ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ
АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ НОМИДАГИ
ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ
Қўлёзма ҳуқуқида
УДК 94(575.1)+001(093) (575.1)
ХАНДАМОВА МАЪРИФАТ АКРАМОВНА
«ТАРИХИ ЭЛЧИ НИЗОМШОҲ» МАРКАЗИЙ ОСИЁНИНГ
IX- XVI АСРЛАРДАГИ ТАРИХИГА ОИД МАНБА СИФАТИДА
Ихтисослик: 07.00. 08 - Тарихий манбашунослик
Тарих фанлари номзоди илмий даражасини
олиш учун ёзилган диссертация
А В Т О Р Е Ф Е Р А Т И
То ш к е н т - 2 0 0 7
Тадқиқот Самарқанд Давлат чет тиллар институтида бажарилган.
Илмий раҳбар: - тарих фанлари доктори
Аҳмедов Ашраф
Расмий оппонентлар: - тарих фанлари доктори
Юсупова Дилором Юнусовна
- тарих фанлари номзоди
Саидбобоев Зокиржон Абдукаримович
Етакчи ташкилот: - Тошкент Давлат Шарқшунослик институти
Ҳимоя 2008 йил __________ ойининг ___ куни соат ___да Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳузуридаги тарих фанлари бўйича докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга мўлжалланган Д. 015.14.01 рақамли Ихтисослашган Кенгаш йиғилишида ўтказилади (100170, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчаси, 81-уй). Тел.: 262-54-61; факс: (+99871) 262-52-77; е-mail: beruni@globalnet.uz
Диссертация билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Асосий кутубхонасида танишиш мумкин (Тошкент шаҳри, акад. И.Мўминов кўчаси, 13-уй).
Автореферат 2008 йил ________ойининг _______куни тарқатилди
Д 015.14.01 Ихтисослашган
Кенгаш илмий котиби т.ф.н. Н.И.Тошов
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ
Мавзунинг долзарблиги. Ўзбекистон мустақилликка эришгач, Ватанимиз тарихини, қадимий давлатчилигимиз асосларини ўрганишга ва Ўзбекистоннинг сиёсий-иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлашга, ўтмиш давр тарихи, илмий манбалардан ижодий фойдаланишга эътибор кучаймоқда.
Президентимиз ўз тарихини билган, ундан руҳий қувват оладиган халқни енгиб бўлмас экан, биз ҳаққоний тарихимизни тиклашимиз, халқимизни, миллатимизни ана шу тарих билан қуроллантиришимиз зарурлигини кўрсатиб, тарихимиз қадимийлигини, давлатчилигимиз тарихи эса 2700 йиллик эканлигини, мўътабар қўлёзмамиз «Авесто»нинг яратилганлигига 3000 йил бўлганлигини алоҳида кўрсатиб ўтдилар .
Президентимиз ўзбек давлатчилиги тарихини тадқиқ қилишнинг муҳимлиги ҳақида тўхталиб, бундай деб таъкидлаганлар: «Давлатчилик бугунги кунда ўта сиёсий масала бўлиб турибди. Нега деганда, Ўзбекистонда давлатчилик бўлмаган, деб орқаваротдан ташвиқот юритаётган, шу фикрни онгимизга сингдирмоқчи бўлаётган, керак бўлса, халқаро жамоатчиликни шунга ишонтиришга уринаётган кучлар ҳали бор... Ўзбек тарихчиларининг бугунги кундаги асосий вазифаси мана шу даъвонинг пуч эканлигини исботлаш, давлатчилигимизнинг илмий нуқтаи назардан асосланган тарихини яратишдир» .
IX-XVI асрлар Марказий Осиё тарихининг муҳим бир даври бўлди. Бу даврда ушбу ҳудудда бир қатор сулолалар бошқарган давлатлар ҳукм сурди. Улар орасида Ануштегиний-Хоразмшоҳлар (1097-1231), Темур ва Темурийлар (1370-1506), Шайбонийлар (1500-1598) давлатлари дунё аҳамиятига молик буюк давлатлар эди. Бу давлатлар эса ўзбек давлатчилиги тарихининг ажралмас қисмидир. Бу давлатларнинг ва булардан ташқари мазкур асрларда ҳукм сурган кичикроқ давлатлар ҳудудлари ва пойтахтлари тарихий Ўзбекистон ва ўзбек этноси шаклланган ерларда бўлди. Шунинг учун у давлатлар ва сулолаларга асос солган шахсларнинг этник келиб чиқиши қандай бўлганлигидан қатъий назар, улар ўзбек давлатчилигининг турли босқичлари деб қаралиши кераклигини Азамат Зиё докторлик диссертацияси ва монографиясида исботлади .
Шу жиҳатдан Хуршоҳ ибн Қубоднинг (XVI а.) умумий тарих жанрида ёзилган «Тарихи элчи Низомшоҳ» асарининг нафақат Марказий Осиё тарихидан, балки ўзбек давлатчилигининг IX-XVI асрлардаги тарихидан ҳам муҳим манба деб қаралиши назарий ва амалий нуқтаи назарларидан долзарб деб ҳисоблаймиз.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Дунё кутубхоналарида асарнинг ўн иккита қўлёзма нусхалари сақланади. Унинг Британия Музейидаги мавжуд қўлёзмалари ҳақидаги маълумотни Ч. Рьё ўз каталогида келтирган . Асар ҳақида тўлиқроқ маълумот Ч.А.Сторининг «Форс адабиёти» номли био-библиографик асарида мавжуд .
Асарнинг Ширвон, Гилон, Мозандарон, Рустамдор ва Ҳазоржарибнинг ҳокимларига бағишланган қисми (VI мақола, 4-боб) К.Шефер томонидан французчага таржима қилинган . И.П.Петрушевский унинг русча тавсифини нашр этган . Асар ҳақида Т.И.Деваренинг мақоласи ҳам нашр этилган . Ниҳоят, 2000 йили Теҳронда унинг VI мақоласининг 3-5–боблари ва VII мақоласи алоҳида китоб шаклида изоҳлар билан нашр этилди .
Бироқ, бу нашр ва тадқиқотлар 410 варақдан ортиқ йирик манба ҳақида тўла тасаввур ҳосил қилмайди, чунки булар асарнинг фақат айрим қисмларигагина тааллуқли. Бу эса уни тадқиқ этиш зарурияти борлигини тасдиқлайди (батафсил қаранг: Диссертация, 1-боб, § 2).
Тадқиқотнинг даврий чегараси. Хуршоҳ ибн Қубоднинг етти мақоладан иборат “Тарихи элчи Низомшоҳ” асари умумий тарих тарзида ёзилган бўлиб, милоддан аввалги даврлардан то милодий XVI аср ўрталаригача бўлган давр тарихига оиддир. Унинг III-VI мақолалари Ўрта Осиёда IX-XVI асрларда ҳукм сурган давлатлар тарихига бағишланган. Бу мақолаларни ёзишда муаллиф нодир асарлардан фойдаланганлиги сабабли бу маълумотларни муомалага киритиш мақсадида тадқиқотнинг даврий чегараси IX-XVI асрлар деб танланди.
Диссертация ишининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация иши Самарқанд Давлат чет тиллар институтининг Маънавият ва тарих кафедрасида мустақиллик йилларида олиб борилаётган илмий-тадқиқот ишлари режаси сирасига киради ва 1999 йил 26 мартида институт Илмий Кенгашида тасдиқланган.
Тадқиқот мақсади. Тадқиқотнинг асосий мақсади «Тарихи элчи Низомшоҳ» асарини Марказий Осиёнинг IX-XVI асрлардаги тарихига оид муҳим манба сифатида илмий таҳлил этишдир.
Тадқиқот вазифалари. Тадқиқот мақсадидан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги вазифалар белгиланди:
- Ўрта асрларда Марказий Осиёда, жумладан Мовароуннаҳр ва Туркистонда ҳукм сурган салтанатлар ва сулолалар тарихининг Элчи Низомшоҳ асаридаги баёнини таҳлил қилиб, унинг асаридан бизга маълум бўлган хабарларни тўлдирувчи маълумотларни аниқлаш.
- Элчи Низомшоҳнинг асарини Марказий Осиёнинг IX-XVI асрлардаги тарихи ва, жумладан, ўзбек давлатчилиги тарихи нуқтаи назаридан таҳлил қилиб, турли сулолалар давридаги давлат бошқаруви, улардаги ҳарбий ва маъмурий тизимлардаги ўзгаришларни, мулкчиликни кузатиш.
- “Тарихи элчи Низомшоҳ” асарида келтирилган маълумотлар асосида Темурийлар-Сафавийлар (1500-1722) ва Шайбонийлар-Сафавийлар муносабатларини таҳлил қилиш.
