БОШ САХИФА
.. Орқага қайтиш                        
 
ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ
АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ НОМИДАГИ
ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ

Қўлёзма ҳуқуқида
УДК 94 (575)(093) 327 (575)(093)

ШАЯКУБОВ ШОМАНСУР ШАКАБИЛОВИЧ

VI-VIII АСРЛАР МАРКАЗИЙ ОСИЁ СИЁСИЙ ТАРИХИДА СУҒД
(СУҒД ЁЗМА ЁДГОРЛИКЛАРИ АСОСИДА)

07.00.08 - Тарихий манбашунослик ва
07.00.03 – Умумий тарих

Тарих фанлари номзоди илмий даражасини олиш учун ёзилган диссертация

А В Т О Р Е Ф Е Р А Т И

ТОШКЕНТ – 2008

Тадқиқот Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетининг “Ўзбекистон тарихи” кафедрасида бажарилган.

 

Илмий раҳбар: -тарих фанлари доктори
Исҳоқов Мирсодиқ Мирсултонович

Расмий оппонентлар: -тарих фанлари доктори, профессор
Сагдуллаев Анатолий Сагдуллаевич

-тарих фанлари номзоди
Бобоёров Ғайбулла Боллиевич

Етакчи ташкилот: -Алишер Навоий номидаги
Самарқанд давлат университети

 

Ҳимоя 2008 йил ________________ ойининг _____ куни соат ____да Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳузуридаги тарих фанлари бўйича докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга мўлжалланган Д 015.14.01 рақамли Ихтисослашган Кенгаш йиғилишида ўтказилади (100170, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчаси, 81-уй. Тел.: 262-54-61. E-mail: beruni@globalnet.uz).

Диссертация билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Асосий кутубхонасида танишиш мумкин (100170, Тошкент шаҳри, акад. И.Мўминов кўчаси, 13-уй).

Автореферат 2008 йил _____________ ойининг _____ куни тарқатилди.


