БОШ САХИФА
.. Орқага қайтиш                        
 

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ
АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ НОМИДАГИ
ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ

Қўлёзма ҳуқуқида
УДК: 930.2+94(54)

МУСОЕВ ШОНИЁЗ

«ЛАТО'ИФ АЛ-АХБОР» – БОБУРИЙЛАР ДАВЛАТИ ТАРИХИ
БЎЙИЧА МУҲИМ МАНБА (XVII АСРНИНГ ЎРТАЛАРИ)

Ихтисослик: 07.00.08 – Тарихий манбашунослик
Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун
тақдим этилган диссертация

А В Т О Р Е Ф Е Р А Т И

ТОШКЕНТ – 2007

Диссертация Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида бажарилган

Илмий раҳбар: Тарих фанлари доктори
Абдумажид Абдураимович Мадраҳимов
Расмий оппонентлар: Тарих фанлари доктори, профессор
Темур Ғиясович Ғиясов
Тарих фанлари номзоди, доцент
Иброҳим Саидаҳмедов

Етакчи ташкилот: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети

Диссертация ҳимояси 2007 йил _________ ойининг ____ куни соат _____ да Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳузуридаги тарих фанлари бўйича докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга мўлжалланган Д.015.14.01 рақамли Ихтисослашган Кенгаш мажлисида ўтказилади (100170, Тошкент шаҳри, академик Ҳ. Абдуллаев шоҳ кўчаси, 81). Тел. 162-54-61. факс: (+99871) 162-52-77.

Диссертация билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Асосий кутубхонасида танишиш мумкин (100170, Тошкент шаҳри, И. Мўминов кўчаси, 13).

Автореферат 2007 йил _________ ойининг _____ куни тарқатилди.

Ихтисослашган Кенгаш

илмий котиби т. ф. н. Н.И. Тошов

ИШНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ

Мавзунинг долзарблиги. Ёзма ёдгорликларни тадқиқ қилиш, уларнинг илмий-танқидий матнларини ҳамда изоҳли таржималарини нашр қилиш билан бевосита боғлиқ ҳолда жамиятнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётини, ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганиш тарихий манбашунослик олдидаги асосий вазифалардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, бу масалага давлат сиёсати даражасида эътибор берила бошланди. Президент И.А. Каримов таъкидлаганидек, «мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ аждодларимиз томонидан кўп асрлар мобайнида яратиб келинган ғоят улкан, бебаҳо маънавий ва маданий меросни тиклаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган ниҳоятда муҳим вазифа бўлиб қолди» . Зеро, «миллий мафкурани шакллантиришдаги энг катта манба – бу ҳаққоний яратилган тарихдир» .

Бобурийлар давлати тарихига оид манбаларни тадқиқ қилишга бағишланган ушбу мавзунинг долзарблиги ҳам тарих фани олдига қўйилган вазифалар, ҳам юқорида кўрсатилганидек, давр талаби билан белгиланади.

Бобурийлар даври ёзма ёдгорликлари ҳозирга қадар қисман тадқиқ этилиб, нашр қилинган . Бироқ, ўз ечимини кутаётган қатор масалалар уларни ёзма манбалар асосида янада чуқурроқ ўрганишни талаб қилади. Жумладан, Бобурийлар давлатининг XVI – XVII асрлардаги сиёсий, ижтимоий-иқтисодий тарихини, давлат бошқаруви ҳамда қўшни давлатлар билан олиб борган ўзаро алоқаларини тадқиқ қилиш ана шундай долзарб вазифалардан ҳисобланади.

Шу кунга қадар илмий муомалага киритилмаган ва махсус тадқиқ этилмаган бундай асарлар қаторига ушбу тадқиқот объекти қилиб олинган Рашидхон Тунийнинг «Лато'иф ал-ахбор» асарини киритиш мумкин. Ушбу асар Бобурийлар тарихининг мураккаб ва кам ўрганилган даври – XVII аср ўрталари тарихини ёритувчи қимматли манбадир .

Унинг илмий қиммати ва аҳамиятини кўпгина шарқшунос-олимлар ҳам таъкидлаб ўтишган. Жумладан, М.Т. Баҳор, В.М. Массон, В.А. Ромодин, Н.Д. Миклухо-Маклай, Б.А. Аҳмедов, Д.Ю. Юсуповаларни кўрсатиб ўтиш лозим.

Тадқиқот мавзусининг муҳим ва долзарблигини шу билан изоҳлаш мумкинки, «Лато'иф ал-ахбор» асарининг муаллифи Рашидхон Туний Бобурийлар қўшинининг Қандаҳорга қилган учинчи юриши билан боғлиқ тарихий воқеаларнинг фаол иштирокчиси ва гувоҳи бўлган. Воқеаларни баён этиш услуби ва маълумотларининг ҳаққонийлиги жиҳатидан ушбу асар алоҳида қимматга эга бўлиб, сарой тарихчиларининг мафкуравий таъсир ва ҳамду санолардан холи бўлмаган асарларидан фарқ қилади.

Мавзунинг ўрганилиши. Лато'иф ал-ахбор» асарининг қўлёзмалари ҳақидаги дастлабки маълумотлар таниқли инглиз шарқшуноси Ч. Рьё томонидан 1879 йилда нашр қилинган каталогда, қисқа манбашунослик тавсифи сифатида учрайди . Асар ва унинг муаллифи ҳақидаги қисқача маълумотлар Г. Эте (1903 й.), Е. Блоше (1905 й.) ва ҳинд олими ‘Абд ал-Муқтадирхон каталогларига ҳам киритилган .

Ўзбекистонда «Лато'иф ал-ахбор» қўлёзмаси ҳақида биринчи бор 1960 йил чоп этилган «Шарқ қўлёзмалар каталоги»нинг V жилдида маълумот келтирилган .

1964 йилда СССР ФА Осиё халқлари институтининг форс ва тожик қўлёзмалари каталогида ушбу асарнинг СССР ФА Шарқшунослик институти Ленинград бўлимидаги нусхаси тавсифи берилган . В.В. Массон ва В.А. Ромодинлар асарга Сафавийлар ва Бобурийлар ўртасидаги (1649-1653 й.) Қандаҳор учун бўлган жанг воқеаларини баён қилувчи қимматли форс манбаси сифатида қарашган .

Н.Д. Миклухо-Маклай, Б.А. Аҳмедов ва Д.Ю. Юсуповаларнинг фикрига кўра, асар Бобурийлар ва Сафавийларнинг XVII асрдаги ўзаро алоқалари тарихини ўрганишда асосий манба бўлиб хизмат қилади .

Н.Д. Миклухо-Маклай таърифича, ушбу асар Бобурийлар давлатининг ҳарбий тарихига оид кўплаб маълумотларни акс эттиради.

Эрон олими М.Т. Боҳар «Лато'иф ал-ахбор»нинг илмий қимматига алоҳида эътибор қаратиб, унинг кам ўрганилганлигини таъкидлаб ўтган. Ҳинд олимларидан К.К. Канунга эса ўзининг “Доро Шукуҳ” номли тадқиқотида ушбу манбадаги баъзи маълумотларни келтирган. Ҳиндистондаги яна бир олим Б.Ҳ. Ҳасрат бу манбага жуда юқори баҳо берган. Б.П. Саксена ҳам ўз тадқиқотида айнан «Лато'иф ал-ахбор» асаридан олинган маълумотларга таянган .

Афғон тарихчилари Ф.М. Хайрхоҳ ва ‘Абдулшукур Ришад ҳам «Лато'иф ал-ахбор» асарининг тарихий-илмий аҳамиятини юқори баҳолаб, ушбу асар муҳим ўзида муҳим маълумотларни жамлаган, деган хулосага келган. Жумладан, Ф.М. Хайрхоҳ унинг XVII аср ўрталарида Афғонистон тарихига оид маълумотларга бой эканлигини қайд этган .

Бироқ, қатор тадқиқотчилар томонидан «Лато'иф ал-ахбор» асарининг муҳим тарихий аҳамияти таъкидланган бўлишига қарамай, шу вақтга қадар у тўлалигича махсус тадқиқ этилмаган.

Диссертация мавзусининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтида «Қўлёзмаларни тавсифлаш, манбашунослик ва қўлёзмаларни каталоглаштириш» лойиҳаси доирасида амалга оширилган.

Диссертация мавзуси ЎзР ФА Шарқшунослик институти илмий кенгашининг 2004 йил 29 декабрдаги 11-сонли мажлисида тасдиқланган.