- “Тарихи элчи Низомшоҳ”нинг Марказий Осиёнинг IX-XVI асрлардаги тарихи ва ўзбек давлатчилиги тарихидан муҳим манба сифатидаги ўрнини кўрсатиш ва уни илмий муомалага киритиш.
Тадқиқот объекти – IX-XVI асрларда Марказий Осиёда ҳукм сурган сулолалар даврида ижтимоий-сиёсий ва маданий ҳаёт, ўзбек давлатчилиги тарихи ва Темурийлар-Сафавийлар, Шайбонийлар-Сафавийлар муносабатлари.
Тадқиқот предмети - Хуршоҳ ибн Қубоднинг 1565 йили ёзилган “Тарихи элчи Низомшоҳ” асарининг асосан Британия Музейида сақланадиган қўлёзмасининг фотонусхаси ва бу асар VI-VII мақолаларининг Теҳрон нашри ташкил қилади.
Тадқиқот методлари. Республикамиз Президенти И.А.Каримовнинг жамиятда демократик жараёнларни кучайтириш, миллий мафкурани шакллантириш, миллатимиз ва халқимизнинг ўтмиши, давлатчилиги тарихини ҳаққоний ёритиш ва кенг халқ оммасини тарих билан ғоявий қуроллантириш ҳақидаги фикрлари баён қилинган асарлари диссертациямизга илмий-услубий асос бўлди.
Шунингдек, Республикамизнинг бир қанча таниқли манбашунос олимларининг, хусусан, Б.А.Аҳмедов, А.Ўринбоев, Р.Г.Муқминова, Азамат Зиё ва бошқаларнинг асарларида кенг қўлланилган қиёсий-таҳлилий усул ва тарихийлик принципларига амал қилиб, асарнинг тарихий аҳамиятини холисона баҳолаш мақсадида у бошқа тарихий манбалар билан қиёслаб ўрганилди.
Танланган мавзуни тадқиқ этишда манбашунослик, тарихий-қиёсий, матншунослик методларига таянилди.
Тадқиқотнинг манбавий асоси. Тадқиқотнинг асосий манбаи Хуршоҳ ибн Қубоднинг «Тарихи элчи Низомшоҳ» асарининг Британия Музейида (Буюк Британия) OR.3535 рақами билан сақланадиган 410 варақдан иборат қўлёзмасининг фотоконусхасидир. Бундан ташқари ундаги маълумотларни солиштириб ўрганиш мақсадида Табарийнинг «Тарих ар-русул ва-л-мулук», Муҳаммад ал-Хоразмийнинг «Китоб ат-тарих», Наршахийнинг «Бухоро тарихи», Гардизийнинг «Зайн ал-ахбор», Байҳақийнинг «Тарихи Масъудий», Самъонийнинг «Китоб ал-ансоб», Али ал-Ҳусайнийнинг «Ахбор ад-давлат ас-Салжуқиййа», Ибн ал-Асирнинг «Ал-комил фи-т-тарих», Қазвинийнинг «Тарихи гузида», ан-Насавийнинг «Сийрат Жалолиддин Манкбурни», Низомиддин Шомий ва Шарафуддин Али Яздий «Зафарнома»лари, Мирзо Улуғбекнинг «Тўрт улус тарихи», Мирхонднинг «Равзат-ас-сафо» асарларининг нашрлари ёки қўлёзмаларидан ва бошқа қатор тарихий адабиётлардан фойдаланилди.
Ҳимояга олиб чиқилаётган асосий ҳолатлар қуйидагилардан иборат:
1. Элчи Низомшоҳ номи билан машҳур бўлган Хуршоҳ ибн Қубод XVI асрда яшаган ва кўплаб нодир тарихий асарлардан фойдаланиб “Тарихи элчи Низомшоҳ” асарини ёзган йирик тарихнависдир.
2. Етти мақоладан иборат “Тарихи элчи Низомшоҳ” асарининг III-VI мақолалари Марказий Осиё тарихи ва хусусан ўзбек давлатчилиги нуқтаи-назаридан муҳим аҳамият касб этади.
3. “Тарихи элчи Низомшоҳ” асари IX-XIII асрларда Марказий Осиёда ҳукм сурган сулолалар тарихига муҳим янгиликлар киритади. Хусусан, Тоҳирийлар (821-873), Сомонийлар (819-1005), Ғазнавийлар (977-1186), Салжуқийлар (1038-1194), Куртлар (1256-1389), Ануштегиний-Хоразмшоҳлар ва Мўғуллар (1227-1370) ҳукмронлиги даври ҳақида бошқа манбалардаги маълумотларни тўлдиради.
4. “Тарихи элчи Низомшоҳ” асарининг VI мақоласи Темурийлар, Шайбонийлар ва Сафавийлар давлатлари орасидаги муносабатлар масалаларига аниқлик киритади ва XVI асрдаги ўзбек давлатчилиги ҳақида муҳим маълумотлар беради.
Диссертациянинг илмий янгилиги қуйидагилар билан белгиланади:
- «Тарихи элчи Низомшоҳ» асари ушбу тадқиқотда биринчи марта диссертацион мавзу қилиб олиниб, илмий муомалага киритилди.
- Етти мақоладан иборат бу йирик асарнинг фақат кичик бир қисми ўрганилган бўлиб, умуман яхлитлигича у ҳали ўрганилмаган. Шунинг ўзи биланоқ тадқиқотнинг илмий янгилиги белгиланади.
- Хусусан, унинг Марказий Осиё тарихига бағишланган III-VI мақолалари Ватанимиз тарихи нуқтаи назаридан тадқиқ қилиниши ҳам долзарб, ҳам биринчи марта қўйилаётган янги муаммодир.
- «Тарихи элчи Низомшоҳ» асарида IX-XVI асрларда Марказий Осиё тарихида юз берган ижтимоий–сиёсий воқеалар манбалар асосида ёритиб берилган.
- Тадқиқот жараёнида асарнинг муаллифи Хуршоҳ ибн Қубод ҳаёти ҳақидаги маълумотлар ва асар асосан у элчилик сафарида бўлган йиллари ёзилганлиги аниқланди.
- Хуршоҳ ибн Қубод асарининг биз ўрганган қўлёзма нусхаси бошқа сақланган нусхалари ичида энг тўлиғи эканлиги ва асар ҳозирги кунгача айрим олимлар томонидан қисман ўрганилган бўлса-да, Марказий Осиёга тегишли қисми ўрганилмаганлиги аниқланди.
- Тадқиқот давомида асар муаллифининг дунёқараши ва тарихий воқеаларга муносабати ўрганилди.
- Асарнинг маҳаллий сулолаларга бағишланган қисми компилятив бўлишига қарамай, бу давр учун ҳам янги маълумотлар борлиги аниқланди.
- Асарнинг Сафавийлар ва Шайбонийлар даврига бағишланган қисми оригинал бўлиб, муаллиф ўша даврда яшаганлиги учун айрим тарихий воқеаларнинг бевосита иштирокчиси сифатида ёритганлиги ҳам асарнинг қийматини орттиради.
- Шунингдек, Хуршоҳ ибн Қубод ўз асарини ёзишда бизгача етиб келмаган бир неча манбалардан фойдаланган бўлиб, улардан олган хабар -лари унинг асарида келтирилган янги маълумотлардир.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти шундан иборатки, диссертациянинг тадқиқот қисми ва хулосалари IX-XVI асрлардаги Марказий Осиё ва умуман Ватанимиз тарихини янги маълумотлар билан тўлдиришга хизмат қилади. Шунингдек, иш «Тарихи элчи Низомшоҳ» асаридан манба сифатида фойдаланишда қўлланма вазифасини ўтайди. Диссертация материалларини олий таълим тизимида «Ўзбекистон тарихи» фанидан, «Манбашунослик» каби махсус ўқув курслари учун дастурлар ва қўлланмалар тайёрлаш орқали амалиётга татбиқ этиш мумкин. Тадқиқот материалларидан мазкур давр тарихига баъзи тўлдиришлар ва ўзгартишлар киритишда фойдаланиш мумкин.
Натижаларнинг жорий қилиниши. Тадқиқот натижалари ва хулосалари бўйича «Республика ёш олимларининг илмий анжумани»да (Тошкент, 2000 й., 27 март), «Зарафшон воҳаси ва унинг тарихдаги ўрни» Республика анжуманида (Самарқанд, 2001 й., 18-19 май), Самарқанд Давлат чет тиллар институтининг анъанавий йиллик анжуманларида (2000 й. Март; 2001 й., март; 2002 й., 10-12 апрел; 2004 й., 10-11 март; 2005 й., 22-23 апрел; 2006; 2007) маърузалар ўқилди. Диссертация материалларидан талабаларга «Ўзбекистон тарихи» фанини ўқитишда фойдаланилмоқда.
