).
Тадқиқот мақсади. Жўйбор хожаларининг Бухоро хонлигининг ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маданий ҳаётидаги ўрнини қўлёзма асарлар ва ҳужжатлар, шунингдек, кўп сонли илмий адабиётлар, жумладан, хорижий тадқиқотларни таҳлил этиш асосида янгича нуқтаи назардан атрофлича тадқиқ қилиш.

Тадқиқотнинг вазифалари. Жўйбор хожалари тарихнавислигининг ўзига хос хусусиятлари, унинг маҳсули бўлган “Равзат ар-ризвон”, “Маноқиби саъдийа”, “Матлаб ат-толибин” каби қўлёзма асарларнинг илмий қиммати, тарихий манба сифатидаги ўрни, айниқса, Жўйбор хожалари хонадони тарихини ўрганишдаги аҳамиятини ҳар томонлама очиб бериш;
– Жўйбор хожаларининг Хожа Ислом, Хожа Саъд, Хожа Тожиддин, Абдураҳим Хожа (1575-1628), Абди Хожа (1580-1607) сингари вакилларининг ижтимоий-сиёсий фаолиятини алоҳида тадқиқ қилиш;
– Бухоро хонлигининг шаклланиши ва унинг кейинги сиёсий ҳаётида Жўйбор хожаларининг тутган ўрни, Шайбоний Абдуллахоннинг олий ҳукмдор сифатида ўз мавқеини мустаҳкамлашда Жўйбор хожалари диний-сиёсий обрўйидан фойдаланиши масалаларини илмий ёритиб бериш;
– хонадон вакиллари билан марказий ҳокимият вакиллари ўртасидаги муносабатларнинг ижтимоий, сиёсий, иқтисодий негизларини таҳлил қилиш;
– Жўйборийларнинг Нақшбандия тариқатига алоқадорлиги ва бу алоқадорлик уларга юксак мавқе ва обрў келтирганлигини, Жўйборийларнинг тариқат асосларини ривожлантиришдаги хизматлари, шунингдек, бу борада йўл қўйган хато ва камчиликларини очиб бериш;
– хонадон вакилларининг Бухоро хонлиги маънавий-маданий ҳаётидаги ўрни, жумладан, маҳаллий адабиёт ривожига қўшган ҳиссасини тадқиқ қилиш.
Тадқиқот объекти ва предмети доирасига қуйидагилар киради:
Тадқиқот объекти:
Бухоро хонлигининг XVI-XVII асрлар ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маданий хаётида Жўйбор хожаларининг тутган ўрни;


Тадқиқот предмети:
Жўйбор хожаларига бағишланган “Равзат ар-ризвон”, “Маноқиби саадийа” “Матлаб ат- толибин”, “Тазкираи Тоҳир Эшон” каби қўлёзма асарлар ва вақф ҳужжатлари тадқиқоти.
Тадқиқотнинг услублари. Тадқиқотнинг услубларини илмийлик, холислик, тарихийлик ҳамда қиёсий таҳлилларга асосланган хулоса ва умумлашмалар бериш тамойиллари ташкил этади. Диссертант мавзуни ёритишда Президент И. А. Каримовнинг «Тарихий хотирасиз келажак йўқ» ва бошқа асарларида тарихни ўрганиш бўйича белгилаб берилган йўналиш ва тамойилларга суянди. Шунингдек, юқорида тилга олинган илмий тадқиқотларга таяниш билан бирга, кейинги йилларда тарихчи-манбашунослар томонидан чоп этилган бир қанча тарихий асарлардан кенг фойдаланди. Қўлёзма асарларни ўрганиш бўйича мутахассис олимлар орттирган тажрибага ҳар томонлама мурожаат қилинди. В. В. Бартольд, А. А. Семёнов, П. П. Иванов, М. А. Абдураимов, Б. А. Аҳмедов, О. Д. Чехович, Р. Г. Мукминова, А. Ў. Ўринбоев, Р. П. Жалилова, ?. Жўраева каби олимларнинг қўлёзма манбаларни ўрганиш ва улар маълумотларини таҳлил қилиш тажрибалари асос қилиб олинди.
Тарихий қўлёзма манбаларни қиёсий ўрганиш натижасида умумлашма ва хулосалар чиқариш, ўрта аср муаллифлари асарларига танқидий ёндашув, тарихий манба маълумотларини чуқур тарихий-қиёсий, хронологик изчиллик асосида таҳлил қилиш диссертациянинг назарий ва услубий асосларини ташкил этади. Диссертант хориж олимларининг тадқиқот услубларидан ҳам кенг фойдаланди.
Ҳимояга чиқарилаётган асосий ҳолатлар қуйидагилардан иборат:
• Жўйборийлар хонадони иқтисодий пойдеворининг яратилиши ва бунга сабаб бўлган бош омиллар;
• Жўйбор хожаларининг ҳукмрон доиралар ва халқ оммаси ўртасида юқори мавқега эга бўлишининг моддий ва маънавий жиҳатлари;
• Жўйборийларнинг Нақшбандия тариқатида ўз мавқеларини мустаҳкамлашга интилиб, тариқатнинг айрим қоидаларини янги тарихий шароитда ривожлантириши;
• Хожа Исломнинг Абдуллахонга нисбатан сиёсий ҳомийлиги натижасида Абдуллахон эришган муваффақиятларнинг Марказий Осиёдаги умумий сиёсий жараёнларга таъсири;
• ўрта асрларда Марказий Осиёдаги ҳукмрон сулолалар алмашинувининг Жўйборийлар имтиёзларига таъсири;
• Жўйборийлар томонидан амалга оширилган ҳомийликнинг моддий ва маънавий жиҳатлари;
• Жўйборийлар тарихчиларининг хонадон тарихини ёзишдаги позициясининг таҳлили;
• Жўйбор хожалари тарафидан барпо этилган бинолар тўғрисида қўлёзма асарлар ва ҳужжатларда учрайдиган маълумотларнинг таҳлили;
• таъқибга учраган шахсларга нисбатан Жўйборийлар, хусусан, Хожа Тожиддин тарафидан кўрсатилган мурувватнинг ижтимоий-сиёсий моҳияти;
Тадқиқотнинг илмий янгилигига қуйидагилар киради:
– алоҳида олинган хонадон, оилавий сулола тарихига бағишланган диссертация иши илк бор амалга оширилди;
– мавзуга доир хорижда эълон қилинган тадқиқотлар ўрганиб чиқилди ва таҳлил этилди;
– XVI-XVII асрларда Бухоро хонлигига Марказий Осиёнинг катта қисми кирган. Жумладан, ҳозирги шимолий Афғонистон, жануби -шарқий Туркманистон, жанубий Қозоғистон, ғарбий Тожикистон. Бундай ҳудудий нисбатни ҳисобга олган ҳолда Жўйборийлар тарихини Бухоро хонлигининг умумий ижтимоий-сиёсий жараёнлари доирасида тадқиқ қилиш биринчи бор амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Жўйборийлар нафақат Бухорода, балки бутун Марказий Осиё ва ҳатто, ундан четда ҳам маълум бўлишган. Жумладан, уларнинг Балх, Туркистон, Кошғар, Ёркент, Хотан, Яздда маънавий-сиёсий таъсирга эгалиги кенг миқёсда тадқиқ қилинади;
– ҳозирги Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг таркибий қисми ҳисобланган Бухоро хонлиги тарихига доир эълон қилинган илмий тадқиқотлар кўлами деярли кўп эмаслигини, шунингдек, Бухоро хонлигининг XVI-XVII асрлар тарихи бўйича амалга оширилган тадқиқотлар асосан, у ёки бу конкрет масалаларга бағишланганлигини ҳамда ижтимоий-сиёсий, маданий жараёнларнинг барча қисмини қамраб ололмаслигини инобатга олиб, ишда мазкур муаммолар чуқур таҳлил қилинади;
– Жўйборийларнинг Бухоро хонлиги билан Бобурийлар давлати муносабатларидаги ўрни масалалари кўриб чиқилади;
– илмий тадқиқотлардаги айрим масалалар тўлдирилади, янги нуқтаи назардан таҳлил ва тадқиқ қилинади. Шайбоний ва Аштархоний ҳукмдорларининг ички ва ташқи сиёсати йўналишларни белгилаб беришда Жўйборийларнинг иштироки масаласи муфассал тадқиқ қилинади;
– Жўйбор хожаларининг Нақшбандия тариқати вакили сифатидаги фаолияти ҳали махсус тадқиқ этилмаган. Тариқатнинг йирик намояндаси Махдуми Аъзам (1461-1542) вафотидан кейинги даврда Нақшбандия тариқатида Хожа Исломнинг етакчи ўринда тургани ва Бухоро хонлигининг маънавий-мафкуравий ҳаётига катта таъсир кўрсатгани ҳамда Бухоро хонлигидаги умумий маънавий ҳолат тадқиқ қилинади;
– Диссертацияда қўлёзма манбалар маълумотлари асосида тузилган Жўйбор хожалари вакиллари шажараси илк маротаба эълон этилмоқда;
– Жўйборийлар тарихи илк маротаба барча қўлёзма манбалар – форсий, туркий тиллардаги асарлар ва вақф ҳужжатларини жалб этиш асосида тадқиқ этилмоқда;
– ишда кам ўрганилган “Маноқиби саадийа” асари маълумотларидан кенг истифода этилди;
– хонадоннинг иқтисодий ва сиёсий мавқеини сақлаб туриш фақат хожазодаларнинг ўзига боғлиқ бўлмай, хонадонга хизмат қилган, ихлос қўйган шахсларга ҳам боғлиқ эди. Шу нуқтаи назардан келиб чиқиб, Жўйборийларга хизмат қилган шахслар, уларнинг фаолияти, мавқеи тўғрисида кенг маълумот берилди;
– Бухоро хонлиги ҳудудида Жўйбор хожалари томонидан амалга оширилган ободончилик ишлари ёритилиб, улар ташаббуси ва маблағлари ҳисобига барпо этилган хўжалик бинолари, сардобалар, боғлар, суғориш иншоотлари тўғрисида маълумот берилади.


Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Тадқиқот Республикамизда тарих фанини ривожлантиришга хизмат қилади. Унинг назарий ва амалий хулосаларидан Ўзбекистон тарихи бўйича махсус курслар ўқиш учун, олий ўқув юртлари талабаларига «Ўзбекистон тарихи» билан бирга «Манбашунослик», «Марказий Осиё ёзма манбалари» предметини ўқитиш жараёнида фойдаланиш мумкин. Диссертация материаллари Шайбонийлар ва Аштархонийлар давлати тарихининг кам тадқиқ қилинган масалаларини ўрганиш учун муҳим аҳамиятга эга ва улардан олий ўқув юртлари талабалари учун Ўзбекистон ва Марказий Осиё тарихидан ёзиладиган янги дарсликларда фойдаланиш мумкин. Чунки бу материалларнинг катта қисми айни пайтда ўқитилаётган «Ўзбекистон тарихи» дарсликларида учрамайди. Тадқиқотчилар, аспирантлар, мутахассислар ҳам тадқиқот натижаларидан кенг фойдаланиши мумкин.
Натижаларнинг жорий қилиниши. Бухоро яқинидаги Чорбакр меъморий мажмуаси ва Жўйборийларнинг бу ерда жойлашган хилхонасини таъмирлашда (1999-2002), Хожа Ислом, Хожа Саъд, Хожа Тожиддиннинг қабрларини аниқлашда ҳамда Абдулхолиқ ?иждувоний таваллудининг 900 йиллиги муносабати билан ташкил этилган «Нақшбандия тариқати тарихи» музейини қайта ташкил этишда мазкур тадқиқот натижаларидан фойдаланилди. Шунингдек, айни пайтда Бухоро Давлат университети талабаларига «Марказий Осиё ёзма манбалари» предметини ўқитиш жараёнида “Равзат ар-ризвон”, “Маноқиби саъдийа”, “Матлаб ат-толибин” қўлёзма асарлари ва уларнинг Жўйборийлар тарихини ўрганишдаги аҳамияти чуқур ўргатилмоқда.
Диссертациянинг синовдан ўтиши. Тадқиқотнинг айрим масалалари бўйича Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети қошидаги олий ўқув юртлари ўқитувчилари малакасини ошириш институтида ўтказилган илмий-назарий анжуманда (1992), Бухоро музейининг 70 йиллигига бағишланган илмий конференцияда (1992), Баҳоуддин Нақшбанд таваллудининг 675 йиллигига бағишланиб ўтказилган илмий-назарий анжуманда (1993), шунингдек, Ўзбекистонда Германия Федератив Республикаси маданияти кунлари муносабати билан фон Анке Кюгельген ташаббуси ва иштирокида ўтказилган халқаро қўшма семинарда (1996), Баҳоуддин Нақшбанд номидаги «Тасаввуф ва сўфийлик маданияти» Халқ академияси томонидан «Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд абадияти» мавзуcида Бухорода ўтказилган илмий назарий конференцияда (1997), Бухоронинг 2500 йиллигига бағишлаб ўтказилган халқаро симпозиумда (1997), «Тарих, мустақиллик, миллий ғоя» мавзуидаги Республика илмий-назарий анжуманида (Тошкент, 2001), АҚШнинг ASPS илмий ташкилоти томонидан Душанбе шаҳрида ўтказилган Халқаро илмий конференцияда (2002), «Хожагон тариқати ва Абдулхолиқ ?иждувонийнинг маънавият тарихидаги ўрни» мавзусидаги Республика илмий-назарий конференциясида маъруза қилинди.
Диссертация иши Бухоро Давлат университети «Ўзбекистон тарихи» ҳамда «Жаҳон тарихи ва тарихшунослик» кафедраларининг қўшма мажлисида (2006 йил 14 ноябрь), ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтининг илмий семинар мажлисида (2006 йил 22 декабрь), Тошкент Давлат Шарқшунослик институти «Марказий Осиё халқлари тарихи» кафедраси кенгайтирилган илмий семинар мажлисида (2007 йил 16 январь), ЎзР ФА Тарих институти «Ўрта асрлар тарихи» бўлимида (2007 йил 2 февраль) муҳокама қилиниб ҳимояга тавсия этилди.
Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Диссертацияга доир 45 та иш (жумладан, 6 монография, 39 мақола) эълон қилинган.


Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, 4 боб, хулоса, фойдаланилган адабиётлар рўйхати ва иловалардан иборат. Диссертациянинг иловалар билан бирга умумий ҳажми 308 бет, фойдаланилган манбалар сони 193тани ташкил этади.

ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ

Биринчи боб «Жўйбор хожалари хонадони тарихнавислиги» деб аталиб, унда хонадон тарихнавислигида муҳим ўрин тутган “Равзат ар-ризвон”, “Маноқиби саъдийа”, ”Матлаб ат-толибин” асарларининг ёзилиш тарихи, уларнинг Жўйбор хожалари хонадони тарихини ўрганишдаги аҳамияти атрофлича баён этилади. Шунингдек, “Абдулланома” асаридаги Жўйбор хожалари тўғрисидаги маълумотлар таҳлил қилинади.
Жўйбор хожалари тарихини акс эттирувчи қатор асарлар бизгача етиб келди, лекин булар орасида, назаримизда, уч қўлёзма асар хонадон тўғрисида тўлиқ ва атрофлича маълумотларни ўзида мужассамлаштиради. Булар, Бадриддин Кашмирийнинг “Равзат ар-ризвон”, Ҳусайн ас-Сарахсийнинг “Маноқиби саъдийа” ва Муҳаммад Толибнинг “Матлаб ат-толибин” асарларидир. Бошқа асарлар компилятив характерда бўлиб, Жўйбор хожалари тўғрисида қисқа маълумот беради ва улар Жўйбор хожалари тўғрисидаги махсус асарлар доирасига кирмайди. Юқорида тилга олинган уч асар ёзилиш даври, маълумотларни ўзида мужассам этиши, воқеа-ҳодисаларнинг баён услуби билан бир-биридан фарқ қилади. Шу билан бирга бу уч асарда умумийлик ҳам мавжуд, яъни бир асарда баён этилган воқеалар иккинчисида ҳам учрайди. Учала асар бир-бирини тўлдиради, бойитади.
Жўйбор хожалари тарихшунослиги анъанаси XVI аср иккинчи ярмидан бошланган бўлиб, унга Бадриддин Кашмирий асос солди. Ҳиндистонлик адиб, тарихчи Бадриддин Кашмирийнинг “Равзат ар-ризвон” асарини Жўйбор хожалари ижтимоий-сиёсий, маънавий, хўжалик фаолиятини қамраб олувчи «шоҳ асар» деб аташ мумкин. Асарнинг илмий-маърифий қиммати тўғрисида М. А. Абдураимов , Б. А. Аҳмедов , И. Саидаҳмедовлар таъкидлаб, унинг тарихий манба сифатидаги аҳамиятини асослаб берганлар. Шундай бўлса-да, асарнинг бизнинг мавзуимизга дахлдор ва эътиборга молик қисмлари ҳамда юқоридаги муаллифлар тилга олмаган жиҳатлари тўғрисида баъзи мулоҳазаларни илгари сурмоқчимиз.
Бадриддин Кашмирий Жўйбор хожалари хонадони тарихшунослигини бошлаб берган биринчи адибдир. Асар муаллифи кашмирлик шоир ва тарихчи Бадриддин Кашмирий тахминан 1553 йилда Бухорога келиб, шу даврда маънавий-сиёсий обрўйи ортиб бораётган Хожа Исломга мурид тушади. «Мирий» ва «Бадрий» тахаллуслари остида шеърлар битган Бадриддин Кашмирийнинг бундан кейинги ҳаёти Жўйбор хожалари хонадони билан боғланиб қолди. У дастлаб Хожа Исломга, унинг вафотидан сўнг эса Хожа Саъдга хизмат қилди. Хонадон иқтисодий-молиявий фаолиятида иштирок этиб, Жўйбор хожаларининг шахсий котибига айланди. У хонадонга қилган хизматлари эвазига Хожа Ислом тарафидан 500 танга , кейинчалик Хожа Саъд томонидан яна 500 танга билан мукофотланди .
“Равзат ар-ризвон” асари етти бобдан иборат бўлиб, Жўйбор хожалари вакилларидан Хожа Ислом ва Хожа Саъдларнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий-руҳий фаолияти тўғрисида қимматли маълумотларни беради. Муаллиф бу икки маънавий устози олдида узоқ юрганлиги, улар фаолиятини чуқур билганлиги боис унинг маълумотларини асосли деб ҳисоблашга ҳақлимиз. Асарнинг шеърий қисмларини истисно қилганда, унинг тарихий қисмлари муаллифнинг кўрган воқеалари, эшитган маълумотлари асосида ёзилган. “Равзат ар-ризвон”нинг биринчи боби Хожа Ислом фаолиятига бағишланган. Унинг авлод-аждодлари тавсифи келтирилиб, шажараси тўғрисида маълумот берилади . Хожа Исломнинг савод чиқариши, ўша давр талаблари доирасида баъзи китоблар мутолааси билан шуғулланганлиги эътироф этилади. Шунингдек, ёш Хожа Исломда ғайриоддий хислатларнинг пайдо бўлиши ҳақида қайдлар учрайди.
Асарда Хожа Исломнинг Нақшбандия тариқати пешвоси сифатида шаклланиши, тариқат тамойилларини ривожлантириши, унинг ибратли сўзлари тўғрисида ҳам маълумотлар мавжуд. Хожа Исломнинг қуйидаги сўзлари келтирилади: «Ўттиз йил биз иршод маснадида ўтирдик, [шу давр ичида] бизни ҳеч ким танимади» .
Асарнинг яна бир эътиборга молик жиҳати: унда Шайбоний Убайдуллахон (1533-1539) вафотидан сўнг юз берган сиёсий вазият, Бухоронинг Туркистон ва Самарқанд султонлари томонидан қамал этилиши ва музокара йўли билан сулҳга эришиш каби масалалар баён этилган .
“Равзат ар-ризвон” бошқа тарихий асарларда учрамайдиган маълумотларга эга бўлиши билан қимматли манба ҳисобланади. Асарда Шайбоний султонлари ўртасидаги ўзаро муносабат, XVI аср ўрталарида Бухоро тахтини эгаллаш масаласидаги ўзаро тортишувлар, Шайбоний султонлари ўртасидаги ихтилофларга Хожа Исломнинг аралашуви ва бу аралашувнинг аксарият ҳолларда ижобий натижа билан якун топиши тўғрисида қимматли маълумотлар учрайди. Муаллиф ўз китобида келтирилаётган воқеаларни шу воқеалар иштирокчиси бўлган кишилар сўзларига суяниб баён қилади ва ўша кишиларнинг номларини кўрсатади. Пирмуҳаммадхоннинг (1557-1561) 1550 йилда Бухорони эгаллаб, сўнг тез-тез Жўйборга, Хожа Ислом ҳузурига ташриф буюриб туриши, суҳбатларда Ўзбек султонга кўпроқ эътибор қаратиш лозимлигини таъкидлаши тўғрисидаги маълумотлар, шу суҳбатлар шоҳиди Амир Темурқули доруға тилидан баён қилинади. Воқеа ва суҳбатлар иштирокчиси сифатида Хожа Ҳаким номли шахснинг номи ҳам тилга олинади .
Асар Бухоро тахтининг Абдуллахон томонидан эгалланиши, бу борада унинг бошка даъвогарлар билан олиб борган кураши, Хожа Ислом томонидан Абдуллахоннинг қўллаб-қувватланиши тўғрисида “Равзат ар-ризвон” муҳим маълумотлар беради.
“Равзат ар-ризвон” 1559-1560 йилларда Бухоро вилоятига вабо касаллиги тарқалиб кўпчиликнинг ёстиғини қуритгани тўғрисида гувоҳлик беради. Унда қайд этилишича, бир кеча-кундузда 60-70 киши жон таслим қилган. Бу ўлат Ибодулла султон ўрдасига ҳам дахл қилиб, аксарият одамларни ўз домига тортган .
Умуман, “Равзат ар-ризвон” асари бир неча илмий ишлар учун биринчи даражали материал берадиган муҳим тарихий манба ҳисобланади . Асарни тарихий, матншунослик, филологик нуқтаи назардан ўрганиш унинг ҳали очилмаган қирраларини очиши ва тарих илми ривожига муносиб ҳисса қўшиши шубҳасиз.
Диссертацияда Ҳусайн ас-Сарахсийнинг “Маноқиби саъдийа” асарининг илмий-маърифий қиммати, XVI аср ижтимоий-маънавий ҳаёти, айниқса Жўйбор хожаларининг йирик вакили Хожа Исломнинг ижтимоий-маънавий фаолиятини ўрганишдаги аҳамияти алоҳида эътироф этилади. Асарнинг қўлёзма нусхаси Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Шарқшунослик институтида 1439/I рақами остида сақланади. “Маноқиби саъдийа”нинг дастлабки тадқиқотчиси атоқли олим Б. А. Аҳмедовдир. У Балх хонлиги тарихини ўрганишда асар маълумотларидан фойдаланган .
Асар муқаддима ва олти бобдан иборат. Биринчи бобда Хожагон тариқати ва унинг асослари тўғрисида маълумот берилади. Иккинчи боб Хожа Исломнинг аждодлари тарихига бағишланган бўлиб, унинг шажараси келтирилади. Учинчи бобда Хожа Исломнинг таваллуд топиши ва болалик йиллари, тўртинчи бобда эса унинг қозоқлар юртига сафари баён этилади. Бешинчи боб Хожа Ислом ҳаётининг интиҳоси, олтинчи боб унинг фарзандлари тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади.
Хожа Исломнинг ижтимоий-сиёсий ва маънавий ҳаётда тутган ўрни, мавқеи, Шайбоний султонлари билан муносабати, Нақшбандия тариқати шайхи сифатидаги маънавий-руҳий фаолияти, ахлоқий камолот поғоналарини забт этишдаги саъй-ҳаракатлари, XVI аср иккинчи ярмида Мовароуннаҳрдаги сиёсий вазият каби масалаларни ўрганиш учун
”Маъноқиби саъдийа” асари муҳим аҳамият касб этади. Муаллиф Хожа Ислом таржимаи ҳолини жуда яхши билганлиги боис, унинг болалик ва ўсмирлик йилларидаги воқеаларни батафсил баён қилади.
Асар Бухоро тахти учун Шайбоний султонлари ўртасидаги ўзаро кураш ва бунда Хожа Исломнинг муросасозлик фаолияти тўғрисида қатор тарихий маълумотларни ўзида мужассам қилади. Чунончи, Абдулазизхон (1539-1549) Бухорода ҳукмронлик қилган йилларда Тошкент ва Туркистон ҳокими Наврўз Аҳмадхон (Бароқхон) ва Самарканд ҳокими Абдулатифхон (1540-1550) иттифоқ бўлиб Бухорога ҳужум қилганда Хожа Ислом аралашуви билан Бухоро қамали бартараф қилинади. У Наврўз Аҳмадхонни Бухорони олиш ниятидан қайтариб сулҳга эришишга муваффақ бўлади . Шунингдек, асарда Хожа Исломга ҳурматсизлик қилган Бароқхон вазирининг сирли ўлдирилиши тўғрисида қизиқарли маълумот келтирилади .
Асарда 1551-1554 йилларда Бухорода бўлиб ўтган воқеалар атрофлича ёритилган. Масалан, Пирмуҳаммадхон Бухорони ташлаб Балхга кетгандан сўнг Бухорода Муҳаммадёр султон ва Бурҳон султон ҳокимиятининг ўрнатилиши, Муҳаммадёр султон билан Хожа Ислом муносабатларининг бузилиши, қарийб 3 йил давом этган икки ҳокимиятчиликдан сўнг Муҳаммадёр султоннинг Бурҳон султон томонидан ўлдирилиши ва Бухоронинг Бурҳон султон қўлида қарор топиши, бундан фойдаланмоқчи бўлган Наврўз Аҳмадхоннинг Бухорога навбатдаги ҳужуми тўғрисида қимматли маълумотлар мавжуд. Муаллиф Наврўз Аҳмадхоннинг Бухорони эгаллай олмаганлигининг сабабини Хожа Исломнинг бунга рози бўлмаганлиги билан боғлайди . Хожа Исломнинг Бурҳон султонга ва унинг тарафдорларига рағбати йўқлигини муаллиф очиқ-ойдин таъкидлайди. Унинг Бухоро учун кураш кетаётган бир пайтда Урганчга кетишини ҳам шунга йўяди. Асар маълумотларига кўра, Хожа Исломнинг Хоразм диёрига сафари даврида унинг томонидан бу ердаги султонлар ўртасидаги ўзаро низо ва жанжалларга барҳам берилган .
“Маноқиби саъдийа” асари Хожа Исломнинг йирик диний арбоб, тариқат пешвоси, нодир қобилият соҳиби сифатида жамият маънавий ҳаётида тутган ўрни, шунингдек маънавий-маданий ва ижтимоий тарихнинг қатор масалаларини ўрганиш, янгича талқин ва мушоҳада қилишда ёрдам берувчи муҳим манбадир.
Жўйборийлар тўғрисида муҳим маълумот берувчи қўлёзма асарлардан бири хонадон тарихчиси Муҳаммад Толибнинг «Матлаб ат-толибин» асари ҳисобланади. Мазкур асар В. Л. Вяткин , П. П. Иванов , Б. А. Аҳмедов, Ф. Шварц каби олимларнинг тадқиқот доирасига кирган ва асар тўғрисида улар атрофлича маълумот беришган. Биз эса асарнинг ўз қизиқиш доирамизга дахлдор қисмлари, унинг Жўйбор хожалари хонадони тарихини ўрганишдаги ўрни ва аҳамияти тўғрисида сўз юритмоқчимиз .
Асар муаллифи Абдулаббос Муҳаммад Толиб (1607 йилда туғилган) Жўйбор хожаларининг йирик вакили Хожа Тожиддин Ҳасаннинг кенжа ўғли эди. У тахминан 1665 йилларда ўз асарини ёзиб тугатган. Буни ёзишда манба сифатида Бадриддин Кашмирийнинг “Равзат ар-ризвон”, Ҳусайн ас-Сарахсийнинг “Маноқиби саъдийа”, Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Шарафномаи шоҳий” асарларидан фойдаланган. Шу билан бирга, Жўйбор хожалари хонадонига яқин ва уларга хизматда бўлган кишиларнинг хожазодалар тўғрисидаги оғзаки маълумотларидан истифода этган. “Матлаб ат-толибин” юқорида тилга олинган асарларда учрамайдиган қатор маълумотларни ўз ичига олиши билан қимматлидир. Чунки муаллифнинг ўзи асарда эслатиб ўтиладиган кўп хожазодалар билан замондош, баён этилган воқеаларни ўз кўзи билан кўрган ва иштирок этган эди. Бир сўз билан айтганда, “Матлаб ат-толибин” асари Жўйбор хожалари хонадонининг XVI аср охири ва XVII аср 60-йилларигача бўлган ижтимоий-хўжалик, маънавий-сиёсий ҳаётини ўрганиш учун қимматли манба ҳисобланади.