Д 015.14.01 Ихтисослашган
Кенгаш илмий котиби т.ф.н. Н.И.Тошов

ДИССЕРТАЦИЯНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ

Мавзунинг долзарблиги. Сиёсий тарих масалаларининг моҳиятида аввало жамиятнинг бошқаруви билан алоқадор тизимнинг шаклланиши, тадрижи ва давомийлиги, ниҳоят, давлатчиликнинг барқарор анъаналари акс этади. Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон ҳудудларидаги давлатчилик жараёнлари турли босқичларда юзага келган давлат уюшмалари, ҳудудий давлат тузилмалари, йирик салтанатлар тарихи кўринишида ҳар бир босқич учун алоҳида-алоҳида (масалан, қадимги Суғд, Хоразм давлат уюшмалари, қадимги Эрон салтанати таркибида сатрапликлар, Кушон салатанати, эфталлар давлати, Турк хоқонлиги ва бошқа) мавзулар доирасида ўрганиб келинар эди. 1998 йил 26 июн куни Президент Ислом Каримов республикамизнинг бир гуруҳ етакчи тарихчи олимлари билан учрашувда баён қилган фикрлари асосида Ўзбекистон ҳудудларидаги давлатчилик тарихини узлуксиз жараён сифатида тарихий манбалар асосида холисона ўрганиш масаласи долзарб илмий вазифага айланди.
Ўзбекистон ҳудудларида кечган давлатчилик тарихи аввало кўп босқичли, узвий ҳамда тадрижий ҳусусиятларга эга. Мамлакатимиз ва чет эл олимларининг бу соҳада амалга оширган қатор тадқиқотлари масалани умумий ёки айрим қирралари жиҳатдан ёритиб келди. Бироқ, олдинги йиллар учун тарихнинг барча даврларини қамраб олган умумлаштирувчи тадқиқотларда давлатчилик тарихи муаммолари алоҳида қўйилган эмас.
Ўзбекистон тарихининг кам ўрганилган, мафкуравий талаблардан келиб чиқиб нотўғри баҳоланган, материаллар етишмаслиги туфайли, баъзан эса методологик бузиб кўрсатилган саҳифаларини мустақиллик йилларида қайта кўриб чиқишга киришилди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар маҳкамасининг 1998 йил 27 июл “ЎзР ФА Тарих институтининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори ўзбек халқи ва унинг давлатчилиги тарихи концепциясининг ғоявий методологик асосини ташкил этди . Шундан кейинги даврда эса давлатчилик тарихининг умумий ва баъзи назарий масалаларини ёритишга қаратилган илмий ишлар пайдо бўла бошлади.
Биз танлаган мавзу VI-VIII асрлар оралиғидаги тарихий даврни ўз ичига олади. Лекин, бу давр шунчаки хронологик маънодан ташқари ижтимоий, иқтисодий, сиёсий муносабатларнинг янги сифат босқичини, хусусан, ер мулкчилигига асосланган янги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва маданий жараёнларни кўзда тутадиган тушунча сифатида қаралади. Илк ўрта асрлар даврини алоҳида ажратиб қарашнинг заминида мулкчилик шаклларининг ўзгариши, илгари мавжуд йирик империал салтанат давлатчилик шаклларидан фарқли равишда Суғдда, Тохаристонда, Чочда, Фарғонада янги типдаги давлат уюшмалари ҳамда Хоразмда ҳудудий давлат тузилмалари вужудга келди.
Улар орасида ўзига хос давлатчилик тизимига эга бўлган Суғд тарихини ёритиш, унинг Марказий Осиёда тутган ўрнини аниқлаш давлатчилигимиз тарихини ўрганишда алоҳида ўрин эгаллаши назарда тутилса танланган мавзу нақадар долзарб эканлиги ойдинлашади.
Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Суғднинг маданий-тарихий мероси XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрнинг бошларигача тарихимизнинг сирли жумбоғи бўлиб келди. ХIХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб фан доирасидаги манбалар асосида бир қатор илмий тадқиқотлар амалга оширилди. Шу жараён билан боғлиқ ҳолда Суғднинг илмий тарихнавислиги бошланди.
Мавзу даражасида илмий тадқиқотлар XIX асрнинг иккинчи ярмидан бери давом этиб келмоқда. Бизнинг ишимиз Суғднинг сиёсий тарихи билан боғлиқлиги муносабати билан муаммонинг ўрганилганлик даражаси мазкур тадқиқотнинг тарихшунослик масалалари билан боғлиқ 1 бобида махсус тадқиқ этилган.
Тадқиқотнинг даврий чегараси VI-VIII аср биринчи ярми билан белгиланиб, тарихий Суғднинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳаётидаги бурилиш ва мураккаб воқеалар билан боғлиқ. Аввало бу давр Суғд уcтидан Турк хоқонлиги ҳукмронлиги шароитида ички автономия асосида конфедератив тузилманинг сақланиши ва барқарорлашуви, ниҳоят араб истилоси арафасида ушбу тузилма субъектларининг мамлакат ҳимояси учун бирлашмагани ва ушбу тузилманинг барбод бўлиш жараёнлари (милодий VIII асрнинг биринчи ярми)дан иборатдир.
Диссертация ишининг илмий-тадқиқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Диссертация мавзуси Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети илмий тадқиқот ишлари режасига киритилган. Шунингдек, тадқиқот давомида олинган натижалар Тошкент Давлат Шарқшунослик институтида ташкил этилган “Илк ўрта асрлар ўзбек давлатчилиги тарихи” махсус курсига киритилган.
Тадқиқот мақсади ва вазифалари. Тадқиқотнинг асосий мақсади Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон ҳудудларида узлуксиз равишда давом этиб келаётган давлатчилик тарихининг узвий бўғини бўлмиш Суғддаги илк ўрта аср давлатчилиги жараёнларини, шу асосда VI-VIII асрларда минтақадаги сиёсий ҳаётни Суғд мисолида тадқиқ қилишдир.
Бу мақсадни амалга ошириш учун қуйидаги вазифаларни белгиладик :
1.Суғднинг ички ва ташқи сиёсий тарихини ёритувчи суғдий тилдаги Муғ тоғи ҳужжатлари ва бошқа ёзма ёдгорликларни манбашунослик нуқтаи назаридан қараб чиқиш. Хусусан, суғдий манбалардаги маълумотларнинг ўша даврга тааллуқли бошқа тиллардаги ёзма манбалар, хитой, араб, форс ва қадимги турк битиктошларидаги маълумотлар билан ўзаро мослиги ва фарқлиликларини кўрсатиб бериш ҳамда уларнинг ишончлилик даражасини аниқлаш;
2. Суғд конфедерациясида марказий ва регионал-маҳаллий бошқарув, уларнинг чегара ва ҳудудларини аниқлаш ҳамда улар ўртасидаги ўзаро муносабатларни таҳлил қилиш;
3. Манбаларга асосланган ҳолда Суғд давлатида марказий ҳокимият ва ҳудудий ҳокимликлар ўртасидаги муносабатларни таҳлил қилиш;
4.Илк ўрта асрларда Суғд конфедерацияси давлат тузумининг шаклланиши ва тарққиёти динамикасини илмий-назарий таҳлил этиш;
5.Муғ ҳужжатларидаги турк-суғд муносабатлари масаласига оид маълумотлар асосида Марказий Осиёда Турк хоқонлиги ялпи ҳукмронлиги шароитида Суғд конфедерациясининг сиёсий вазиятини ва бошқарув маъмурий тизими иерархиясини ўрганиш;
6.Суғд конфедерациясининг Марказий Осиё воҳа давлатлари; Чоч, Фарғона, Уструшона, Бухоро, Тохаристон ва бошқалар билан олиб борган сиёсий, дипломатик ва иқтисодий маданий алоқаларини ёритиш;
7.Суғд давлат бошқарув тизимининг ҳуқуқий асослари, давлат бошқарувида амал қилган маҳкамачилик тизимининг вазифаларига кўра таҳлилини амалга ошириш;
8.Суғд конфедерацияси субъектларининг пул-товар муносабатларини таҳлил қилиш орқали марказ ва вилоятлар ўртасидаги алоқалар мутаносиблиги қандай уюштирилганлигини тадқиқ этиш.
Тадқиқот объекти. VI-VIII асрларда Марказий Осиёда ўзига хос давлатчилик тизимига эга бўлган Суғднинг сиёсий тарихи.
Тадқиқот предметини Муғ тоғи суғдий ҳужжатлари, уларнинг нашрлари ва илк ўрта асрлар минтақа ҳаётини ёритувчи турли манбалар ташкил этади.
Тадқиқотнинг назарий-услубий ва манбавий асослари. Тадқиқотимизда методологик жиҳатдан Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг тарихимиз ва маънавиятимиз ҳақида «…тарих миллатнинг ҳақиқий тарбиячисига айланиб бормоқда. Буюк аждодларимизнинг ишлари ва жасоратлари тарихий хотирамизни жонлантириб, янги фуқаролик онгини шакллантирмоқда. Ахлоқий тарбия ва ибрат манбаига айлантирмоқда» , дея билдирган фикрлари, йўл-йўриқларига асосландик. Тарихни холисона, манбалар асосида ҳаққоний ўрганиш тамойилларига амал қилган ҳолда иш кўрдик. “Давлатчилик” борасида, шу билан бир қаторда “Суғдшунослик” соҳасида бажарилган илғор фикрли, ғоявий соғлом тадқиқотларнинг тажрибаларидан, археологик тадқиқотлар натижаларидан фойдаландик. Ишимизнинг манбашунослик моҳиятидан келиб чиқиб, холисоналикни таъминлаш мақсадида турли нуқтаи назарларни қиёсий таҳлил этиш усулидан фойдаландик. Суғд манбаларининг турли нашрларини, хусусан, 1934 йилдан то ҳозиргача бир неча нашрларда акс этган Муғ тоғи суғдий ҳужжатларни қиёслаш, уларга берилган изоҳларни солиштириш, орадан энг мақбул ва тўғри талқинларни ажратиш, янги хулосалар чиқариш йўлидан бордик.
Масаланинг илмий ечимида нафақат суғдий манбаларга, шу билан бирга илк ўрта асрларда минтақа ҳаётини ёритувчи турли манбаларга ҳам мурожаат қилинди.
Ҳимояга олиб чиқилаётган асосий ҳолатлар қуйидагилардан иборат:
1.Муғ тоғи суғдий ҳужжатлар бевосита Суғд конфедерацияси сиёсий тарихига доир асосий манбалардан бири.
2.Муғ тоғи суғдий ҳужжатлар араб истилоси арафасида Суғднинг ички ва ташқи сиёсий ҳаётини, марказий ҳокимият ва ҳудудий ҳокимликлар ўртасидаги муносабатларни, расман Турк хоқонлиги таркибида туриб автономияни сақлаш тамойилларини бевосита акс эттирувчи ноёб ёзма манбалар мажмуидир.
3.Муғ тоғи архивидаги суғдий тилидаги ҳужжатлар араб истилоси арафасида давом этаётган хатарли йилларда Турк хоқонлигининг асосий таянч манзили бўлмиш Чоч ва Турк хоқонлигининг араб истилосига қарши курашини ташкил этишда тутган ўрни масаласини холисона ёритиб берувчи ёзма манбалардир.
4.Муғ тўплами ҳужжатлари илк ўрта асрларда Суғдда турк ва суғдлар ўртасидаги серқирра ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг қай даражада чамбарчас боғлиқ бўлганлигини акс эттирувчи асосий манбалардан биридир.
5.Муғ тоғи суғдий ҳужжатлар илк ўрта аср Суғдида хўжаликни бошқаришда ва бошқа ҳукмдорлар билан олиб борилган сиёсий мулоқотларда, айниқса араб истилоси даврида ўзига хос дипломатик муносабатлар мавжуд бўлганлигини намоён этувчи муҳим манбалардир.
Тадқиқотнинг илмий янгилиги қуйидагилардан иборат:
- Марказий Осиёнинг қадимий давлатчилик асослари ва ўрта аср Ислом даври давлатчилиги босқичларини боғлаб турувчи бўғин “Илк ўрта асрлар давлатчилик тарихи” илмийлик, тарихийлик нуқтаи назаридан суғдий ёзма ёдгорликлар асосида таҳлил қилинди;
- Суғд конфедерациясининг илк ўрта асрлар давлатчилик тарихида тутган ўрни далиллар асосида очиб берилди;
- Суғд конфедерациясининг шаклланиш даври, босқичлари, ўзига хос хусусиятлари, бошқарувдаги Марказий Осиё воҳа давлатларига ўхшаш ва фарқли жиҳатлари, улар билан олиб борган сиёсий-иқтисодий муносабатлари ўрганилди ва қуйидагича баҳоланди. Жумладан,
- Суғд конфедерацияси Марказий Осиё воҳа давлатларининг аксарияти билан қўшни бўлиб, ўзининг географик жойлашувига кўра алоҳида ўрин эгаллаган. Хусусан, шимол ва шимоли-шарқдан Уструшона, ғарбда Бухоро, жанубдан Тохаристон ҳукмдорликлари билан ўзаро ҳамҳудуд бўлган. Шунингдек, шимоли-шарқда жойлашган Чоч ва Фарғона ҳукмдорликлари ҳам нисбатан Суғдга яқин бўлиб, улар ўртасида ҳам алоқалар йўлга қўйилган. Яъни, Суғд конфедерацияси маълум бир муддат ўзининг ҳудудий жойлашув ўрни, давлатчилик анъаналари, сиёсий мавқеи, иқтисодий-маданий салоҳияти каби жиҳатлари билан ушбу ҳукмдорликлар орасида марказий ҳукмдорлик вазифасини бажарганлиги аниқланди;
- дастлаб Суғднинг марказий ҳукмдорлиги бўлган Самарқандда хитой манбаларида Чжаову шаклида учрайдиган бошқарувчи хонадон ташкил топганлиги ва кейинчалик ушбу хонадон вакиллари алоҳида сулола сифатида нафақат Суғддаги бошқа ҳукмдорликларда, балки Марказий Осиёнинг бошқа воҳа давлатларида ҳам ўз сулолаларига асос солганликлари манбалар асосида таҳлил этилди;
- VII аср охири - VIII аср биринчи чорагига оид Муғ тоғи суғдий ҳужжатлар архиви Суғднинг ижтимоий-сиёсий тарихига оид ўта муҳим мажмуа сифатида таҳлил қилинди. Ушбу тадқиқотда Муғ тоғи архивининг А-1, А-3, A-5, A-6, А-14, А-16, А-18, В-8, В-13, B-16, Nov.3, Nov.4, I.1 рақамли ҳужжатлари асосида ижтимоий-сиёсий жараёнларнинг моҳияти кўрсатилди;
- ушбу ёзма ёдгорликлар Суғд конфедерацияси тарихини ёритишда қай даражада манба вазифасини ўтай олишини кўрсатиб беришга ҳаракат қилинди. Хусусан, Муғ тоғи суғдий ҳужжатларининг нафақат илк ўрта асрлар Суғд давлатчилиги тарихи учун, балки минтақада мавжуд бўлган бошқа ҳукмдорликлар тарихини ёритишда ҳам асосий ва бирламчи манба бўлганлиги эътироф этилди. Ушбу суғдий ҳужжатлардаги маълумотлар ўша давр Суғд тарихини акс эттирувчи хитой, араб, форс, қадимги турк ва бошқа тиллардаги маълумотлар билан таққосланди ва улар асосида умумий хулосалар чиқарилди;
Тадқиқотда фойдаланилган суғдий ёзма манбалар, аввало, илк ўрта асрлардаги мураккаб сиёсий, ижтимоий-иқтисодий муносабатларнинг ҳуқуқий асослари эканлиги яхлит ҳолда биринчи маротаба махсус тадқиқ этилди.
Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Диссертация суғдий ҳужжатларнинг муомалага киритилиши ва Суғднинг VI-VIII асрлардаги сиёсий тарихини янги маълумотлар билан бойитиши жиҳатидан илмий-амалий аҳамиятга молик. Ундаги маълумотлардан, аввало, ўрта махсус ва олий таълим тизимлари учун дарслик ва қўлланмалар яратишда, фундаментал умумлаштирувчи тарихий нашрларнинг тегишли қисмларини ёзишда фойдаланиш мумкин.
Иккинчидан, диссертацияда қайд қилинган мулоҳазалар давлатчилик тарихи соҳасидаги илмий билимларни янада чуқурлаштиради.
Учинчидан, тадқиқот натижалари асосида Ўзбекистон ҳудудида кечган давлатчилик тарихининг илк ўрта асрлар босқичи, хусусан, Суғд конфедерациясининг ўзига хос ўрнини яққолроқ кўрсатувчи махсус ўқув, ўқув-услубий адабиёт яратиш, уни таълим тизимига жорий қилиш муҳим самара беради.
Тадқиқот натижаларининг жорий қилиниши. Диссертация мавзуси бўйича натижалар Тошкент Давлат Шарқшунослик институтида “Ўрта Осиё тарихи манбашунослиги масалалари” мавзусида ўтказилган илмий конференцияда (2003 йил 23 апрел) қилинган “Суғд хуснихати (Муғ тўплами ҳужжатлари мисолида)”; Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика университети профессор-ўқитувчилари илмий конференциясида (2004 йил 5-6 май) қилинган “Илк ўрта асрларда ижтимоий муносабатлар (суғд ёзма манбалари асосида)”; Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика университети профессор-ўқитувчилари илмий конференциясида (2005 йил 11-12 май) қилинган “Илк ўрта асрлар тарихида Суғдиёна”; Низомий номли Тошкент Давлат Педагогика университетида “Олима аёлларнинг фан ва техника соҳасидаги ўрни ва роли” мавзусида ўтказилган Республика илмий-назарий конференциясида (2006 йил 10-11 декабр) қилинган “Ёзма манбаларда суғд маҳкамачилик тизими”, Аҳмад Яссавий номидаги Халқаро қозоқ-турк университетида «Ҳозирги замонда меҳнат ҳуқуқи муаммолари» мавзусида ўтказилган халқаро илмий-назарий конференциясида (2007 йил 21-22 июнь) қилинган «Концептуальная основа административной системы управления Согдом в VII-VIII вв.» номли маърузаларда ўз аксини топган.
Тадқиқотнинг синовдан ўтиши. Мазкур диссертация мавзуси Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Тарих институти ҳузуридаги тарих фанлари бўйича илмий тадқиқотларни Мувофиқлаштириш Республика Кенгашининг номзодлик ва докторлик диссертацияси мавзуларини тасдиқлаш бўйича йиғилишининг 1-рақамли баённомаси (2004 йил 23 январ) билан тасдиқланган. Шунингдек, диссертация апробация сифатида Тошкент Давлат Педагогика университети “Ўзбекистон тарихи” кафедрасининг 4-сонли кенгайтирилган мажлисида (2005 йил 5 октябр), Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат университети Тарих-фалсафа факультети хузуридаги тарихга ихтисослашган илмий семинарда (2007 йил 5 май), Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қошидаги докторлик ва номзодлик диссертацияларининг муҳокамасини ўтказишга ихтисослашган илмий семинари 4-сонли мажлисида (2007 йил 5 октябр) муҳокама қилиниб, ҳимояга тавсия этилган.
Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Диссертациянинг асосий мазмуни муаллиф томонидан эълон қилинган 7 та илмий мақолада ўз ифодасини топган. Шунингдек, Ўзбекистон радиоси тўлқинларида тадқиқот материаллари ёритилган.
Тадқиқотнинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, тўққиз бўлимни ўз ичига олган уч боб, хулоса, шартли қисқартмалар, фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхати ҳамда иловадан иборат. Диссертациянинг умумий ҳажми 177 бетдан иборат бўлиб, ишда 214 та манба ва адабиётлардан фойдаланилган.

ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ

Диссертациянинг Кириш қисмида танланган мавзунинг долзарблиги, муаммонинг ўрганилганлик даражаси, тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари, объекти ва предмети, ишга асос қилиб олинган манбалар, мавзунинг илмий янгилиги, назарий ва амалий аҳамияти ҳақида маълумотлар берилган.
Диссертациянинг “VI-VIII асрларда Суғд сиёсий тарихига оид манбашунослик тадқиқотлари” деб номланган биринчи бобида VI-VIII асрлар Суғднинг сиёсий ҳаёти ва давлатчилиги тарихи манбаларининг ўрганилиши ва нумизматик материалларнинг манбавий аҳамияти ҳамда XIX асрнинг иккинчи ярми ва ХХ аср тарихшунослигида Суғд сиёсий тарихининг ёритилиши каби масалалар таҳлил этилади.
Тарих тадқиқотлари учун ёзма ёдгорликлар манба сифатида катта аҳамиятга эга. Бу борада Ватанимиз тарихининг кўплаб қирраларини ёритишга хизмат қилувчи кўплаб манбалар мавжуд. Тадқиқотда фойдаланилган манбалардан бири Абу-Жаъфар Муҳаммад ибн ат-Табарийнинг “Тарих ар-расул ва ал-Мулук” асари . Асарда Тохаристон, Суғд, Фарғона, Шош, Хоразм, Еттисув ҳудудларида яшаган аҳоли ҳақида қисқа маълумотлар берилади. Унда туркларнинг суғдийлар, фарғоналиклар ва тохаристонликлар билан биргаликда араб истилочиларига қарши курашлари ҳақида маълумотлар жамланган .
Форс тилида ёзилган асарлардан Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида Марказий Осиёда араблар истилоси натижасида ислом динининг тарқалиши (VIII аср) ҳамда IX-XII асрлардаги Бухоро ва Бухоро воҳасидаги шаҳар ва қишлоқларнинг иқтисодий, сиёсий ва маданий тарихига оид маълумотлар берилади .
XX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Марказий Осиё археологияси, шу жумладан, қадимги Суғд ҳудудларида археология сезиларли даражада олдинга силжиди. Афросиёбда олиб борилган археологик тадқиқотлар натижасида В.А.Шишкин , Я.Ғ.Ғуломовнинг махсус ишлари ва Афросиёбга бағишланган мақолалар тўплами нашр этилди. И.В.Пьянков эса антик муаллифларнинг Суғд хақидаги маълумотларини таҳлил этувчи мақоласини эълон қилди . Шу муаллифнинг янги монографик тадқиқотида Суғд, унинг тарихий географияси муносабати билан сиёсий жараёнлар масаласига алоҳида ўрин ажратилган .
Суғднинг сиёсий ҳаёти (VI-VIII асрлар) ҳақидаги манбалар турли-туман ва улар сиёсий тарих нуқтаи назаридан етарли даражада ўрганилган эмас. Бевосита суғдий тилдаги манбалардан айни Суғд конфедерацияси сиёсий тарихига доир аниқ маълумотларни ҳозирча Муғ тоғи суғдий ҳужжатлардан ортиқ даражада бера оладиган манбалар йўқ . Шу сабабли ишимизнинг бу бобида сиёсий тарих манбаларининг ўрганилиш аҳволи ҳақида гап кетганда асосан Муғ тоғи ҳужжатларига таяндик. Уларнинг турли нашрлардаги талқинларини историографик таҳлил қилишга қаратдик. Зеро, Муғ тоғи ҳужжатлари ўз даври Суғд ижтимоий-сиёсий ҳаётини бевосита акс эттиради.
ХХ аср охирларида ўзбек олимларидан М.М.Исҳоқовнинг бир қатор тадқиқотларида, жумладан, “Суғдиёна тарих чорраҳасида” , “Унутилган подшоликдан хатлар” каби китобларида бир туркум суғдий ҳужжатларга янгича қараш ва мустақил илмий тарихий талқинлар, таржима ва изоҳлар берилган. Ўлкамиз тарихининг араб истилоси ва истило босқичларини янгича тушунишда бу ҳужжатларнинг ўрнини белгилаб беришга ҳаракат қилинган. Тадқиқотчи Ў.Мансуров суғдий ёзма манбаларнинг тарихшунослигига оид илмий ишида олимлар ўртасида Муғ тоғи ҳужжатлари борасида қарашларнинг турли-туманлигини кўрсатган ҳолда ушбу ноёб мажмуани холисона таҳлил қилишда янгича қарашларни илгари сурган .
Шу кунга қадар Ўзбекистон ҳудудидан топилган тангалар Суғднинг иқтисодий ва сиёсий ҳаётини ёритишда муҳим аҳамият касб этиб келмоқда. Давлат бошқарув тизимининг сиёсий ҳужжати ҳисобланмиш Суғд тангалари бўйича амалга оширилган махсус тадқиқотлар VII-VIII асрлардаги маҳаллий иерархия тизимига асосланган сиёсий бошқарувнинг босқичларини тиклашда муҳим аҳамият касб этди. Хусусан, Суғд тангалари бўйича дастлабки тадқиқотлар ўтган асрнинг охирларида пайдо бўлди. Ўз навбатида Муғ тоғи қасри топилмалари (1933 йилда) эса суғдий тангаларни ўрганишга бўлган интилишга сезиларли таъсир ўтказди. А.А.Фрейман, О.И.Смирновалар ва кейинчалик уларнинг ишларини Т.С.Ерназарова ва Д.Давутовлар давом эттирдилар . Суғд подшолари ва Панч ҳукмдорлари тангалари ўлканинг VII аср биринчи чорагидан VIII асрнинг 50 йилларгача бўлган хронологик давр оралиғи билан белгиланган асосий тангалар ҳисобланади . Суғд нумизматикасида кўплаб тангаларнинг санаси аниқ белгиланмаган. Қадимги Панжикент тадқиқотчилари томонидан эса маданий қатламлар стратиграфияси асосида тангаларни даврлаштириш юзасидан сезиларли ишлар қилинди .
Маълумки, XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Суғднинг қадимги ва ўрта асрлар даврига оид тарихий-географик ва сиёсий масалаларни қамраган илмий тадқиқотлар яратила бошланди. Мазкур тадқиқотлар Марказий Осиё, хусусан Ўзбекистон халқлари ижтимоий-сиёсий тарихини ўрганишдаги илк қадамлар эди. Хусусан, 1877 йилда В.Томашек хитой, араб ва форс манбалари асосида қадимги Суғд ва ўрта аср Суғдининг тарихий-географик ва сиёсий харитасини тиклаш мақсадида биринчи монографик тадқиқотни чоп эттирди . Суғднинг сиёсий тарихига оид биринчи илмий асар француз тадқиқотчиси Аллот Де-Ла Фюга тегишлидир . Аллот Де-Ла Фю ХХ асрнинг биринчи чорагида Марказий Осиёдан топилган кўп миқдордаги илк босқич суғдча ёзувли кумуш тангаларни тасниф ва талқин қилиш билан шуғулланган. Марказий Осиё ҳукмдорларининг Турк хоқонлиги ва Хитой билан муносабатлари Э.Шаванн томонидан ўрганилган .
ХХ аср бошларида В.В.Бартольд , А.Ю.Якубовский ва Афросиёбда иш олиб борган тадқиқотчиларнинг Самарқанд тарихига оид асарлари вужудга келди. Жумладан, В.В.Бартольд ўз асарларида улкан миқдордаги манбаларни жалб этиш орқали Туронзамин бўйича тарихий-географик тафсилотлар билан бир қаторда Марказий Осиёнинг ижтимоий ва этно-сиёсий тарихини даврлаштириш ҳамда ҳудудий алоқадорлигини кўрсатиш юзасидан ўз хулосаларини илгари сурди .
XX аср ўрталаридан буён чоп этиб келинган академик нашрларда, жумладан, 1950 йилда нашр этилган “Ўзбекистон халқларининг тарихи” номли тадқиқотда ёзма манбалар таҳлили асосида Турк хоқонлигининг Марказий Осиёдаги ҳукмронлиги остида ўз мустақил сиёсатини юритган майда мустақил ва ярим мустақил давлатларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий ҳаёти ҳақида бир қатор қимматли маълумотлар келтирилган . Б.Ғ.Ғофуров таҳрири остида нашр этилган “История таджикского народа” номли монографиянинг I бобида асосий эътибор илк ўрта асрларда мулкий муносабатларнинг шаклланишига таъсир ўтказган ижтимоий-иқтисодий омилларнинг таҳлилига қаратилган . Тадқиқотнинг “Ўрта Осиё халқларининг араб босқинчиларига қарши кураши” деб номланган II бобида араблар босқини арафасида Ўрта Осиёда, хусусан Суғддаги сиёсий вазият, конфедерация таркибидаги мулкларнинг ўзаро муносабатлари, Қутайба ибн Муслимнинг Пойканд, Бухоро, Самарқанд каби шаҳарларга ҳарбий юришлари ва унга қарши халқнинг миллий озодлик ҳаракатлари каби жараёнларнинг баъзи қирралари очиб берилган . 1969 йилда И.М.Мўминов таҳрири остида чоп этилган “История Самарканда” номли тадқиқотда Самарқанд шаҳрининг вужудга келиши ва ривожи, синфий ва миллий озодлик курашлари билан боғлиқ масалалар, шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ҳамда маданий ҳаёти ўз аксини топди . О.И.Смирнова 1970 йилда чоп этилган “Очерки из истории Согда” китобида Суғднинг илк ўрта асрлардаги ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тарихини суғдий, араб, форс ва хитой тилли манбалар асосида таҳлил қилди . 1979 йили эса Ю.Якубовнинг “Паргар в VII-VIII вв. н.э.” номли монографияси нашрдан чиқди . Мазкур монографияда араблар истилоси ва уларга қарши суғдликларнинг миллий озодлик ҳаракатлари арафасидаги Юқори Зарафшон сиёсий тарихи ўз аксини топди. А.Зиё ўзининг “Ўзбек давлатчилиги тарихи” номли монографиясида қадим ва илк ўрта асрларда Марказий Осиёда кечган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий жараёнларни турли тиллардаги ёзма ёдгорликлар, яқин ўтмиш ва мустақиллик даври тарихшунослиги ютуқлари асосида Ўзбекистон ҳудудидаги давлатчилик қадимий тарих ва узоқ тараққиёт йўлига эга эканлигини илмий таҳлил этди . 2001 йилда ЎзР ФА Тарих институти томонидан “Ўзбекистон давлатчилиги тарихи очерклари” номли монография чоп этилди . Ушбу монографияда Ўзбекистоннинг қадимдан то XХ аср бошларига қадар бўлган давлатчилиги тарихига оид лавҳалар жамланди. Уларда бой фактик, манбавий ва археологик материаллар асосида биринчи маротаба кенг миқёсда Ўзбекистон ҳудудида қадимдан давлатларнинг вужудга келиши жараёнлари ва сабаблари, инқирозий ва ривожланиш ҳолатлари таҳлил этилди.