Тадқиқотнинг мақсади. Рашидхон Тунийнинг «Лато'иф ал-ахбор» асарини Бобурийлар давлатининг XVII аср ўрталари тарихи бўйича муҳим манбалардан бири сифатида бошқа қўлёзмалардаги маълумотлар билан қиёсий тадқиқ қилиш ва унинг қийматига баҳо бериш диссертациянинг асосий мақсади ҳисобланади. Бу мақсадга эришиш учун қуйидаги вазифалар белгилаб олинди:

– Бобурийлар давлатининг XVII асрдаги тарихининг ўрганилиш даражасини аниқлаш;

– асар муаллифи яшаган давр тарихида юз берган ижтимоий-сиёсий воқеаларга қисқача тавсиф бериш;

– қўлёзма манбалар асосида Рашидхон Туний ҳаёти ва фаолиятини тадқиқ қилиш ҳамда унинг биографиясини тиклаш;

– «Лато'иф ал-ахбор» асарининг қўлёзма нусхалари бўйича кодикологик тадқиқот ўтказиш;

– асарнинг тузилиши ва мазмунини таҳлил этиш;

– асардаги маълумотларни бошқа манбалар билан қиёсий таҳлил қилиш;

– Бобурийлар давлатининг XVII аср ўрталаридаги Ўрта Осиё билан ўзаро алоқаларини тадқиқ қилиш (Балх ҳокими Надр Муҳаммадхон билан);

– «Лато'иф ал-ахбор» ва Бобурийлар даврига оид бошқа манбалар асосида Бобурийлар давлати, уларнинг маъмурий-давлат бошқаруви ва ҳарбий атамалар (мансаб ва унвонлар)га оид маълумотларни таҳлил этиш;

– Рашидхон Туний қаламига мансуб «Лато'иф ал-ахбор» асарининг XVII асрдаги Бобурийлар давлати тарихини ўрганишдаги аҳамияти ва ўрнини аниқлаш.

Тадқиқотнинг объекти ва предмети. Диссертациянинг асосий объекти Бобурийлар давлатининг XVII аср ўрталаридаги тарихидир. Рашидхон Тунийнинг «Лато'иф ал-ахбор» асари ишнинг предмети ҳисобланади.

Тадқиқотнинг манбавий асоси. «Лато'иф ал-ахбор» асари ишнинг асосий манбавий базаси сифатида хизмат қилса –да, Бобурнинг «Бобурнома», Мирзо Муҳаммад Ҳайдарнинг «Тарих-и Рашидий», Гулбаданбегимнинг «Ҳумоюннома», Низомиддин Аҳмаднинг «Табақоти Акбаршоҳий», Абул Фазл Алломийнинг «Акбарнома», Ҳасанбек Румлунинг «Аҳсан ат-таварих», Нуриддин Муҳаммад Салим Жаҳонгирнинг «Тузуки Жаҳонгирий», Муҳаммад Салиҳ Канбуйи Лоҳурийнинг «Амали Солиҳ», Кевал Рамнинг «Тазкират ал-умаро», Самсом уддавла Шоҳнавозхоннинг «Маасир ал-умаро», Муҳаммад Йусуф Муншийнинг «Тарихи Муқимхоний», Искандарбек Муншийнинг «Тарихи ‘оламоройи ‘Аббосий», Муҳаммад Ворис Лоҳурийнинг «Подшоҳнома», Мулло ‘Абдураҳмон Тамкин Бухорийнинг «Матла' ал-фахира ва матайиф ал-зоҳира», Мирза Салимбек ибн Муҳаммад Раҳимнинг «Тарихи Салимий» каби форс тилидаги қўлёзма асарлардан маълумотларни қиёсий таҳлил этишда ЎзР ФА Шарқшунослик институти фондида сақланаётган қўлёзмалардан фойдаланилди.

Тадқиқотнинг даврий чегараси. XVII аср ўрталари Бобурийлар давлати тарихида мураккаб давр бўлиб, унда муҳим сиёсий воқеалар юз берган. Шу билан бирга бу даврда Аштархонийлар, Сафавийлар давлатида ҳам сиёсий беқарорликлар ва турли ўзгаришларни кузатиш мумкин. Бу жараёнлар ўз ўрнида давлатлар ҳаётига жиддий таъсир кўрсатган. Диссертациянинг объекти қилиб олинган Рашидхон Тунийнинг «Лато'иф ал-ахбор» асарида айнан XVII аср ўрталаридаги Бобурийлар давлати тарихига доир қимматли маълумотлар ўз аксини топганлигини ҳисобга олиб, ушбу давр тадқиқотнинг даврий чегараси қилиб белгиланди.

Тадқиқотнинг илмий-методологик асоси. Диссертацияда тарих фани, манбашунослик ва тарихшунослик соҳасида ишлаб чиқилган тадқиқот усуллари ва тамойилларидан фойдаланилди. Президент И. Каримовнинг маънавий ва маданий қадриятлар юзасидан билдирган ғоялари тадқиқот учун назарий асос бўлиб хизмат қилди. Қўйилган вазифани амалга оширишда В.В. Бартольд, У.И. Каримов, Б.А. Аҳмедов, А.Ў. Ўринбоев, С.А. Азим–жонова ва Д.Ю. Юсупова каби шарқшунос-олимларнинг илмий-тадқиқотлари натижалари ишнинг методологик асоси қилиб олинди. Шунингдек, ишда комплекс – манбашунослик, матншунослик, тарихий ва мантиқий таҳлил ҳамда замонавий илмий тадқиқот усуллари қўлланилди.

Ҳимояга олиб чиқилаётган асосий ҳолатлар.

– Бобурийлар давлати тарихи, хусусан, унинг қўшни давлатлар билан олиб борган ўзаро сиёсий алоқаларини тадқиқ қилиш Бобурийлар давлатининг XVII аср ўрталаридаги тарихини чуқур ўрганишда амалий аҳамиятга эга.

– Бобурдан Шоҳ Жаҳонгача бўлган даврда Бобурийлар ва Сафавийлар ўртасидаги ўзаро сиёсий алоқалар, уларнинг ҳам стратегик ҳам иқтисодий жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланган Қандаҳор шаҳри ва вилояти учун курашлари ҳақидаги маълумотлар Бобурийлар ва Сафавийлар Эрони ва Афғонистоннинг XVI-XVII аср ўрталари тарихини ўрганишда қимматли материал ҳисобланади.

– Рашидхон Тунийнинг «Лато'иф ал-ахбор» асарида келтирилган ҳарбий тактика, стратегия, қурол-аслаҳа турлари ҳақидаги маълумотлар ўрта асрлардаги ҳарбий иш тарихи бўйича мутахассис олимлар – ҳиндшунос, афғоншунос тадқиқотчиларга олий ўқув юртлари учун қўлланма ва дарсликлар ишлаб чиқишда муҳим материал сифатида муҳим аҳамиятга эга.

– Сулоланинг асосчиси Бобурдан то Шоҳ Жаҳонгача бўлган давлат бошқаруви борасида аниқланган маълумотлар алоҳида илмий қийматга эга. Бобурийлар давлатини бошқариш, марказлаштириш ва тартибга келтиришда жорий этилган мансаб ва лавозимлар, марказда бўлгани сингари маҳаллий ҳудудларда ҳам ижобий таъсир кўрсатган.

– Бобурийлар ҳукмронлиги даврида яратилган, нафақат Бобурийлар давлати, балки Ўзбекистон, Эрон ва Афғонистоннинг сўнгги ўрта асрлар тарихини ўрганишда, шу билан бирга манбашунос олимларга тарихий каталоглар тузишда муҳим материал ҳисобланган кўпгина тарихий асарлар аниқланди.

Тадқиқотнинг илмий янгилиги аввало шундаки, Рашидхон Туний қаламига мансуб «Лато'иф ал-ахбор» асари манбашунослик нуқтаи назаридан биринчи маротаба комплекс тарзда ўрганилди. Ўндаги бой материаллар асосида Бобурийларнинг XVII аср ўрталари тарихи, Ҳинд-Эрон ва Ҳинд-Ўрта Осиё ўзаро алоқалари, шунингдек, ўрганилаётган даврда Бобурийларнинг ички давлат тузилиши тадқиқ этилди. Ундаги қимматли маълумотлар таҳлил этилиб, улар ўша даврдаги бошқа манбалардаги материаллар билан қиёсланди. Бунинг натижасида қуйидаги бир қатор янги маълумотлар илмий муомалага киритилди:

– Балх ва Бадахшон учун Бобурийларнинг Аштархонийлар билан олиб борган кураши (1646-1647 йй.), Балх ва Бадахшон ҳамда бошқа йирик шаҳарлардаги халқ чиқишларига оид янги маъумотлар;

– Бобурийлар ва Сафавийлар ўртасидаги Қандаҳор шаҳри ва вилояти учун олиб борилган 150 йиллик кураш тарихи;

– Қандаҳор учун Сафавийларга қарши Бобурий Шоҳ Жаҳоннинг Бобурийнинг охирги мувафаққиятсиз уч юриши ва унинг сабабларига доир маълумотлар;

– Бобурийлар давлатидаги мансаб, лавозим ва унвонлар ҳамда уларнинг эгалари, айрим амалдорларнинг таржимаи ҳолига оид маълумотлар.

Тадқиқот натижаларининг илмий-амалий аҳамияти. «Лато'иф ал-ахбор» асаридаги маълумотларнинг кенг илмий муомалага киритилиши натижасида Бобурийлар давлатининг XVII аср ўрталаридаги сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий тарихини тадқиқ қилиш учун илмий-тарихий маълумотлар базаси яратилади. Ундаги маълумотлар айниқса ҳарбий тарихни, Бобурийларнинг XVII аср ўрталарида Сафавийлар ва Аштархонийлар билан олиб борган ўзаро алоқаларини чуқурроқ ўрганишда муҳим аҳамият касб этади.