Муаллиф таъкидига кўра, асар қуйидаги саккиз бобдан иборат: биринчи боб Хожагон силсиласи баёни, иккинчи боб Хожагон силсиласи вакилларининг насл-насаби, учинчи боб Эшон Калон (Хожа Ислом)нинг таваллуд топиши, камолотга эришуви ва вафоти, тўртинчи боб Хожа Саъд, бешинчи боб Хожа Тожиддин, олтинчи боб Абдураҳим Хожа, еттинчи боб Абди Хожа, саккизинчи боб Муҳаммад Юсуф Хожа таржимаи ҳолига бағишланган .
Асарда Жўйбор хожалари шажарасига катта ўрин берилган. Унда хожазодалар аждоди бўлган олийнасаб имом Абу Бакр Саъд, унинг таржимаи ҳоли, соҳиби каромат бўлганлиги асарда алоҳида таъкидланган .
Хожа Саъднинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-хўжалик фаолияти асарнинг катта қисмини ташкил этади. Отаси вафотидан сўнг унинг Жўйбор хожалари хонадонининг хақиқий ворисига айланиши ва катта мол-мулк соҳиби бўлиши билан боғлиқ шарт-шароитлар атрофлича акс эттирилган. Унинг Бухоро хони Абдуллахон билан муносабатларига алоҳида эътибор қаратилган.
Муаллиф Абдуллахон томонидан Хожа Саъдга кўрсатилган илтифотлар, бунинг нишонаси сифатида унга Бадахшон вилоятининг инъом қилинишини махсус қайд қилиб ўтади .
Искандархон вафотидан сўнг Адбуллахон номига хутба ўқилиши, Абдуллахоннинг тахтга чиқиш маросимида Хожа Саъднинг иштирок этиши, Абдуллахон билан унинг укаси Ибодулла султон ўртасидаги муносабатларга Хожа Саъднинг аралашуви масалалари ҳам асарда баён этилган .
Асарнинг катта қисми Хожа Тожиддин фаолияти баёнига бағишланган. Муаллиф унинг Жўйбор хожалари хонадонининг Хожа Саъддан кейинги энг нуфузли вакили ва бошлиғи сифатидаги ўрнини алоҳида қайд этган ҳолда таржимаи ҳолини батафсил баён қилади, юриш-туриши, турмуш тарзи, аҳлоқий сифатларини ибрат этиб кўрсатишга ҳаракат қилади. Хожа Тожиддиннинг болаликдаги зеҳн-заковати, зукколиги, илмга интилувчанлиги, чиройли ҳуснихат соҳиби бўлганлиги каби ижобий хислатлари муаллиф назаридан четда қолмаган .
Хожа Тожиддиннинг мол-мулки тўғрисида “Матлаб ат-толибин”да қимматли маълумотлар мавжуд. Унинг мулкининг географияси нечоғли кенг бўлганлиги, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг кўп жойларида Хожа Тожиддинга тегишли кўчмас мулк мавжудлиги асар маълумотларидан аён бўлади. Даромад манбаи бўлиб хизмат қилган чорва моллари, вақфлар, ижарага берилган ерлар ва ҳоказолар миқдори қайд этилган. Бухородаги Жўйбор маҳалласини обод қилишда Хожа Тожиддиннинг хизматлари эътироф этилади. Чунончи, бу ерда қурдирилган ҳунармандчилик дўконлари, бозор расталари, янги турар жойлар шулар жумласидандир . Унинг томонидан амалга оширилган хайрли тадбирлар, чунончи масжид, мадраса, саройлар бунёд этиш тўғрисида “Матлаб ат-толибин”да диққатга сазовор маълумотлар учрайди.
“Матлаб ат-толибин” асарини Жўйбор хожалари хонадонининг XVI аср охири ва XVII аср биринчи ярмидаги ижтимоий-сиёсий мавқеи тўғрисида чуқур маълумот берувчи қимматли манба сифатида баҳолаш мумкин.
Ҳофиз Таниш Бухорийнинг “Абдулланома” асари Жўйбор хожаларига бағишланган махсус асарлар сирасига кирмаса-да, унда хожазодалар, жумладан, айрим бобларда Хожа Ислом, Хожа Саъд тўғрисида маълумотлар келтирилган. Ҳофиз Таниш Жўйбор хожаларининг йирик вакиллари тўғрисида маълумот беришда мақомотлардан манба сифатида фойдаланган.
Муаллиф Хожа Исломнинг оилавий шажарасини тўлиқ келтирган ҳолда Нақшбандия тариқатидаги маънавий-руҳий шажараси баёнига ҳам эътиборни қаратади . Унинг маънавий пирлари ҳақида маълумот бериб ўтган. Шунингдек, Хожа Саъд тўғрисидаги маълумотлар “Абдулланома”нинг кўп ўринларида учрайди. Маълумотлар асосан анъанавий усулда келтирилади. Яъни Хожа Саъд таърифи, унинг ижобий хислатлари кенг ёритилган. Умуман Жўйбор хожаларининг бу икки вакили тўғрисида асарда келтирилган маълумотлар XVI аср иккинчи ярмида юз бераётган сиёсий воқеалар фонида акс эттирилган. Айтиш жоизки, “Абдулланома”да бошқа тарихий асарларда учрамайдиган оригинал маълумотлар ҳам мавжуд бўлиб, бу асарнинг мазкур мавзуни ўрганишда муҳим манба эканлигидан далолат беради.
Жўйбор хожалари тўғрисидаги маълумотларни қамраб олган қўлёзма асарлар ўз йўналиши, мазмуни, савияси билан бир-биридан фарқ қилсада, кўп ҳолларда улар бир-бирини тўлдиради, воқеа-ҳодисаларга аниқлиқ киритади ва масалани қиёсий ўрганиш имконини беради. Аммо воқеа-ҳодисаларни баён этишда ўрта аср тарихнавислигига хос хусусиятлар-муболаға, бўрттириш, шайхлар фаолиятига ортиқча баҳо бериш, уларни илоҳийлаштириш ҳолатлари ҳам учрайди. Тилга олинган асарлар муаллифлари ўз асарларини мавжуд тарихнавислик, мақомотнавислик ва тазкиранавислик анъаналари доирасида ёзишган бўлса-да, бу асарлар алоҳида олинган хонадон тарихига бағишланганлиги, шу хонадоннинг барча вакиллари ва умуман XVI-XVII асрлардаги ижтимоий, сиёсий, маданий ҳаёт тўғрисида кенг маълумотларга эга бўлиши билан муҳим аҳамият касб этади.
Иккинчи боб «Бухоро хонлигининг XVI асрдаги ижтимоий-сиёсий ҳаётида Жўйбор хожаларининг тутган ўрни» деб номланади. Унда Жўйбор хожаларининг икки йирик вакили Хожа Ислом ва Хожа Саъд тўғрисида муфассал маълумот берилади. Хожа Исломнинг Шайбоний султонлари, айниқса, Абдуллахон билан муносабатлари, Бухорони эгаллашда унга кўмак бериши, шунингдек, бошқа вилоятларни забт этишда уни қўллаб-қувватлаши атрофлича ёритилади. Шайбонийлар ўртасида Бухоро учун ўзаро кураш масаласига тўхтаб ўтилади. Шунингдек, Хожа Саъд ижтимоий-сиёсий фаолияти таҳлил этилади. Шайбонийзодаларнинг Хожа Саъдга ёзган мактубларидан намуналар келтирилади.
Жўйборийларга бағишланган асарларнинг бирортасида ҳам Жўйборийларнинг Хожа Исломдан олдинги авлодларининг ижтимоий мавқеи тўғрисида чуқур маълумот берилмайди. Бизнингча, бунинг бирдан-бир сабаби муаллифларнинг улар тўғрисида атрофлича маълумотга эга бўлмагани ёки мавжуд адабиётлардан улар тўғрисида етарли маълумот топа олмагани бўлса керак. Жўйборийлар хонадони тарихини ёзган Бадриддин Кашмирий ҳам, Ҳофиз Таниш Бухорий ҳам Жўйборийларнинг Хожа Исломгача бўлган умумий шажарасини бериш билан чекланган . Жўйборийлар тарихшунослигидаги бундай ҳолат Жўйборийларнинг Абу Бакр Сумитаний (X) билан қондошлигига бир оз шубҳа уйғотади. Қолаверса, Жўйборийларнинг Абу Бакр Сумитанийга тўғридан-тўғри боғлиқлигини тасдиқловчи ҳужжат ҳали топилмаган . Умуман бу масала алоҳида тадқиқотни талаб қилади.
Фикримизча, Жўйборийларнинг чорбакрлар авлодига мансублиги оила доирасида мустаҳкам илдиз отган оғзаки маълумотларга асосланган. Хожа Ислом шу фикрни ўз авлодларига доимо уқтириб келган ва улар даврасида бу тўғридаги баъзи ривоятларни такрорлаб турган .
Жўйборийлар хонадони тарихини ёзган муаллифлар эса, гарчи қўл остида буни тасдиқловчи етарли ёзма маълумот бўлмаса-да, бу мансубликни исботлашга уринишган. Аммо Хожа Исломнинг устамон ва тадбиркорлигини тан олиш керак. У мамлакатдаги сиёсий вазиятдан ўз манфаати йўлида фойдаланишга ҳаракат қилиб, Сумитанга бўлган даъвосини ва чорбакрларга қондошлигини ҳуқуқий жиҳатдан асослашга эришди .
Ўрта Осиёдаги вақф институти тўғрисида жуда кўп тадқиқотлар эълон қилинган . Ўрта асрлар иқтисодиёти негизида вақф ётиши ортиқча шарҳни талаб қилмайди. Айниқса, масжид, мадраса, мақбаралар фойдасига қилинган вақф турлари энг кўп тарқалган вақфлардан ҳисобланади. Чунки меъморий мажмуа вақфлари энг даромадли бўлиб, бундай мулк шаклини хорижлик тадқиқотчи Мак Чезни «Иқтисодиётнинг мусулмонча модели» деб ҳисоблайди . Шу боис Жўйборийлар мажмуалар қурилиши ва вақфларга катта эътибор билан қараб, уларни даромад манбаига айлантириш йўлидан бордилар.
Мак Чезни фикрича, оилавий меъморлик мажмуалари (мемориаллар), бу мажмуани бошқарувчи авлодлар гуруҳи учун бойлик ва ижтимоий мавқени сақлаб қолиш қуроли бўлиб хизмат қилган. Аҳрорийлар, Ансорийлар, Жўйборийлар сингари айрим оилавий кланлар ўз қўл остидаги меъморий мажмуалардан келадиган даромадни назорат қилиш ҳуқуқига эга бўлганликлари боис, узоқ даврлар ижтимоий лидерликни сақлаб қолишган . Улар савдо, ҳунармандчилик корхоналаридан ташқари, вақфлардан келадиган даромадларга ҳам эга бўлишга ҳаракат қилганлар . Хожа Исломнинг ижтимоий-сиёсий ва хўжалик фаолияти бунга мисол бўлади .
XVI асрнинг 30-йилларигача ўтган вақт мобайнида Хожа Исломнинг маънавий-руҳий, ижтимоий-сиёсий фаолияти тўғрисида манбаларда маълумот учрамайди. Зеро, бу давр Мир Араб номи билан машҳур бўлган яманлик шайхнинг ҳам тариқатда, ҳам Шайбоний Убайдуллахонга пирлик бобида энг чўққига кўтарилган даври билан изоҳланади .
XVI аср 40-йилларидан Хожа Ислом сиёсий фаолиятида бурилиш даври бошланди. У Нақшбандия тариқати пири сифатида эътироф этилгач, Бухоро тахтига даъвогар Шайбоний султонлари унинг қўллаб-қувватлашига умид боғлаб, тез-тез унга мурожаат қилишарди. Лекин уларнинг аксарияти Хожа Исломнинг марҳаматига сазовор бўлишолмади. Фақатгина Абдуллахон бундан мустасно эди. Хожа Ислом фақат шу шаҳзодани Бухоро тахтига муносиб кўрди ва уни қўллаб-қувватлади.
Шайбоний Пирмуҳаммадхон 1550 йил Бухорони олгандан сўнг Жўйборга, Хожа Ислом ҳузурига тез-тез ташриф буюрарди, унинг маънавий-сиёсий мададига умид боғларди. Бу даврда бошқа Шайбоний султонлари ҳали ёш бўлиб, улар ҳам Хожа Ислом ҳузурига келиб туришарди. Пирмуҳаммадхон бошқа Шайбоний султонларидан ёш жиҳатдан каттароқ бўлиб, ўз укаси Ўзбек султонга нисбатан Хожа Ислом томонидан алоҳида эътибор берилишини истарди. Лекин Хожа Ислом ташриф онларида ҳаммадан ёш бўлишига қарамай, Пирмуҳаммадхоннинг жияни Абдуллахонни барча шайбонийзодалардан юқорироққа, ўз ёнига ўтқизиб, унга алоҳида илтифот кўрсатарди. Хожа Исломнинг Абдуллахонга бўлган бундай муносабати остида сиёсий мақсадлар ётарди. Бир сўз билан айтганда, Хожа Ислом Абдуллахонни Бухоро тахтига ўтиришга тайёрлаб борарди. П. П. Ивановнинг таъкидлашича, Хожа Ислом билан Абдуллахон ўртасидаги муносабатлар 1557 йилдан сўнг, яъни Абдуллахон Бухорони эгаллагандан кейин янада қуюқлашган . Лекин амалда бу муносабатлар 1550 йиллардаёқ мустаҳкамлана бошлаб, ҳар иккала томоннинг ўз сиёсий мақсадларини амалга оширишга асос қўйди. Бу ҳолат бошқа шайбонийзодалар эътирозига сабаб бўлиб, улар Хожа Исломга қуйидагича арз қилдилар: «Чингизхон қонунларига кўра, қайси шаҳзода ёки амирзоданинг ёши бошқа шаҳзода ёки амирзодалардан каттароқ бўлса, хон ва хоқонлар олий мажлисида ўшани юқорига ўтқизиб, унга таъзим бажо келтиришган». Шунингдек, Пирмуҳаммадхон ҳам Хожа Исломга ўз укаси Ўзбек султоннинг бошқа шайбонийзодалардан каттароқлиги, баҳодирлиги ва шижоатда улардан ажралиб туриши тўғрисида гапириб, «Нега уни назарга илмайсиз, Абдуллахонни афзал кўрасиз?» деб эътироз билдирди. Шунда Хожа Ислом деди: «Дарвешлар мажлисига Чингизхон қонунининг нима дахли бор. Ўзбек султонни Пирмуҳаммадхон танлаган бўлса, Абдуллахонни Аллоҳ танлаган. Дарвешлар фақат Ҳақ ҳукмига бўйсунадилар. Улар мажлисининг ибтидоси ҳам интиҳоси ҳам йўқ» . Бадриддин Кашмирийнинг бу маълумотида қанчалик муболаға бўлмасин, тан олиш керакки, бундай фикрни дадил айтиш учун катта журъат ва сиёсий салоҳият керак бўлган.
