БОШ САХИФА
.. Орқага қайтиш                        
 
Ў ЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ФАНЛАР АКАДЕМИЯСИ
АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ НОМИДАГИ ШАРҚШУНОСЛИК ИНСТИТУТИ

Қўлёзма ҳуқуқида
УДК: 94 (5)

УЛЬЖАЕВА ШОХИСТАХОН МАМАЖОНОВНА

АМИР ТЕМУР САЛТАНАТИДА МИЛЛИЙ ДАВЛАТЧИЛИКНИНГ РИВОЖЛАНИШИ

07.00.03 - Умумий тарих

 

Тарих фанлари доктори илмий даражасини олиш учун ёзилган

ди ссертация

А В Т О Р Е Ф Е Р А Т И

Тошкент-200 8

Диссертация Тошкент Кимё-технология институти « Ўзбекистон тарихи ва сиёсий фанлар » кафедрасида бажарилган

 

Илмий маслаҳатчи: - тарих фанлари доктори
Юсупова Дилором Юнусовна

Расмий оппонентлар: - тарих фанлари доктори Ашраф Аҳмедов
- юридик фанлар доктори, профессор Ҳалим Бобоев
- тарих фанлари доктори Ҳалим Тўраев

Етакчи ташкилот: Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий униве рститети

Ҳимоя 2008 йил _______ ойининг ____ куни соат ____ да Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти ҳузуридаги тарих фанлари бўйича докторлик диссертацияларини ҳимоя қилишга мўлжалланган Д 015.14.01. рақамли Ихтисослашган Кенгаш мажлисида ўтказилади (100170, Тошкент шаҳри, Мирзо Улуғбек кўчаси, 81-уй. E mail: beruni@globalnet.uz ).

Диссертация билан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Асосий кутубхонасида танишиш мумкин (100170, Тошкент шаҳри, И.Мўминов кўчаси, 13-уй).

Автореферат 2008 йил _______ ойининг ___ куни тарқатилди.

Ихтисослашган кенгаш

илмий котиби т.ф.н. Н. Тошов

ДИССЕРТАЦИЯНИНГ УМУМИЙ ТАВСИФИ

Мавзунинг долзарблиги. Ўзбек халқи мустақилликка эришиши билан унинг миллий ўзлигини англашга катта имкониятлар яратилди. Миллий давлатчилик асосларимиз яратилаётган бугунги кунда тарихимизнинг барча соҳалари қаторида аждодларимиздан қолган сиёсий меросимизни чуқур ва холисона тадқиқ этиш долзарб масалалардан бирига айланди.

Зеро, ўзбек халқининг миллий давлатчилик тарихи минг йиллар аввал шаклланган бўлиб, бугунги кунда қурилаётган давлат асосларимиз тарихнинг бизга берган тасодифий имконияти эмас. Тарихнинг илдизлар бор жойда тараққиёт бўлиши ҳақидаги ўзгармас қонуниятлари мавжуд. Бу қоидалар бугунги кунда ўзбек давлатчилиги мисолида ўз ифодасини топмоқда. Ҳозирги даврда халқимизнинг сиёсий меросини қайта тиклаш ва уни сайқаллаштирган, модернизация этган ҳолда давом эттириш давр эҳтиёжига айланди.

Мустақиллик йилларида олимлар томонидан олиб борилаётган кенг кўламли тадқиқотлар аждодларимизнинг бой тарихга, ўзига хос миллий давлатчилик таълимотларига, бетакрор маънавий меросга эга бўлганлигини кўрсатмоқда.

1998 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов олимлар билан бўлган учрашувда ватан тарихи фани олдида турган долзарб муаммолар, жумладан, миллий давлатчилик тарихини ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, ундаги маънавий асосларга таяниш лозимлиги ҳақида алоҳида таъкидлаб ўтди.

Бугунги кунда миллий давлатчилик тарихининг маънавий асосларидан фойдаланиш масаласига Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 28 июлда эълон қилинган Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Тарих институтининг фаолиятини такомиллаштириш тўғрисидаги махсус қарори ва унда тарих фанига берилаётган алоҳида эътибор ҳам миллий ўзликни англашда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда.

Ўзбекистон ҳудудида юзага келган қадимги Бақтрия (мил.ав. VII аср), Хоразм (мил. ав. VII аср), Кушон (мил.ав. I аср), Турк хоқонлиги (VI аср), Амир Темур салтанати (XIV аср охири-XV аср бошлари) каби давлатларнинг ҳар бирида ўзига хос давлат бошқарув асослари яратилган бўлиб, ўз даврида давлат, ҳалқ ва жамиятнинг тинчлиги, тараққиёти ҳамда фаровонлигини таьминлашга хизмат қилган. Жумладан, Амир Темур салтанати юксак давлатчилик таълимоти яратилган босқич сифатида ўзига хос аҳамият касб этади. Унда жорий этилган бошқарув асослари ўз даврида нафақат мамлакат фуқароларининг манфаатлари ҳамда фаровонлиги учун хизмат қилган, балки ғарб ва шарқ давлатлари ўртасидаги муносабатлар, ҳалқаро ҳаётнинг иқтисодий, сиёсий ва маънавий барқарорлиги, ривожига ҳам самарали таъсир кўрсатган.