Тадқиқот натижаларидан Бобурийлар давлати ва Ўзбекистон тарихига оид илмий нашрларни амалга оширишда фойдаланиш мумкин. Шунингдек, ушбу асардан олинган маълумотлар ҳарбий тарих билан шуғулланувчи тарихчи-мутахассислар, ҳиндшунослар ва афғоншунослар ҳамда олий ўқув юртларининг тарих факультетлари талабалари учун муҳим материал бўлиб хизмат қилади.

Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Диссертациянинг асосий мазмуни диссертант томонидан эълон қилинган 8 та илмий мақола ва битта фиҳристда ўз ифодасини топган. Уларнинг рўйхати автореферат охирида келтирилган.

Натижаларнинг жорий қилиниши. Диссертация мавзуси бўйича ижтимоий фанлар соҳасидаги ёш олимлар Республика илмий-назарий конференциясида (Тошкент, 1982) маъруза қилинган. Тадқиқотнинг мазмуни ва хулосалари Тошкент Давлат Педагогика университети магистрантлари учун ўқилган «Тарихшунослик, манбашунослик ва тарихий тадқиқот усуллари» мавзусидаги махсус курсда (Тошкент, 2002 й.), ҳиндшуносларнинг Ўзбекистондаги биринчи конференциясида (Тошкент, ноябрь 2006 й.) ҳамда “Фихрист-и нусах-и хатти-йи форси-йи ганжина-йи институти-йи шарқшуноси-йи Абу Райҳон Беруний-Тошканд (Бахши аввал аз жилди аввал тарих)”. Зери назари А. Ўринбоев, С. Мужоний, Ш. Мусоев (Теҳрон, 1376/1997) номли каталогда ва 8 мақола баён қилинган.

Ишнинг синовдан ўтганлиги. Диссертация ЎзР ФА Шарқшунослик институтининг «Манбашунослик, шарқ қўлёзмаларини тавсифлаш ва каталоглаштириш», «Қўлёзмаларни сақлаш ва бирламчи ишлаш» ва «Марказий ва Жанубий Осиё халқлари муносабатлари» бўлимларининг қўшма йиғилишида (7.07.2004) ҳамда ЎзР ФА Шарқшунослик институти ҳузуридаги илмий семинар (17.11.2006), Низомий номидаги ТДПУ Тарих факультети қошидаги илмий семинар йиғилишларида (15.01.2007) ва Ўзбекистон Миллий университети Тарих факультети илмий семинарида (14.02.2007) муҳокама қилиниб, ҳимояга тавсия этилган.

Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми: Диссертация рус тилида ёзилган бўлиб, кириш, 3 боб, хулоса, 160 номдаги фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхатидан иборат ва ҳажми 160 бетни ташкил этади.

ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ

Кириш қисмида танланган мавзунинг долзарблиги, тадқиқотнинг ўрганилиш даражаси, даврий чегараси, мақсади ва вазифалари, назарий-услубий асослари, диссертациянинг илмий янгилиги, назарий ва амалий аҳамияти, таркибий тузилиши хусусида маълумотлар берилган.

«Рашидхон Туний ва унинг «Лато'иф ал-ахбор» асари» деб номланган биринчи боб тўртта параграфдан иборат. Унда шарқ қўлёзмалари каталогидан аниқланган, Бобурийларнинг XVI–XVII асрлардаги тарихига оид форс тилидаги асосий тарихий манбалар баён қилинган. Рашидхон Туний ҳаёти ва фаолияти ёритилиб, «Лато'иф ал-ахбор» асарининг қўлёзма нусхалари бўйича кодикологик тадқиқот ўтказилди ҳамда ўрганилаётган асарнинг тузилиши ва мазмуни таҳлил қилинди.

Бобнинг биринчи параграфида Бобурийлар давлатининг XVII аср биринчи ва иккинчи ярми тарихи ҳамда унга бағишланган қўлёзма асарлар, замонавий тадқиқотлар жалб этилган.

Бобурийлар ҳукмронлигининг XVII – XIX асрлар тарихи уч ҳукмдор – Нуриддин Муҳаммад Жаҳонгир (1605-1627/28), Шаҳобиддин Муҳаммад Шоҳ Жаҳон (1627/28-1657/58) ва Аврангзеб Оламгир (1657/58-1707) номлари билан боғлиқ. Ушбу давр бўйича кўпгина қимматли форс тилидаги манбалар мавжуд. Шарқ қўлёзмалари каталоги маълумотларига кўра, Жаҳонгир ҳукмронлиги даврида 22 та, Шоҳ Жаҳон даврида 39 ва Аврангзеб даврида 37 та тарихий асарлар яратилган. Улар жумласига Жаҳонгирнинг «Тузук-и Жаҳонгирий» (ХVII аср), Муҳаммад Солиҳ Канбунинг «Амал-и Солиҳ» (ХVII аср), ‘Абд ал-ҳамид Лоҳурийнинг «Подшоҳнома» (ХVII аср), Шоҳнавозхоннинг «Маосир ал-умаро» (ХVIII аср), Кевал Раманинг «Тазкират ал-умаро» (XVIII аср) каби машҳур йирик асарлари киради.

Кўрсатилган асарлар мазмунан бири иккинчисидан фарқ қилиб, баъзи ҳолларда бир-бирини тўлдиради ва у ёки бу воқеаларга турлича ёндошувларни акс эттиради. Уларнинг айримлари Европа, Ҳиндистон, Эрон ва Ўзбекистонда нашр қилинган . Ёзма манба ва мавжуд адабиётлар таҳлили шуни кўрсатадики, Бобурийларнинг XVII аср ўрталаридаги тарихига оид каттагина илмий асос яратилган бўлишига қарамай, Рашидхон Тунийнинг «Лато'иф ал-ахбор» асари каби кам ўрганилган қатор ёзма ёдгорликларни янада чуқурроқ тадқиқ қилиш лозим.

Биринчи бобнинг иккинчи параграфи «Лато'иф ал-ахбор» асарининг муаллифи Рашидхон Туний ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга бағишланган. У ҳақда бугунга қадар етиб келган маълумотлар қисқа ва юзаки бўлиб, автобиографик кўринишдаги айрим маълумотлар «Лато'иф ал-ахбор» асарида берилган бўлса-да, муаллиф ўз исмини кўрсатмайди ва деярли ҳеч қандай муҳим маълумотларни келтирмайди. Рашидхон Тунийга замондош ва анча кейинги давр тарихчилари у ҳақда янада кам маълумот беришган.

«Лато'иф ал-ахбор» орқали асар муаллифи Рашидхоннинг шаҳзода Доро Шукуҳ раҳбарлигида Қандаҳорни озод қилиш учун Сафавийларга қарши уюштирилган 1653 йилги юришнинг гувоҳи ва бевосита иштирокчиси бўлганлигини билиш мумкин. У Доро Шукуҳ ва Маҳобатхон саройида чопар (интендант) бўлган. Муаллиф ўзининг Тун (Эрон) шаҳридан, Тун қозилари оиласидан эканлигини маълум қилиб, қайд этилган юришнинг расмий тарихнависи бўлмагани ҳолда «... Қандаҳор воқеалари ҳақида ҳақиқатни билишга ошиқаётган Ҳиндистондаги дўстлар учун ҳақиқатни қандай бўлса, шундайлигича баён қилдим» дея таъкидлаган .

Қандаҳор юришидан қайтгач, Рашидхон Туний турли даражадаги давлат лавозимларини эгаллаган. Хусусан, у муншийбоши, Кобул ҳокимнинг ёрдамчиси, девон-и холиса-йи Оламгир, тахт вориси шаҳзода Доро Шукуҳнинг котиби, Ҳайдарободда дафтардор-и холиса (давлат ерларининг ҳисобини юритувчи масъул), Канпур фавждори, шунингдек, ҳафтсади (етти юзбоши) лавозимларида ишлаган ва «хон» унвонига сазовор бўлган. Рашидхон 1695 йил 80 ёшида Агра шаҳрида вафот этган.

Бобнинг учинчи параграфида «Лато'иф ал-ахбор» асарининг асл нусхаси ва фойдаланиш имкони мавжуд бўлган шарқ қўлёзмалар каталогидаги тавсифлар асосида манба қўлёзма нусхалари кодикологик жиҳатдан таҳлил қилинган. Хусусан, бизга маълум шарқ қўлёзмалари каталогида асарнинг 14 нусхаси қайд этилган. Улардан бештаси Британия музейида, иккитаси Лондондаги Индиана Офис кутубхонасида, иккитаси Париж Миллий кутубхонасида, Ўзбекистон, Эрон, Покистон, Ҳиндистон ва Россияда биттадан нусхалари сақланади. Асарнинг шарқ қўлёзмалари каталогларида қайд этилмаган битта нусхаси Афғонистон миллий музейида сақланади. Кўрсатилган нусхалар турли даврларда кўчирилган бўлиб, бир-биридан тўлиқлик даражаси, безатилиши ва кўчирувчининг дастхати билан фарқ қилади.

Хронологик тартибга кўра, бизга маълум бўлган қўлёзма нусхалар ичида ЎзР ФА ШИ қўлёзмалар фондида сақланаётган нусхаси (№5400) тўлиқ ва қадимийроқ ҳисобланади . Ушбу нусханинг қисқача тавсифи шарқ қўлёзмалари каталогининг V жилдида ва «Тарих»га бағишланган алоҳида каталогда келтирилган. Кўчириш вақти 1089/1678 (313а варақ) йил тугалланган бўлиб, хатнинг хусусиятига кўра у камида учта турли кўчирувчи томонидан амалга оширилган.