1550 йилда Бухоро тахтини эгаллаган шайбонийзода Пирмуҳаммадхон Хожа Ислом қўллаб-қувватлашига эришолмагач, бир йиллик ҳукмронликдан сўнг шаҳарни ташлаб Балхга равона бўлди.
Шайбонийлар ўртасидаги бу мураккаб тож-тахт курашлари Хожа Исломни бефарқ қолдирмаслиги табиий эди. Шайбонийларнинг тож-тахт талашишлари фақат Бухоро тахти учун эмас, балки қайси шайбонийзода олий ҳукмдор бўлади ва кимнинг номига хутба ўқилиб, танга зарб этилади деган масалада кескинлашаётганди. Олий ҳукмдорликка даъвогар эса икки киши: бири Бароқхон, иккинчиси Пирмуҳаммадхон эди. Бароқхон 1551-1556 йилларда Наврўз Аҳмадхон номи билан Мовароуннаҳрни бошқарди ва ўз номидан танга зарб эттирди. Абдуллахон шахси бу даврда кўзга ташланса-да, у ҳали ёш бўлганлиги учун (эндигина йигирмадан ошган эди, отаси Искандархон билан биргаликда Миёнкол вилоятини идора этарди) расмий олий ҳукмдорлик даъвосидан йироқроқ эди. Бунга ҳали бир оз вақт бор эди.
Хожа Ислом ва Абдуллахон ўртасида тез-тез мулоқот бўлиб турарди. Абдуллахон билан Хожа Исломнинг яқинлашувини Бухородаги сиёсий вазият тақозоси деб ҳисоблаш нотўғри бўлар эди. Ҳукмрон диний мафкура, Нақшбандия тариқати ғояларининг ижтимоий жараёнларга катта таъсири Абдуллахон ва Хожа Ислом ўртасидаги муносабатларнинг янада мустаҳкамланишини таъминлади. Нақшбандия тариқатига фақат ҳукмдорларгина эмас, балки Хожа Ислом Жўйборий сингари иқтисодий ва сиёсий қудратга эга шахслар ҳам кирганлар .
Абдуллахон ва Хожа Ислом ўртасидаги муносабатлар немис олими Флориан Шварц тадқиқотларида ҳам ёритиб берилган. Флориан Шварц улар ўртасидаги муносабатларни Нақшбандия тариқати қоидалари доирасида таҳлил қилади .
Бухорода икки ҳокимиятчилик ҳукм сурган 1551-1554 йилларда биринчи ҳукмдор Муҳаммадёр султон томонидан Хожа Исломга нисбатан керакли тавозе ва илтифотлар кўрсатилмади, Хожа Ислом тутган диний ва маънавий мавқе етарли ҳисобга олинмади. Ўз навбатида Хожа Ислом тарафидан Муҳаммадёр султон қўллаб-қувватланмади. Хожа Ислом ўз маҳрамларидан бирига айтган эдики: «Муҳаммадёр мажлисида яна бир бор хотиримизга ўрнашдики, гўё бир неча қатра қайноқ сув дилимизга томди ва дилимиз бағоят куйди. Унинг асари нек бўлмагай, биз бундан озурдамиз» .
Ҳосил ал-калом, кўп ўтмай Бурҳон султоннинг яқинлари «Бир шаҳарда икки подшоҳ нима қилади, тож-тахт соҳиби ўзингиз», деб уни Муҳаммадёр султонга қарши қайрадилар ва охир оқибат 1554 йилда у бир тўда тарафдорлари ҳамроҳлигида Бухоро Аркига қилич яланғочлаб кириб, Муҳаммадёр султонни қатл этди ҳамда шаҳарнинг якка ҳокими бўлиб олди
Хожа Исломнинг Муҳаммадёр султонга нисбатан тутган позициясини холис баҳолайдиган бўлсак, Муҳаммадёр султон ўлимида Хожа Исломнинг қўли борлиги ва бу воқеа Хожа Исломнинг «сиёсий каромати» натижаси эканлигига шубҳа қолмайди.
Самарқанд тахти можаролари саранжом этилгач, Абдуллахон иккинчи бор Бухоро тахти учун кураш бошлаб, уни забт этишга киришди. 1557 йил ёзида шаҳар Абдуллахон томонидан қамал этилди. Қамал узоққа чўзилавергач, Бурҳон султон ўз маҳрамлари билан маслаҳатлашиб, Абдуллахондан сулҳ сўраш ва бу ишда Хожа Исломни воситачи қилишни режалаштирди. Юқорида таъкидлаганимиздек, Хожа Исломнинг Бурҳон султонга унчалик рағбати бўлмай, Абдуллахонга хайрихоҳлиги баланд эди. Ҳусайн ас-Сарахсийнинг “Маноқиби саъдийа” асарида қайд этилишича, Ҳазрат Эшон (Хожа Ислом) ўз ёрон ва маҳрамлари ҳузурида айтар эканки: «Бурҳон султонни Бухоро подшоҳлигидан четлаштирмасам пушти падаримдан бўлган эмасман» . Хожа Исломнинг Бурҳон султонга бўлган хусумати қанчалик чуқур бўлмасин, у фуқаро осойишталигини таъминлаш зарурлигини ҳисобга олиб, иккала томонни муросага келтиришга бел боғлади ва Бурҳон султон таклифини қабул этди. “Равзат ар-ризвон” маълумотларига кўра, Бурҳон султон Хожа Исломдан Абдуллахон олдига бориб сулҳ сўрашни илтимос қилганда, у айтган экан: «Мусулмонлар осойишталиги учун ораларингда сулҳ тузмоқчимиз. Сулҳни қабул қилмасанг Хожа Баҳоуддин нақшбанд тирларига гирифтор бўласан» . Шундай деб, бармоғини мисоли тирдай қилиб Бурҳон султоннинг бўйнига қўйди ва Бухоронинг Мозор дарвозасидан чиқиб Абдуллахон қароргоҳига (чодирига) равона бўлди. Абдуллахон ҳузурига келиб уни сулҳ тузишга рози қилди. Эрта саҳарда Бурҳон султоннинг ўлдирилганлиги тўғрисида хабар тарқалди. Хожа Ислом музокара олиб бориш учун Абдуллахон ҳузурига келган пайтда қушчи уруғидан бўлган Мирза Акабий Бурҳон султон олдига бориб уни турли йўллар билан алдаб, ўз уйига келишга кўндирди ва уйига олиб келиб калласини танасидан жудо қилди . Ҳукмдорнинг кесилган боши бир неча муддат Арк дарвозаси тепасига осиб қўйилди, кейинчалик найзага илдириб Абдуллахоннинг олдига олиб келинди ва унинг оти оёғи остига ташланди . Бу воқеа 1557 йил шаъбон ойининг жума куни содир бўлди. Бурҳон султон қатлидан сўнг Шайбоний Убайдуллахон авлодидан ҳеч ким қолмади. Мирза Акабий кимнинг кўрсатмаси билан Бурҳон султонни ўлдирганлиги тўғрисидаги хабар манбаларда аниқ кўрсатилмаган. “Равзат ар-ризвон” ва “Матлаб ат-толибин”даги маълумотларга қараганда, Мирза Акабий шундай деган: «Бурҳон султонга нисбатан бизнинг кўнглимизда ҳеч қандай адоват ва беандишалик йўқ эди. Иттифоқо бир куни қутб ул замон [Хожа Ислом] мулозаматларига бордим. Ҳазрат мен томон тез-тез назар ташлаб «баҳодир, баҳодир» деб хитоб қилдилар. Шундан сўнг менда Бурҳон султонга нисбатан адоват ва хусумат пайдо бўлиб уни ўлдиришга қарор қилдим» .
1557 йили Бурҳон султон қатлидан сўнг Абдуллахон Хожа Ислом қўллаб-қувватлаши билан иккинчи бор Бухорони эгаллади . Чоржўй, Марв вилоятларининг Абдуллахон томонидан эгалланишида Хожа Исломнинг кўмаги тўғрисида диссертацияда қатор мисол ва маълумотлар келтирилади. Шунингдек, Абдуллахон томонидан Бухоронинг Балхга алмаштирилишига Хожа Ислом томонидан кўрсатилган монеълик тадқиқотда атрофлича очиб берилади.
Абдуллахон билан Балх ҳукмдори Пирмуҳаммадхон ўртасида Бухорони Балхга алмаштириш тўғрисидаги ўзаро келишувдан беш кун ўтгач, Абдуллахоннинг укаси Ибодулла султон Бухорога келиб алмашув бекор қилинганлигини Хожа Исломга билдирди. Аркдаги хон ҳарамини Балхга кўчириш тўхтатилди. Бу орада Абдуллахон ҳам Бухорога етиб келиб, зудлик билан ўз пири Хожа Ислом ҳузурига борди ва бемаслаҳат қилган иши учун узр сўради. Бадриддин Кашмирийнинг ёзишича, шу кунларда Хожа Ислом Сумитанда қурилаётган хонақоҳ яқинида ўз мулозими Мавлоно Қосим Ахсиги билан ўтирарди. Абдуллахон пир ҳузурида ҳозир бўлганда Хожа Ислом унга қуйидаги кинояли гапларни айтди: «Сиз бу вилоятни (яъни Бухорони) шамшир зарби ва бозу қудрати ила мусаххар этмагансиз. Шунинг учун унинг қадрини билмайсиз. Мудом саҳро ва тоғларда сайр ва шикор ила машғулсиз. Бу вилоят қадрини биз биламиз. Неча йиллар риёзат чекиб уни Сизнинг тасарруфингизга ўтказдик» .
Абдуллахон ўз ваъдасига кўра, 1561 йил баҳорида отаси Искандархонни Карманадан чақириб олиб, олий ҳукмдор сифатида Бухоро тахтига ўтқизди унинг номидан «Искандархоний» тангаси зарб этилди .
Жўйбор хожалари хонадони вакилларидан бири Хожа Саъднинг ижтимоий-сиёсий фаолияти тўғрисидаги таҳлилий маълумотлар ишнинг шу бобидан ўрин олган.
Хожа Саъд Жўйбор хожалари хонадонининг йирик вакили сифатида нафақат шу хонадон доирасида, балки мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам муҳим ўрин тутарди. Хожа Саъднинг ижтимоий мавқеи рус шарқшуноси П. П. Иванов томонидан очиб берилганлигига қарамай, унинг Жўйбор хожалари хонадони қонуний вориси сифатида шакллланиши масаласи ҳали чуқур таҳлил қилинмаган ва қўшимча тадқиқни талаб этади. П. П. Иванов ишларида асосан Хожа Саъднинг иқтисодий фаолиятига эътибор қаратилган .
Шайбоний султонлари ўртасидаги муносабатларга Хожа Саъднинг аралашуви, Шайбоний султонларининг Хожа Саъдга ёзган мактублари ва уларнинг мазмуни тўғрисида диссертацияда маълумот берилади.
Баъзи сиёсий чигал ишларнинг Хожа Саъд аралашуви билан жўнгина ҳал этилиши “Матлаб ат-толибин” муаллифи томонидан хожазоданинг каромати оқибати деб талқин этилса-да, аслида бу Хожа Саъднинг ижтимоий-сиёсий мавқеи юқорилигидан далолат беради.
Абдуллахон томонидан Самарқанднинг олиниши ҳам Хожа Саъд аралашуви билан рўй берди .
Абдуллахоннинг ашаддий рақиби Бобо султоннинг Дашти Қипчоқда қатл этилиши Хожа Саъд кўрсатмаси билан амалга оширилган, деган фикр манбаларда ишонч билан қайд этилади. Бу ишни Хожа Саъд ёронларидан бири Бобур сўфи бажарган. Бу хизматлари учун Бобур сўфи Хожа Саъд томонидан 100 танга ва 5 сигир билан тақдирланган .
Хожа Саъднинг Абдуллахонни қўллаб-қувватлаши ва унга сиёсий ҳомийлиги мавжуд шарт-шароит тақозоси ҳисобланади. Шундай қилинмаганда Абдуллахон учун кутилмаган воқеалар юз бериши, сиёсий барқарорлик издан чиқиши мумкин эди.
Шу боис Абдуллахон кўпинча Хожа Саъд мададига таянган, унинг фотиҳаларидан умидвор бўлган. Муҳим юришлардан олдин ёки эришилган зафарлардан сўнг Хожа Саъд номига мактублар жўнатган. Мактуб орқали мурожаат қилиш олий ҳукмдор билан маънавий устоз ўртасидаги муносабатларда янгича таомил вужудга келганлигидан далолат беради. Хожа Саъд номига жўнатилган мактублар бунга мисол бўла олади.
Қайсар Шайбоний султонларидан Бобо султон шайбонийзодалар ўртасидаги низоларни бартараф қилишда Хожа Саъд воситачилигининг аҳамиятини яхши тушунган ҳолда, унга қуйидаги мактуб билан мурожаат қилади.
У [Аллоҳ] азиздир!
Олийжоҳ… ҳидоят мартабат… иршодпаноҳ… зубдат ул-асҳоб… Ҳазрат Хожа Калон Хожа Сизнинг авлод-аждодларингизга ихлосимиз [юқори] эди. Замона зайли билан онҳазрат мулозаматларидан [бир оз] узоқлашдик, ихлос-ақидамиз боқий бўлаверсин. Сиздан илтимос шулки, бизни ўзингизнинг қадимий дуогўйингиз деб ҳисоблаб, хотирингиз ҳошиясидан ўчирманг. Замона фасодлиги билан бу [Шайбоний] биродарлар жамоати ўртасида нифоқ воқе бўлди. Сиздан илтимос, ўртага тушиб, гина-кудуратларга барҳам берсангиз… то дўстлар шодмон, душманлар кўр бўлсин… [Олдингизга] садр ас-судур Хожа Муҳаммад Тоҳирни юбордик. Қолган гапларни у айтади .
XVI асрнинг 50-60-йилларида Хожа Исломнинг, 70-80-йилларида эса Хожа Саъднинг ижтимоий-сиёсий мавқеи энг юқори поғонага кўтарилди. Улар билан Абдуллахон ўртасида ўрнатилган мустаҳкам муносабатлар Бухоро хонлигидаги мавжуд сиёсий вазият тақозоси ҳисобланади. Акс ҳолда Абдуллахоннинг барқарорликни мустаҳкамлаш ва хонлик ҳудудларини кенгайтириш учун олиб борган курашлари муайян тўсиққа учраши мумкин эди. Жўйбор хожаларининг икки йирик вакили ёрдамида Абдуллахон ўз сиёсий мавқеини мустаҳкамлашга муваффақ бўлди.