Ишнинг синовдан ўтиши. Диссертациянинг тўлиқ кўриниши Самарқанд Давлат чет тиллар институтининг «Маънавият ва тарих», «Фалсафа ва иқтисод» кафедраларининг қўшма мажлисида (2004 й., 24 октябр), Самарқанд Давлат университетининг илмий семинарида (2005 й., 5 апрел), ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти семинарларида (2007 й., 18 май) муҳокама қилинган ва ҳимояга тавсия этилган.
Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Диссертациянинг асосий натижалари ва хулосалари чоп этилган 5 мақолада ва 1 тезисда акс эттирилган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертациянинг умумий ҳажми 182 саҳифани ташкил этиб, кириш, учта боб, хулоса ва умумий сони 135 та бўлган фойдаланилган манбалар ва адабиётлар рўйхатидан иборат.
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Диссертациянинг кириш қисмида мавзунинг долзарблиги, ўрганилиш даражаси, мақсад ва вазифалари, объекти ва предмети, тадқиқот услублари, ҳимояга олиб чиқилаётган асосий ҳолатлар, тадқиқотнинг илмий янгилиги, назарий-услубий асослари ҳамда илмий ва амалий аҳамияти ёритилиб берилди.
Диссертациянинг биринчи боби «Хуршоҳ ибн Қубод ва унинг “Тарихи элчи Низомшоҳ” асари” деб номланган ва икки параграфдан иборат.
Биринчи параграфда элчи Низомшоҳ номи билан маълум бўлган Хуршоҳ ибн Қубоднинг яшаган даври, фаолияти ва унинг асари ҳақида аниқланган маълумотлар келтирилади. Шу маълумотларга кўра, у асли Ироқи Ажамдан (шимоли-ғарбий Эрон) бўлиб, тўлиқ исми Хуршоҳ ибн Қубод ал-Ҳусайний бўлган ва у Марказий Ҳиндистонда Деккан вилоятидаги Аҳмаднагарнинг Баҳманий шоҳи Бурҳон Низомшоҳ I нинг (подшоҳлик йиллари 914/1508 - 961/1553) сарой мулозимларидан бўлган. Лекин унинг туғилган йили, қачон ва қандай шароитда Ҳиндистонга келгани номаълум. «Тарихи элчи Низомшоҳ»нинг VI-VII мақолаларининг ноширлари – Муҳаммад Ризо Насирий ва Кўичи Ханеданинг тахмин қилишларича, Хуршоҳ илк Сафавий шоҳлар Эронда суннавий мазҳабидагиларга нисбатан олиб борган ситамгарликларидан Ҳиндистонга қочган илм ва маданият арбобларидан бири бўлса керак .
Бурҳоншоҳ Баҳманий 952 йил ражабида/1545 йил сентябрида Хуршоҳни Шоҳ Таҳмосб (1524-1576) саройига элчиликка юборади. Шоҳ уни Қазвинда қабул қилади. Хуршоҳнинг сафари узоқ муддатга чўзилиб кетади ва у то 971/1563-64 йилгача Эронда қолади. Бу орада у 954/1547 йили Шоҳ Таҳмосбнинг фармони билан Ҳиндистонга Шоҳ Тоҳир Баҳманийнинг ҳузурига мактуб билан бориб, яна Эронга қайтиб келади .
Ниҳоят, Хуршоҳ 971/1563-64 йили Ҳиндистонга қайтиб, Баҳманийларнинг Голкондадаги ҳокими Иброҳим Қутбшоҳнинг (957/1550 - 989/1581) саройига келади. Шу ерда у ўз асарини ёзиб тугатиб, Қутбшоҳга тақдим этади. Шу сабабли Хуршоҳнинг асари «Тарихи Қутбшоҳий» номи билан ҳам маълум. Муаллиф асарини тугатганидан кўп ўтмай, 972 йил 25 зулқаъдасида/1565 йил 24 июнида Голкондада вафот этади.
Хуршоҳ ибн Қубоднинг қаламига мансуб асосий асари фанга «Тарихи элчи Низомшоҳ» номи билан кирган. Асар умумий тарих жанрида ёзилган. Асарнинг тадқиқотимизга асос бўлган қўлёзмаси Британия Музейида OR.3535 рақами билан сақланади, унинг микрофильми Шарқшунослик институтига 1994 йили келтирилган. Бу қўлёзма VI мақоласининг 3-боби (гуфтори) охирига етмай тугаган бўлса ҳам, бошқа сақланган қўлёзма нусхаларига нисбадан тўлиқроқ ҳисобланади. Қўлёзманинг камчилигини Насирий ва Ханедаларнинг Теҳрон нашри тўлдиради.
Асар муқаддима ва етти мақоладан иборат.
Ҳар бир мақола бир неча «гуфтор», яъни бобдан иборат. Чунончи, биринчи мақола беш бобдан, иккинчи мақола ҳам беш бобдан иборат.
Асарнинг муҳим қисми унинг учинчи мақоласидир. Унда Аббосийлар (749-1256) даврида халифалик парчаланиб кетганидан сўнг ташкил топган мустақил подшоҳликлар ва давлатлар тавсифланади. Бу мақола ўн уч бобдан иборат.
Асарнинг тўртинчи мақоласи «Туркистон султонларини зикр қилиш, Чингизхон ва унинг авлоди зуҳурининг баёни ва уларнинг Турону Эронни истило қилишининг шарҳи» деб аталган. Бу мақола тўрт бобдан иборат.
Асарнинг бешинчи мақоласи бевосита Амир Темур ва Темурийлар салтанатига бағишланган ва у уч бобдангина иборат.
Асарнинг беш бобдан иборат олтинчи мақоласи ҳам унинг муҳим қисмидир. Унда Оқ қўйли (1378-1508) ва Қора қўйли (1380-1468) туркман султонлари, Эроннинг Сафавий шоҳларидан Шоҳ Исмоил (1501-1524) ва Шоҳ Таҳмосб (1524-1576) давридаги Эроннинг ички ва ташқи сиёсати, Сафавийларнинг Шайбонийлар ва Темурийлар билан муносабатлари ҳамда Рум султонлари ҳақида баён қилинади.
Китобнинг охирги еттинчи мақоласи беш бобдан иборат бўлиб, у асосан Ҳиндистондаги Бобурийларгача бўлган мусулмон сулолаларига ҳамда Бобур (1483-1530) ва Ҳумоюннинг (1530-1556) подшоҳлигига бағишланган.
Кўрилаётган бобнинг иккинчи параграфи мавзунинг ўрганилиши ва манбаларига бағишланган. Ушбу параграфда аввал Хуршоҳ асарининг мавжуд қўлёзмалари, унинг Шарқ ва Ғарб олимлари томонидан қай даражада ўрганилганлиги ҳақида маълумот келтирилади. Сўнг «Тарихи элчи Низомшоҳ” асарининг қандай манбаларга асосланганлиги ҳақида тўхталинади.
«Тарихи элчи Низомшоҳ»нинг қийматини орттирадиган муҳим хусусияти шундаки, муаллиф ўз асарини ёзишда бир қатор тарихий манбалардан, чунончи, Табарийнинг “Тарихи Табарий”, “Қазвинийнинг “Лубб ат-таворих”, Банокатийнинг “Тарихи Банокатий”, Байзовийнинг “Мухтасари Байзовий”, Жалолийнинг “Жомиъ ат-таворихи Жалолий”, Шарафуддин Али Яздийнинг “Зафарнома”, Мирхонднинг “Равзат ус-сафо”, Хондамирнинг «Хабиб ус-сияр”, Гунободийнинг “Шоҳнома”, Фазлуллоҳ Вассофнинг “Тарихи Вассоф”, Шоҳ Таҳмосбнинг “Тазкираи Шоҳ Таҳмосб” асарлари ва, шунингдек, муаллифлари ва ёзилган вақтлари номаълум “Тарихи Фирузшоҳий”, “Жомиъ ал-анбиё”, “Уюн ат-таворих”, “Муъжам фи-л-ахбор”, “Баҳри маноқиб”, “Умдат ат-толиб”, “Фусул ал-муҳимма”, “Равзат аш-шуҳадо”, “Кашф ал-ғумма”, “Маликнома”, “Рисолаи Маликшоҳия” ва бошқа қатор тарихий асарлардан фойдаланганки, буларнинг баъзилари Ўзбекистонда йўқ ва баъзилари тўла ўрганилмаган ва муомалага киритилмаган. Шунинг учун Хуршоҳнинг бу асарлардан олган маълумотлари янги даврда нашр этилган тадқиқот ва дарсликлардаги баъзи қараш ва фикрларни тўлдиришга ва баъзиларини ўзгартиришга имкон беради.