«Лато'иф ал-ахбор» асарининг комплекс таҳлили шуни кўрсатадики, ушбу асар нусхалари ўрта аср шарқ қўлёзма китобларининг намунаси сифатида тузилишига кўра соддалиги билан ажралиб туради. Ушбу асар асосан насталиқ ва шикаста насталиқ хатларига ўхшатиб ёзилган.

Ушбу бобнинг тўртинчи параграфида Рашидхон Тунийнинг муқаддима ва уч бобдан иборат бўлган «Лато'иф ал-ахбор» асарининг тузилиши ва мазмуни ёритилди.

Муқаддима (1б-5а варақлари) анъанавий ҳамду санолардан иборат бўлиб, муаллиф марҳум подшоҳ Жаҳонгир ва ҳукмронлик қилиб турган Шоҳ Жаҳонни ёдга олади ҳамда Сафавийлар шоҳи Аббос мирзонинг Қандаҳорга бостириб кириши, ушбу асарни ёзиш сабаблари ва унинг номланиши ҳақида маълумот беради.

Асарнинг биринчи боби (5а-21б) «Оғоз» – «Муқаддима», иккинчиси (21б-303б) «Намойиш» ва учинчиси (303б-313а) «Анжом» – «Хотима» деб номланган.

Муқаддимада («оғоз») XVII аср ўрталарида Аштархонийлар давлатидаги сиёсий вазият, 1646 йилда Бобурийлар қўшини томонидан Аштархонийлар қўл остида бўлган Балх ва Бадахшоннинг забт этилиши, бу ҳудудлардаги халқ чиқишлари, Қандаҳорнинг 1649 йилда Сафавийлар томонидан эгалланиши, Бобурийларнинг икки карра уюштирган муваффақиятсиз юриши (1649, 1952йй.), Доро Шукуҳ томонидан Қандаҳорни озод қилиш учун ташкил этган учинчи юриши билан боғлиқ тарихий воқеаларнинг батафсил тавсифи берилган. Катта илмий аҳамиятга эга бўлган ушбу маълумотлар бошқа манбаларда учрамаслиги билан ноёб ҳисобланади ва илк бор илмий муомалага тортилмоқда.

Муаллиф бу бўлимда Бобурийларнинг яхши қуролланган ҳарбий қўшини (қўшин сони, қуролларнинг тузилиши, ўқдори) ва ҳижрий 1063 йил рабби ул-аввал ойининг 24 кунида (мил. 1653 йил 24 март) Лаҳордан Қандаҳорга юборилган қўшин ҳақида маълумот бериб, қўшиннинг Шол ва Дадхар орқали ҳаракат йўналишини тасвирлаган.

Ҳижрий 1063 йил жумод II ойининг 10 куни (мил. 1653 йил 7 май) қўшиннинг авангард отряди Қандаҳорнинг жанубий чегарасига етиб келган. Саркардалар Қандаҳорни эгаллаш мақсадида қалъага ҳужум бошлаган. Рашидхон Туний ўз асарида Қандаҳор дарвозаси, арк, қалъа деворлари, бино гумбазлари ҳамда Нодиршоҳ даврида бутунлай вайрон қилинган ва кейинчалик номи ҳам унутилган Чилзина қалъасини тасвирлаган.

“Намойиш” деб номланган бўлим асарнинг асосий қисмини ташкил қилади. Муаллиф 5 ой давом этган Қандаҳор қамали давридаги ҳарбий воқеаларни кундалик шаклида батафсил баён қилган.

Рашидхон Туний маълумотларидан шуни англаш муминки, ҳарбий қўшин ва қарши томон ўртасида тўқнашув қамалнинг биринчи кунидан то сўнгги кунигача тез-тез такрорланиб турган. Қалъа мудофачиларининг кичик отрядлари гарчи бирор-бир натижага эришмаган бўлса-да, аммо қўққисдан ҳужум қилиш тактикасини қўллаш орқали зарбалар бериб, Бобурийлар қўшини мавқеига путур еказган. Сафавийлар айнан шундай тактикани қўллаш натижасида шаҳзода қўшини ва саркардаларида жанговар руҳни шакллантириб, рақиб қўшинини кучсизлантиришга ва Доро Шукуҳ армияси устидан устунликка эришишга муваффақ бўлган.

Қандаҳор учун бўлган жанг жуда мураккаб кечган. Қандаҳор мудофасининг асосий калити ҳисобланган Чилзина қалъаси тоғнинг шимолий томонидаги тик қоятошдан 1-2 (куруҳ) пастдаги тепаликда жойлашган эди . Шу сабабли уни эгаллаш вақтида Қандаҳор ҳимоясиз қолган. Бироқ, Бобурийлар томонидан бир неча бор уюштирилган ҳужумлар амалда ҳеч қандай натижа бермаган.

Қалъага яқинлашиш мақсадида қалъа атрофига ҳамда девор остига ичкаридан ёғиладиган замбарак, милтиқ ва камон ўқларидан ҳимоя қиладиган ёпиқ ва очиқ ҳандақлар қазилган. Девор остига ҳандақ қазиш ишлари август ойига бориб якунланган. Шу давр мобайнида қўшин киритиш ҳамда у орқали ҳужум қилиш мақсадида қалъа деворлари тагидан ер ости йўллари қазилган ва деворларнинг шу қисмларини портлатиш режалаштирилган. Бир вақтнинг ўзида ҳарбий иншоотлар, яъни кузатув пунктлари, ҳимоя деворлари барпо этилган. Қалъа деворларидан унча узоқда бўлмаган жойга қурилган бу истеҳкомларнинг барчаси Сафавийлар томонидан барбод қилинган.

Лаҳордан 4 ой аввал юборилган 12 та замбарак августгача бирин- кетин етиб келган. Замбаракларнинг етиб келиши шаҳзода қўшинининг бир мунча устунлигини таъминлаган.

Шаввол ойининг 29 куни (29 август) асосий ҳужум куни деб белгиланган. Шу куни қарши курашувчи томоннинг барча мавжуд кучлари ҳаракатга келтирилган. Сафавийлар томонидан қалъадан тўғридан-тўғри отилаётган тўпларнинг кучли овози жангчи филлар, отлиқ ва пиёдаларни қочишга мажбур қилган. Бобурийлар қўшини саркардалари ўртасидаги келишмовчилик ва қатъиятсизлик уларнинг қўшинни йўқотишига сабаб бўлган. Рашидхон жангни тасвирлаш вақтида жангчиларнинг жасорати ва Доро Шукуҳ атрофидаги айрим саркардаларнинг шармандали ҳаракатларига батафсил тўхтаб ўтган. Муваффақиятсиз тугалланган ҳужумдан сўнг Доро қўшинининг жанговар руҳи ва кайфияти синган. Бироқ, муаллифнинг ёзишича, қайта ҳужумга тайёргарлик бошланиб, зулқаъда ойининг 4 куни (27 сентябрь) қайта ҳужум куни этиб белгиланган. Зарур ҳарбий истеҳкомларни қуриш ишлари бошланган. Бироқ, Сафавийлар Бобурийлар қўшинининг барча уринишларини пучга чиқаришган. Кундан-кун Бобурийлар қўшинини қийин аҳволга солиб қўйган барча оғирликлар - қишнинг яқинлашиши, ўтиш йўлларининг беркилиб қолиши, озиқ-овқат ва қурол-аслаҳаларнинг етишмовчилиги ҳинд аскарлари учун ўлимга тенг эди. Буларнинг барчаси Доро Шукуҳнинг 8 октябрда қалъа мудофаси қамалини бартараф қилишга буйруқ беришига сабаб бўлган.

“Хулоса” (“Анджом”). Ушбу бўлимда муаллиф шаҳзода қўшнининг Қандаҳордан Мўлтонга қайтиш йўлини тасвирлаган. У қўшин бошидан кечирган қийинчилик ва азобларни баён қилган. Муаллифнинг ёзишича, бу қонли ва мантиқсиз жангда Бобурийлар 75 минг аскар, катта миқдорда от, қурол-аслаҳа ҳамда ҳарбий техникасини йўқотган. Юз лак (ўн миллион рупий) маблағ сарф қилиниб, ҳеч қандай натижага эришмаган. Муаллиф Сафавийлар кўрган талафот хусусида маълумот келтирмаган.

Бу узоқ вақтлардан бери Бобурийлар давлати таркибида бўлган Қандаҳорни эгаллаш учун қилинган сўнгги ҳаракат эди. 1657-1658 йилда тахтга Аврангзеб келган. У ички муаммоларни ҳал қилиш билан банд бўлган ва отаси ҳамда бобоси Бобур даврида йўқотилган ҳудудларни қайтаришга ҳаракат қилмаган.