Хитой манбаларидаги Марказий Осиё билан боғлиқ атамаларга тўлиқ аниқлик киритилмаганлиги бу биринчи даражали манбалар билан ишлашни бирмунча қийинлаштиради. Шунга қарамай, кейинги йилларда хитойшунос олим А.Хўжаев хитой манбаларида Суғд бўйича маълумотлар асосида бир қатор қимматли тадқиқотларни амалга оширмоқда . Натижада олимлар шу вақтга қадар шубҳасиз ишониб келаётган Иакинф Н.Бичуриннинг маълумотларидаги камчилик ва хатоларлар ҳам тузатилиб қайта кўриб чиқилмоқда.
Диссертациянинг иккинчи боби “VI-VIII асрларда Суғд давлати конфедератив тизими” деб номланган бўлиб, унда Суғднинг марказий подшолик ҳокимияти ва ҳудудий ҳокимликлари ўртасидаги муносабатлар, Турк хоқонлиги ҳукмронлиги даврида мамлакатдаги ички-сиёсий вазият билан боғлиқ масалалар ўрганилган.
VI-VIII асрлар Суғднинг тарихий географик жиҳатдан учта бир биридан табиий чегаралар орқали ажралган ҳудудларида (Бухоро воҳаси, Зарафшон дарёсининг ўрта ва юқори оқимлари, Қашқадарё воҳаси) ўзига хос конфедератив Суғд давлат уюшмаси шаклланиш, такомил топиш, араб истилоси туфайли сўниш даврларини бошдан кечирди.
Суғдда илк ўрта асрлардаги давлат тизимининг сиёсий хусусияти ҳақида турли фикрлар билдирилган. Суғдча, хитойча, кейинроқ эса, араб тилидаги манбаларнинг маълумотларига кўра бу даврда Турк хоқонлигининг сиёсий назорати остида нисбий мустақил ҳолда Суғд конфедератив давлат тузилмаси амал қилган. Унда бир муддат Кеш ҳокимлиги, 658-659 йиллардан бошлаб Самарқанд етакчилик қилган. Бухоро воҳасида Самарқанд ихшидлари хонадони билан яқин қариндош “Чжаову” сулоласи вакиллари бир неча юз йил (“йигирма икки авлод”) давомида ҳукмрон бўлганлар. Кеш эса VII аср ўрталарида Самарқандга итоат этиб, ихшид Шишпир (хит. Ша- ше-пи) ҳукмронлиги тугаган, ундан кейин Кешда ҳокимиятга келган Шиагйе (Che-a-ho) Вархуманга тобе бўлган. Хитой муаллифлари Сюань Цзан (629-645) ва Хой Чаолар (727) Суғднинг марказий ва маҳаллий мулкларининг ўзаро поғоналашган итоат тизими ҳақида етарли маълумот қолдиришган. Суғдча Муғ тоғи ҳужжатларида ҳам Суғднинг конфедератив давлатчилик тизими ҳақида хулоса берувчи бой маълумотларни кўриш мумкин.
Суғд конфедерацияси субъектлари дастлаб ҳар уч минтақада маълум ўзаро автоном ҳолатда бўлган бўлса, VII аср ўрталаридан бошлаб Самарқанд Суғдининг гегемонлиги асосида ягона давлат атрофида бирлашиш тенденциясини намоён қилди. Аммо бу тенденция амалда Самарқанд Суғди ва Қашқадарё Суғдини ўзаро яқинлаштириш даражасида тўхтаб қолди. Бухорода эса маҳаллий ҳокимият (бухорхудотлар) нисбий мустақиллигини сақлаган ҳолда фаолият кўрсатди. Марказий Осиё ҳукмрон хонадонлари ҳақидаги маълумотлар “Бей ши” (“Шимолий хонадонлар тарихи”), “Суй шу” (“Суй сулоласи тарихи”) ва “Тан шу” (“Тан сулоласи тарихи”) каби Хитой йилномаларида келтирилган . Уларнинг маълумот беришича, бу хонадонлар юэчжилар наслидан келиб чиққан бўлиб, Чжаову номи билан танилган. Ушбу йилномаларда хабар берилишича, Марказий Осиё ҳукмрон уруғларидан баъзилари кўп авлодларни ўз ичига олган. Масалан, Бухоро ҳукмдорлари сулоласи 22 авлоддан иборат бўлиб, 400 йилдан ортиқ ҳукмронлик қилган (авлодга ўртача ҳисобда 20 йилдан ҳисоблаганда).
Қашқадарё Суғдидаги ички сиёсий муносабатлар Кеш билан Нахшаб ўртасида нисбий автоном хусусият бўлганини кўрсатади. Нахшабда ва Кешда танга зарблари мустақил анъаналарга эга экани бунинг яққол далилидир. Кеш масаласида яна шу нарса маълумки, бу вилоят VIII аср ўрталаригача умумсуғд подшолигининг пойтахти ролига даъвогар бўлган. Ниҳоят бу даъво Кеш ҳукмдори Суғд подшоси Шишпирдан кейин 654-655 йилларда Самарқанднинг устун келиши янги сулола қўлида ҳокимият тўпланиши билан барҳам топди .
Юқорида таъкидланганидек, Афросиёб деворий суратларида акс этган ёзувнинг мазмуни ва изоҳларига В.А.Лившиц ўз фикрини билдирган . Қолаверса, “Древний Самарканд” номли китобда ҳам бу ёувнинг ўқилишига оид тузатишлар критилган . Хусусан, суратда дастлаб “Хун подшоси Вархуман”, деб ўқилган. Кейинчалик эса В.А. Лившиц “Унаш” уруғига мансуб хонадон вакили подшо Вархуман деб изоҳлашни мақсадга мувофиқ деб топди ва унинг параллели хитой йилномларида Кан (Самарқанд) ҳукмдорлари хонадони номи сифатида Вын-шу тарзида учрашини таъкидлади . Бироқ, Ғ. Бобоёров В.А. Лившицнинг бундай талқинлари етарли асосга эга эмаслигини таъкидлаб, Афросиёб битикларидаги Авархуман мансуб бўлган уруғ номининг ўқилиши Унаш эмас, Ўн Ўқ (“ўн қабила”) эканлигини ҳамда ушбу номнинг Ғарбий Турк хоқонлиги билан алоқадорлигини, шунингдек, хитой йилномаларида Суғднинг бошқарувчи хонадони Вын-шу тарзида эмас Вэнь шаклида берилганлигини бир неча мисоллар билан кўрсатиб берди . Бу эса Авархуман ва бошқа Суғд ҳукмдорларининг келиб чиқиши масаласини қайта кўриб чиқишни талаб қилади. Бу атаманинг Афросиёб деворий ёзувидаги «вин шу» ўқилиши (В.А.Лившиц)ни Ғ.Бобоёров ’wn?w деб тузатган ҳолда Суғд тахтида туркий «ўн ўқ» уруғи сулоласи ўтирган деган хулосага келди.
VI-VIII асрларда Самарқанд марказий ҳокимияти ва Панч (Панжикент) ўртасидаги муносабатларнинг сиёсий мазмуни эътиборга лойиқдир. Панч ҳукмдорлари ҳақидаги аниқ маълумотлар Чакин Чур Билга ва Деваштичлар даври билан боғлиқ. Шунинг ўзиёқ аниқ кўрсатадики, Панчда ҳукмдорлар оқсоқоллар “олий” кенгаш томонидан сайланиши, яъни аристократик демократия тамойилига таянган. Чунки Чакин Чур Билга турк бўлиб, унинг Панч ҳукмдорлари сулоласига алоқаси йўқ. Деваштич ҳам оддий зодаган ҳонадон вакили. Лекин Деваштични 710 йилда тахтдан туширилгач вафот этган Тархунга қариндош деб ҳисоблаш ҳақидаги илмий қарашлар ҳам мавжуд.
Деваштич оддий зодагон Йодхшетакнинг ўғли. У Панчда ҳоким бўлган турк Чакин Чур Билганинг ўрнини 708 йилда эгаллаган ва 14 йил ҳокимлик қилган (Муғ тўпламига кирувчи В-4 рақамли ҳужжат) . Унинг номидан имзоланган ҳужжатларда 1-дан 14-йилгача «Деваштич хусусий эраси» қайд этилган. Сўнгги сана 722 йилга тўғри келади. Бу эса Табарийнинг «Тарих»ида Деваштичнинг ўлими қайд этилган йилга тўғри келади . Чамаси Гамаукйан, Билга, Деваштичлар қариндош бўлмаган. Бу эса ўз-ўзидан тахт наслдан наслга ўтмаган деган хулосани келтириб чиқаради. Демак, Панжикентда сулолавий бошқарув бўлмаган .
Муғ архивидаги араб ҳужжатидан маълумки Деваштич қарамоғида Самарқанд подшоси Тархуннинг икки ўғли бўлганлиги сабаб, у Суғд тахтига даъво қилган . 710 йилда Суғд подшоси Самарқанд ҳукмдори этиб Ғурак тайинланган. 712 йили Қутайба ибн Муслим томонидан Самарқанд эгалланганда Ғурак “Суғд подшоси” унвонини сақлаб қолган ҳолда ўз қароргоҳини Иштихонга кўчиришга мажбур бўлади (712 йилги Самарқанд шартномаси). Хаттоки ўз номидан танга чиқаради ва Суғд подшоси сифатида 737-738 йилларгача ҳукмронлик қилади .