«Бухоро хонлигининг XVII асрдаги ижтимоий-сиёсий ҳаётида Жўйбор хожалари мавқеи» деб аталадиган учинчи бобда Хожа Тожиддин ва унинг ворислари, уларнинг Аштархоний хонлари билан муносабатлари, хон ҳукуматида тутган мавқе ва даражалари, сиёсий ихтилофларни бартараф этишдаги саъй-ҳаракатлари, мол-мулклари, ҳомийликлари, Аштархоний хонлар билан улар ўртасида юз берган низолар, Жўйбор хожаларининг шажараси тўғрисида батафсил маълумот берилади.
Жўйбор хожаларининг йирик вакилларидан Хожа Тожиддин Ҳасан Хожа Саъднинг катта ўғли ва унга тегишли мол-мулкнинг қонуний меросхўрларидан бири саналган. У нафақат хонадон доирасида, балки Бухоро хонлигида катта мавқега эга эди. Унинг ижтимоий-сиёсий фаолиятининг аксарият қисми Аштархонийлар даврига тўғри келади.
Хожа Тожиддин ижтимоий-хўжалик фаолиятининг айрим тарафлари тўғрисида П. П. Иванов , Б. А. Аҳмедов , Б. Бобожонов тадқиқотлари орқали дурустгина маълумотга эга бўлиш мумкин. Лекин Хожа Тожиддиннинг Аштархонийлар давридаги умумий ижтимоий-сиёсий жараёнлар ва иқтисодий муносабатларда эгаллаган мавқеи, ҳукмрон доиралар билан алоқалари, Балхдаги нотинчликларни бартараф этишдаги хизматлари, укалари билан муносабатлари, унинг томонидан қилинган хайр-эҳсонлар, оилавий сулола доирасидаги ўрни ва уни мустаҳкамлашдаги ҳаракатлари каби масалалар манбалардаги маълумотларни атрофлича жалб қилиш ҳамда уларни илмий истифода этиш воситасида ўрганилмаган. Мазкур бобда шу ва шулар билан боғлиқ бошқа масалалар тадқиқ қилинади.
Хожа Тожиддинга ота-боболаридан катта мулк мерос қолди. Мулк географияси жуда кенг бўлиб, у Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг турли шаҳар ва қишлоқларида мавжуд эди. Хожазода даромади мавжуд чорва моллари ҳисобидан ҳам кўпайиб борган. 20 минг йилқи ва қўй, 20 қатор туя Хожа Тожиддин чорвасини ташкил этган. Тўпхона, ошхона каби иморатлар ҳам Хожа Тожиддин мулки ҳисобланган.
Шуниси диққатга сазоворки, Хожа Тожиддин Ҳасанобод мулкини барпо қилиб, унга ўз номини беради. Бу мулк бир неча қишлоқ, чорбоғ, узумзор ва ҳарамсаройдан иборат эди. Шундан сўнг бу жой Хожа Тожиддин Ҳасан номи билан аталиб Ҳасанобод деб юритила бошлади. Бу ерда етиштирилган қовун жуда мазали бўлган . Ҳасанободдан 20 минг ман ғалла олинган.
Хожалар қўл остида бўлган беҳисоб мол-мулкларнинг муайян қисмини турли шахсларга ва турли мақсадларга хайр-эҳсон қилиш хонадон вакиллари учун одат тусига кирган эди. Аҳоли турли табақалари – султонлар, уламолар, фузалолар, машойиху зоҳидлар, обидлар Хожа Тожиддин хайр- эҳсонларидан баҳраманд бўлишган. Хожалар истиқомат қилиб турган Жўйбор маҳалласи муайян иқтисодий аҳамият касб этарди. Бу ерга қарийб ҳар куни турли ерлардан одамлар келиб Хожа Тожиддин хайр-эҳсонига сазовор бўлишарди. Озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари, қозон-товоқ каби уй-рўзғор буюмлари, от, эгар-жабдуқ ва ҳоказолар хайр-эҳсон сифатида турли шахсларга инъом қилинган .
Ҳар куни мингта нон Хожа Тожиддин саркори орқали ҳофизларга, толиби илмларга, авлиёлар мақбараси (мозори) олдида истиқомат қилувчиларга, улуғлар мозори олдида яшовчи мусофирларга бериларди. Хонадон мулозим ва хизматкорларига эса Бухоро вазни билан қирқ минг ман ғалла улуф тариқасида берилган. Бухоро вазни билан ўттиз минг ман ғалла акобиру ашрофлар ва зоҳидларга инъом этилган. Уламо, фузало, акобир, ёрон, мулозимлар ва дуогўёнлар ҳамда хизматчиларнинг ҳар бирига икки юз таноб, юз таноб, эллик танобдан ер берилган. Бу ерлардан олинган маҳсулотлар уларнинг ўзлариники ҳисобланган .
Бухоро шаҳрида Хожа Тожиддин томонидан қурилган Дор аш-шифо мадрасаси ўз даврининг дорихонаси ҳисобланган . Бу ерда турли дори-дармонлар, шарбатлар тайёрланган. Уларни тайёрлаш ва беморларга тарқатиш билан махсус киши – саркор шуғулланарди. Дор аш-шифода ҳар йили 800 шиша гулоб, кўз ва бошқа касалликларга даво бўлувчи турли дори-дармонлар тайёрланган ва хаста кишиларга берилган. Дор аш-шифода ўз замонасининг энг тажрибали ҳакимлари хизмат қилишган ва хизматлари учун Хожа Тожиддин томонидан эҳсон олиб туришган. Бу маҳкамани ўрта асрларда Мовароуннаҳрдаги энг йирик шифо масканларидан бири дейиш мумкин. Унинг мавжудлиги Жўйбор хожалари мамлакат ижтимоий ҳаётининг барча соҳалари, шу жумладан соғликни сақлаш масалалари билан шуғулланганлигидан далолат беради .
Илк Аштархонийлар даврида Бухоронинг хожалар яшайдиган Жўйбор маҳалласи алоҳида ижтимоий-сиёсий аҳамият касб этган. Талабалар каҳрига учраган мударрислар, тариқат пешволари, хон илтифотига талабгор шахслар маслаҳат ва паноҳ сўраб Жўйборга – Хожа Тожиддин ҳузурига келишарди. Турли ерларда, ҳатто узоқ манзилларда содир бўлган чигал масалалар Хожа Тожиддин аралашуви билан Жўйборда ўз ечимини топарди .
Жўйбор гузаридаги ижтимоий-ҳуқуқий муносабатлар Хожа Тожиддин назорати остида бўлганлигини таъкидловчи далиллар мавжуд. Гузардаги барча мансабларга Хожа Тожиддин тавсияси ва розилиги билан тайинланган. Тайинлаш албатта маслаҳат ва бошқаларнинг тавсия ва фикрларини инобатга олиш орқали амалга ошириларди. Охунд Муҳаммад Турсуннинг фарзандларини Жўйбор гузарининг қозиси этиб тайинлашда шу тамойилларга амал қилинган. Охунд Муҳаммад Турсун хожалар хонадонига яқин кишилардан эди. У Хожа Тожиддин фарзандларининг муаллими саналган. Айни пайтда Жўйбор гузари қозиси мансабида фаолият кўрсатарди. Бу мансаб унга Хожа Тожиддин томонидан берилган эди.
Жўйбор хожаларининг сиёсий ҳокимиятга катта таъсир кўрсатганлиги илмий адабиётларда атрофлича ёритилган . Немис олими Юрген Паул таъкидлаганидек, Шайбонийлар ҳукмронлиги тугатилгандан кейин ҳам Жўйбор шайхлари билан Мовароуннаҳр ҳукмдорлари ўртасидаги муносабатлар тўхтамади, балки Аштархонийлар даврида яна давом этди .
Жўйбор хожаларининг йирик вакили Хожа Исломдан бошлаб барча хожазодалар хон ҳукуматида муайян ўринга эга бўлишган. Абдуллахон даврида таркиб топган бу анъана Аштархоний Абдулазизхон даврида ҳам ўз кучини йўқотмади. Хожа Ислом вафотидан сўнг махсус ўрин Хожа Саъдга, унинг вафотидан кейин эса Хожа Тожиддинга насиб этди. Чунончи, Хожа Саъд вафотидан сўнг Бухоро хони Абдуллахон унинг ўрнига Хожа Тожиддинни ўтқизди. Бу ўрин хоннинг ўнг томонида эди. Анъанага биноан хонга олиб келинган дастурхон, туздон, ош, офтоба, дастшўй Хожа Тожиддинга ҳам келтирилган. Хон ҳукуматида махсус ўринга эга бўлиш хожаларга катта ваколатлар берган ва сиёсий мавқеини таъминлаган. Муҳим давлат ишлари, ички-ташқи сиёсат, моддий ва маънавий ҳаётда хожазодалар тутган мавқе кафолатланган.
Валимуҳаммадхон (1605-1611), Имомқулихон, Надрмуҳаммадхон ҳукмронлик йилларида Хожа Тожиддиннинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётига таъсири, Надрмуҳаммадхоннинг ҳокимиятдан четлаштирилишида унинг қўли борлиги, сиёсий низоларни бартараф қилишда иштироки масалалари мазкур бобда ўз аксини топган.
Жўйборийлардан Абдураҳим Хожа, Абди Хожа (1580-1607), Муҳаммад Юсуф Хожа ва бошқалар тўғрисида кенг қамровли таҳлилий маълумотлар келтирилган. Жўйбор хожаларининг қариндошлик доирасидаги никоҳлари хусусидаги манбаларга асосланган маълумотлар диссертациянинг учинчи бобида акс эттирилади.
Жўйбор хожаларининг нуфузли вакиллари орасида Абдураҳим Хожа Жўйборийнинг ўз ўрни бор. У Хожа Ислом Жўйборийнинг набираси ва Хожа Саъд Жўйборийнинг иккинчи ўғли ҳисобланади. Абдураҳим Хожа умри давомида замон марҳаматларидан ҳамда Жўйборийлар хонадони имтиёзлари ва ички удумларидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга ҳаракат қилди ва бунга эришди. У Жўйборийлар хонадонининг омадли меросхўри эди. Отаси унга васият қилган мулклардан ташқари унинг мол-мулки Бухоро хонлари томонидан қилинган инъомлар ҳисобига йилдан-йилга ортиб бораверди. 800 қитъа ер, 40 та чорбоғ, қатор бозор ва тегирмонлар унга тегишли бўлиб, буларни маҳсулот нархига чаққанда йиллик даромад Бухоро вазни билан 100 минг ман ғалла нархига ва 40 минг хони тангага тенг келган . П. П. Иванов Абдураҳим Хожа мол-мулкининг нисбатан камлигини ва унга тегишли хўжаликнинг иқтисодий аҳамиятсизлигини таъкидлайди. Аслида юқоридаги мисоллардан кўриниб турибдики, Абдураҳим Хожанинг мол-мулки Жўйбор хожаларининг бошқа вакилларига тегишли мол-мулкдан миқдор жиҳатдан кескин фарқ қилмаган . Жўйбор хожаларига тегишли мол-мулкнинг умумий миқдорини аниқлашнинг иложи йўқ. Чунки улар сотиб олган ерлар ёки хонлар томонидан уларга инъом қилинган мулклар миқдори манбаларда аниқ кўрсатилмаган .
Жўйборийлар хонадонига хос бўлган қариндошлик доирасидаги никоҳ удумига Абдураҳим Хожа ҳам бўйсунди. Шу номаъқул одат туфайли у ўз марҳум укасининг бева хотинига уйланди. Укаси Абди Хожа Бухоро хони Боқимуҳаммадхоннинг (1601-1605) синглисига уйланган эди. Абди Хожа вафотидан сўнг унинг бева хотини Абдураҳим Хожа никоҳига ўтди . Чунки бундай никоҳнинг Жўйборийлар учун манфаатли томони кўп эди. Бу энг аввло мулк тақсимотида намоён бўлади. Бошқа жиҳатдан олиб қараганда, хонзода аёлни қўлдан чиқармаслик ва хонлар билан қудачиликни давом эттириш истагида бўлган Жўйборийлар учун бошқа муқобил чора ҳам йўқ эди. Бухоро хонлари хонадонига алоқадорлик Жўйбор хожаларига кўпгина ёзилмаган имтиёзлар бериши Абдураҳим Хожага яхши аён эди.
Абдураҳим Хожа фаолиятида Жўйборийлар учун анъана бўлган диний қирралардан кўра ижтимоий-сиёсий қирралар кўпроқ намоён бўлади. Жўйборийлар хонадони диний имтиёзларни ўзлаштириб олиб, улардан дурустгина фойдаланаётган бир пайтда Абдураҳим Хожанинг бундан истиснолиги ғоят ажабтовур туюлади. Ҳар ҳолда унинг ўзи шундай дунёвий йўлни танлаган бўлиши керак. Йўқса, унинг зиммасига Бухоронинг Ҳиндистондаги расмий вакили – элчиси сингари ўта масъулиятли вазифа юкланмаган бўлур эди .
Абдураҳим Хожанинг элчилик миссияси Бухоро билан Бобурийлар салтанати ҳукмронлиги остида бўлган Ҳиндистон ўртасидаги муносабатларнинг муайян муддатда барқарорлашувига ижобий таъсир кўрсатди.
Хожазодалар хонадонининг навбатдаги вакили Абди Хожа – Хожа Саъднинг учинчи ўғли.
XVI аср охири XVII аср бошларида Мовароуннаҳрда содир бўлган кескин сиёсий ҳодисалар Абди Хожани ҳам ўз гирдобига тортди. Абдуллахоннинг ягона фарзанди Абдулмўминхон ўлдирилгач (1598), Абдуллахон амирлари Пирмуҳаммадхонни хон этиб кўтардилар. Лекин у ҳеч ким билан ҳисоблашмас, мамлакатда бесаранжомлик, бошбошдоқлик ҳукм сурарди. Шу даврда Бухоро тахти даъвогарларидан бири Боқимуҳаммадхон Самарқандда эди. Абди Хожа Самарқандга бориб Боқимуҳаммадхонга сипоҳий сифатида хизматга кирди. Эвазига Боқимуҳаммадхон ўз синглисини Абди Хожага никоҳлаб берди. Хожазода Самарқандда қарийб бир йил турди .