Биринчи бобни таҳлил қилиш жараёнида қуйидаги хулосаларга келинди:
Хуршоҳ ибн Қубоднинг ҳаёт ва ижодий фаолияти, у яшаган даврдаги (XVI аср) ижтимоий–сиёсий воқеалар, жумладан, Эронда Исмоил Сафавийнинг давлатни қўлга олиши ва Сафавийлар сулоласига асос солиниши ўрганилди.
Хуршоҳ ибн Қубоднинг элчилик тафсилотлари, унинг дунёқараши ва эътиқоди масалаларига ойдинлик киритилди.
Асар етти мақоладан иборат бўлиб, ҳар бир бетдаги сатр сони 32 дан иборат ва бутун варақларнинг сони 410 тани ташкил этади. Асарнинг бир неча қўлёзмалари мавжуд бўлишига қарамасдан, асар тўлиқ ўрганилмаганлиги аниқланди.
Муаллиф ўз асарини ёзишда бизгача етиб келмаган, жумладан, “Маликнома”, “Уюн ат-таворих” ва бошқа бир қатор асарлардан фойдаланилганлиги аниқланди.
“Тарихи элчи Низомшоҳ” асарининг талай қисми компилятив бўлишига қарамасдан, муаллиф уни ёзишда кўплаб манбалардан фойдаланган.
Тадқиқотнинг иккинчи боби «Тарихи элчи Низомшоҳ» асарида Марказий Осиё IX-XIV асрлар тарихининг акс этиши” деб номланган. У уч параграфдан иборат.
Биринчи параграф Аббосийлар халифалигидан ажралиб чиққан Тоҳирийлар, Сомонийлар ва Ғазнавийлар тарихига бағишланган. Унда Хуршоҳ ибн Қубод ўзи фойдаланган манбалардан бу сулолалар тарихига оид бизга номаълум қандай маълумотларни келтирганига аҳамият берилди.
Аббосий халифалар тарихи Абу Жаъфар ат-Табарийнинг (839-923) «Тарих ар-русул ва-л-мулук» («Пайғамбарлар ва подшоҳлар тарихи») асарида илк бор ёритилган бўлиб, унда воқеалар 914-915 йилларгача етказилган . Кейинчалик Ибн ал-Асир (1160-1234) Табарийнинг асарини тўлдириб, «Ал-Комил фи-т-тарих» («Мукаммал тарих») асарида нафақат Тоҳирийлар, Саффорийлар (867-1495) ва Сомонийларга, балки Ғазнавийлар, Қорахонийлар (992-1211), Салжуқийлар ва Хоразмшоҳларга ҳам катта аҳамият берган. Бунда воқеа ва ҳодисалар мўғуллар истилоси давригача етказилган.
Халифа ал-Маъмун даврида (813-893) Тоҳирийлар ва Сомонийлар муҳим лавозимларга кўтарилади. Элчи Низомшоҳ Мирхонднинг «Равзат ус-сафо»сига ҳавола қилиб, Тоҳирнинг асли Сижистондан келган Мусъаб ал-Хузоъийнинг ўғли эканлигини ва «бану хузоъа» араб қабиласига мансуб бўлганлигини таъкидлайди .
Тоҳир, Табарийнинг хабарига кўра , Рафиъ ибн Лайсга қарши курашда иштирок этган, сўнг 811 йили ал-Маъмун ал-Аминга қарши кураш очганида, Тоҳирни ўзининг ҳарбий кучларининг бошлиғи қилиб тайинлаган.
Тоҳир 205 йил шавволида /821 йил апрелида Хуросонга ноиб этиб тайинланади ва 206 йил рабиъ охирида /821 йил сентябрида у Хуросонга келади. Хуршоҳ ибн Қубоднинг В.В.Бартольдникидан фарқли хабарига кўра, ал-Маъмун аслида Тоҳирни даф қилиш учун Хуросонга ноиб этиб юборади .
Хуршоҳ «Аббосийларнинг номини биринчи бўлиб хутбадан чиқарган Тоҳир эди», деб таъкидлайди.
Шундай қилиб, Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг илк ўрта асрлардаёқ халифаликдан мустақиллигини эълон қилган ва бу билан ўша даврдаги ўзбек давлатчилигининг илк пойдеворини қуриб берган Тоҳир ибн ал-Ҳусайн бўлган. Шуниси ажабланарлики, халифа ал-Маъмун Тоҳирга нисбатан ҳеч қандай чора кўрмайди ва унинг ўрнига ўғли Талҳа ибн Тоҳирни (822-828) ноибликка тайинлашга мажбур бўлади.
Талҳадан сўнг ал-Маъмун Хуросон ва Мовароуннаҳр ҳукуматини Тоҳирнинг иккинчи ўғли Абдуллоҳга (828-844) топширади. Абдуллоҳ подшоҳлиги давридаги давлат миқёсида қилинган муҳим ишлардан бири сув тақсимоти масаласини ҳал қилганлигидир. Бунинг натижасида «Китаб ал-қуний» («Ариқлар ҳақида китоб») ёзилиб, ундан икки аср кейин ҳам сув борасида баҳсли масалаларни ҳал қилишда фойдаланилган.
Тоҳирийлар давлати қисқа муддат–фақат 51 йил (822-873 йиллар) ҳукм сурган бўлса ҳам, Марказий Осиё тарихида чуқур из қолдирди.
Сомонийлар давлат хизматига Тоҳирийлардан аввалроқ, лекин фақат Мовароуннаҳрнинг Хуросон ноибига тобе ҳукмдорлари сифатида жалб қилинганлар. Уларнинг аждоди - Сомон қишлоғининг ҳокими Сомонхудот Хуросон ноиби Асад ибн Абдуллоҳ ал-Қушайрийнинг (ваф.738) мавлоси бўлган ва унинг қўлидан исломни қабул қилган, шунинг учун катта ўғлини Асад деб атаган . У асос солган Сомон қишлоғини турли муаллифлар Балхда, Самарқанд атрофида ёки Термиз яқинида кўрсатадилар. Хуршоҳ ибн Қубоднинг ёзишича, Сомонийлар хонадонидан биринчи бўлиб Исмоилни подшоҳ деб атаганлар . Халифа ал-Муътазиддан (892-902) Исмоил номига келган ёрлиқда эслатилган вилоятлар Мовароуннаҳрнинг шарқий чегарасидаги Талос ва «турк шаҳарларидан» то Ироқ ва Исфаҳонгача ерларни ўз ичига оларди.
Совет даврида нашр этилган тадқиқот ва дарсликларда Сомонийлар тарихи хусусида тўхталганда, баённи фақат Нуҳ I ибн Наср (943-954) давригача етказиб, сулоланинг қолган ярим асрлик даври ҳақида фақат умумий тарзда гапирилган. Сомонийлар салтанатининг охирги 50-60 йиллик даври ҳақида Элчи Низомшоҳ муфассал хабар келтиради. Буларнинг баъзиларини Ғазнавийларнинг тарихчиси Гардизийнинг (ХI аср) “Зайн ал-ахбор” асари тўлдиради.
Хуршоҳ ибн Қубоднинг муҳим хабарларидан бири, Қорахоний туркларининг Мовароуннаҳрга келиши ва Сомонийлар салтанатининг қулашига алоқадор. Маълумки, советлар давридаги баъзи тарихий асарларда Қорахонийлар Мовароуннаҳрга ўлжа олиш учун зўрлик билан келган босқинчилар қилиб кўрсатилган эди . Аслида аҳвол бутунлай бошқача бўлганини биз Хуршоҳ ибн Қубоднинг асарида кўрамиз. Унинг тавсифига кўра, амирнинг турк лашкарбошилари Абу Али Симжурий ва Фоиқ «Бўғрахонга мактублар ёзиб, уни амир Нуҳ мамлакатини босиб олишга таклиф ва тарғиб қилганлар, лекин шу шарт биланки, Бўғрахоннинг тасарруфига фақат Мовароуннаҳр мамлакатининг ўзи ўтади, Хуросон эса - уларга тегади» . 992 йили амир ва хон лашкарлари ўртасида юз берган жангда амир Нуҳ енгилади ва Балхга чекинади. Бухорода Қорахонийлар ўрнашиб, Сотиқ Бўғрахон номидан хутба ўқилиб, пул зарб қилинади.