VI-VIII асрларда ер мулкчилигининг иқтисодий-ижтимоий асослари йирик ер эгалари, заминдорлар манфаати томон ўзгаради. Хазинанинг тўлиши, ташқи ҳавфга қарши ҳарбий куч тўплаш каби муҳим масалаларни ҳал қилишда марказий подшолик ҳокимияти заминдорлар билан ҳисоблашишга мажбур бўлган. Мулкий муносабатлар заминида бу ҳолатнинг рўй бериши мумкин эди. Шу билан бир қаторда, марказий подшолик ўз қўли остидагиларни сиёсий мустақилликка интилмасликлари учун зўр бериб ҳаракат қилган. В-17 рақамли ҳужжатда Деваштични Хахсар ҳокими Афарунга битган мактубининг 6-7-қаторларида “ва мен барча кучсиз ҳокимларни ўзимга бўйсундириб сенинг олдингда (Рустда) тўхтайман”, деб ёзиши Деваштични ўша даврда подшолигини тан олгиси келмаган вилоят ҳокимларини ўзига бўйсундириб сиёсий ҳокимиятни мустаҳкамлашга уринганлигидан далолатдир. В-17 матнининг 13-14-қаторларида “Ғванакка Фарғона подшосидан лашкарбоши келди, мен эса уни тутиб олдим ва шу ерда тутқунликда ушлаб турдим”, каби сўзлар келтирилган . Қўли остидаги вассалларни сиёсий мустақилликка интилмасликлари учун Деваштич зўр бериб ҳаракат қилгани ушбу В-17 рақамли ҳужжатдан маълумдир. Мактубда келтирилган Хахсар қишлоғи (Самарқанддан икки фарсах узоқда жойлашган) Деваштич вассалларининг ғарбдаги таянч истеҳкоми сифатида алоҳида аҳамиятга эга бўлган. Шу сабабдан Деваштичнинг Хахсар ҳукмдори Афарунни ўз томонида ушлаб қолиш учун ҳаракати ажабланарли эмас. “Хахсар ҳокими” ўз ҳукмдорининг кучига ишонмаган ҳолда баъзида унинг буйруқларини бажармаган (бу ҳақда В-18 рақамли ҳужжатда маълумот берилади), бироқ Панжикент ҳукмдори билан орани очиқ қилишга журъат эта олмаган. Аксинча, Афарун 722 йилда Деваштич билан ёнма-ён Қум қишлоғидаги жангда иштирок этган, сўнгра эса Деваштич билан Муғ тоғидаги қалъага чекинган . В-17 рақамли ҳужжат Афарунга ҳурмат-иззат ифодалаш, ҳарбий сиёсий вазиятда бирликни йўқотмасликка даъват қилиш маъносида ёзилган мактуб бўлса, В -18 рақамли мактубда Афаруннинг арабларга қарши курашда номаъқул ҳатти-ҳаракатлари, қўрқоқлиги, ўзбошимчалиги, сабабли Деваштичнинг кескин норозилиги ифодаланади . Қолаверса, Деваштич номидан вассалларига йўлланган мактубларда ўзини оддийгина қилиб “Деваштич ҳукмдордан”, деб мурожаат формуласини киритиши уларни ўзига итоат эттириш анчагина қийин бўлганидан дарак беради.
Диссертациянинг ушбу бобида илк ўрта асрлар, хусусан, VI-VIII аср биринчи чорагида Турк хоқонлиги таркибида автоном ҳолда амал қилган Суғд подшолигининг марказий ва маҳаллий ҳокимияти таркиби, яъни, асос эътибори билан Суғднинг ички сиёсий муносабатлари масаласи таҳлил этилди. Масаланинг қўйилиши Суғд конфедератив тузилмасининг субъектлари ўртасидаги ички муносабатларга қаратилгани сабабли биз Турк хоқонлиги ҳимоятида турган Суғд тарихининг айрим жиҳатларига махсус эътибор ажратмадик. Зеро, Турк хоқонлиги ва Суғд муносабатлари масалалари алоҳида тадқиқот учун муаммо бўлиши мумкин. Лекин шунга қарамай, мавзуимиз талаб этган даражада ишимизда турк-суғд муносабатларига оид баъзи масалаларга эътибор қаратишга ҳаракат қилдик. Масалан, Суғд конфедерацияси ўз сиёсий ҳаёти билан яшаш имкониятига эга бўлганига қарамай доимо Турк хоқонлигининг сиёсий ҳукмронлиги билан ҳисоблашган. Бинобарин, Турк хоқонлигининг ўз даври учун жаҳоний салтанат сифатида Суғдга ҳимоячилик қилиши тарихан мақбул ҳодиса эди.
VI аср охирлари-VIII аср ўрталарида Суғд гарчанд Турк хоқонлигига бўйсунган бўлса-да, у конфедератив давлат тузилмаси сифатида ўз ички бошқарув шаклига ҳам эга эди. Туркларнинг сиёсати, дастлаб, маҳаллий ҳукмдорлардан ўлпон олишдан иборат бўлди, илгариги сулолалар сақлаб қолинди, у ёки бу вилоятда мавжуд бўлган бошқарувнинг ички тартиблари ҳам ўзгартирилмади. Лекин турклар ўзларига бўйсинган ўлкаларда ўзларининг назорат вазифасига эга ноибликларини жорий этдилар. Бунинг яққол мисолини Чоч мисолида тудун мақомидаги ноибликда кўриш мумкин . Туркларнинг суғдликларга муносабати ҳудди бундан олдинги эфтал (абдал)ларнинг муносабати сингари давлатнинг олий васийлиги хусусиятига эга бўлди .
Турк хоқонлигининг ҳарбий-сиёсий ҳукмронлиги ва туркий давлат тузилишига хос бўлган ҳокимиятни ташкил этиш майда, мустақил ҳудудларга бўлиниб кетган Марказий Осиё икки дарё оралиғининг ўтроқ деҳқончилик районларининг сиёсий ва маъмурий тузилиши анъаналари билан ўзаро қўшилиб кетиши зарур эди. Хоқонлик бу ўлкада махсус мухторият тарзида ички бошқарув ҳуқуқини сақлаган. Чунки хоқонликнинг бошқа ҳудудларига нисбатан Суғдда ўтроқ деҳқон аҳоли, айниқса, шаҳар аҳолиси етакчи ўрин тутган. Бу эса Суғдда ўзига хос давлат тузилмаси мавжуд бўлганлигидан далолат беради. Суғдларнинг зодагонлари туркий иерархия таркибига кирган, воҳалар ёнида ўрнашган турклар гуруҳларининг бошлиқлари эса маҳаллий сиёсий тизимда иштирок этганлар .
Муғ тўпламига кирувчи ер ҳарид қилиш ҳақидаги В-8 рақамли ҳужжатда Суғд вилоятларидан бири бўлган Вағд подшоси ва Панч ҳукмдори деб таъкидланган Чакин Чур Билга исмли шахс қарийиб 15 йилдан зиёд вилоятда ҳукмронлик қилганлиги ҳақида гап боради . Бу ҳукмдор Панчнинг Деваштичдан олдинги ҳокими бўлиб, туркий аҳоли орасидан чиққан. Шундан келиб чиқадиган бўлсак, бу ўлкада турк ва Суғд аҳолиси ўртасидаги муносабатлар доираси илдизи чуқур бўлиб, ўзаро муносабатлар нафақат ижтимоий балки сиёсий даражада ҳам юксак мақомда бўлганлигини исботлайди.
VII аср ўрталарида Фарғона, Чоч, Илоқ, Усрушона, Самарқанд, Чағониён, Бухоро, Кеш каби ҳудудлар қарийиб икки аср давомида Турк хоқонлигига сиёсий жиҳатдан қарам бўлиб келган эдилар. Шу сабабли VII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Турк хоқонлиги автоном ҳукмдорлар билан бирга асосий ҳарбий-сиёсий куч сифатида истилочи арабларга қарши ҳаракат қилди.
А-14 рақамли ҳужжатда араб истилочиларига қарши курашиш учун 712-714 йилларда Деваштич ўз чопари Фатуфарнни Чочга юбориб, Чоч тудуни, Фарғона подшоси ва Турк хоқони билан иттифоқ тузиш мақсадида бўлганлигини кўришимиз мумкин . Муғ тўплами таркибига кирувчи бир қатор ҳужжатлар араб истилоси вақтида Турк хоқонлигининг таянчи Чоч-Тошкент воҳаси ва Турк хоқонлигининг араб истилосига қарши курашни ташкил этишда тутган ўрнини холисона ёритиш имконини беради. Ваҳоланки, Турк хоқонлиги ва унинг қўшинларини илмий адабиётларда гўё ёрдамга чақирилган иккинчи даражали кучлар сифатида кўрсатишга уринишлар кўплаб учрайди . Фатуфарнга юклатилган вазифа Турк хоқонлигини ҳамда қўшни ҳокимликларни арабларга қарши курашда бирлашишга даъват қилиш эди.
VI-VIII асрларда Марказий Осиёда қадим-қадимдан туркий ва эроний оилага мансуб тилларда сўзлашувчи туркий ва эроний халқлар ёнма-ён яшаб келганлар. Булар асрлар давомида биргаликда шаҳарлар барпо қилганлар, каналлар қазиб сув чиқарганлар, деҳқончилик қилганлар, бой маданият яратиб авлодларга қолдирганлар. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, бу икки тил вакиллари асрлар давомида бирга яшаб келишлари натижасида форс-тожик тилли аҳолининг айрим гуруҳлари тожик тилини қабул қилиб суғдийларга, хоразмийларга ва бошқаларга аралашиб кетганлар. Демак, этносларнинг ўзаро яқинлашиши, аралашиши ва қоришиб бориши жараёни ҳар икки тил вакиллари орасида ҳам кечган. Ўз даврида Маҳмуд Кошғарий (ХI аср) Балосоғунда яшаган суғдийлар ҳақида гапириб, “улар Самарқанд ва Бухоро ўртасидаги Суғддан бўлиб, турклашиб кетганлар” деб ёзганлигини назарда тутсак, бу масала янада ойдинлашади.
Марказий Осиё нафақат суғд-турк муносабатлари, шунингдек, Хоразм, Чоч, Бохтар, Фарғона ҳудудий этник муносабатлари учун ҳам ягона макон вазифасини ўтаган. Бу ўлкада турк ва Суғд аҳолиси ўртасидаги муносабатлар доираси илдизи чуқур бўлиб, ўзаро муносабатлар нафақат ижтимоий, балки сиёсий даражада ҳам юксак мақомда бўлган. Қолаверса, юқорида келтирилган Муғ тўплами ҳужжатлари илк ўрта асрларда Суғдда турк ва суғдийларнинг ўртасидаги серқирра ижтимоий-сиёсий муносабатларнинг қай даражада чамбарчас боғлиқ бўлганлигидан далолат беради. Жумладан, ушбу ҳужжатлар қадим замонлардан бошланган ўзбек ва тожик халқларининг этногенетик ва маданий умумийлиги ҳақида бебаҳо материал беради. Яъни, булар ўзбек халқининг келиб чиқиши ва шаклланиши, давлатчилик тарихи илдизларини янада чуқурроқ ўрганишга хизмат қилади.
Диссертациянинг учинчи боби “Илк ўрта асрларда Суғд ҳудудларида анъанавий давлатчилик тизимининг амал қилиши” деб номланган. Унда давлат бошқарув тизимининг ҳуқуқий асослари, маҳкамачилик тизими, пул-товар муносабатлари каби муҳим масалалар таҳлил этилган.