Боқимуҳаммадхон ўз куёви Абди Хожа ижтимоий-сиёсий мавқеидан фойдаланиб, қарийб барча юришларда уни ўзига ҳамроҳ қилиб оларди. 1601 йилда у Бухорони эгаллагач эса хоннинг куёви сифатида Абди Хожанинг обрўйи янада орта бошлади.
Абди Хожа обрў-эътибори ва таъсирининг кундан-кунга ортиб борганини қуйидаги мисоллар тасдиқлайди. Бирор киши жазога лойиқ гуноҳ содир этса, у Абди Хожага ёрдам сўраб мурожаат қиларди ва унинг ҳимоясида жазодан қутулиб қоларди. Ҳеч қаерда ҳеч ким унга эътирозли сўз айтишга ботинолмасди. У ташқи тарафдан Боқимуҳаммадхонга меҳрибонлик кўрсатса-да, ичидан уни ёмон кўрар, ҳурмат қилмасди. Шу боис хон қаҳрига учраган кимсаларни ўзига яқин олиб, бошини силарди. Кўп ҳолларда бировлар олдида хонни сўкарди ва бу ҳаракатидан уялмасди, уни табиий ҳол деб биларди. Бора-бора кўпчилик сипоҳлар, турли тоифа кимсалар Абди Хожага мурожаат қиладиган бўлиб қолди. Ҳар куни акобирлар, сипоҳийлар саф-саф бўлиб унинг олдига келишар ва улардан баъзилари Абди Хожага қараб: «Сиз бизнинг подшоҳимиз, сизни подшоҳ қиламиз»,-дейишарди. Сипоҳлар ва халойиқнинг Абди Хожага нисбатан ишончи орта боргач, Боқимуҳаммадхон Абди Хожадан ҳадиксирайдиган бўлиб қолди. Қалбида хожазодага гина-кудурат пайдо бўлиб, уни йўқотиш пайига тушди ва бунга эришди. Абди Хожа Бухородан бадарға қилинди. 1607 йилда Ҳиндистонда 27 ёшида хасталикдан вафот этди.
Муҳаммад Юсуф Хожа Жўйборийлар хонадони тарихида ўзига хос ўрин тутади. У Хожа Тожиддиннинг катта фарзанди бўлиб, 1593 йилда туғилган.
Ота тарафдан Хожа Саъднинг, она тарафдан Қосим Шайхнинг невараси бўлган Муҳаммад Юсуф Хожа амакиси Абдураҳим Хожанинг қизига уйланган эди .
Сарой доираларида Муҳаммад Юсуф Хожа муносиб обрўга эга бўлган. Айниқса Имомқулихон билан муносабатлари жуда яхши эди. Имомқулихон мудом унинг суҳбатларига муштоқ бўларди ва кўп ҳолларда Қарши ва Самарқанд тарафларга шикорга олиб борарди, қайтаётганда катта инъомлар қиларди. Овдан тушган жониворлардан ташқари, 10 минг хони, туя, хачир, эгар-жабдуқли от, қимматбаҳо буюмлар хон томонидан Муҳаммад Юсуф Хожага инъом этилган. Айниқса, бир неча қишлоқларнинг суюрғол қилиб берилиши хожазода мол-мулкини янада кўпайтирди .
Имомқулихоннинг Муҳаммад Юсуфга ҳурмати шунчалик баланд эдики, ҳатто ов пайтида унинг отини етаклаб юришдан ҳам ор қилмасди .
Надрмуҳаммадхон ҳукмронлик даврида ҳам Муҳаммад Юсуф Хожанинг аввалги имтиёзлари нафақат тўла сақланиб қолди, балки яна зиёда бўлди. Надрмуҳаммадхон хожазодани саройдаги махсус ўринга ўтқазиб унга беҳад илтифотлар кўрсатди. Хожазодага қатор-қатор туя, хачир, от, саруполар, қимматбаҳо буюмлар туҳфа қилди. Надрмуҳаммадхон Балхда ўз сиёсий мавқеини мустаҳкамлашда Муҳаммад Юсуф Хожа обрўйидан фойдаланди. Уни ўзи билан бирга Балхга олиб бориб, шу сафар вақтида унга бир неча қишлоқларни қилиб берди. Шунингдек, 10 минг ман ғалла, 10 минг танга, 1000 та қўй, от ва бошқа нарсалар Муҳаммад Юсуф Хожага инъом қилинди. Булар унинг мулки миқдорини янада кўпайтирди, иқтисодий қудратига қудрат қўшди .
Жўйбор хожаларининг кейинги вакиллари, уларнинг тақдири, жамиятда эгаллаган мавқеи тўғрисида шу бобда сўз юритилади.
Жўйборийлар жамиятда ўз мавқеларини сақлаб қолишга ҳарчанд уринмасинлар, Хожа Тожиддиндан кейин хонадон обрўйи аввалги даражасига кўтарила олмади. Жўйборийларнинг давлат ишларига ҳаддан зиёд аралашуви, омма ўртасида улар обрўйининг пасайишига, Аштархоний Убайдуллахон (1702-1711) даврида эcа имтиёзларининг қисқаришига олиб келди.
Тўртинчи боб «XVI-XVII асрлардаги маънавий-маданий ҳаёт ва Жўйбор хожалари»да Жўйбор хожаларининг маънавий-руҳий фаолияти тўғрисида батафсил маълумот берилади. Хожа Исломнинг Нақшбандия тариқатида тутган ўрни, муридларига муносабати, тариқат қоидаларини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси, ибратли сўзлари хусусида сўз боради. Хожа Ислом тўғрисида баъзи нақллар келтирилади. Шунингдек, Хожа Тожиддин хислатлари, кароматлари, унинг истеъдодли ҳофизларни қўллаб-қувватлаши, хонадонга ихлос қўйган шахслар ҳақида сўз юритилади. Бухоро хонлигидаги маданий жараёнда Жўйбор хожаларининг ўрни атрофлича очиб берилади. Хожазодалар томонидан барпо этилган ёки таъмирланган бинолар, боғлар, хожазодалардан чиққан шоирлар ҳақидаги маълумотлар ҳам шу бобдан ўрин олган.
Жўйборийлар меросини ўрганишда баъзи назарий масалалар тадқиқотчи олдига қатор муаммоларни қўяди. Жумладан, Жўйборийларга Нақшбандия шайхлари деб қараш керакми ёки уларни ўз даврининг йирик мулкдори сифатида талқин қилиш керакми? Агар уларга шайх сифатида қаралса, Нақшбандия тариқатидаги даражаси қанчалик бўлган ва бу даража замондошлари тарафидан қандай эътироф этилган? Мабодо уларга ўз даврининг йирик мулкдори сифатида қаралса, улар эришган иқтисодий юксалишларнинг маънавий асосларини нақшбандийликдаги мавқедан қидириш лозимми?
XX асрнинг 30-80-йиллари орасида олиб борилган тадқиқотларда Жўйборийларнинг кўпроқ иқтисодий фаолиятига эътибор қаратилган бўлса, XX асрнинг 90-йилларидан кейинги тадқиқотларда, айниқса, ғарб шарқшунослари тадқиқотларида Жўйборийларнинг тасаввуфдаги ўрнига асосий эътибор қаратилди. Тўғри, немис олими Юрген Паул Жўйборийлар фаолиятининг иқтисодий асосларини дуруст таҳлил қилиб берган. Лекин барибир бу тадқиқотларда ҳам сўфийлик таълимоти доирасидаги талқин устувор .
Биз олиб борган тадқиқотлар шуни кўрсатадики, Жўйборийларнинг ҳар иккала қиррасини баравар таҳлил қилиш ҳали амалга оширилмаган. Тадқиқотчиларнинг аксарияти Жўйборийларнинг Нақшбандия тариқати амалиётини бажариш соҳасига олиб кирган янгиликларига эътибор қаратмайди ёки бу янгиликларни олдинги шайхлардан ўзлаштирилган деб ҳисоблайди. Бунга қўшилса ҳам бўлади, қўшилмаса ҳам. Жўйборийлар, шубҳасиз, сўфийлик амалиётидаги ворислик ва анъанавийликдан воз кечишмади, шу билан бирга, бу амалиётга янги тартиб-қоидаларни олиб киришди. Бу таҳажжуд намозини ўқишда намоён бўлади. Биз Хожа Аҳрор билан Жўйборийларнинг тариқат амалиётини бажаришдаги услубларини бир-бирига таққослаб, Жўйборийлар бу амалиётга муайян янгиликлар киритган ва уни янги тарихий шароитда ривожлантирган, деган хулосага келдик. Бу бобда Жўйбор хожаларининг Нақшбандия тариқати доирасидаги фаолияти билан бирга умуммаънавий жараёнлардаги иштироки таҳлил этилади, мурид ва ихлосмандлари тўғрисида маълумот берилади.
Жўйбор хожаларининг йирик вакили Хожа Исломнинг жамиятда эгаллаган умумий мавқеи, унинг фақат иқтисодий қудрати ёки сиёсий таъсирининг кенглиги билан эмас, балки маънавий соҳадаги салоҳияти билан ҳам белгиланади. Маънавий соҳада мавқе эгаллаш учун, албатта, Нақшбандия тариқатида пешволикка эришиш ва кўплаб муридлар орттириш зарур эди. Бир сўз билан айтганда, Хожа Ислом учун маънавий салоҳият иқтисодий қудратга эришиш воситаларидан бири бўлган ва бу, сўзсиз, Нақшбандия тариқати доирасида амалга ошган. Хожа Исломнинг нақшбандийликдаги даражаси Силсилаи шарифда акс этган .
Хожа Исломнинг Нақшбандия тариқатидаги ўрнини белгилашда эскирган қарашлардан чекиниш лозим, деб ҳисоблаймиз. Бундай қарашлар XX аср 90-йиллари бошларида ҳали мавжуд эди. Тожикистонлик тадқиқотчи А. Мухаммадходжаев Хожа Ислом шахсиятига ва унинг Нақшбандия тариқатидаги мавқеига бир оз танқидий муносабат билдиради . Бизнингча, Хожа Ислом Нақшбандия тариқатининг ботиний моҳиятини сақлаб қолишга ҳаракат қилган. Лекин мавжуд тарихий шарт-шароит уни сиёсатга аралашишга, султонларга таъсир ўтказишга мажбур этди. Б.Бобожонов таъбири билан айтганда, тарихий тажриба сўфийлик диний фалсафасини сиёсий ва иқтисодий фаоллик билан уйғунлаштириб бўлмаслигини кўрсатди. Чунки улар инсон фаолиятининг умуман турли, бир-бирига мувофиқ келмайдиган, ўз тараққиёт қонуниятларига эга соҳаларидир . Шунга қарамасдан, Хожа Ислом Хожагон-нақшбандия тариқати асосларини ижодий ривожлантирди, унинг қоидаларига сезиларли янгиликлар киритди. Бу қоидаларни ишлаб чиқишда Хожа Ислом ўзидан олдин ўтган шайхларнинг нақшбандийлик амалиётига киритган қўшимча қоидаларидан фойдаланган. Хожа Аҳрорнинг “Фиқроти Аҳрориййа” асарида келтирилган қоидалар билан Хожа Ислом ишлаб чиққан қоидалар муқояса қилинганда бу нарса яққол намоён бўлади .
Жўйборийлар хонадонига ихлос қўйган шоирлар, мусаввирлар, хаттотлар, саҳҳофлар тўғрисидаги қимматли маълумотларни диссертациянинг мазкур боби орқали билиб олиш мумкин. Шунингдек Жўйборийлар тарафидан амалга оширилган ободончилик ишлари хусусидаги масалалар ҳам шу бобда тадқиқ этилган.
Ҳижрий 987 (1579) йили Хожа Саъд ташаббуси билан Вахш вилояти ҳудудига ариқ ўтказилди ва вилоятдаги қатор қишлоқлар оқар сувдан баҳраманд бўлди. Хожа Саъд маслаҳати билан Абдуллахон Вахш ҳудудида ариқ қазиш ишларига ўн минг мардикорни жалб қилиш тўғрисида Ҳисор, Деҳинав, Қабодиён арбоб-калонтарларига махсус фармон берди . Худди шундай тадбир ҳижрий 991 (1583) йилда Тошкент вилоятида амалга оширилди ва у Абдуллахон фармони билан қонунлаштирилди . Бу ишларнинг барчаси Жўйборийларга йирик сув иншоотларига эгалик қилиш ва улар устидан назорат ўрнатиш имконини берди.
Юқорида тилга олинган тадбирлардан ташқари, Жўйбор хожалари томонидан кўплаб вақфлар таъсис қилиниб, улар ўз даври маданий ривожига муайян хизмат қилган. Хожа Тожиддин Ҳасан томонидан Бухорода ҳижрий 1007 (1598) йилда таъсис этилган Жўйбор хонақоҳи вақф ҳужжатини мисол тариқасида келтириш мумкин . Бу ҳужжатга кўра, Жўйбор хонақоҳида истиқомат қилувчи дарвешларга пул, таом ва бошқа маҳсулотлар берилган. Ҳофиз ва муаззинлар таъминоти вақф ҳужжати асосида расмийлаштрилган. Рамазон ойида ўтадиган диний маросимларга қилинадиган сарф-харажатлар ҳам мазкур ҳужжатда эътиборга олинган. Айниқса, хонақоҳда яшовчи Хожагон тариқатига мансуб дарвешлар манфаати кўпроқ инобатга олинган. Мутавалли дарвешларнинг ҳар бирига йилига 30 танга ҳадя қилиши ва уларни кийим-кечак билан таъминлаши лозим эди. Хонақоҳ имоми, ҳофиз ва муаззин ҳам вақф даромадига шериклик ҳуқуқига эга бўлишган. Масалан, “Ёсин” сурасини ўқиш учун Жўйбор хонақоҳига келадиган хушовоз ҳофизларнинг ҳар бирига йилига 70 танга берилиши шарт бўлган. Рамазон ва Қурбон Ҳайити байрамларини олий даражада ўтказиш бўйича мутавалли, яъни Хожа Тожиддин томонидан зарур тадбирлар амалга оширилган .
Жўйбор хожаларининг маданий соҳадаги фаолияти ижобий баҳолашга лойиқ, албатта. Бухоро адабий муҳитини таъминлаш, диний, хўжалик аҳамиятига молик биноларни қуриш, боғлар барпо этиш борасида Жўйборийлар томонидан амалга оширилган тадбирлар Бухоро маънавий-маданий ҳаёти ривожига катта ҳисса қўшди.
Диссертация иловасида “Равзат ар-ризвон”, “Маноқиби саъдийа”, “Матлаб ат-толибин”, “Тазкираи Тоҳир Эшон” қўлёзма асарларидан, шунингдек, вақф ҳужжатларидан олинган парчаларнинг арабча матни ҳамда жадваллар берилган.