Иккинчи боб - “XVII асрда Бобурийлар давлати ва унинг тарихининг “Лато'иф ал-ахбор” ва бошқа қўлёзмаларда ёритилиши” – уч параграфдан иборат. Ушбу бобда Бобурийлар ва Сафавийлар ўртасидаги савдо-иқтисодий, ҳарбий-стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд ҳисобланган Қандаҳор учун кураши ва уларнинг ўзаро алоқалари, шунингдек, Бобурийларнинг Аштархонийлар билан муносабати ҳамда Кўҳистондаги сиёсий воқеалар “Лато'иф ал-ахбор” асари ва бошқа манбалардаги маълумотлар асосида биринчи маротаба таҳлил этилган.

Биринчи параграф “Шоҳ Жаҳон ҳукмронлигигача бўлган Бобурийлар давлати. Қандаҳор атрофидаги сиёсий воқеалар” деб номланган. Асрлар давомида давлатлар ўртасидаги ресурсларга бой ҳудудларни эгаллаш учун қаттиқ кураш кетган. Кўрилаётган даврда ана шундай ҳудудлардан бири Қандаҳор вилояти ҳисобланган. Бир томондан у ўзининг ресурсларга бойлиги билан ажралиб турса, иккинчи томондан савдо-иқтисодий ва ҳарбий-стратегик жиҳатдан муҳим ҳудуд бўлган.

Бобур 1504-1505 йилда Кобулда ўз ҳокимиятини ўрнатгач, Қандаҳорнинг савдо-иқтисодий ва ҳарбий-стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятини англаган ҳолда Султон Ҳусайн Мирзо ҳокимияти остида бўлган бу шаҳарни 1512 йилда эгалаб олган. Лекин, тез орада Қандаҳор Шайбонийхон (1500-1510) томонидан эгалланган. Бироқ, Мовароуннаҳрдаги ички тартибсизлик унинг шаҳарни қолдиришига сабаб бўлган. Бобурнинг вазиятдан фойдаланиб Қандаҳорга қилган бир неча бор юришлари (1519, 1520, 1522 йиллар) натижасида шаҳар бутунлай унинг давлати таркибига киритилган.

Бобур вафотидан сўнг у асос солган давлатга унинг авлодлари Ҳумоюн (1530-1542, иккинчи маротаба 1555-1556 йиллар.), Акбар (1556-1605 й.), Жаҳонгир ва Шоҳ Жаҳон бошқарган.

Иккинчи параграф Бобурийлар ва Сафавийлар ўртасидаги алоқаларга бағишланган. Бу қисмда Бобурийлар ва Сафавийлар ўртасидаги ўзаро алоқалар, шунингдек, Қандаҳорни эгаллаш учун бўлган кураш кўрилган ва таҳлил қилинган.

Бобур вафотидан сўнг Қандаҳор икки давлат ўртасидаги узоқ йиллик кураш майдонига айланган. Юқорида таъкидланганидек, бу ҳудуднинг иқтисодий-стратегик аҳамияти қарама-қаршиликнинг муҳим сабаби бўлган. Қандаҳорнинг умумий даромади олти курур рупийни (бир курур ўн миллион рупийга тенг бўлса, бу олтмиш миллион рупяга тўғри келади) ташкил қилган. Қандаҳор ер ости қазилмаларга бой бўлган. У ердан олтин, мармар ва темир қазиб олинган. Ҳиндистондан Эрон, Хуросон ва Марказий Осиёга, шунингдек, Хитойга элтувчи карвон йўли Қандаҳор орқали ўтган.

Шаҳарнинг ҳарбий-стратегик жиҳатдан аҳамияти шундан иборат эдики, Қандаҳор қўшни давлатларнини Ҳиндистонга кирувчи дарвозаси ҳисобланган.

Қандаҳор учун жанг Бобурнинг авлодлари ҳукмронлиги даврида, яъни Ҳумоюндан то Шоҳ Жаҳонгача давом этган. Шаҳар ва вилоят бир неча бор гоҳ Бобурийлар, гоҳида Сафавийлар қўлига ўтган. Шундай қилиб Қандаҳор учун жанг маълум бир танаффуслар билан деярли 150 йил давом этган. Савдо-иқтисодий ва ҳарбий-стратегик жиҳатдан муҳим шаҳар ва вилоят бўлган Қандаҳорни қарама-қарши томонларнинг ҳеч бири қўлдан чиқаришни хоҳламаган. Қандаҳорнинг бу мавқеи XVI-XVII асрларда Бобурийлар ва Сафавийлар ўртасидаги ўзаро алоқаларнинг ёмонлашувига асосий сабаб бўлган.

Учинчи параграфда “Бобурийларнинг Аштархонийлар билан ўзаро алоқалари” “Латоиф ал-ахбор” ва бошқа асарлардаги маълумотларни қиёсий солиштириш асосида ўрганилаётган даврда икки сулола ҳукмдорлари ўртасидаги давлатлараро муносабатларнинг характери очиб берилган, шунингдек, Роушани фаолияти билан боғлиқ Кўҳистонда XVI-XVII асрларда юз берган воқеалар баён қилинган.

Кўҳистондаги сиёсий воқеалар. XVI асрда Боязид Ансорий бошчилигидаги афғон қабиласи маҳаллий ҳукмдорлар, хон, уламолар томонидан уларнинг динларига барҳам берилиши ва ерларининг тортиб олинишига қарши бош кўтаришган. Бу ҳаракат “Роушани”, яъни “ёруғлик” номи билан машҳурдир (1542-1638). Исёнчилар Кобул ва Ғазна вилоятининг жанубий қисми, Хайбарга киришдан то Терах районигача бўлган ҳудудни ўз назоратига олган. Исёнчилар билан бўлган кураш, вақти вақти билан қўлга киритилган муваффақиятлар билан Акбар, Жаҳонгир ва Шоҳ Жаҳон ҳукмронлиги йилларида олиб борилган. Исёнчилар билан юзага келган келишмовчиликни тинч йўл билан бостириш имкони топилмагач, Бобурийлар хатто исёнчиларнинг айрим раҳбарларини унвон ва мансаб бериш йўли билан сотиб олиш усулларидан фойдаланишган. Ушбу сиёсат ўз натижасини берган. Роушанийлар билан 1637 йилда Кобул ҳудудида бўлган сўнгги жангда исёнчилар қўшини бутунлай тор-мор қилинган.

Балх ва Бадахшонддаги сиёсий воқеалар - ушбу параграфда Бобурийларнинг Аштархонийлар билан ўзаро муносабати борасидаги айрим маълумотлар, жумладан, 1627-1628 йилларда Нодирмуҳаммадхоннинг Бобурийлар қўл остидаги ҳудудларга қилган юриши натижасида бир нечта вилоятларнинг, жумладан Кобул қалъасининг вайрон бўлганлиги тўғрисидаги воқеалар баён қилинган.

Кобулга қилинган бу юришни ҳисобга олмаганда, Шоҳ Жаҳон ва Нодирмуҳаммадхон ўртасидаги ўзаро дўстона муносабат сақланиб қолган. Элчилик алмашинуви, ҳадя ва хатлар бу ҳақда гувоҳлик беради.

Шоҳ Жаҳон Балх билан дўстона муносабатни қўллаб-қувватлаш билан бир вақтнинг ўзида, унинг ҳокими Кобул ва мамлакатнинг бошқа шаҳарларга ҳужум қилиши мумкинлигини унутмаганди. У Балх ва Бадахшонга ўз аждодларининг мулки сифатида аллақачон даъво қилган ва бу вилоятларни қўлга киритишнинг қулай йўлини изларди. Бу вақтда Балхда ва бошқа кўпгина ерларда Нодирмуҳаммадхонга қарши қўзғолонлар бошланганди. Ўз ҳолатидан келиб чиқиб, Нодирмуҳаммадхон ҳарбий жиҳатдан ёрдам сўраб Шоҳ Жаҳонга элчи юборган” . Шу сабабли Шоҳ Жаҳон қўшин жўнатган. Ҳинд қўшинлари аввал Бадахшонни, сўнг Қундуз ва Балхни ишғол қилган. Нодирмуҳаммад ўз ҳаётини сақлаб қолиш учун аслида ёрдам бериш учун келаётган қўшиндан Сафавийлар ёнига қочган. “Лато'иф ал-ахбор”да Нодирмуҳаммаднинг қочиши ҳақида қуйидагича сўз юритилган: “У (Нодирмуҳаммад) дўстдан душманни ажрата олмади, кучли қўрқувдан тахт ва мамлакатни ташлаб Эронга кетди” . Бобурийлар фақатгина икки йил давомида Балх ва Бадахшонни бошқарган. Улар ҳам бу вилоятларни бўйсундира олмаган. “Лато'иф ал-ахбор”да ёзилишича, охир оқибат Шоҳ Жаҳон 1647 йил Балхни Нодирмуҳаммадхонни вакилига топширган, ҳинд қўшинлари эса Балхни тарк этган.

Диссертациянинг учинчи боби – “Лато'иф ал-ахбор” ва бошқа манбаларда Бобурийлар давлат бошқарув тизимига бағишланган. Ушбу бобда Бобурдан Шоҳ Жаҳонгача бўлган даврда Бобурийлар давлатидаги ҳарбий ва маъмурий фуқоролик тизимдаги олий мансаб ва унвонлар биринчи марта тадқиқ этилган. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, “Лато'иф ал-ахбор” асари муаллифи Жаҳонгир ва Шоҳ Жаҳон ҳукмронлиги йилларида яшаган бўлса-да, унда Бобурдан Акбаргача бўлган даврлардаги мансаб ва ласозимларга доир маълумотлар етарли берилмаган. Бироқ, Бобурийлар давлати бошқарув тизими асар мазмунининг асосини ташкил қилади ва бу ҳақда биз батафсил тўхташни мақсадга мувофиқ деб билдик.