Марказий Осиё тарихида Ғазнавийлар салтанати ҳам муҳим аҳамият касб этганлиги шубҳасиздир. Чунки, Ғазнавийлар сулоласининг асл келиб чиқиши тўғридан-тўғри Мовароуннаҳр, аниқроғи, Бухоро туркларига бориб тақалса, бу мулкнинг тарихи кейинги асрларда Хоразмшоҳлар ва Темурийлар билан туташади. Пировардида бу сулола Хуросон ўзбекларининг этногенезида муҳим рол ўйнаган.
Кўрилаётган бобнинг иккинчи параграфи Салжуқийлар, Курт подшоҳлари, Ануштегиний-Хоразмшоҳлар давлатлари тарихига бағишланган. Хуршоҳ ибн Қубод бу сулолалар тарихини бошқа манбалардан фарқли баён қилган.
Салжуқийларнинг тарихи уларга замондош бўлган Ғазнавийлар, Қорахонийлар, Ануштегиний–Хоразмшоҳлар ва улардан аввал Марказий Осиёда ҳукм сурган сулолалар тарихига нисбатан бироз яхши ўрганилган, ёзма манбалар ҳам кўпроқ сақланган. Булар ҳақида С.Г.Агажанов китобларининг кириш қисмларида ва З.М.Буниётовнинг қатор ишларида сўз юритилган.
Хуршоҳ Салжуқийларнинг Мовароуннаҳрга келиши, Хуросонга ўтиши, салтанатни бошқариши, халқаро ва ҳарбий сиёсати, давлат бошқаруви ҳақида бизгача етиб келмаган «Маликнома» асаридан олинган ва бошқа манбалардан фарқли маълумотларни келтиради .
Ўзбек давлатчилиги тарихида Куртлар сулоласи асос солган давлат ҳам маълум даражада аҳамият касб этган. Чунки, XIV-XV асрларда бу давлат тарихи Темурийлар тарихи билан бевосита боғланган. Ҳозирги замон био-библиографик тадқиқотларида Куртлар сулоласи ҳақида деярли ҳеч эслатилмаслигини назарда тутсак, Хуршоҳнинг улар ҳақидаги хабарининг аҳамияти ортади.
Куртлар сулоласи ва давлати қаердан келиб чиққан ва қайси тилнинг вакили бўлганлигидан қатъий назар, ўзбек давлатчилиги тарихида ўз рўлини ўйнагани ва ўз ўрнига эга бўлганлиги шубҳасиздир.
Хуршоҳ ибн Қубод Ануштегиний-Хоразмшоҳлар ҳақида ўз асари учинчи мақоласининг ўн иккинчи бобида баён қилади. Ануштегиний-Хоразмшоҳлар тарихи З.М. Буниётов томонидан яхши ўрганилган. Бу борада биринчи ўринда унинг «Государство Хорезмшахов-Ануштегинидов. 1097-1231» асари туради. Бу асарнинг ўзбекча нашри ҳам чоп этилган . З.М. Буниётов ўз китобини асосан аввал ўзи нашр этган Шиҳобиддин ан-Насавийнинг «Сийрат ас-султон Жалолиддин Манкбурни» асари асосида ёзиб, бошқа кўплаб манбалардан ҳам фойдаланган. З.М.Буниётов ўзининг Ануштегиний-Хоразмшоҳларга бағишланган асарида «Тарихи элчи Низомшоҳ»ни эслатмайди. Шунинг учун ҳам Хуршоҳ асарининг бу борада аҳамияти ортади. Хуршоҳ ибн Қубоднинг талқинида сулоланинг асосчиси Нуштегин (Ануштегин) Ғарчоий Султон Маликшоҳ Салжуқийнинг (1072-1092) мамлуки Билгатегиннинг (вафоти 1098 йил) ғуломи ва таштдори бўлган. З.Буниётов фойдаланган манбаларга кўра эса Ануштегин Султон Маликшоҳнинг таштдори бўлган . Хуршоҳ ибн Қубод талқинида Ануштегиннинг ўғли Қутбиддин Муҳаммаднинг Хоразмга шиҳна (комендант) этиб тайинланиши ҳам З.Буниётов манбаларидан (Ибн ал-Асир, Жувайнийдан) фарқлидир.
Хоразмшоҳлар Такаш ва Алоуддин Муҳаммаднинг тахтга ўтириши ва подшоҳлик йиллари тавсифида «Тарихи элчи Низомшоҳ» З.Буниётов маълумотларига қатор аниқликлар киритади . Ануштегиний - Хоразмшоҳлар салтанатининг Хуршоҳдаги тавсифи у ёки бу тарафи билан бошқа манбалардагидан фарқлидир ва шунинг учун қимматли манба вазифасини ўтай олади.
Бобнинг учинчи параграфи мўғул истилоси даврига бағишланган бўлиб, қуйидаги маълумотлар келтирилган.
З.Буниётов Чингизхоннинг ғарб юришининг сабабларидан бири деб Бағдод халифасининг Чингизхонга хат ёзиб, уни хоразмшоҳга қарши гиж-гижлатгани бўлиши керак, деб тахмин қилади ва баъзи манбаларга билвосита ҳавола қилади . Хуршоҳ бу ҳақда аниқ айтади.
Чингизхон ўлими олдидан васият қилиб, фарзандларига бутун мулкни тақсимлаб беради. Унинг васиятига кўра, иккинчи ўғли Чиғатойга «Мовароуннаҳр ҳукуматидан ташқари Хоразмнинг (жануби-шарқий) қисми, Уйғур ва Кошғар мамлакати, Бадахшон, Балх, Ғазнин, то Синд дарёси соҳилигача» тегади. Бу эса Хуршоҳ асаридаги муҳим қайддир, чунки советлар даврида рус адабиётида кенг тарқалган фикрга кўра, Чиғатойнинг мулки Амударёдан жанубга ўтмаган дейилган. Ҳолбуки, аҳвол бошқача бўлган. Шунинг учун ҳам Чиғатой хонлари доимо Амударёдан жанубдаги ерларга даъвогар бўлганлар. Эрон ва Ироқда 1256 йили юзага келган Ҳулогухон улуси Чиғатой улусидан қарийб 30 йил кейин шаклланган ва бу улуснинг жанубдаги ерларини олиб қўйган. Шунинг учун ҳам кейинчалик Амир Темур Чиғатой хони номидан Хуросонга қилган юриши қонуний жиҳатдан ҳақли бўлган.
Иккинчи бобда Хуршоҳнинг маълумотларидан яна қуйидаги хулосалар келиб чиқади:
- Тоҳирийлар сулоласининг асосчиси Тоҳир ибн ал-Ҳусайн, Н.Неъматовнинг айтганларига зид ўлароқ, тожик бўлмаган ва у арабларнинг бану хузоъа қабиласига мансуб бўлган;
- Тоҳир ибн ал-Ҳусайннинг Хуросонга халифа томонидан юборилиши В.В.Бартольд айтганидек, Аҳмад ибн Холиднинг фитнаси натижаси эмас, балки Тоҳирнинг шахсий ташаббуси сабабли бўлган;
- Хуршоҳ Саффорийлар сулоласининг юзага келиши ва фаолияти ҳақидаги маълумотларни тўлдиради;
- Хуршоҳ Саффорийлар сулоласи ўрнига Сомонийлар сулоласининг келиши масаласида барча манбаларни тўлдиради. Хусусан, Сомонийларнинг Абу Али Чағониёний исмли лашкарбошиси бўлганлиги ва унинг фаолияти билан боғлиқ Нуҳ II давридаги Сомонийлар тарихи бошқа манбалардан фарқли талқин қилинади.
- Хуршоҳ ибн Қубод Сомонийларнинг инқирози ва Мовароуннаҳрда Қорахонийлар ҳукмронлигининг ўрнатилиши ҳақидаги хабарида Қорахонийлар, совет адабиётида кўрсатилганидек, ўлжа олиш учун ва зўравонлик билан эмас, балки амир лакарбошилари Фоиқ ва Абу Али Симжурийларнинг таклифи билан келганликларини кўрсатган.
Ғазнавийлар давлати илк дафъа Сомонийлар давлатининг бир қисми сифатида юзага келган ва бу сулоланинг асосчиси Сабуктегин асли Бухоро туркларидан бўлганлиги ва Ғазнавийлар давлатида ўзбеклар таркибига кирган қарлуқ ва халаж турклари доим муҳим рўл ўйнаганликлари учун бу давлат тарихи ўзбек давлатчилиги тарихида ўз аҳамиятига эга бўлган. Шунинг учун Хуршоҳнинг асаридаги бу давлат тарихи ҳақидаги хабарлари катта аҳамиятга эга.