Х У Л О С А

Жўйбор хожаларига бағишланган махсус асарлар, ҳужжатлар қўлёзмаларини тадқиқ қилиш, Жўйборийлар хонадони тарихини ўрганган тадқиқотчилар асарларини ҳар томонлама таҳлил қилиш натижасида қуйидаги хулосаларга келинди:
– тарихда «Жўйбор шайхлари», «Жўйбор хожалари» ёки оддийгина «Жўйборийлар» номи билан маълум бўлган бухоролик нуфузли хонадон вакиллари Бухоро хонлигида алоҳида мавқега эга бўлиб, хонликнинг ижтимоий-сиёсий, маънавий-маданий ҳаётида муҳим ўрин тутганлар;
– Жўйборийлар айниқса XVI-XVII асрларда ижтимоий-иқтисодий қудратнинг энг юқори поғонасига кўтарилдилар. Ўрта асрда мавжуд бўлган ва амал қилган қоида – яъни шахснинг ижтимоий келиб чиқиши ва улуғ кишилар наслига мансублиги унга баъзи имтиёзлар бериши қоидаси Жўйборийлар учун жамиятда юксак мавқе эгаллашга ва уни мустаҳкам сақлаб туришга имкон яратди;
– илк Шайбонийлар давридаги сиёсий жараёнлардан фойдаланган Хожа Ислом Жўйборий ўзининг X асрда яшаган Имом Абу Бакр Сумитаний авлодига мансублигини қонунийлаштириб, бу имом дафн этилган Сумитан мозори, мозор атрофидаги ерлар ва мозор вақфларидан келадиган даромадларга эгалик ҳуқуқини қўлга киритди. Бу билан хонадоннинг неча асрларга етадиган йирик мулкининг шаклланишига асос солди;
– Чорбакрдаги битиклар, Жўйборийлар шажарасини акс эттирувчи ҳужжат ва қўлёзма манбаларни тадқиқ қилиш шуни кўрсатдики, Жўйборийларнинг чорбакрларга авлодлиги масаласи охиригача ечилмаган масалалардан биридир. Жўйборийлар шажараси тўғрисида маълумот берувчи ўрта аср муаллифлари мавжуд оғзаки маълумотларга таяниб ҳамда Жўйборийларга нисбатан муридлик туйғусидан келиб чиқиб, уларни чорбакрларга боғлайдилар (Бадриддин Кашмирий, Ҳусайн ас-Сарахсий, Муҳаммад Толиб шу нуқтаи назарда туришган);
– Жўйборийларнинг жамият ҳаётида ва Бухоро ҳукмрон доиралари орасида юқори мавқега эга бўлишининг моддий ва маънавий жиҳатлари мавжуд; моддий жиҳати – хонадон аҳли қўл остида йирик мулкнинг тўпланиб қолганлиги ва мустақил хўжалик юритиш имкониятининг пайдо бўлиши; маънавий жиҳати – Нақшбандия тариқатида устувор ўринга эга бўлиш натижасида халқ оммаси ўртасида таъсир доирасининг кенгайиши;
– қариндошлик доирасидаги ва ташқи никоҳ масалаларига Жўйборийлар жиддий аҳамият беришган. Қариндошлик доирасидаги, яъни левират никоҳ Жўйборийлар обрўйига, ижтимоий мавқеига салбий таъсир қилишига қарамай, улар бундан воз кечишмаган. Чунки бунинг моддий асослари мавжуд эди. Моддий асослар авваламбор, йиллар давомида тўпланган мулкнинг парчаланишига йўл қўймасликда намоён бўлади. Мулк дахлсизлигини таъминлаш ҳамда ўз ижтимоий мавқеини мустаҳкамлаш мақсадида Жўйборийлар Шайбоний ва Аштархоний ҳукмдорлари билан қариндошлик ришталарини боғладилар;
– мурид орттириш, тариқат амалларини бажаришни тарғиб қилиш борасида шайхлар ўртасидаги ўзаро кураш, тариқатлар ичидаги зиддиятлар ижтимоий барқарорликка хавф туғдириши мумкин бўлган бир шароитда Жўйборийлар Нақшбандия тариқатида ўз мавқеини мустаҳкамлашга интилиб, тариқат қоидаларини янги тарихий шароитда ривожлантиришга ҳаракат қилдилар. Бу борада Хожа Ислом хизматлари эътиборга молик. Хожа Ислом «Даст ба кору, дил ба ёр» шиорига амал қилиб, йирик мол-мулк соҳиби бўлиш, дунёвийликдан юз ўгирмаслик, мавжуд ҳукмдорлар билан муроса этиш каби талабларга риоя қилган;
– Жўйборийларнинг Нақшбандия тариқатидаги фаолиятида эътирозга сабаб бўладиган томонлар мавжудлигини очиқ таъкидлаш лозим. Чунки улар Нақшбандия тариқатининг сиёсатлашувига имкон очиб бериб, унинг баъзи тамойилларини ўз манфаатларига бўйсундиришга ҳаракат қилдилар. Жўйбор хожалари фаолиятида тариқатнинг соф маънавий қоидаларига мос келмайдиган жиҳатларни учратиш мумкин. Жўйборийлар тўғрисида ўрта аср муаллифлари томонидан ёзилган расмий асарларда кўплаб тилга олинадиган «каромат»лар, Жўйборийларни ранжитган кимсаларнинг сирли шароитларда вафот этиши ёки шикаст топиши, аслида Жўйборийлар сиёсий кураши ва шахсий адоватининг бир кўриниши эди, холос;
– Муҳаммад Шайбонийхон даврида Шайбонийларнинг мулки, Убайдуллахон даврида эса асосий таянчи ва пойтахти ҳисобланган Бухоро шаҳри XVI асрнинг 50-йилларида Шайбоний султонлари ўртасида кураш майдонига айланди. Дастлаб бу курашга Пирмуҳаммадхон, кейинчалик эса Абдуллахон қўшилди. Орада Наврўз Аҳмадхон ва Саййид султонлар гоҳ у томонда, гоҳ бу томонда туриб, юз бераётган низоларга аралашиб турдилар. Шайбонийзодалар Шайбонийлар давлатининг олий ҳукмдори мақомини олишни Бухорони эгаллашда кўрдилар. XVI аср ўрталарида Абдуллахон билан Шайбоний Бурҳон султон ўртасида Бухоро тахти учун олиб борилган ўзаро курашга Хожа Исломнинг аралашуви Абдуллахоннинг Бурҳон султон устидан ғалабасини таъминлади. Бу омил ўз навбатида Хожа Ислом қўллаб-қувватлаши билан ҳокимиятни эгаллаган Абдуллахон учун пойтахти Бухоро бўлган Бухоро хонлигини ташкил этишга катта имкон яратди. Бурҳон султоннинг Хожа Исломнинг аралашуви билан Бухоро тахтидан четлаштирилиши ва Абдуллахоннинг ҳокимият тепасига келиши Шайбонийлар сулоласи тарихида янги даврни, яъни улкан марказлашган давлатни ташкил этишни бошлаб берди;
– XVI аср ўрталарида Абдуллахон билан Шайбоний Бурҳон султон ўртасида Бухоро тахти учун олиб борилган ўзаро курашга Хожа Исломнинг аралашуви Абдуллахоннинг Бурҳон султон устидан ғалабасини таъминлади ва Бухоро тарихида янги даврни, яъни марказлашув даврини бошлаб берди;
– сиёсий ҳокимиятнинг заифлашуви оқибатида юз бериши мумкин бўлган беқарорлик, ўзаро низолар мулкдор табақалар, жумладан Жўйбор хожалари хонадонига тегишли мулкларга ҳам дахл қилиши мумкин эди. Шу боис хонадон вакиллари сиёсий ҳокимиятнинг мустаҳкамланишини ёқлаб, олий ҳукмдорлар билан яқинлашишга, уларнинг ишончини қозонишга ҳаракат қилдилар. Шу ҳаракатлар ва ҳукмрон доираларга хайрихоҳлик натижаси ўлароқ Жўйборийлар давлат ҳокимиятида расмий мақомга эга бўлдилар;
– Сумитан мавзеининг Жўйбор хожалари қонуний мулкига айланиши Жўйборийлар учун қудратли иқтисодий пойдевор яратди. Улар Сумитан мозори даромади ҳисобидан ер, дўкон, савдо расталари ва бошқа кўчмас мулклар сотиб олиб, ўз бойликларини янада кўпайтиришган. Мозор фойдасига қилинган вақфлар хонадон иқтисодий қудратининг янада юксалишига кенг имкон яратди. Сумитан мозори олдида қурилган диний меъморий мажмуа Жўйборийлар хонадони учун даромад манбаига айланди. Мажмуа фойдасига турли тоифа шахслар томонидан кўплаб вақфлар таъсис этилган. Шулар билан бир қаторда, Жўйбор хожалари даромадининг катта қисми деҳқончилик, чорвачилик ва савдо-сотиқдан бўлган;
– Жўйборийларнинг ижтимоий ва сиёсий ҳимоясига ўтишни истаган деҳқонлар, ҳунармандлар ва бошқа тоифа шахслар Жўйборийларга ўз мулкларини арзон нархда сотишган ва ҳатто бу ишни савоб деб ҳисоблашган. Олди-сотди қилишнинг бу тури Жўйборийлар кўчмас мулкининг янада ортишига олиб келди;
– XVI аср 60-йилларида Шайбонийлар билан Сафавийлар ўртасида кучайиб кетган зиддият Абдуллахонни Сафавийлар устига юриш қилишга мажбур этди. Юришга тайёргарлик кўрилаётган даврда Бухоро сиёсий ҳаётида муҳим роль ўйновчи воқеа содир бўлди. Хожа Ислом аралашуви билан йирик сиёсий масала ўз ижобий ечимини топди. Бу – Бухорони Балхга алмаштиришни тўхтатиш воқеаси бўлиб, воқеа Хожа Ислом ижтимоий-сиёсий нуфузининг чўққиси ҳисобланади. Пирмуҳаммадхон Бухоро тахтини эгаллаган тақдирда шаҳарга Абдуллахон берган сиёсий ва маданий мақомни бера олмаслиги аниқ эди;
– XVI аср ўрталари Бухоро хонлиги тарихида Хожа Исломнинг Абдуллахонга нисбатан сиёсий ҳомийлиги даври ҳисобланади. Бу анъана Хожа Ислом вафотидан кейин ҳам давом этиб, уни Хожа Саъд ўз зиммасига олди. Хожа Саъднинг Абдуллахонга нисбатан сиёсий ҳомийлиги Бухоро хонлигидаги мавжуд сиёсий вазият тақозоси ҳисобланади. Акс ҳолда Абдуллахоннинг барқарорликни мустаҳкамлаш ва хонлик ҳудудларини кенгайтириш учун олиб борган курашлари муайян тўсиқларга учраши мумкин эди;
– Жўйбор хожаларининг йирик вакилларидан бири Хожа Тожиддиннинг Аштархоний хонлари билан муносабатлари Бухоро хонлигидаги ички вазиятни белгилаган. Хожа Тожиддин аштархонийлардан Валимуҳаммадхон, Имомқулихон, Надрмуҳаммадхонга ўз таъсирини ўтказа олди. Хонликнинг Балх вилоятида юз берган сиёсий ихтилофлар Хожа Тожиддин аралашуви билан ҳал қилишган ҳоллар ҳам мавжуд. Ҳатто Надрмуҳаммадхоннинг ҳокимиятдан четлаштирилишида Хожа Тожиддиннинг қўли борлигини ўрта аср муаллифлари эътироф этишган;
– Жўйборийлар, жумладан, Хожа Тожиддин фаолиятида ақлий меҳнат кишилари, қорилар, саҳҳофларга ҳомийлик қилиш кўзга ташланади. Бухоро хонлигининг турли жойларида истиқомат қилувчи Хожа Тожиддин муридлари унинг моддий ёрдамидан баҳраманд бўлишган. Уларга кўрсатилган илтифотлар шубҳасиз, Хожа Тожиддин обрўйининг ошишига олиб келди ҳамда таъсир доирасини кенгайтирди. Хожа Тожиддин даврида Бухоронинг Жўйбор маҳалласи муҳим ижтимоий аҳамият касб этувчи масканга – шайхлар, муридлар, мухлислар тўпланадиган жойга; адолатсизликка йўлиққан кимсалар учун эса сиёсий паноҳ бериладиган бир гўшага айланди. Адолатсизликка учраган кимсаларни ўз ҳимоясига олган Жўйборийлар бу билан расмий ҳокимиятга нисбатан ўз қудратини ошкора намойиш этишга ва омма ўртасида кўпроқ обрў орттиришга, ижтимоий мавқени янада мустаҳкамлашга ҳаракат қилдилар;
– Мақомотнависликни истисно қилганда, алоҳида олинган нуфузли хонадон тарихига бағишлаб асар ёзиш анъанаси Ўрта Осиёда мавжуд эмас эди. Жўйборийлар шу анъанани бошлаб бердилар. “Равзат ар-ризвон”, “Маноқиби саъдийа”, “Матлаб ат-толибин” сингари асарлар бевосита Жўйбор хожалари ташаббуси ва маслаҳатлари билан ёзилди.
– Жўйборийлар ўз қўл остидаги катта маблағларнинг бир қисмини масжид, мадраса, хонақоҳ ва бошқа диний-маърифий бинолар қуришга ва таъмирлашга сарфлашган. Боғлар барпо этиш, янги ерларни ўзлаштириш, сув чиқариш улар фаолиятининг бир қисмини ташкил этарди;
– Бухорода мавжуд шахсий кутубхоналардан Жўйборийларга тегишли кутубхона ўз даврининг энг бой кутубхонаси саналган. Унда фаннинг турли соҳаларига оид кўплаб китоблар сақланарди. Жўйборийларнинг маърифий тадбирлари Бухородаги адабий муҳит ривожига ижобий таъсир кўрсатди. Шу муҳит таъсирида Жўйборийлардан Муҳаммад Юсуф Хожа шоир сифатида шаклланди ва ўзидан назмий мерос қолдирди.
Хуллас, Бухоро хонлигининг XVI-XVII асрдаги ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маданий ҳаётида Жўйбор хожалари муҳим ўрин эгалладилар ва бу жараён ривожига муносиб таъсир кўрсатдилар.
Тадқиқот натижасидан келиб чиққан ҳолда қуйидаги таклиф ва тавсияларни илгари сурмоқчимиз:
1. Жўйборийлар тарихи билан кенг илмий жамоатчиликни таништириш мақсадида Жўйбор хожалари тўғрисидаги муҳим асар – “Равзат ар-ризвон”ни ўзбек ва рус тилларига таржима қилиб, зарурий илмий изоҳлар билан нашр этиш;
2. Ҳозирги пайтда ўзларини Жўйбор хожалари авлоди деб даъво қилаётган баъзи сохта Жўйборийларнинг даъволарига чек қўйиш ва мазкур оила шажарасига аниқлик киритиш мақсадида Жўйбор хожаларининг XVII асрдан кейинги шажарасини тузиш ва сўнгги Жўйборийларнинг ижтимоий мавқеини ўрганишни махсус грантлар доирасида амалга ошириш;
3. Республикамиз Олий ўқув юртлари тарих факультетларида Жўйбор хожалари тарихини ёритувчи махсус маърузалар ташкил этиш ёки Жўйборлар тарихини Ўзбекистон тарихи предмети доирасида махсус мавзу қилиб ўтиш;
4. Чорбакр меъморий мажмуаси ва Жўйборийлар тарафидан қурдирилган обидалар фотоальбомини тузиш;
5. Жўйбор хожаларига бағишланган асарлардаги Жўйборийлар томонидан айтилган ибратли иборалардан Олий ўқув юртларида ўқитилаётган «Тасаввуф» дарсларида, шунингдек, академик лицейлар, коллежлардаги маънавият дарсларида фойдаланиш;
6. Бухоро яқинидаги Баҳоуддин Нақшбанд тарихий музейида «Нақшбандийлик ва Жўйбор хожалари» номли махсус экспозиция ташкил этиш ва уни зарурий экспонатлар билан бойитиш.

Жўйбор хожалари шажараси (XVI-XVII асрлар)* (илова)

ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ИШЛАР РЎЙХАТИ

Монографиялар
1. Ҳусайн ас-Сарахсий. Маноқиби Са’дийа (Хўжа Ислом Жўйборий мақомоти) / Сўзбоши, форс-тожик тилидан таржима ва изоҳлар муаллифи Ҳ. Тўраев. – Бухоро: Бухоро нашриёти, 1997. – 54 б.
2. Ҳусайн ас-Сарахсий. Маноқиби Са’дийа (Хўжа Ислом Жўйборий мақомоти) / Сўзбоши, форс-тожик тилидан таржима ва изоҳлар муаллифи Ҳ. Тўраев. – Бухоро: Бухоро нашриёти, 2002. – 53 б. (тўлдирилган нашри).
3. Тўраев Ҳ., С. Иноятов, С.Саидов Қосим Шайх Азизон. – Т.: А. Қодирий номидаги халқ мероси нашриёти, 2000. – 40 б.
4. Тўраев Ҳ. Чорбакр ёки Жўйбор авлиёлари. – Бухоро: Бухоро нашриёти, 2005. – 19 б.
5. Мухаммад Насриддин ал-Ханафи ал-Хасани ал-Бухари. Тухфат аз-заирин/ Перевод, предисловие, комментарии Х. Тураева. – Т.: Французский институт исследований Центральной Азии (IFEAC), 2003. – 68 б.
6. Тўраев Ҳ. Жўйбор хўжалари. – Т.: Фан, 2007. – 147 б.