Суғднинг VI-VIII асрлардаги бошқарув тизими аввало ўзининг концептуал асослари билан алоҳида диққатга сазовар. Гап шундаки, қадимги ва илк ўрта асрлардаги Суғд учун давлат ҳокимияти концепцияси самовий-бага “худо” тушунчаси билан боғлиқ. Чунки суғдий xwtaw= (ав. xwa-tawa=) сўзлари “ўз ўзидан қодир зот” маъносига эга. Иккинчи ижтимоий-сиёсий атама xwbw (xwa-bawa) “ўз ўзидан содир бўлмоқ” маъно кўчмасидан иборатдир. Яъни бу тушунчалар давлат ҳокимиятининг илоҳийлигини кўрсатишга хизмат қилган.
Жамиятни бошқариш поғоналари юқоридаги илоҳий берилмиш “ҳуқуқ” заминига таянган ҳолда ҳокимиятнинг легитимлиги асосида ташкил топган. Ҳокимиятнинг юқори поғонаси ихшидлик “ўзидан нурланиш, нурафшонлик” маъносига эга, яъни “илоҳий нурга эга, подшоҳлик ҳуқуқига эга зот” демакдир. Чунки ихшид (қад.эр. xsayatiya=) “нур таратмоқ” маъносига эга. Юртни ана шундай “нурли зотлар бошқармоғи лозим”, деган ғоя Суғд ҳокимиятининг олий мақомини белгилаган.
Бошқарув тизимининг ўрта ва қуйи поғоналари анъанавий лавозимлар бўлиб, уларнинг деярли барчаси зардуштийлик дунёқараш тизимига мувофиқ келган. Лавозимлар номларидаги =пати, =панаҳ каби фармантлар лавозимларнинг ижтимоий функциясини кўрсатишга хизмат қилган. Зеро, пат=, панаҳ= ўзаклари “қўриқлаш, асраш” маъносига эга.
Ҳокимлик таркибидаги ҳудудий қисмлар баъзан хвабу лавозимидаги шахслар томонидан бошқарилган. Лекин, бу ўринда Панч ҳокими ҳам хвабу деб аталганини унутмаслик лозим. Бу ҳол ҳудудий ҳокимликлар баъзан ички автономияга ўхшаш мақомга эга бўлган ёки шундай даъво билан чиққан бўлиши мумкинлигини кўрсатади. Буни Деваштичнинг Хахсар ҳокими Афарунга ёзган мактубларида кўришимиз мумкин .
Қишлоқларда давлат томонидан олинадиган солиқ ва ўлпонлар натура (маҳсулот) кўринишида бўлган. Хўжалик ҳужжатлари орасида буғдой, ўрик, май ва бошқа маҳсулотларга оид даромад ва кирим-чиқим расмий ёзишмалари сақланган. Шунингдек, қўйларни, терини, унни ва майни етказиб беришга оид ҳужжатлар ҳам учрайди. Ҳужжатлардан буғдой, қўй, май Панжикент ҳокимига Юқори Зарафшон қишлоқларидан олиб келинганлиги маълум бўлди. Муғ тўпламидаги А-13 рақамли ҳужжат мазмунига кўра кўприкдан фойдалангани учун тўланадиган солиқни тўлаш ҳақидаги пул тўлови топшириғида, хусусан, 1,2-сатрларида хатнинг кимдан кимга ёзилгани акс этган. Хатни жўнатувчи томон Панжикент ҳокимлигининг солиқ йиғувчиси (бозкиром) ва Панжикент халқи жамоаси (нап/наф) кўрсатилган . Бу ҳол илк ўрта асрларда жамоанинг ижтимоий роли ҳали кучли эканлигидан далолат беради.
Суғдда муомалада бўлган драхм пуллари кумушдан бўлиб, кундалик сарф ҳаражатларида ишлатилмаган. Суғддан топилган кўплаб бронза тангалар ҳар кунги сарф ҳаражатларда бронзадан ишланган танга пуллар билан муомала қилинганлигидан дарак беради.
О.И.Смирнованинг тадқиқотларида кўрсатилишича, VII аср биринчи ярмида Самарқанд подшолари Хитой тангаларига тақлид қилган ҳолда бронза тангаларини зарб қилганлар. Дастлаб Тан сулоласи тангасини бутунлигича зарб қилган бўлсалар, кейинчалик уларнинг орқа томонида суғдий ёзув асосида алоҳида белги ва ёзувлар пайдо бўлди. Бироқ олд томони Хитой тангасини такрорлар эди. Кейинчалик маҳаллий элементлар Хитой ёзувини сиқиб чиқарди. Шу асосда, Самарқанд подшоларининг исми ва унвонлари ёзилган Суғд-Самарқанд бронза тангаларининг навбатдаги тури вужудга келади. Самарқанддан топилган бу каби тангалар асосий гуруҳни ташкил қилади. Тангалардаги исмларнинг ўқилиши А.А.Фрейманга (Тархун, Ғурак) ва О.И.Смирновага (Шишпир, Авархуман ёки Вархуман, Мастан-Авйан, Тукаспадак, Турғар) тегишлидир.
Муғ тўпламига кирувчи А-5 рақамли ҳужжатда подшо Деваштич саройи аъёнлари ва бир қанча бошқа шахслар учун ажратилган турли буюмлар ва уларга сарф этилган пулнинг реестр рўйхати акс этган . Ушбу ҳужжат заминида бир қатор иқтисодий масалалар юзасидан ҳам маълумотлар топиш мумкин. Жумладан, драхм пул бирлиги ва унинг курси масаласи диққатга сазовардир. Маълумки, Муғ ҳужжатларидан бир қанчасида (В-8, Nov.3-4, В-14, В-9, А-15, В-7, А-11) драхм сўзи пул бирлиги маъносида учрайди. Бундан ташқари драхмнинг айрим сифатлари ҳам учрайдики, булар суғдий матнларда драхми динорий, ними (ярим) драхма, нокиртича драхма (кумуш драхма) тарзида қўлланган. Драхма тангалар зарб этишнинг айрим шаҳар номлари билан боғлиқлиги ҳам матнларда учрайди. Масалан, “пухар драхма” ибораси VII аср охирлари ва VIII асрларда Бухоро ҳокимлари-бухорхудотлар томонидан зарб қилинган тангаларни кўзда тутади. Драхми динори, деб номланган турдаги танга пуллар динор бирлигининг ҳам илк ўрта аср пул муомаласида ишлатилганидан далолат беради. Бу ўринда динорий сўзининг драхмага нисбатан аниқловчи сифат ҳолатида қўлланилгани қизиқдир. Муомаладаги динор сўзи суғдчага таржима қилинган христиан матнларида, моний дини матнларида олтин танга маъносида ишлатилган. Лекин Суғдда VII-VIII асрларда олтин танга зарб қилинмаган. Шу сабабли суғдшуносликда драхми динорий Суғд пул тизимида энг тўлиқ вазнли, сифатли кумуш танга маъносида қўлланганлиги қайд этилган. Умуман тангаларнинг сифати ҳақида матнларда кўпинча қўшимча изоҳлар учрайди. Масалан, шир (а)-яхши сифатли, кирана-тоза, патсинча-тасдиқланган, амалда ишончли (пул) кабилар шулар жумласидандир . Муғ ҳужжатларида мис, бронзадан чиқарилган пани, деб аталган майда чақа пуллар ҳам ишлатилганлиги ҳақида маълумотлар учрайди. Улар чакана савдода амал қилиб, кенг ҳудудга-жанубий Туркманистон, Ўзбекистоннинг барча районлари-Самарқанд, Бухоро, Тошкент воҳаси, Фарғона водийси, ҳозирги Қирғизистон ва Шарқий Туркистон бўйлаб тарқалган.
Муғ тоғи суғдий ҳужжатларнинг таркибидаги фармойишлар, ҳисоботлар, тилхат-васиқалар жамият ҳаётининг турли соҳаларини қамраб олган. Улар давлатнинг бошқарув тизимлари нақадар аниқ ва поғоналашган тузилмага асосланганини, қонун ва ижро муносабатларини намойиш этади.
Фрамандар номига битилган А-2, А-3, А-16 рақамли ҳужжатлар асосан мактубот-хат жанри кўринишида расмийлаштирилган. Аслида эса бу ҳужжатлар вазифаси нуқтаи назаридан фармонлар эди. Шу билан бирга улар буюрилган вазифани бажариш тўғрисида ҳисобот ҳужжати деб ҳисобланган: “ва бу номани (хатни) сен оқлов ҳужжати сифатида ўзингда сақла”, яъни ҳужжатда майнинг қолган қисми муҳрланиши ва буйруқноманинг шу нусхаси тилхат ўрнида сақланиши лозимлиги уқтирилган . Айни шу тарздаги ҳолат В-3, А-10, А-7 ва бошқа ҳужжатларда ҳам учраб, бу гуруҳ суғдшуносликда “тилхатлар” деб номланган.
Ҳужжатчилик анъанасида у ёки бу ҳужжатларни, айниқса тилхатларнинг санаси-йили, ойи ва кунларини белгилаш қатъий амал қилган. Сана ҳужжатнинг боши ёки охирида кўрсатилиб, биринчи ёки учинчи шахс томонидан ёзилган. Баъзан ҳужжат охирида “Бу хат икки нусхада тайёрланди. Уларнинг бирини сен ҳисобот учун сақла”, деб таъкидланади. Матнда бу сўз суғдча “патсахв”, яъни “кейин бериладиган жавоб” маъносидаги атама билан белгиланган. Жумладан, А-16 ҳужжатининг санаси нисбий эра санаси бўлиб, бу ўринда матннинг охирида “Деваштич подшолигининг иккинчи йилидир. Ойи-хварезнич, куни-нахран руч. Ушбу буйруқнома муҳрланди подшо Деваштич томонидан ва ёзилди иккинчи нусха подшо фармонига кўра”, деб қайд этилган. Муғ ҳужжатларида ҳар бир подшо ўзи тахтга келишидан бошлаб йил ҳисоби юритгани қайд этилган. Ой ва кун календарь ҳисоби эса асосан зардуштийлик календарь системасини давом эттирган .
Ҳужжатчиликда бу қадар аниқ ҳисобчилик анъанаси бошқарув маҳкамачилигининг ташкилий пишиқлигини кўрсатади. Ҳужжатларнинг ҳисоботли деб қаралиши илк ўрта аср ҳуқуқий муносабатларининг такомиллигига ҳам ишорат қилади. Шундан хулоса қилиб айтганда, кўпгина фармон мазмунидаги ҳужжатлар ҳоким Деваштич хатларининг нусхасидир. Уларнинг асли Деваштич томонидан тасдиқланган ва баъзан лой мухр билан мустаҳкамланган . Икки, уч нусхада тузилган ҳужжат маҳсулотни қабул қилувчи шахс, уни топширувчи ва фрамандар учун биттадан нусхада битилган ва мазмунига кўра “тенг маъноли”, “бир хил” деб аталган. Тилхат, кўрсатма, буйруқ ҳужжатлари илк ўрта аср Суғдида хўжаликни бошқаришда ва бошқа ҳукмдорлар билан олиб борилган сиёсий мулоқотларда, айниқса араб истилоси даврида, ўзига хос дипломатик муносабатлар мавжуд бўлганлигини кўрсатади.