- Хуршоҳ ибн Қубоднинг ҳали ўрганилмаган ва илмий муомалага киритилмаган манбалар - Утбийнинг "Тарихи Яминий", Фахриддин Муборакшоҳ Марварудийнинг "Тарихи салотини Ғур" асаридан келтирган маълумотлари катта илмий аҳамият касб этади.
- Хуршоҳ ибн Қубод Салжуқийлар салтанати ҳақида ҳозир фанда ўрнашиб қолган фикрлардан ва баъзи манбалардагидан фарқли хабарларни келтиргани аниқланди. Жумладан:
- Салжуқ ва Салжуқийларнинг асл ватани қаер бўлганлиги ҳақида ва Салжуқийлар қачон ва қандай шароитда Мовароуннаҳрга келгани;
-Салжуқийлар бирлашмасининг шаклланиши, шунингдек, Салжуқийларнинг Мовароуннаҳрдан Хуросонга ўтиш шароити;
- Салжуқийларнинг Хоразмшоҳлар билан муносабати ва Султон Алп Арслоннинг (1063-1072) Византия императори Роман Диоген билан жанги ва императорнинг асир бўлиши тафсилотлари;
- Султон Маликшоҳнинг (1072-1092) салтанати ерларини ўз қариндошларига иқто сифатида бўлиб бериши;
- Султон Санжар (1118-1157) ҳаётининг тафсилотлари ва унинг ғуззларга (ўғузлар) асирликда Мовароуннаҳрда бўлганлиги ҳақидаги хабарлардан иборатдир.
- Хуршоҳ ибн Қубоднинг «Тарихи элчи Низомшоҳ» асарида келтирилган Куртлар ва Ҳирот тарихи ҳақидаги нодир хабарлари Темур ва Темурийлар давлати тарихи ва, демак, ўзбек давлатчилиги тарихи нуқтаи-назаридан катта аҳамият касб этади.
Ануштегиний–Хоразмшоҳлар салтанатининг Хуршоҳдаги тавсифи у ёки бу тарафи билан бошқа манбалардагидан фарқлидир:
- Қутбиддин Муҳаммад Хоразмга шиҳна этиб тайинланиши билан бирга хоразмшоҳлик унвонини ҳам олгани ва унинг даврида Хоразм катта бўлмаган бир маъмурий бўлакдан мамлакат даражасига кўтарилганлиги кўрсатилди;
- Хоразмшоҳ Отсиз билан Султон Санжар орасидаги муносабатга аниқлик киритилди - Отсиз султонга нисбатан мустақилроқ муносабатда бўлган;
- Хоразмшоҳ Эл Арслон вафотидан кейин асли валиаҳд кичик ўғли Султоншоҳ эмас, Жандда валий бўлиб турган катта ўғли Такаш эканлиги кўрсатилди;
- Туркон Хотун ва Менгбурни исмларининг ёзилишига аниқлик киритилди;
- Хоразмшоҳ Алоуддин Муҳаммад билан Чингизхон орасидаги муносабатлар бошқа манбалардан фарқли баён қилингани аниқланди;
- Чингизхоннинг Ануштегиний–Хоразмшоҳларга қарши юриши асосан Бағдод халифаси ан-Носирнинг ундаши ва ташвиқи билан бўлганлиги аниқ кўрсатилади;
- Чингизхоннинг васиятига кўра Чиғатой улуси таркибига жануби-шарқий Хоразм, Мовароуннаҳр, Уйғур ва Кошғардан ташқари Бадахшон, Балх, Ғазниндан то Синд дарёси соҳилигача ерлар ҳам кирганлиги кўрсатилган;
- Чиғатой хонларининг ҳукм суриш тартиби ва фаолиятига аниқлик киритилган;
- Кўппакхоннинг пул ислоҳоти ҳақида муҳим хабар келтирилган;
- Тармаширинхон Чиғатойлар мулкининг пойтахтини Ғазнага кўчиргани аниқ кўрсатилган.
Тадқиқотнинг учинчи боби Марказий Осиёнинг XV-XVI асрлардаги тарихининг “Тарихи элчи Низомшоҳ”даги тавсифи деб номланган бўлиб, уч параграфдан иборат.
Бобнинг биринчи параграфи Амир Темур ва Темурийлар салтанати тарихининг «Тарихи элчи Низомшоҳ”га кўра тавсифига бағишланган. Унда Хуршоҳнинг мавзуни ёритишда фойдаланган манбалари кузатилади ва муаллиф Амир Темур ҳаёти ва фаолиятини ёритишда асосан Шарафуддин Али Яздий «Зафарнома»сига таянгани, Темурийларнинг фаолиятини ёритишда эса асосан Мирхонднинг “Равзат ус- сафо” ва Хондамирнинг «Ҳабиб ус-сийар» асарларидан фойдалангани аниқланди.
Иккинчи параграф «Шайбонийхон ҳукмронлиги” ва учинчи параграф “Шайбонийлар Темурийлар ва Сафавийлар муносабатлари» деб аталган. Ушбу бўлимларда биз ёритмоқчи бўлган масалага «Тарихи элчи Низомшоҳ» олтинчи мақоласининг учинчи боби бағишланган бўлиб, асарнинг VI-VII мақолалари 2001 йили Теҳронда Муҳаммад Ризо Насирий ва Кўичи Ханедалар томонидан мукаммал изоҳлар билан нашр этилган . Баъзи ҳолларда Хуршоҳ ибн Қубоднинг хабарларини Аббосқули Ғаффорий Фард томонидан 1998 йили Теҳронда нашр этилган «Равобите Сафавийе ва ўзбакон», яъни «Сафавийлар ва ўзбеклар орасидаги муносабатлар» китобида келтирилган хабарлар тўлдиради.
Учинчи боб хулосалари қуйидагилардан иборат:
- Хуршоҳ ибн Қубод Амир Темур ва Темурийлар даври тарихини ёритишда «Равзат ус - сафо» ва «Ҳабиб ус - сийар» асарларидан кенгроқ фойдаланганлиги аниқланди;
- Хуршоҳ ибн Қубоднинг Шоҳрух салтанати ҳақидаги хабарлари муҳимдир, чунки уларнинг аксарияти маълум хабарларни анча тўлдиради. Хуршоҳнинг хабарига кўра, 1417 йилга келиб Шоҳрух (1405-1447) Амир Темур мулкини асосан тиклай олган ва бу бирликни анча вақтгача сақлаб қолган. Чунончи, 1436 йили Шоҳрухнинг ҳузурига Миср ва Сурия султони Султон Чақмоқдан элчилар туҳфалар билан келгани ва ўша йили Усмонли султони Мурод II дан ҳам туҳфалар билан элчи келгани ҳали бу мамлакатларда Темурийларнинг вазнга эгалигини билдиради. 840/1438-39 йили Шоҳрух Каъбага жома кийдиришга кисва (ниқоб) юборгани унинг обрўси Маккатул Мукаррамада ҳам тан олинганидан далолат беради;
- Юқорида келтирилганлардан кўрамизки, Шайбонийхоннинг Мовароуннаҳрга кириб келиши бир йўла ва тасодифан бўлган эмас. Шайбонийлар Мовароуннаҳр ишларига аслида Абулхайрхоннинг 834/1430-31 йили Хоразмга келишидан бошлаб аралаша бошлаганлар. Кейинчалик Абу Саъид ва Султон Ҳусайн Бойқаронинг тахтга чиқиш учун Абулхайрхондан мадад олишлари сўнгги Темурийларнинг Шайбонийлар ҳарбий кучига муҳтож бўлганликларидан далолат беради;
- «Тарихи элчи Низомшоҳ»нинг V-VI мақолаларидаги Шайбонийлар ҳукмронлиги, Шайбонийлар, Темурийлар ва Сафавийлар муносабатларига бағишланган бўлимлари кўп жиҳатдан унинг нодир қисмидир. Чунки, бу бўлимларда муаллиф кўп манбалардан ўзбек давлатчилиги тарихи нуқтаи назаридан муҳим бўлган маълумотларни олган ва ундан ташқари воқеаларни ўз кўзи билан кўрган одамлар билан мулоқотда тўплаган маълумотларини ҳам киритган. Асарнинг ана шу хусусиятлари унинг қийматини орттиради.