Журналлардаги мақолалар
7. Тўраев Ҳ. Вобкент – тарихий манбаларда // Шарқшунослик. – Тошкент, 1992. – №3. – Б. 17-21.
8. Тўраев Ҳ. Нақшбандий машоихлари // Ёшлик. – Тошкент, 1996. – №1. – Б. 57-62.
9. Тўраев Ҳ. Убайдуллахоннинг сўнгги кунлари // Мулоқот. – Тошкент, 1997. – №4. – Б. 41-42.
10. Тўраев Ҳ. «Матлаб ат-толибин» асари Жўйбор хўжалари хонадони ҳақида // O’zbekiston tarixi. – Toshkent, 2000. – №4. – Б. 64-70.
11. Тўраев Ҳ. Абдураҳимхўжа Жўйборий // Бухоро мавжлари. – Бухоро, 2004. – №4. – Б. 20-21.
12. Тўраев Ҳ. Нодир Муҳаммадхон // Сино. – Теҳрон, 2004. – №15. – Б. 52-53.
13. Тўраев Ҳ. Мурувватли Жўйборийлар // Имом ал-Бухорий сабоқлари. –Тошкент, 2005. – №4. – Б. 175-176.
14. Тўраев Ҳ. Инқироз ибтидоси ёхуд шайбоний Абдулмўминнинг қисмати // Ҳаёт ва қонун. – Тошкент, 2005. – №5-6. – Б. 52-53.
15. Тураев Х. Джуйбариды в общественно-политической жизни Бухарского ханства // O’zbekiston tarixi. – Toshkent, 2005. – №4. – Б. 15-23.
16. Тўраев Ҳ. «Маноқиби Са’дийа» – Жўйбор хўжалари тарихини ўрганиш бўйича муҳим манба // Тошкент Ислом университети. Илмий-таҳлилий ахборот. – Тошкент, 2005. – №4.– Б. 29-35.
17. Тўраев Ҳ. Тасаввуф тарихи музейи // Мозийдан садо. – Тошкент, 2005. – №4. – Б. 8-10.
18. Тураев Х. Музей истории суфизма // Мозийдан садо. – Тошкент, 2005. – №4. – Б. 8-10.
19. Тўраев Ҳ. Бухоронинг Балхга алмаштирилиш воқеаси ва Хўжа Ислом Жўйборий // Бухоро давлат университети илмий ахбороти. – Бухоро, 2006. – №1. – Б. 15-20.
20. Тўраев Ҳ. Жўйбор хўжалари тарихшунослиги // Имом ал-Бухорий сабоқлари. – Тошкент, 2006. – №1. – Б. 63-64.
21. Тўраев Ҳ. Аштархоний Имомқулихон ва Жўйборийлар // Педагогик маҳорат. – Бухоро, 2006. – №1. – Б. 53-55.
22. Тўраев Ҳ. Бурҳон султон фожиаси // Мозийдан садо. – Тошкент, 2006. – №1. – Б. 26-28.
23. Тураев Х. Трагедия султана Бурхана // Мозийдан садо. – Тошкент, 2006. – №1. – Б. 26-28.
24. Тўраев Ҳ. XVI-XVII асрларда Мовароуннаҳрдаги сиёсий ҳаёт ва тариқат шайхлари // Бухоро давлат университети илмий ахбороти. – Бухоро, 2006. – №3. – С. 18-20.
25. Тўраев Ҳ. Абдихўжа Жўйборий ва Боқимуҳаммадхон // Имом ал-Бухорий сабоқлари. – Тошкент, 2006. – №4. – Б. 285-287.
26. Тўраев Ҳ. Абдуллахон зафарлари ва Хўжа Ислом Жўйборий // СамДУ ахборотномаси. – Самарқанд, 2006. – №4. – Б. 33-35.

Илмий тўпламлардаги мақолалар
27. Тураев Х. Касым шейх в политической жизни Мавераннахра середины XVI в. // Тезисы докладов научной конференции «Бартольдовские чтения-1993». – М.: Наука, 1993. – Б. 41-42.
28. Тўраев Ҳ. Нақшбандия ва Жўйбор шайхлари // Жаҳон мулкининг нигоҳбони. – Бухоро, 1993. – Б. 94-96.
29. Тўраев Ҳ. «Мажмуа» асари Бухоро маънавий муҳитига оид манба // Жаҳон мулкининг нигоҳбони. – Бухоро, 1993. – Б. 97-98.
30. Тўраев Ҳ. Бухоро обидалари ва Жўйбор хўжалари // Бухорои шариф 2500. – №4. – Т.: Маънавият нашрлари, 1997. – Б. 12-15.
31. Тўраев Ҳ. Бухоро ҳукмдорлари ва Жўйбор хўжалари // Бухоро: тарих саҳифалари. – Бухоро, 1999. – Б. 19-33.
32. Тўраев Ҳ. Тазкират ул-авлиё-Бухоро маънавий ҳаётига доир муҳим асар // Истиқлол йиллари: миллий-диний қадриятларнинг халққа қайтиши. – Т.: Имом ал-Бухорий Халқаро жамғармаси, 2001. – Б. 41-43.
33. Тўраев Ҳ. Бухородаги Жўйбор хонақоҳи вақф ҳужжати // Тарих, мустақиллик, миллий ғоя (Республика илмий анжумани материаллари). – Т.: Академия нашриёти, 2001. – Б. 187-188.
34. Тураев Х. Вакфный документ архитектурного комплекса Халифа Худойдод в Бухаре (XVIII в) // Из истории культурного наследия Бухары. Вып. 7. Бухара: Изд-во Бухара, 2001. – Б. 85-95.
35. Тураев Х. Значение письменных источников для изучения архитектурных и археологических памятников Бухары // Из истории культурного наследия Бухары. Вып. 9. Бухара: Изд-во Бухара, 2004. – Б. 85-90.
36. Тураев Х. Вакфы Джуйбаридов // Из истории культурного наследия Бухары. Вып.10. Бухара: Изд-во Бухара, 2006. – Б. 31-36.
37. Тўраев Ҳ. Темурийлар даврида Жўйбор хўжалари мулки // Соҳибқирон Амир Темур таваллудининг 670 йиллигига бағишланган «Амир Темур – фахримиз, ғуруримиз» мавзуидаги Республика илмий-амалий конференция материаллари. I-қисм – Бухоро, 2006. – Б. 53-54.
38. Тўраев Ҳ. Темурийлар даври – Жўйбор хўжалари мулкининг шаклланишида муҳим босқич // «Амир Темурнинг миллий давлатчилик сиёсати: тарих ва ҳозирги замон» мавзуидаги Амир Темур таваллудининг 670 йиллигига бағишланган илмий конференция материаллари. – Т.: Фан, 2006. – Б. 262-264.
39. Тураев Х. Исторический музей Баха’ ад-дин Накшбанд // Ислам на территории бывшей Российской империи. Энциклопедический словарь. Т.1. – М.: Восточная литература, 2006. – Б. 305-306.
40. Тўраев Ҳ. Жўйборийлар меросида ижтимоий тарбия // «Таълим муассасалари тизимида ўқувчи ва талабалар шахсини ривожлантиришнинг долзарб психологик-педагогик муаммолари» мавзусидаги республика назарий ва илмий-амалий конференцияси материаллари. III китоб. – Бухоро, 2006. – Б. 138-142.

Симпозиум ва конференция материаллари
41. Тўраев Ҳ. Маноқиби са’дийа – тарихий манба // Музей ва тарих. Бухоро Давлат музей қўриқхонасининг 70-йиллигига бағишланган илмий анжуман дастури. – Бухоро, 1992.
42. Тўраев Ҳ. Жўйбор хўжаларининг Бухоро тарихидаги ўрни // Ўзбекистонда Германия кунларига бағишлаб Анке фон Кюгельген ташаббуси ва иштирокида ўтказилган Халқаро конференция. – Бухоро, 1996 йил, октябрь.
43. Turaev Kh. Cultural Life of Bukhara in the XVI-XVII cc. and the Place of the Djuibor Khojas // International Conference Bukhara and Place in the World History within the framework of the International Syposium Scientific and Cultural Heritage of Mankind – to the Third Millennium. – Bukhara, October 19, 1997 (Program).
44. Turaev Khalim. The Role of the Juybari khojas in the cultural life of 16th -17th-century Bukhara. The first International Conference of the ASPS in Dushanbe, 16-18 September, 2002 (Program).
45. Тўраев Ҳ. Хожагон-нақшбандия тариқати ва тарихий шароит // «Хожагон тариқати ва Абдулхолиқ ?иждувонийнинг маънавият тарихидаги ўрни» мавзусидаги Республика илмий-назарий конференция материаллари. – Навоий, 2003. – Б. 96-97.

Тарих фанлари доктори илмий даражасига талабгор Тўраев Ҳалимнинг 07.00.03 – Умумий тарих ихтисослиги бўйича «Бухоро хонлигининг XVI-XVII асрлардаги ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маданий ҳаётида Жўйбор хожаларининг тутган ўрни» мавзусидаги диссертациясининг

Р е з ю м е с и

Таянч сўзлар: Жўйбор хўжалари, Жўйборийлар, мақомот, вақф, қўлёзма асарлар, ижтимоий ҳомийлик, маънавий муҳит, адабий жараёнлар, сўфийлар мажлиси, тазкира, хонадон мухлислари, элчилик муносабатлари, меъморий обидалар, вақф даромадлари, хонадон доирасидаги никоҳлар, оила хроникаси, ижтимоий мавқе.
Тадқиқот объекти: Жўйбор хўжалари ва уларнинг Бухоро хонлиги ижтимоий-сиёсий ва маънавий-маданий ҳаётидаги умумий мавқеи, Жўйборийлар билан хонлар ўртасидаги муносабатлар, Жўйборийларнинг марказий ҳокимиятга таъсири, улар тарафидан амалга оширилган маданий тадбирлар ва уларнинг аҳамияти.
Ишнинг мақсади: Жўйбор хўжаларининг ижтимоий мавқеи, сиёсий таъсири ва маънавий муҳитдаги ўрнини қамраб оладиган яхлит тадқиқот ишини амалга ошириш.
Тадқиқот услуби: Илмийлик, холислик, тарихийлик ҳамда қиёсий таҳлилларга асосланган хулоса ва умумлашмалар бериш.
Олинган натижалар ва уларнинг янгилиги: Алоҳида хонадон, оилавий сулола тарихига бағишланган диссертация яратилди. Мавзунинг айрим жиҳатларини ўз ичига олган тадқиқотлар, жумладан, хорижий тадқиқотлар ўрганиб чиқилиб, таҳлил этилди. Кам ўрганилган ёки илмий муомаладан четда қолиб кетган қўлёзма асарлар, тарихий ҳужжатлар тадқиқ этилиб, илмий муомалага киритилди ва улар маълумоти асосида хулосалар чиқарилди. Жўйбор хўжаларининг Бухоро хонлиги ҳаётида тутган мавқеининг ижобий ва салбий томонлари ҳар тарафлама очиб берилди.
Амалий аҳамияти: Ўзбекистоннинг ўрта асрлар даври тарихи ва қўшни мамлакатлар билан алоқаларининг кам ўрганилган томонларини тўлдиради. Диссертация маълумотларидан тарихчилар, шарқшунослар, адабиётшунослар, этнографлар, тасаввуфшунослар фойдаланиши мумкин.
Тадқиқ этиш даражаси: Диссертация мавзуси бўйича 44 та иш, жумладан, 6 монография, 38 илмий, илмий-услубий мақола чоп этилган. Олий таълим муассасалари талабалари, илмий ходимлар улардан фойдаланиб келмоқда.
Қўлланиш соҳаси: Республикамиз университет ва педагогика институтлари талабалари учун Ўзбекистон тарихи, Марказий Осиё тарихи «Ўзбекистон тарихи ёзма манбалари» фани бўйича махсус курслар, Республикамиз олий ўқув юртлари тарих факультети талабалари учун эса шу мавзуда махсус курслар ўқишда фойдаланиш мумкин.
Р е з ю м е
диссертации Тураева Халима на тему: «Роль Джуйбарских ходжей в общественно-политической и духовно-культурной жизни Бухарского ханства в XVI-XVII вв.» на соискание ученой степени доктора исторических наук по специальности
07.00.03 – Всеобщая история

Ключевые слова: Джуйбарские ходжи, Джуйбариды, макамат (житие), вакф, рукописные сочинения, социальная защита, духовная среда, литературная среда, суфийские собрания, тазкира (жизнеописание), друзья семейства, дипломатические отношения, архитектурные памятники, вакфные доходы, внутрисемейные браки, семейная хроника, общественное положение.
Объект исследования: Джуйбарские ходжи и их роль в общественно-политической, духовно-культурной жизни Бухарского ханства, взаимоотношения Джуйбаридов и бухарских ханов, влияние Джуйбаридов на центральную власть, культурные мероприятия Джуйбаридов и их значение.
Цель работы: Изучение общественно-политической роли и духовного влияния Джуйбаридов в Бухарском ханстве в XVI-XVII вв.
Метод исследования: Научность, объективность и историзм, также выводы, основанные на сравнительном анализе и обобщении.
Полученные результаты и их новизна: Проведено исследование в рамках истории отдельного семейства и семейной династии. Изучены и проанализированы исследования, в том числе зарубежные, которые охватывают отдельные вопросы данной темы. Подверглись изучению малоизученные или неизученные рукописные сочинения и исторические документы, на их основе сделаны выводы. Раскрыты позитивные и негативные стороны роли Джуйбаридов в жизни Бухарского ханства.
Практическая значимость: Диссертационная работа существенно восполняет малоизученные проблемы средневековой истории Узбекистана и истории дипломатических отношений его с соседними странами. Результаты и выводы исследования могут использовать историки, востоковеды, литераторы, этнографы, суфиологи и другие специалисты общественно-гуманитарного направления.
Степень внедрения и эффективность: По теме диссертации опубликовано 44 научных и научно-методических работ, в том числе 6 монографий, 38 статей. Ими пользуются в настоящее время студенты ВУЗов и научные сотрудники.
Область применения: Материалы диссертации можно использовать в учебном процессе при чтении общих и спецкурсов по истории Узбекистана и Центральной Азии, спецкурсов по предмету «Письменные источники Центральной Азии», также спецкурсов для студентов исторического факультета высших учебных заведений Республики.

R e s u m e
Тhesis of Turaev Halim on the scientific degree competition of the doctor of History in 07.00.03 – General history subject: "The role of Juybar khodjas in social-political and spiritual-cultural life of Bukhara khanate in the XVI-XVII centuries"

Key words: Juybar khodjas, Juybarids, makomot (status), vakf, hand-written compositions, social protection, spiritual environment, literary process, sufi’s meetings, tazkira (anthology), friends of a family, diplomatic relations, architectural monuments, vakf incomes, inter-family marriages, family chronicle, social status.
Subjects of the inquiry: Juybar khodjas and their role in the social-political and spiritual-cultural life of Bukhara khanate, the mutual relations of Juybarids and Bukhara khans, the influence of Juybarids on the central authority, the cultural measures of Juybarids and their importance.
Aim of the inquiry: To create a total research work embracing the social status, political influence of Juybar khodjas and their role in the spiritual life of the time.
Method of the inquiry: Scientific character, objectivity and historicity, conclusions based on the comparative analysis and generalization.
The results achieved and their novelty: The research is carried out within the framework of a history of separate family and dynasty. Some researches, including foreign, which cover separate questions of the given theme, are investigated and analysed. The unexplored hand-written compositions and historical documents are studied and on their basis conclusions are made. The positive and negative sides of Juybar khodjas status in the life of Bukhara khanate are revealed.
Practical value: The work essentially fills insufficiently investigated sides of the medieval history of Uzbekistan and of the history of the diplomatic relations with the neighboring countries. The results and conclusions of the research can be used by historians, orientalists, literary critics, ethnographers and other specialists with social-humanitarian orientation.
Degree of embed and economic effectivity: About 44 scientific and scientific-methodical works, including 6 monographies, 38 articles are published on the theme of the dissertation. They are being used by the students of higher schools and scientific workers.
Sphere of usage: The materials of the dissertation may be used at delivering lectures (special courses) at the universities and other higher educational institutions on ”Written sources of the history of Uzbekistan”, Central Asia and for teaching special courses for the students of the historical faculty of the universities and other higher educational institutions Republic of Uzbekistan.

ТАДҚИҚОТЧИ ............................. ТУРАЕВ ҲАЛИМ

   
   
   
   
   
   
 
   
 
 
   
 
 
   

 
 
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
                                       
                 
                 
       
Copyright 2005 © beruniy.6te.net
       
       
ЎзР Фанлар Академияси Шарқшунослик Институти
       
Free Web Hosting