ХУЛОСА

Диссертациянинг “Хулоса” қисмида тадқиқот натижалари, улардан келиб чиқадиган асосий хулоса ва мулоҳазалар ҳамда амалий таклифлар берилган.
Илк ўрта асрлар, хусусан VI аср охирлари - VIII аср биринчи ярми Суғд тарихи Ўзбекистон ҳудудларида кечган давлатчилик тарихининг ажралмас қисмидир. Давлатчилик тарихининг ривож босқичларида Зарафшон водийси ва Қашқадарё воҳаси бўйлаб, Самарқанд, Бухоро, Кеш (Шаҳрисабз), Нахшаб (Қарши) воҳаларида милоддан аввалги биринчи минг йиллик ва милодий биринчи минг йилликнинг сўнгги чорагига қадар Суғуда-Суғд номи билан маълум бўлган давлатчилик жараёнлари кечган. Гарчи, тадқиқотчилар “бу жараён милодий VI-VIII аср ўрталарида Суғд конфедератив давлат тузилмасига айланишига олиб келган” деб ҳисобласалар-да, бироқ бу ҳолат анча илгари рўй берган бўлиши мумкин. Манбалардан маълум бўлишича, VI-VIII асрларга келиб Суғд минтақа сиёсий ҳаётида катта рол ўйнай бошлайди. Шу муносабат билан давлатчилигимиз тарихининг муҳим босқичини ўз ичига олган Суғд конфедератив тузилмасининг ички ижтимоий-сиёсий масалаларини ўрганишда бевосита ўша давр воқеа-ҳодисалари ичида туриб ёзилган суғдий ёзма ёдгорликлар муҳим манбалардан саналади.
Илк ўрта асрлар, айниқса ўрганилаётган VI-VIII асрларда Суғднинг тарихини ёритувчи манбалар билан танишиш натижасида аксарият тадқиқотчилар суғдий ёзма ёдгорликларнинг ўрни беқиёс эканлигини таъкидлайдилар. Гарчи, бу масалада хитой йилномалари ўзининг янада тадрижий ва узлуксиз маълумотларга бойлиги билан қиймати юқори бўлса-да, уларда келтирилган турли атамалар, шахслар исмлари, унвонлар, жой номлари ва бошқалар хитой тили ва ёзувига мослаштирилиб берилганлиги сабабли аслиятдан анча узоқлашган ва уларни тиклаш тадқиқотчилар учун ҳанузгача муаммо бўлиб қолмоқда. Шу жиҳатдан олганда ҳам суғдий тилидаги ёдгорликлар минтақа тарихини ўрганувчи тадқиқотчилар учун бирламчи ва ишончли манба бўлиб қолаверади. Бундан ташқари, ўзининг маҳаллий муҳитда яратилганлиги боис суғдий тилидаги манбалар Суғднинг сиёсий ҳаёти ва давлатчилиги ҳақида янада яққолроқ ва теранроқ тасаввур бера олади.
Таъкидлаб ўтиш жоизки, минтақа тарихига оид кўплаб нашрларда суғдий ёзма ёдгорликларга етарли даражада мурожаат этилмаган. Айниқса, Суғднинг VI-VIII асрлар Марказий Осиё сиёсий ҳаётида тутган ўрнини суғдий ёзма ёдгорликлар асосида белгилаш иши тўлақонли амалга оширилмаган. Бинобарин, суғдшунослик соҳасида 1970-йиллардан бошлаб йирик тадқиқотлар амалга оширилди. Суғдча матнларнинг дастлабки ўқилиши жараёнида вужудга келган нашрлар қайта кўриб чиқилди. Илмий изоҳлар, янгича қарашлар мужассам бўлган бир қатор нашрлар вужудга келди. Бизнинг вазифамиз суғдшунослик соҳасида тўпланиб қолган тажрибаларни тизимли равишда умумлаштириш, суғдий ёзма манбалар, ҳужжатлар, битиклар, нумизматик ва бошқа эпиграфик ёдгорликларга тўғри илмий талқин бериш, улардаги маълумотларни мавзуга тааллуқли хитой, араб, форс, қадимги турк ва бошқа манбалардаги маълумотлар билан таққослаш асосида илмий хулосаларга келишдан иборат бўлди. Улар бизга қуйидагича фикрлар ва мулоҳазаларни ўртага қўйиш имконини берди:
- ўзининг географик жойлашувига кўра қадимдан алоҳида бир тарихий-маданий ҳудуд сифатида шаклланган Суғдда ўзига хос воҳа давлатчилиги кўп асрлар давомида мавжуд бўлган. Шимоли-шарқда Нурота, Зарафшон тоғ тизмалари, жануби-шарқда эса Ҳисор тоғ тизмалари билан ўралган ва Зарафшон ҳамда Қашқадарё дарёлари ҳавзаларининг ўтроқ турмуш тарзи бу ҳудудда воҳа давлатчилигининг ташкил топишига замин яратган;
- ҳудудий ва сиёсий жиҳатдан Самарқанд, Панч (Панжикент), Кеш, Нахшаб каби нисбатан йирик ҳукмдорликлар ва Кушония, Кабудон, Маймурғ, Хахсар, Иштихон, Фай сингари кичик ҳокимликлардан иборат Суғд конфедерациясининг шаклланиш даври, босқичлари, ўзига хос хусусиятлари, бошқарувдаги Марказий Осиё воҳа давлатларига ўхшаш ва фарқли жиҳатлари, ушбу воҳа давлатлар олиб борган сиёсий-иқтисодий муносабатлари ўрганилди ва қуйидагича баҳоланди. Жумладан,
- Суғд конфедерацияси Марказий Осиё воҳа давлатларининг аксарияти билан қўшни бўлиб, ўзининг географик жойлашувига кўра улар орасида алоҳида ўрин эгаллаган. Хусусан, Суғд шимол ва шимоли-шарқдан Уструшона, жануби-ғарбда Пойкентгача, жанубдан Тохаристон ҳукмдорликлари билан ўзаро чегарадош бўлган. Шунингдек, воҳага нисбатан шимоли-шарқда жойлашган Чоч ва Фарғона ҳукмдорликлари ҳам Суғдга масофа жиҳатидан яқин бўлиб, улар ўртасида ҳам алоқалар йўлга қўйилган.
- дастлаб Суғдда хитой манбаларида «Чжаову» шаклида учрайдиган бошқарувчи хонадон ҳукмрон бўлган ва кейинчалик ушбу хонадон вакиллари алоҳида сулола сифатида нафақат Суғддаги бошқа ҳукмдорлик ва ҳокимликларда, балки Марказий Осиёнинг бошқа воҳа давлатларида ҳам ўз сулолаларига асос солган. Хитой йилномаларида VI–VII асрларда Ши (Чоч), Боханна (Фарғона), Ши (Кеш), Ан (Бухоро) ва ҳакозо ҳукмдорликларнинг бошқарувчи сулолаларининг Чжаову хонадонидан эканлиги ва уларнинг Кан (Самарқанд) ҳукмдорлари билан қариндошлиги таъкидланиши ҳам минтақада Суғднинг нисбатан марказий ўрин тутганини кўрсатади. Бундан ташқари, илк ўрта асрларда зарб қилинган танга-пуллар ва бошқа эпиграфик ёдгорликларнинг суғдий тилида эканлиги бир томондан минтақада Суғднинг сиёсий-иқтисодий жиҳатдан устунлиги билан изоҳланиши ҳам мумкин. Иккинчи томондан эса бу ҳолат Турк хоқонлиги фаолияти билан боғланади. Чунончи, суғдий тилдан расмий равишда фойдаланган хоқонлик ўз ҳудудида ушбу ёзувнинг кенг тарқалишига имкон яратганлиги борасида тадқиқотчиларнинг аксарияти ҳамфикрдир;
- Суғдда мавжуд ҳукмдорлик ва ҳокимликлар орасида Самарқанд, Панжикент, Кеш, Нахшабда ҳар бирининг ўз тангасини зарб қилдирганлиги уларнинг мавқеи қай даражада бўлишини кўрсатиш билан биргаликда, уларга тааллуқли тангаларнинг Марказий Осиёнинг бир қатор ҳудудларидан топилиши минтақа иқтисодий ҳаётида Суғднинг роли анча юқори бўлганидан далолат беради. Жумладан, Самарқанд ҳукмдор сулоласи вакиллари даврида Суғд ихшидлари тангаларга ўз номларини ёздирган ҳолда уларни муомалага киритганлиги ва бу тангалар Марказий Осиёнинг кўплаб ҳудудларида учраши бунга яққол мисол бўлади. Кушония, Маймурғ, Иштихон, Кабудон, Фай каби кичик ҳукмдорлик ва ҳокимликларнинг танга-пуллари маълум эмаслиги эса уларнинг сиёсий-иқтисодий жиҳатдан Суғднинг Самарқанд, Панжикент, Кеш ва Нахшаб сингари нисбатан кучли ҳукмдорликларига қарам бўлганидан дарак беради;
- Суғд конфедерациясида ўнлаб ярим мустақил ҳукмдорлик ва ҳокимликлар мавжуд бўлиб, улардан аксариятининг ўз қўшини, танга-пул тизими бор эди. Ҳар бир ҳукмдорлик кўп асрлар давомида ўз ҳудуди дахлсизлигини сақлашга ҳаракат қиларди ёки воҳада марказий ҳокимият мавқеида бўлган ҳукмдорлик томонидан улар орасидаги муносабатлар тартибга солинарди;
- Суғд конфедерациясининг яна бир моҳияти шундан иборат эдики, юқорида келтирилган унинг таркибидаги ҳукмдорликлар ичида сиёсий-иқтисодий кучли бўлганларидан бири марказий ҳокимият ролини бажарган. Хусусан, Самарқанд ҳар доим Суғдда марказий ҳокимият мавқеида бўлган. Бу ўша давр манбаларидаги маълумотлар асосида ўз тасдиғини топган. Фақат баъзи бир даврларда Кеш (Шаҳрисбаз), Панч (Панжикент) сиёсий жиҳатдан кучайиб марказий ҳокимиятга даъвогарлик қилган ҳоллар ҳам бўлганлиги кўзга ташланади. Жумладан, VII асрнинг биринчи ярмида Кеш, VIII асрнинг бошларида эса Панжикент ҳукмдорлари воҳа сиёсий ҳаётида фаол рол ўйнайди;
- VI асрнинг иккинчи ярми–VIII аср биринчи ярмида Суғд Турк хоқонлиги таркибида бўлиб, унинг мавқеи минтақанинг бошқа воҳа давлатларига қараганда юқорироқ бўлган. Бу VI аср охирлари – VII аср

бошларида Самарқанд ҳукмдорларининг турк хоқонларининг қизларига уйланганлигидан ҳам кўриниб туради. Гарчи, қарийб икки аср мобайнида воҳа хоқонликнинг таркибий бир қисми сифатида билинган бўлса-да, Суғд ҳукмдорлари ўз ички ишларида мустақил бўлганлар. Бу ўша даврда анъанавий бошқарув шаклининг давом этганлиги ва унвонларнинг деярли ўзгармасдан сақланиб қолинганлигида ҳам кўринади.
- Муғ тоғи суғдий ҳужжатлар араб истилоси арафасида Суғднинг ички ва ташқи сиёсий ҳаётини, марказий ҳокимият ва ҳудудий ҳокимликлар ўртасидаги муносабатларни, расман Турк хоқонлиги таркибида туриб автономияни сақлаш тамойилларини бевосита акс эттирувчи ноёб ёзма манбалар мажмуидир. Жумладан, VII аср ўрталарида юртимиз ҳудудларида мавжуд бўлган Фарғона, Чоч, Уструшона, Суғд (Самарқанд, Кушония, Иштихон, Кабудон, Панжикент, Кеш, Нахшаб), Бухоро, Тохаристон, Хоразм каби тарихий-маданий ҳудудлар қарийиб икки аср давомида Ғарбий Турк хоқонлигига сиёсий жиҳатдан қарам бўлиб келган эдилар. Шу сабабли, VII асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб Хуросон, Тохаристон, Суғд ва бошқа ерларни араб истилосидан ҳимоя қилишда Турк хоқонлиги автоном ҳукмдорлар билан бирга асосий ҳарбий-сиёсий куч сифатида ҳаракат қилган. Муғ тоғи архивидаги бир қатор ҳужжатлар араб истилоси давом этаётган хатарли йилларда Турк хоқонлигининг асосий таянч манзили бўлмиш Чоч (Тошкент воҳаси) ва Турк хоқонлигининг араб истилосига қарши курашни ташкил этишда тутган тарихий ўрни масаласини холисона ёритиш имконини берди.
Араблар истилоси арафасида Суғд конфедерацияси, бир томондан Турк хоқонлиги билан узвий алоқада, иккинчи томондан ўз анъанавий сиёсий муносабатлари доирасида нисбий мустақил ҳаракат қилиш имкониятига эга бўлган. Аммо араб истилоси бирин-кетин конфедерация субъектларини бир-биридан ажратиш йўли билан Суғднинг асосий ҳудудларини ўз домига тортди. Суғднинг сўнгги вилояти Панч ҳам 722 йилда босиб олинди;
- Мовароуннаҳрда қадим-қадимдан туркий ва эроний оилага мансуб тилларда сўзлашувчи туркий ва эроний халқлар ёнма-ён яшаб келганлар. Шуни ҳам таъкидлаб ўтиш жоизки, бу икки тил вакиллари асрлар давомида бирга яшаб келишлари натижасида эроний аҳолининг айрим гуруҳлари тожик тилини қабул қилиб суғдийларга, хоразмийларга ва бошқаларга аралашиб кетганлар. Суғд конфедерацияси бошқарувида нафақат Суғд аҳолиси, балки туркларнинг ҳам фаол иштироки борлигини Муғ тоғидан топилган қатор ҳужжатлар тасдиқлади;
- илк ўрта асрларда Суғдда давлат бошқарув тизимининг ўзига хос ҳуқуқий асослари шаклланганлигини кўриш мумкин. Жумладан, илк ўрта асрларда Суғд тахтида ўтирган ҳукмдорлар шажараси хитой манбаларининг кўрсатишича, Кан ҳукмдорларига тақалади ва тахт эгалари «Вэнь» уруғига мансуб бўлган. Бугун бу атама «ўн ўқ» деб талқин қилинмоқда.
Бу сулола вакиллари VII асрнинг иккинчи ярмигача ҳукмронлик қилганлар. VII асрнинг иккинчи ярми арафасида Самарқанд, Панжикент, Нахшаб каби ҳукмдорликларда янги сулолалар ташкил топади. Бир қатор тадқиқотчилар уларнинг ташкил топишини Турк хоқонлиги билан алоқали ҳисоблаб, келиб чиқиши туркий ёки туркий-суғдий қоришувли сулолалар бўлганини таъкидлайдилар.
-Муғ тоғи ҳужжатларининг таркибидаги фармойишлар, ҳисоботлар, тилхат-васиқалар жамият ҳаётининг турли соҳаларини қамраб олган. Улар давлатнинг бошқарув тизимлари нақадар аниқ ва поғоналашган тузилмага асосланганини, қонун ва ижро муносабатларини намойиш этади. Хусусан, тилхат, кўрсатма, буйруқ мазмунидаги ҳужжатлар Суғдда хўжаликни бошқаришда ва бошқа ҳукмдорлар билан олиб борилган ўзаро сиёсий мулоқотларда, айниқса араблар истилоси даврида, дипломатик муносабатлар яхши йўлга қўйилганлигидан далолат беради.
Диссертациядаги таҳлил ва хулосаларга таяниб қуйидагилар тавсия қилинди:
-тадқиқот Муғ тоғи суғдий ҳужжатларнинг муомалага киритилиши ва Суғднинг VI-VIII асрлардаги сиёсий тарихини янги маълумотлар билан бойитиши жиҳатидан илмий-амалий аҳамиятга молик. Ундаги маълумотлардан, аввало, ўрта, ўрта махсус ва олий таълим тизимлари учун дарслик ва қўлланмалар яратишда, фундаментал умумлаштирувчи тарихий нашрларнинг тегишли қисмларини ёзишда фойдаланиш мумкин.
-Муғ тоғи суғдий ҳужжатларда келтирилган VII аср охири-VIII асрнинг 722 йили оралиғидаги Суғд-Турк хоқонлиги-араблар муносабатларига доир воқеаларни ( 717-718 йиллардаги Суғднинг Турк хоқонлиги, Фарғона ва Чоч билан ҳарбий иттифоқ тузиш масаласидаги элчилик алоқалари, 712 йилги Самарқанд шартномаси, Деваштич ва Ғуракнинг Суғд устидан қўшҳокимиятчилиги, Суғд пул муомаласи, иқтисодий аҳволи, арабларга қарши озодлик ҳаракатлари ва бошқалар) «Марказий Осиё халқлари тарихи», «Ўзбекистон тарихи» номидаги рисолалар туркумида ёритилиши мақсадга мувофиқ.
-тадқиқотда ўз аксини топган марказий ва ҳудудий-маҳаллий бошқарув, уларнинг чегара ва ҳудудларини аниқлаш, Марказий Осиё воҳа давлатлари ўртасидаги сиёсий, дипломатик, иқтисодий ва маданий алоқаларнинг таҳлили билан боғлиқ маълумотлар асосида жамият сиёсий тизими, сиёсатшунослик бўйича ўқув курсини ишлаб чиқиш муҳим самара беради.

ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ИШЛАР РЎЙХАТИ


1. Шоёқубов Ш. Муғ ҳужжатларида илк ўрта аср Суғд жамияти // Шарқшунослик (ТДШИ). –Тошкент, 2001. -№2. -Б.61-65.
2. Шоёқубов Ш. Суғд хуснихати (Муғ тўплами ҳужжатлари мисолида) // “Ўрта Осиё тарихи манбашунослиги масалалари” мавзуидаги илмий конференция тўплами. -Тошкент: ТДШИ, 2003. -Б.34-41.
3. Шоёқубов Ш. Суғд подшоси Деваштич шахси тақдири // Турон тарихи.-Тошкент, 2003. -№3. -Б.11-14.
4. Шоёқубов Ш. Илк ўрта аср сиёсий муносабатлари суғд ёзма манбаларида (Муғ тўплами ҳужжатлари мисолида)// Ўзбекистон тарихи. –Тошкент, 2004. -№2. -Б.33-39.
5. Шоёқубов Ш. Муғ тўпламида Турк хоқонлиги ва Суғд муносабатларининг айрим жиҳатлари // Ўзбекистон тарихи. –Тошкент, 2005. -№3. Б.54-62.
6. Шоёқубов Ш. Ёзма манбаларда маҳкамачилик тизими // “Олима аёлларнинг фан ва техника тараққиётида тутган ўрни” номли Республика илмий-амалий конференцияси тўплами. -Тошкент: ТДПУ, 2006. –Б. 25-27.
7. Шаякубов Ш. Концептуальная основа административной системы управления Согдом в VII-VIII вв. // Материалы международной научно-теоретической конференции «Проблемы трудового права на современном этапе». Шымкент: МКТУ, 2007. –Б. 114-117.

Тарих фанлари номзоди илмий даражасига талабгор ШАЯКУБОВ Шомансур Шакабиловичнинг 07.00.08 - Тарихий манбашунослик ва 07.00.03-Умумий тарих ихтисосликлари бўйича “VI-VIII асрлар Марказий Осиё сиёсий тарихида Суғд (суғд ёзма ёдгорликлари асосида)”
мавзусидаги диссертациясининг

РЕЗЮМЕСИ

Таянч (энг муҳим) сўзлар: Суғд конфедерацияси, ижтимоий-сиёсий ҳаёт, маъмурий бошқарув тизими, дипломатик муносабатлар.
Тадқиқот объектлари: VI-VIII асрларда Марказий Осиёда ўзига хос давлатчилик тизимига эга бўлган Суғднинг сиёсий тарихи.
Ишнинг мақсади: Суғд конфедератив давлатининг Марказий Осиё сиёсий тарихида тутган ўрнига аниқлик киритиш ҳамда илк ўрта асрлар Суғд тарихига оид муҳим манбалардан бири – Муғ тоғи суғдий ҳужжатлар архивини манбашунослик нуқтаи назаридан тадқиқ этиш.
Тадқиқот методлари: манбашунослик, тарихий-қиёсий, матншунослик.
Олинган натижалар ва уларнинг янгилиги: Муғ тоғи суғдий ҳужжатларининг умумий мазмуни очиб берилди ва манбашунослик жиҳатидан ўрганилди, Суғд конфедерациясининг шаклланиш даври, босқичлари, ўзига хос хусусиятлари, бошқарувдаги Марказий Осиё воҳа давлатларига ўхшаш ва фарқли жиҳатлари, улар билан олиб борган сиёсий-иқтисодий муносабатлари тадқиқ этилди.
Амалий аҳамияти: диссертацияда қайд қилинган мулоҳазалар давлатчилик тарихи соҳасидаги илмий билимларни янада чуқурлаштиради. Шунингдек, тадқиқотдан «Ўзбекистон тарихига» оид нашрларнинг тегишли қисмларини ёзишда, ўрта махсус ва олий таълим тизимлари учун дарслик ва қўлланмалар яратишда фойдаланиш мумкин.
Татбиқ этиш даражаси ва иқтисодий самарадорлиги: диссертациянинг асосий мазмуни муаллиф томонидан эълон қилинган 7 та илмий мақолада ўз ифодасини топган.
Қўлланиш (фойдаланиш) соҳаси: тадқиқот натижалари асосида Марказий Осиёда кечган сиёсий жараёнлар, хусусан, Суғд конфедерациясининг воҳа давлатлари орасида ўзига хос ўрнини яққолроқ кўрсатувчи ўқув-услубий адабиёт яратиш, уни таълим тизимига жорий қилиш муҳим самара беради.


РЕЗЮМЕ

диссертации ШАЯКУБОВА Шомансура Шакабиловича на тему “Согд в политической истории Центральной Азии VI-VIII вв (на основе согдийских письменных памятников)” на соискание ученой степени кандидата исторических наук по специальностям 07.00.08 – Историческое источниковедение и 07.00.03 – Всеобщая история

Ключевые слова: Согдийская конфедерация, социально-политическая жизнь, административное управление, дипломатические отношения.
Объекты исследования: история Согдийской конфедерации, игравшей важную роль в политической жизни Центральной Азии в VI-VIII вв.
Цель работы: определить место Согдийской конфедерации в политической истории Центральной Азии, а также исследовать с точки зрения источниковедения архив согдийских документов с горы Муг как важного источника по истории раннесредневекового Согда.
Методы исследования: источниковедческий, историко-сравнительный, текстологический.
Полученные результаты и их новизна: раскрыта сущность архива согдийских документов с горы Муг с точки зрения источниковедения, выявлены сведения, связанные с периодом формирования, этапами развития Согдийской конфедерации, схожими и различающимися особенностями административного управления, политическими и экономическими отношениями с государствами Центральной Азии.
Практическая значимость: полученные выводы обогащают наши представления об одном из известных в Средней Азии государств - Согдийской конфедерации; материалы диссертации могут быть полезны при написании соответствующих разделов “Истории Узбекистана”, при подготовке учебников и методических пособий для студентов высших и средне-специальных учебных заведений.
Степень внедрения и экономическая эффективность: по теме диссертации опубликовано 7 статей.
Область применения: результаты диссертации имеют важное значение при создании учебно-методических пособий, отражающих политическую обстановку в Центральной Азии, в частности, своеобразную роль и место Согдийской конфедерации среди государств региона.

RESUME

Thesis of Shayakubov Shomansur Shakabilovich on the scientific degree competition of the doctor of philosophy in historical speciality 07.00.08 - Historical source study аnd 07.00.03 – General history
subject:
«Sogd in political history of Central Asia in VI-VIII centuries (on the basis of sogdian documents)»

Key words: Sogdian confederation, social and political life, administrative management, diplomatic relations.
Subjects of the inquiry: Sogd in political history of Central Asia in VI-VIII centuries.
Aim of the inquiry: identifying the role of Sogdian confederation in political history of Central Asia, and also conducting textual research on mountain «Mug», one of the important historical sources of early midlle Sogd.
Methods of inquiry: historical-source studies, historical-comparative, textual research.
The results achieved and their novelty: the general meaning and understanding of sogdian documents was explained and researched from historical source studies stand point, the development period and development steps of Sogdian confederation, its similarities and differences in terms of administrative management, economic and political relations with countries in Central Asia were researched.
Practical value: conclusions derived from research helps in enriching one’s knowledge about sogdian confederation, one of the well-known states once in Central Asia. The dissertation will also be useful in writing the related chapters of «History of Uzbekistan» book, in preparing methodological handouts for students of higher and mid-specialized education.
Degree of embed and economic effectivity: there are 7 articles that have been published based on topic of the dissertation.
Sphere of usage: the dissertation carries essential role in creating educational and methodological handouts describing the political situation of Central Asian countries and especially the role of Sogdian confederation among them.

ТАДҚИҚОТЧИ .............................................................. ШАЯКУБОВ Ш.Ш.

   
   
   
   
   
   
 
   
 
 
   
 
 
   

 
 
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
                                       
                 
                 
       
Copyright 2005 © beruniy.6te.net
       
       
ЎзР Фанлар Академияси Шарқшунослик Институти
       
Free Web Hosting