Албатта, мазкур бобларда келтирилган баъзи хабарлар бошқа манбаларда ҳам келтирилган. Хусусан, Шоҳ Исмоилнинг амири Нажми Соний номи билан боғлиқ Қарши ва Ғиждувон воқеалари Мирза Муҳаммад Ҳайдарнинг «Тарихи Рашидий»сида ва Маҳмуд ибн Валининг «Баҳрул асрор» асарида эслатади. Лекин бу муаллифларнинг биринчиси бу воқеаларни қисқагина, бир саҳифада эслатади. Иккинчи муаллиф эса фақат Камолиддин Биноий Нажми Соний томонидан ўлдирилганини эслатиш билан чегараланади. Хуршоҳ асарида эса бу воқеалар бир неча саҳифада батафсил баён қилинган. Шунинг учун бу манбанинг қиймати каттадир.
ХУЛОСА
Тадқиқот якунида қуйидаги хулосалар берилди: «Тарихи элчи Низомшоҳ» ушбу тадқиқотда биринчи марта диссертацион мавзу қилиб олиниб, илмий муомалага киритилди.
«Тарихи элчи Низомшоҳ» асарининг муаллифи Хуршоҳ ибн Қубод ал-Ҳусайний асли шимоли-ғарбий Эрондан бўлиб, Ҳиндистоннинг жануби-ғарбидаги Аҳмаднагарнинг Баҳманий шоҳи Бурҳон Низомшоҳ I нинг (1508-1553) саройида хизмат қилган ва 1545 йилдан 1564 йилгача Эроннинг Сафавий шоҳи Таҳмосб I ҳузурида элчиликда бўлади. Агар асардаги воқеалар 972 й. 20 зулқаъдасигача /1565 йил 19 июнигача етказилганлигини эътиборга олсак, муаллиф китобини асосан элчилик сафарида ёзиб, уни ватанига кетганидан сўнг тугатганини аниқлаймиз:
- Етти мақоладан иборат ва умумий тарих жанрида ёзилган «Тарихи элчи Низомшоҳ»нинг III-VI мақолалари Марказий Осиё тарихи ва, хусусан, ўзбек давлатчилиги тарихи нуқтаи назаридан ҳам муҳим аҳамият касб этиши аниқланди. Хусусан,
- а) Халифа ал-Маъмунни халифалик тахтига кўтарган ва 821 йили Хуросон ва Мовароуннаҳрда мустақил Тоҳирийлар сулоласига асос солган Тоҳир ибн ал-Ҳусайн Ҳирот яқинидаги Пушанг (ёки Бушанж) шаҳрининг ҳокими Мусъаб ибн Розиқ ал-Хузоъийнинг ўғли ва асли арабларнинг “бану хузоъа” қабиласига мансуб бўлгани; Тоҳирийларнинг учинчи вакили Абдуллоҳ ибн Тоҳир даврида бу сулола катта қудратга эришади, у ёзган «Китоб ал-Қуний» асари икки аср давомида сув тақсимоти бўйича асосий қўлланма бўлди. Хуллас, Тоҳир ва ўғли Абдуллоҳ ибн Тоҳир олиб борган ижтимоий ва иқтисодий сиёсат маҳаллий халқ орасида мустақиллик мафкурасини ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий жиҳатдан кучайтирди ва ўзбек давлатчилигининг ўрта асрлардаги пойдеворини қуриб берди.
- б) Совет даврида нашр этилган баъзи тарихий асарларда (Негматов Н.Н. Государство Саманидов, 129-130-бетлар) айтилганга зид ўлароқ, Қорахонийлар Мовароуннаҳрга ўлжа олиш учун ва босқинчи сифатида келган эмас, балки Сомонийларнинг турк лашкарбошилари Абу Али Симжур ва Фойиқларнинг қайта-қайта таклифи муносабати билан келган. Сомонийлар давлати эса табиий равишда кучсизланиб қулаган.
- в) Келиб чиқиши Бухоро туркларидан бўлган Ғазнавийлар, XI-XIII асрларда ҳукм сурган Ғур ва Ғарчистон салтанати кейинчалик Хоразмшоҳлар ва Темурийлар билан туташиб, Хуросон ўзбекларининг этногенезида ва ўзбек давлатчилиги тарихида муҳим аҳамият касб этган. Ундан ташқари, Хуршоҳнинг кўрсатиши бўйича, Сомонийларнинг ҳожиби Алптегин 962 йили Ғазнадаги ҳокимияти учун амир Мансурдан ёрлиқ олиб, Ғазнавийларнинг мустақил давлати пойдеворини қуриб берган.
- г) Салжуқийлар салтанати ҳақида фанда ўрнашиб қолган фикрлардан ва баъзи манбалардагидан фарқли қатор хабарлар (Салжуқийлар салтанатининг бошланиши, султон Санжарнинг ғуззлар (ўғузлар) асирлигида бўлган жойи ва ҳ.к.) келтирилган.
- д) Ҳирот Куртлари сулоласи келиб чиқиши ва тили қандай бўлганлигидан қатъий назар кейинчалик Амир Темур билан ҳам қариндош, ҳам тобе бўлиб, ўзбек давлатчилиги тарихида ўз рўлини ўйнади.
- е) Элчи Низомшоҳ Ануштегиний–Хоразмшоҳлар тарихи борасида ҳам З.М.Буниётов талқинидан фарқли қатор янгиликларни киритади. Хусусан, Чингизхоннинг ғарбга Хоразмшоҳга қарши юришининг асосий сабабчиси ва тарғибчиси Бағдод халифаси бўлганлигини Хуршоҳ исботлашга уринади.
- ё) Хуршоҳ Чиғатой улуси хонларининг ҳукм суриш тартиби, пул ислоҳоти ва улуснинг ҳудудлари масаласига ҳам аниқлик киритади. Унинг хабарига кўра, бу улусга Мовароуннаҳр ва жануби-шарқий Хоразмдан ташқари «Уйғур ва Кошғар мамлакати, Бадахшон, Балх, Ғазнин, то Синд дарёси соҳилигача» ерлар кирган. Ундан ташқари, Тармаширинхон 1326 йили Ҳиндистонга юриш қилиб, то Деҳлигача ерларни Чиғатой улусига қўшиб олган ва қисқа муддатга бўлса-да, пойтахтини Ғазнага кўчирган. Шунинг учун ҳам кейинчалик Чиғатой хони номидан улусни бошқараётган Амир Темурнинг бу ерларга юриши Чингиз ясасига кўра қонуний бўлган деб қаралмоғи керак.
- Тадқиқотнинг олинган натижалари ва чиқарилган хулосалари асосида Марказий Осиёда IX-XVI асрларда ҳукм сурган сулолалар тарихига қатор аниқликлар киритилди. Булардан келажакда Ўзбекистоннинг ўрта асрлардаги ўзбек давлатчилиги тарихидан ва умуман Марказий Осиё тарихи бўйича қўлланмалар, махсус курслар ва дарсликлар ёзишда фойдаланиш мумкин.
Хуршоҳ ибн Қубоднинг «Тарихи элчи Низомшоҳ» асари мамлакатимиз тарихини аввалроқ ўрганилган бошқа манбаларга нисбатан бир мунча тўлдиради ва ўзбек давлатчилиги тарихи ва ўзбекларнинг этногенези тарихидан муҳим манба бўлиб ҳисобланади.
Юқоридаги хулосалардан келиб чиқиб, қуйидаги таклиф ва тавсияларни ўртага ташлашни лозим деб топдик.
1. «Тарихи элчи Низомшоҳ»нинг ўзбек давлатчилиги нуқтаи назаридан муҳим бўлган III, IV, V, VI мақолаларидаги бошқа манбаларда учрамайдиган Тоҳирийлар, Саффорийлар, Сомонийлар, Ғазнавийлар, Салжуқийлар, Ғурийлар (1151-1206), Ануштегиний–Хоразмшоҳлар, Чиғатойлар, Куртлар, Темурийлар, Шайбонийлар сулолалари ҳамда Мирзо Бобур, Шоҳ Исмоил ва Шоҳ Таҳмосб муносабатлари ҳақидаги маълумотларни «Ўзбекистон тарихи» дарсликлари ва қўлланмаларига киритиш мақсадга мувофиқдир.
2. «Тарихи элчи Низомшоҳ»нинг III, IV, V, VI мақолаларидаги оригинал парчаларни хрестоматик материал сифатида ўзбек тилида нашр этиш тавсия этилади.
ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ИШЛАР РЎЙХАТИ
1. Аҳмедов А., Ҳамдамова М. Элчи Низомшоҳнинг “Тарихи элчи Низомшоҳ” асари ҳақида // Ўзбекистон тарихи. – Тошкент, 2000. -№ 1-2. – Б.47-50.