Тадқиқотнинг биринчи параграфда Бобурдан Шоҳ Жаҳонгача бўлган даврда Бобурийлар давлати бошқарув аппарати (ҳарбий маъмурият) ёритилган. Ўзининг Ҳиндистонни тўрт йиллик бошқаруви даврида (1526-1530) Бобур мамлакат маъмурий бошқарув тизимида сезиларли бир ўзгариш қилишга улгурмаган.

Бобур ўз маъмурий бошқарув тизимини қуйидагича тузганди: ҳарбий хазиначи (бахши), қабила оқсоқоли, отбоқарлар бошлиғи (мирохўр), қишлоқлардан солиқ йиғувчи (пиёда), қалъа коменданти, шаҳар хавфсизлиги бўйича комендант (қутвол), котиб (мунши), тунги қўриқчилар бошлиғи, тунги соқчи (‘асас) ва бошқалар.

Ўз амрига кўра у 933/1527 йилда айрим лавозим ва унвонлар жорий этган: муқарраб ал-ҳазрат ас-султони (ҳазрат султонга яқин) – ҳукмдорнинг ишончли вакили (бош вазирга тенг) ва бошқалар.

Ҳумоюн даврида бошқарув аппрати. Ҳумоюн мамлакат бошқарув тизимини барпо этар экан, у барча мансабларни уч гуруҳга ажратган. Биринчи гуруҳга “давлат одамлари” (“аҳли давлат”), яъни ҳарбийлар ва амалдорлар кирган. Иккинчи гуруҳ “саодат одамлари” (“аҳли саодат”) – уламолар, шайхлар, олимлардан иборат бўлган. Учинчи гуруҳ “истак одамлари” (“аҳли мурод”), яъни қўшиқчилар, раққослар, шоирлар ва давлат гвардиясидан иборат бўлган. Ҳумоюн мамлакат бошқарувининг тўртинчи поғонасини олов, ҳаво, сув ва ер сифатида гуруҳлаштирган. “Олов муассаса”си ҳарбий соҳани бошқарган. “Ҳаво муассаса”сига сарой ишлари тақсимланган. “Сув муассаса”си суғориш ва саройдаги шароб захираларини назорат қилган. “Ер муассасаси” солиқ йиғиш, ер бошқаруви ва жамоатчилик ишларини ташкиллаштириш билан шуғулланган. Феодаллар ўртасидаги ички келишмовчиликлар туфайли унинг давлатни қайта қуриш режаси якунланмай қолган.

Акбар давридаги бошқарув аппарати (мансаблар тизими). Акбар 1574 йил бошларида ўз давлатини тартибга солиш бўйича ислоҳат ўтказган. Жумладан, давлат аппаратида, ҳарбий солиқ сиёсатида, диний соҳада ҳамда ўлчов тартибида ислоҳотлар ўтказган. У унвон ва даражалар, лавозим ва мансаблар таркибида жиддий босқичли тизимни – “Айни мансабдори” (“Мансаблар тизими”) жорий этган.

Акбар қўшин ва давлат аппаратидаги барча лавозимларни 66 мансабга бўлган. Энг юқори мансаб “даҳхезор” – “ўнминглик”, энг қуйиси “даҳи” – “ўнлик” ҳисобланган. “Бешминглик”дан юқори бўлган мансаблар шаҳзода томонидан тайинланган.

Акбар ҳарбий саркардаларнинг турли найранглари ва ўз мансабини суистеъмол қилишини ҳисобга олиб, 1601 йилда мансаблар тизимига “савор” номли янги “зот” босқични киритган.

Жаҳонгир давридаги ҳарбий аппарат. Жаҳонгир даврида мансаблар таркибига деярли ўзгариш киритилмаган бўлса-да, “дуасп” (икки от), “сеасп” (уч от) каби янги даражалар киритилиш билан янада мураккаблаштирилган. Олий мансаб эгалари учун яна “асп” унвони қўшилган. Энди тўлиқ мансаб Маҳобатхон ҳафтҳезори – ҳафт ҳезор зот шеш ҳезор савор – дуасп – сеасп (Маҳобатхон еттиминглик – етти минг зот-олти минг отлиқлар саркардаси, икки от – уч от) . Уч унвоннинг барчаси фахрий нишон бўла олган.

Шоҳ Жаҳон даврида ҳарбий аппарат. Шоҳ Жаҳон даврида мансаблар таркиби қайта ташкил қилинган. Шоҳ Жаҳон томонидан амалга оширилган кўпсонли ҳарбий юришлар натижасида унинг бошқарувининг иккинчи, учинчи ўн йилликларида ҳарбий мансаблар сони ортиб, улар кўплаб лавозим ва унвонларни эгаллаган. “Латоиф ал-ахбор” асаридаги маълумотларга кўра, бешмингликдан юқори бўлган “буюк амир”лар “зот” – савор – дуасп – сеасп унвонига эга бўлишган, мингликдан тўртмингликкача бўлганлар эса “зот” унвонига эга бўлиша олмаган. Мингликкача бўлган мансабдорларга фақатгина “савор” унвони берилган.

Иккинчи параграфда “Бобурийлар давлатининг маъмурий бошқаруви” – Акбардан то Шоҳ Жаҳонгача бўлган даврда марказий ва фуқоролик маъмурий бошқарувининг тузилиши тадқиқ этилган. Акбар ва унинг авлодлари Жаҳонгир ҳамда Шоҳ Жаҳон даврида марказий бошқарув энг олий мансабларни ҳисобга олмаганда бешта асосий мансабдан иборат бўлган: 1. вакил, 2. девон, 3. мир бахши, 4. мир саман, 5. садр ас-судур.

Вакил – подшоҳнинг маслаҳатчиси ҳисобланган. Вакил подшоҳнинг барча масалаларни ҳал қилиш ҳуқуқига эга ишончли кишиси бўлиб, подшоҳ унга қанча ваколат берса, шунча имкониятга эга бўлган. Акбардан Шоҳ Жаҳонгача бўлган даврда “вакил” лавозимини 5 киши эгаллаган. Вакиллар “жумдот ул-мулк” (“барча мулклар вакили”), “вазири мутлақ” (“мутлақ вазир”) фахрий унвонларига эга бўлган. 1642 йил Шоҳ Жаҳон ҳукмронлиги йилларида вакил лавозими бекор қилинган.

Девон – ҳокимиятни бошқарувчи бош вазир ҳисобланган. Девон мансабида ўтирган шахс бутун молиявий ва солиқ бўйича масалаларни назорат қилган. Акбар даврида девон лавозимига 9 киши ўтирган. Уларнинг ичида ушбу лавозимга қайта тайинланганлар бўлган.

Мирбахши – қўшин ҳазинабони, бош ҳарбий ҳазинабон. Унинг ваколатига жагирлар берилишини назорат қилиш, аскарлар ва қуроллар сонини текшириш вазифалари кирган. Мирбахши урушлар вақтида ҳарбий саркардаларнинг жангдан олдин ва кейинги позициясини аниқлаш, қўлга киритилган қимматбаҳо ўлжаларни подшоҳ хазинасига келтириш ҳамда ҳарбий саркардаларни тақдирлаш ва унвонларини кўтариш ёки тушириш бўйича маслаҳатлар берган.

Мирсаман – саройнинг бош интенданти, сарой вазири. Мирсаман мансаби ваколатига саройдаги мулкларни тартибга солишдан ташқари, шаҳзода, шайхлар, ҳукмдорлар, йирик давлат аъёнлари вафот қилган, шаҳар, қалъа, мавзолейларни қуриш ишларини назорат қилиш ҳам кирган, шуниндек, давлат хазинаси ҳам унга бўйсунган.

Садр ас-судур – диний ва суд ишлари бошлиғи. Бу мансаб Акбар томонидан 1577-1578 йилларда жорий этилган. Унинг вазифаси доирасига суд ишларини назорат қилиш ва қозиларни тайинлаш ҳамда қозилик судлари ерларини ва уларнинг молиявий жиҳатларини назорат қилиш кирган. Садр ус-судур турли даврларда турлича аталган, масалан, Садри кулл (ҳамманинг бошлиғи), Садри қози (қозилар бошлиғи). Шоҳ Жаҳон ушбу лавозимни Садр ус-судури Ҳиндстон (Ҳиндистоннинг суд ва диний ишлари бошқармаси бошлиғи), Мири одил (адолат пешвоси) деб атаган.

Садр ус-судурлар давлат қонунчилик тизимини назорат қилиб, шариат қонунларидан келиб чиқиб баҳсли масалалар бўйича фатволар чиқарган.