2. Ҳамдамова М. “Тарихи элчи Низомшоҳ” Ануштегиний–Хоразмшоҳлар давлати ҳақида // Ўзбекистонда ижтимоий фанлар. –Тошкент, 2001. -№6. –Б. 72-75.
3. Ҳамдамова М. Зарафшон воҳаси Амир Темур даврида («Тарихи элчи Низомшоҳ» асари асосида) // Зарафшон воҳаси ва унинг тарихдаги ўрни мавзусидаги Республика конференцияси материаллари: Тез.док. - Самарқанд, 2001. –Б.133-134.
4. Ҳамдамова М. Тарихи элчи Низомшоҳ" Салжуқийлар давлати ҳақида // СаМДУ Ахборотномаси.- Самарқанд, 2004. -№2, –Б. 33-34.
5. Ҳамдамова М. Курт подшоҳлари «Тарихи элчи Низомшоҳ асари асосида» // Тўплам. «Профессор-ўқитувчиларнинг илмий-назарий анжумани материаллари» СамДЧТИ, 2004. –Б. 84-87.
6. Аҳмедов А., Ҳамдамова М. Элчи Низомшоҳ асари Темурийлар ва Сафавийлар муносабатлари ҳақида // «Темурийлар даври маданий ёдгорликлари». 2- китоб – Т.: 2004. –Б. 5-13.
Тарих фанлари номзоди илмий даражасига талабгор Хандамова Маърифат Акрамовнанинг 07.00.08 – Тарихий манбашунослик ихтисослиги бўйича «Тарихи элчи Низомшоҳ» Марказий Осиёнинг IX-XVI асрлардаги тарихига оид манба сифатида» мавзусидаги диссертациясининг
Р Е З Ю М Е С И
Таянч сўзлар: Хуршоҳ ибн Қубод, «Тарихи элчи Низомшоҳ», IX-XVI асрларда Марказий Осиё тарихи, ўзбек давлатчилиги.
Тадқиқот объектлари: Хуршоҳ ибн Қубоднинг «Тарихи элчи Низомшоҳ» асари, Марказий Осиёда IX-XVI асрларда ҳукм сурган сулолалар тарихи, ўзбек давлатчилиги.
Ишнинг мақсади: XVI асрда яшаган муаррих Хуршоҳ ибн Қубоднинг ҳаёти ва фаолиятига аниқлик киритиш ҳамда Марказий Осиёнинг IX-XVI асрлардаги тарихи ва ўзбек давлатчилиги тарихидан муҳим манбалардан бири – «Тарихи элчи Низомшоҳ» асарини манбашунослик нуқтаи назаридан тадқиқ этиш ва асарнинг Марказий Осиё тарихидаги ўрнини кўрсатиб бериш.
Тадқиқот методлари: манбашунослик, тарихий-қиёсий, матншунослик.
Олинган натижалар ва уларнинг янгилиги: Ҳуршоҳ ибн Қубоднинг ҳаёти ва фаолиятига доир маълумотлар аниқлаштирилди, унинг «Тарихи элчи Низомшоҳ» асарининг умумий мазмуни очиб берилди, манбашунослик жиҳатидан ўрганилди ва илмий муомалага киритилди. «Тарихи элчи Низомшоҳ» Марказий Осиёнинг IX-XVI асрлардаги тарихига оид манба сифатида муҳим аҳамият касб этиши, ушбу регион тарихи саҳифаларини аввал ўрганилган манбаларга нисбатан анча тўлдириши ва шунингдек ўзбек давлатчилиги тарихи жиҳатдан муҳим манба эканлиги аниқланди.
Амалий аҳамияти: диссертация материалларидан Марказий Осиё халқларининг ижтимоий-сиёсий, маданий тарихини ҳамда ўзбек давлатчилиги тарихини ўрганишга доир тадқиқотларда, Ўзбекистон тарихи ҳамда Ўлкашунослик фанларидан ўқув услубий қўлланмалар ва маърузалар тайёрлашда, амалий машғулотларда фойдаланиш мумкин.
Татбиқ этиш даражаси ва иқтисодий самарадорлиги: мавзу бўйича 5 та мақола 1та тезис эълон қилинди.
Қўлланиш (фойдаланиш) соҳаси: Диссертация материаллари Марказий Осиё ва Ўзбекистоннинг ўрта асрлардаги тарихини ўрганишда, ўзбек давлатчилиги тарихидан тадқиқотлар олиб боришда ва олий ўқув юртлари учун ўқув-услубий қўлланмалар яратишда қўл келади.
РЕЗЮМЕ
диссертации Хандамовой Маърифат Акрамовны на тему: «Та’рих-и элчи Низамшах» как ценный источник по истории Центральной Азии в IX-XVI вв.» на соискание ученой степени кандидата исторических наук по специальности 07.00.08. – Историческое источниковедение
Ключевые слова: - Хуршах ибн Кубад, «Та’рих-и элчи Низамшах», история Центральной Азии в IX-XVI вв., узбекская государственность.
Объекты исследования: Сочинение Хуршаха ибн Кубада «Та’рих-и элчи Низамшах», история династий, правивших в Центральной Азии в IX-XVI вв., узбекская государственность.
Цель работы: Внести ясность в описание жизни и деятельности историка XVI в. Хуршаха ибн Кубада, источниковедческое исследование важного источника по истории Центральной Азии IX-XVI вв. и истории узбекской государственности, а также показать его место в истории Центральной Азии.
Методы исследования: источниковедческий, историко-сопоставительный, текстологический.
Полученные результаты и их новизна: Уточнены данные о жизни и деятельности Хуршаха ибн Кубада; раскрыто содержание его сочинения «Та’рих-и элчи Низамшах», проведено исследование с точки зрения источниковедения и введено в научный оборот. Установлено, что сочинение «Та’рих-и элчи Низамшах» имеет важное значение как источник по истории Центральной Азии IX-XVI вв., значительно дополняет страницы истории данного региона по сравнению с ранее изученными источниками, а также является важным источникам по истории узбекской государственности.
Практическая значимость: Материалы диссертации могут быть использованы при изучении общественно-политической и культурной истории народов Центральной Азии, исследовании истории узбекской государственности, а также при составлении учебно-методических пособий по истории Узбекистана и краеведению. Материалы могут быть использованы при чтении спецкурсов по истории Центральной Азии и на практических занятиях.
Степень внедрения и экономическая эффективность: по теме диссертации опубликовано 5 научных статей и 1 тезис.
Область применения: Материалы диссертации имеют важное значение в изучении средневековой истории Центральной Азии и Узбекистана, истории узбекской государственности, будут полезны при составлении учебно-методических пособий для ВУЗов.
R E S U M E
Thesis of Handamova Ma’rifat Akramovna on the scientific degree competition of the doctor of philosophy in historical speciality 07.00.08. – «Historical source study» researches subject: «Ta’rikh-i elchi Nizamshah» as valuable source by the history of Central Asia IX-XVI th centuries
Key words: Hurshah ibn Kubad, Ta’rikh-i elchi Nizamshah, history of Central Asia in IX-XVI centuries, Uzbek statehood.
Subjects of the inquiry: Work of Hurshah ibn Kubad - “Ta’rikh-i elchi Nizamshah”, the history of dynasties ruled in Central Asia in IX-XVI th centruries, Uzbek statehood.
Aim of the inquiry: Reveal the life and creative works of Hurshah ibn Kubad explicity who lived in XVI century, particularly to research the work “Ta’rikh-i elchi Nizamshah” – important source on the history of Central Asia in IX-XVI th centruries and history of Uzbek statehood, in the point of view historical source research and the history of Uzbek statehood as wel as to explain it’s place in the history of Central Asia.
Method of inquiry: historical-comparative, historical-realistically, textologic.
The results achieved and their novelty: Date about the life of Hurshah ibn Kubad was shown explicitely, his work “Ta’rikh-i elchi Nizamshah” was studied as a source, overall meaning was revealed leaded in the scientific research. It was elucidated that “Ta’rikh-i elchi Nizamshah” has importance as source in the history of Central Asia IX-XVI centuries, supplements other works written before on the history of region and its importance on the history of Uzbek statehood was proved.
Practical value: The materials of the dissertation can used as a source in delivering lectures and making up the text-books on the history of Central Asia IX-XVI centuries and the history of Uzbek statehood in XIV-XVI centuries.
Degree of embed and economic affectivity: On the sabject of the thisis is published 5 articles 1 thesises.
Sphere of usage: The materials of the dissertation has the important sign in study medieval history of Central Asia and Uzbekistan, in the history of Uzbek statehood, can by useful for compiling educational supplies of universities.
ТАДҚИҚОТЧИ ...................................................................... М.А.ХАНДАМОВА