Ушбу беш юқори мансабдан ташқари яна давлат бошқарувида муҳим аҳамиятга молик бўлган бир қатор лавозимлар ҳам бўлган. Улардан биринчиси “доруғайи ғусулхона”, яъни хоннинг шахсий котиби, иккинчиси “арзи мукаррар” – подшоҳ буйруқларини кўриб чиқувчи ва уни тасдиқлаш учун ҳукмдорга сўнгги нусхасини кўрсатиш ишлари билан шуғулланувчи, учинчиси – “доруғайи дакчаукий”, жосуслик бошқармаси, тўртинчиси – “мири арз”, тушган шикоят ва аризаларга ҳужжатлар тайёрлаган.

Вилоятларни бошқарув ишлари марказ билан боғлиқ бўлган. Вилоятлар бошқарувини “субадор”лар амалга оширган.

Акбар даврида мансаблар тизими – давлат бошқарув аппарати ўзининг энг юқори даражасига кўтарилган. Акбар даврида жорий этилган бу тизим, айрим ўзгаришлар - қисқартириш ва қўшимчалар киритишлар билан бирга то Бобурийлар давлати инқирозигача, яъни XIX аср ўрталаригача сақлаб қолинган.

ХУЛОСА

Рашидхон Тунийнинг “Лато'иф ал-ахбор” асари ва бошқа илмий адабиётларни ўрганиш асосида XVII аср иккинчи ярмида Бобурийлар давлати тарихи бўйича қуйидаги назарий хулосаларга келинди:

1. Тарихнинг ўрганилаётган даври? яъни Бобурдан Шоҳ Жаҳон ҳукмронлигигача бўлган вақтда мамлакатда тўқсондан ортиқ форс тилидаги ноёб асарлар, жумладан муаллифи Рашидхон Туний бўлган “Латоиф ал-ахбор” асари яратилган. Ушбу манбаларнинг аксарияти Бобурийлар давлатида содир бўлган воқеларга нисбатан турли қарашлари билан бир биридан фарқ қилиб, уларнинг кўпчилиги ҳали ўрганилмаган.

2. Рашидхон Туний унча юқори бўлмаган лавозимни бажарувчи зиёли шахс бўлган. У ушбу асарни ҳарбий юришларнинг иштирокчиси ва гувоҳи сифатида ўз ҳохишига кўра ёзган.

3. Шарқ қўлёзмалар каталогида ёзилганидек, асарнинг ўн тўрт нусхаси бизгача етиб келган. Каталогга киритилмаган ўн бешинчи нусхаси Афғонистондаги Миллий музейда сақланмоқда. Шарқшунослик институтида (ЎзР ФА) сақланаётган қўлёзма энг тўлиқ ва мукаммал нусха ҳисобланади.

4. Маълум бўлишича, “Латоиф ал-ахбор” асари ўзида асосан Бобурийлар давлатининг ҳарбий тарихи бўйича қимматли ва турли туман фактик материалларни, Шоҳ Жаҳоннинг Аштархонийлар ва Сафавийлар билан муносабатига оид ҳамда Бобурийлар ва унга қўшни бўлган давлатларнинг XVII асрдаги тарихига доир маълумотларни ўзида жамлаган. “Латоиф ал-ахбор” асарида келтирилган Шоҳ Жаҳоннинг Балх ва Бадахшонга юриши ва у ер аҳолисининг исёни хусусидаги маълумотлар муҳим илмий аҳамиятга эгадир.

5. Бобурийлар ва Сафавийларнинг савдо-иқтисодий ва ҳарбий-стратегик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган Қандаҳор учун кураши бугунги кунгача тадқиқотчилар эътиборидан четда қолганди. Хусусан, амалга оширилган тадқиқотларда Шоҳ Жаҳоннинг 1649 ва 1652 йилларда Қандаҳорга қилган ҳарбий юришлари ҳақида ҳеч қандай фикр билдирилмаган. Фақатгина айрим тадқиқотчилар ўз ишларида Қандаҳорга қилинган учинчи юриш борасида сўз юритган.

6. “Лато'иф ал-ахбор” асарида эса муаллиф айнан ана шу учинчи юришни батафсил тасвирлаш билан бирга жанг мобайнида қўлланилган қурол-аслаҳалар, ҳарбий-инженерлик қурилмалари, жанг олиб бориш усуллари ва бошқаларга оид турли хил маълумотлар берган. Рашидхон Тунийнинг Бобурийлар қўшинининг Шол ва Додхор орқали амалга оширган ҳарбий юришини баён қилиш жараёнида тилга олган шаҳар ва қишлоқ номлари, йўллар, қалъа, дарё ва тоғлар ва у ерда яшовчи афғон қабилалари тўғрисидаги маълумотлари тарихий-географик жиҳатдан катта қизиқиш уйғотади. Муаллиф 1647-1648 йиллар, Нодирмуҳаммадхон давригача мавжуд бўлган, аммо кейин унутилган қалъа ва қалъа дарвозалари (Мошури, Хожайи Хизир, Войс Карн, Чилзина, арк ва гумбазлар) тўғрисида маълумот берган. Шуниндек, “Латоиф ал-ахбор”да “куруҳ” – узунлик ўлчови, “асар” – оғирлик ўлчови, “пеҳр (паҳр)” – кун ва туннинг бир қисми, “лак” – юз минг каби кўплаб терминлар учрайди.

7. “Лато'иф ал-ахбор”да Шоҳ Жаҳон қўшинининг бошқарув таркиби ҳақида қимматли маълумотлар мавжуд. Муаллиф “девони кулл”, “мирбахши” каби ва Қандаҳор жангидаги юқори ҳарбий лавозимларни тилга олган.

8. Бобурдан Шоҳ Жаҳонгача бўлган даврда Бобурийлар ва Сафавийлар ўртасидаги Қандаҳор учун бўлган кураш тарихи ўрганилди. Қандаҳорнинг ҳақиқатдан ҳам захираларга бой бўлганлиги очиб берилган. У ердан олтин ва темир қазиб олинган ва қишлоқ хўжалик экинлари етиштирилган. Вилоятда отлар ҳам парвариш қилиниб, улар Бобурийларнинг асосий қўшинини от билан таъминлаган. Шу сабабли ҳам Бобурийлар ва Сафавийлар ўртасидаги Қандаҳор учун жанг танаффуслар билан 150 йил давом этган.

9. Бобурдан Шоҳ Жаҳонгача бўлган даврдаги Бобурийлар давлатининг ҳарбий ва маъмурий бошқарув тизими диссертация доирасида биринчи маротаба тадқиқ этилди. Бобур ўзининг қисқа вақтли ҳукмронлиги даврида давлат бошқарув тизимига бир қатор мансабларни киритишга улгурган. Унинг мамлакат бошқарувини қайта ташкил қилиш борасидаги режаси унинг вафоти муносабати билан тугалланмай қолган. Унинг вориси Ҳумоюн ҳам ўзининг маъмурий бошқарув тизимини жорий қилишга уринган. Бироқ, феодаллар ва юқори табақа вакиллари ўртасидаги келишмовчилик унинг бу борадаги ислоҳатини якунлашга имкон бермаган.

10. Акбар ўз ислоҳотини “мансабдорлар тизими” деб номлаган. Ушбу ислоҳот туфайли барча ҳарбийлар ўнликдан мингликкача бўлган мансаб ва унвонларни олган. Бундан ташқари у жамият бошқарувига асосий беш мансабни киритган: вакил, девон, мирбахши, мир саман, садри ас-судур. Ҳар бир мансаб ўзининг аниқ бир вазифасига эга бўлган. Акбар томонидан жорий этилган мансаблар тизими бир қатор ўзгаришлар ва қўшимчалар киритилиши билан Бобурийлар давлати инқирози, яъни XIX аср биринчи ярмигача фаолият кўрсатган.

Шундай қилиб, Рашидхон Тунийнинг “Лато'иф ал-ахбор” асари Бобурийлар давлатининг XVII аср ўрталаридаги тарихини, айниқса ҳарбий тарихини ўрганишда қимматли манба эканлиги бизга маълум бўлди. “Лато'иф ал-ахбор” асаридан Бобурийлар давлати, Марказий Осиё, Афғонистон ва Сафавийларнинг XVII асрдаги тарихи билан шуғулланувчи тадқиқотчиларнинг кенг доираси учун керакли маълумотлар аниқланиб, илмий муомалага киритилди.

Амалга оширилган тадқиқот асосида диссертант томонидан қуйидаги амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

- Рашидхон Тунийнинг “Лато'иф ал-ахбор” асаридаги маълумотларни кенг илмий муомалага киритиш мақсадида асарнинг илмий изоҳлар билан бирга танқидий матнини ўзбек ёки рус тилида тайёрлаш ва нашр этиш;

- “Лато'иф ал-ахбор” асаридаги маълумотлар асосида Ўзбекистондаги ҳарбий кафедралар қошида олий ўқув юртлари учун Бобурийларнинг Сафавийлар ва Аштархонийлар билан олиб борган кураш тарихи, қўшиннинг ҳарбий тактикаси ва стратегияси бўйича ўқув курс лекцияларини тайёрлаш;

- Дунёнинг турли мамлакатларидаги қўлёзмалар фондида сақланаётган, Ўзбекистон тарихига оид маълумотларни жамлаган форс тилидаги манбаларни тўплаб, уларнинг микрофильм кўринишидаги нусхаларини республика қўлёзмалар каталогига киритиш.

Диссертация бўйича нашр қилинган ишлар

1. Мусаев Ш. Важный исторический источник // Республиканская научно-теоретическая конференция молодых ученых и специалистов по общественным наукам. (2–3 марта 1982 года). Тез. докл. – Т., 1982 – С.123-125.

2. Мусаев Ш. Ҳинд-Эрон муносабатлари ва Қандаҳор тақдири // Шарқшунослик (ЎзР ФА ШИ) – Т., 1992.– №3. – Б. 107–114.

3. Мусаев Ш. Бобурийлар давлатидаги амал, мансаб, унвонлар ва уларга эришган шахслар // Шарқшунослик. (ЎзР ФА ШИ) – Т., 1993. – № 4. – Б. 109–116.

4. Мусаев Ш. Афғонистонда Бобурийлар қурган маданий ёдгорликлар // Шарқшунослик. (ЎзР ФА ШИ) – Т., 1994. – №5. – Б. 71–78.

5. Мусаев Ш. Бобурийлар давлатининг таниқли кишилари // Шарқшунослик (ЎзР ФА ШИ) – Т., 1995. – №6. – Б. 148–152.

6. Мусаев Ш. Шоҳ Жаҳон салтанатида яратилган тарихий манбалар // Шарқшунослик (ЎзР ФА ШИ) – Т., 1996. – №7. – Б. 123–132.

7. Урунбаев А., Муджани С., Мусоев Ш. Фехрест-и насах-и хатти-йи фарси-йи ганжина-йи институ-йи шарқшунаси-йи Абу Райҳон Берунй Тошканд (Бахш-и аввал аз жилд-и аввал-тарих). – Теҳрон, 1376/1997.–Б. 96–97 (форс тилида).

8. Мусаев Ш. Акбаршоҳ ҳукмронлиги даврида яратилган тарихий манбалар // Шарқшунослик (ЎзР ФА ШИ) – Т., 1999.– №9. – Б. 80 – 89.

9. Мусаев Ш. Источники по истории Бабуридов и их значение в изучении истории Узбекистана // Тарихий манбашуносликнинг долзарб муаммолари. (Илмий-амалий анжуман материаллари). ТДПУ – Т., 2001. – Б. 57– 60.

Тарих фанлари номзоди илмий даражасига талабгор Мусоев Шониёзнинг 07.00.08 – Тарихий манбашунослик ихтисослиги бўйича ««Лато'иф ал-ахбор» Бобурийлар давлати тарихига оид муҳим манба» (ХVII аср ўрталари)» мавзусидаги диссертациясининг

РЕЗЮМЕСИ

Таянч сўзлар: Аштархоний, амал ва мансаблар, арк, Бобурий, дарвоза, Лато'иф ал-ахбор, манбашунослик, Рашидхон Туний, саркарда, тўплар, ёзма манба, қўлёзма, қабила, қалъа, қурол-аслаҳа, Сафавий, Қандаҳор, Чилзина,

Тадқиқот объекти: Бобурийлар давлати тарихи буйича муҳим манба ҳисобланган «Латоиф ал-ахбор» асарини ўрганиш ва ундаги маълумотларни таҳлил этиш.

Ишнинг мақсади: Рашидхон Тунийнинг «Латоиф ал-ахбор» асарини манбашунослик нуқтаи назаридан комплекс тарзда ўрганиб, XVII асрга оид бошқа манбалардаги маълумотлар билан солиштирган ҳолда Бобурийлар давлати тарихи ва бошқарув тизимини тадқиқ этиш.

Тадқиқот усули: мавзуни ўрганишда комплекс – манбашунослик, матншунослик, тарихий ва мантиқий таҳлил ҳамда замонавий илмий тадқиқот усулларидан фойдаланилди.

Олинган натижалар ва уларнинг янгилиги: Рашидхон Туний қаламига мансуб «Лато'иф ал-ахбор» асари манбашунослик нуқтаи назаридан биринчи маротаба комплекс тарзда ўрганилди. «Лато'иф ал-ахбор» асаридаги бой материаллар асосида Бобурийларнинг XVII аср иккинчи ярмидаги тарихи, Ҳинд-Эрон ва Ҳинд-Ўрта Осиё ўзаро алоқалари, шунингдек, ўрганилаётган даврда Бобурийларнинг ички давлат тузилиши тадқиқ этилди. «Лато'иф ал-ахбор» асаридаги қимматли маълумотлар таҳлил этилиб, улар ўша даврдаги бошқа манбалардаги материаллар билан қиёсланди.

Амалий аҳамияти: «Лато'иф ал-ахбор» маълумотлари айниқса ҳарбий тарихни, XVII аср ўрталарида Бобурийларнинг Сафавийлар ва Аштархонийлар билан олиб борган ўзаро алоқаларини чуқурроқ ўрганишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, тадқиқот натижаларидан Бобурийлар давлати ва Ўзбекистон тарихига оид илмий нашрларни амалга оширишда фойдаланиш мумкин.

Татбиқ этиш даражаси ва иқтисодий самарадорлиги: тадқиқот мавзуи ва ўрганилаётган давр бўйича тўққизта мақола ва бирта феҳрист нашр этилган.

Қўлланиш соҳаси: Тадқиқот материалларидан тарихчилар, манбашунослар, олий ўқув юртлари бакалавр ва магистрлари учун тарих ва манбашунослик бўйича ўқув қўлланмалар яратиш, махсус курслар ўқишда фойдаланиш мумкин.

РЕЗЮМЕ

Диссертации Мусоева Шониёза на тему: «Лата'иф ал-ахбар» – важный источник по истории государства Бабуридов (середина ХVII в.)» на соискание ученой степени кандидата исторических наук по специальности 07.00. 08 – Историческое источниковедение

Ключевые слова: Аштарханиды, администрация, цитадель, Бабуриды, военачальники, Кандагар, источниковедение, крепость, Лата'иф ал-ахбар, письменный источник, пушки, Рашид-хан Туни, Сефевиды, титулы и звания, поход, Чилзина.

Объекты исследования: Изучить сочинение «Лата'иф ал-ахбар» –важного источника по истории государства Бабуридов и анализировать его сведения.

Цель работы: Осуществить комплексное источниковедческое исследование «Лата'иф ал-ахбар» и на основании сопостовительного анализа его с другими источниками XVII в. изучить историю и государственное устройство государства Бабуридов.

Метод исследования: В работе применены комплексный анализ, источниковедческий, текстологический, исторический, логический методы анализа и другие методы современного научного исследования.

Полученные результаты и их новизна: Впервые осуществлено комплексное источниковедческое исследование сочинения «Лата'иф ал-ахбар» Рашид-хана Туни. На примере богатого материала «Лата'иф ал-ахбар» исследована история и внутреннее устройство государства Бабуридов во второй половине XVII в., а также индийско-иранские и индийско-среднеазиатские взаимоотношения. Анализированы ценные сведения «Лата'иф ал-ахбар» и сопоставлены с другими источниками того времени.

Определены жизнь и деятельность автора сочинения, занимаемое им положение в обществе, сопоставлены его сведения с данными рукописей исследуемого периода.

Практическая значимость: Результаты и выводы исследования могут быть использованы при более углубленном изучении истории государства Бабуридов середины ХVII века и истории Узбекистана данного периода.

Степень внедрения и экономическая эффективность: По теме работы и изучаемому периоду опубликованы девять статей и каталог.

Область применения: Материалы исследования можно привлекать при создании учебных пособий для студентов исторических факультетов высших учебных заведений, использовать при чтении спецкурсов по источниковедению, по истории Индии и стран Азии, а также при ведении научных исследований в области источниковедения.

Resume

Thesis of Musoev Shoniyoz on the academic degree competition of the Candidate of History Science Specialty 07. 00. 08 – historical research subject: «Lata'if al – ahbar» – substantial source about the Baburids state history ( the middle of the 17th century)»

Key words: Rashid-han Tuni, authenticity, source study, written source, titles and statuses, fortress, cannons, manuscript, commanders, the Baburids, the Sefevids, the Ashtarhanids, Kandagar, list, administration, campaign, Lata'if al-ahbar.

Subjects of the inquiry: the work “Lata'if al-ahbar”, life and creative work of its author, history of the Baburids in the middle of 17th century.

Aim of the inquiry: to carry out comprehensive source research of “Lata'if al-ahbar”, to determine the authenticity value of its data and evaluate the value of the work among other ones of that period.

Method of inquiry: methods and ways used to criticize the source interiorly and exteriorly, on basis of codiology, source study and historiography.

The results achieved and their novelty: author life and work, his status in society, have been revealed and its data has been compared to analogous manuscripts information.

Practical value: research results and consequences can be used during more in-depth study of the Baburids state history of the middle of the 17th century and Uzbekistan history of that period.

Degree of embed and economic affectivity: several articles and catalogues on the work theme and studied period have been published.

Sphere of usage: research materials can be used in writing school-books for students of academies history faculties, in giving special course on source study of the history of India and Asian countries and during research studies of source study.

Тадқиқотчи: ................ Ш. Мусоев

   
   
   
   
   
   
 
   
 
 
   
 
 
   

 
 
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
                                       
                 
                 
       
Copyright 2005 © beruniy.6te.net
       
       
ЎзР Фанлар Академияси Шарқшунослик Институти
       
Free Web Hosting