Совет даврида XIV асрнинг охири ва XV асрлардаги юксалишда Амир Темурнинг роли катта бўлса-да, унинг шахси, давлатчилик фаолияти, миллий ва жаҳон цивилизация тарихидаги ўрни салбий жиҳатдан талқин этилган. Собиқ иттифоқ юритган бундай сиёсатнинг заминида ўзбек халқидан миллий туйғу, ўзликни англаш ғояларини таг-томири билан йўқотиш мақсадлари яширинган эди. Ўзбекистонда мустақилликнинг қўлга киритилиши бу ният ва ҳаракатларни бартараф этиш йўлида катта куч бўлиб хизмат қилди. Истиқлол туфайли Соҳибқироннинг тарихимиздаги, умуман инсоният тарихидаги катта хизматлари муносиб баҳолана бошланди.

Амир Темурнинг фаолиятини холис ўрганишда Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов олиб бораётган сиёсат алоҳида аҳамиятга эга бўлди. Хусусан, «Амир Темур таваллудининг 660 йиллигини нишонлаш тўғрисида» (1994 йил, 29 декабр), «1996 йилни Амир Темур йили деб эълон қилиши тўғрисида” (1995 йил, 26 декабр), «Темурийлар тарихи» давлат музейини ташкил этиш ва «Амир Темур» орденини таъсис этиш тўғрисида (1996 йил) қатор фармон ва қарорлар чиқарилдики, бу тадбирлар темуршуносликнинг кейинги тараққиёти учун катта замин яратди. Амир Темурнинг дунё цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси, тарихдаги буюк хизматлари Бирлашган Миллатлар ташкилотининг таьлим, фан ва маданият масалалари билан шуғулланувчи ЮНЕСКО томонидан ҳам алоҳида эътироф этилиб, унинг 660 йиллик юбилейи кенг нишонланди.

Президент Ислом Каримов асарларида Соҳибқироннинг миллий давлатчилик тарихида тутган ўрни, Мовароуннаҳрда озодлик, мустақилликни қўлга киритиш билан бирга марказлашган давлат барпо этгани, салтанатни адолат ва қонунларга асосланиб идора этгани, илм-фан равнақи учун алоҳида эътибор қаратгани ҳамда бошқа улкан хизматлари ҳақида кўп маротаба таъкидлаб ўтилган. Жумладан, «Шавкатли аждодимизнинг ўлмас хизматлари шундаки, у мураккаб тарихий шароитда халқнинг бошини қовуштира билди. Истилочиларга қақшатқич зарба бериб, Туркистон заминида илк бор истиқлол байроғини баланд кўтарди.

Пароканда мамлакатлар, эллар, элатларни бирлаштириб, марказлашган қудратли салтанат тузди», – дея урғу берди.

Амир Темур ўз фаолияти давомида ўзбек ва дунё халқлари манфаатлари учун қуйидаги вазифаларни адо этди: биринчидан, юртимизда илдиз отган мўғуллар зулмига узил-кесил барҳам берди. Иккинчидан, майда давлатларга бўлиниб кетган, тарқоқлик, ички урушлар ва адолатсизликлар ҳукм сурган Мовароуннаҳрни ягона давлатга бирлаштириб, унинг бошқарув асосларини шакллантирди ва мустаҳкамлади. Учинчидан, қонун устувор бўлган жамият асосларини барпо этди. Тўртинчидан, салтанатнинг иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ва маьнавий асосларини мустаҳкамлади. Бешинчидан, нисбатан қисқа вақт ичида Мовароуннаҳрни дунёнинг энг ривожланган давлатларидан бирига айлантирди. Олтинчидан, Осиё, Африка, Европа минтақаларидаги халқларнинг тинчлиги, фаровонлиги учун катта хизматлар қилди ва ҳалқаро майдонда адолатни таьминлаш учун курашди. Еттинчидан, турли дин, миллат, элат вакиллари ўртасида ўзаро алоқаларнинг ўрнатилиши оқибатида биринчи марта ягона макон ва интеграция ғоялари шакллана бошлади. Салтанатда ислом динининг илмий асосларига, бағрикенглик тамойилларига таянилиб, давлат бошқаруви амалга оширилган.

Амир Темур ҳукмронлиги даврида давлат, жамият ва шахс манфаатлари уйғунлаштирилган, сиёсий, иқтисодий ва маьнавий барқарорлик ўрнатилган. Давлат бошқарувининг муҳим соҳаларидаги фаолият ана шу мақсадлар йўлида ташкиллаштирилган ҳамда чиқарилган қонунлар ўз вақтида ижросини топган. Бунинг натижасида Амир Темур давлатида илм-фан, маьнавият, меьморчилик ва саньат беқиёс даражада ривож топди ва фанда бу ҳақли равишда иккинчи Уйғониш даври деб талқин этилди.

Инглиз олимаси Хилда Хукхэм Амир Темур ўз юртида давлатчилик ва маданият анъаналарининг давомчиси бўлганлигини, X-XI асрларда табобат, математика, астрономия, география, фалсафа, тарих, араб ва форс тили, адабиёт бўйича беназир асарлар яратган буюк алломалар ватанидан етишиб чиққанлиги, мазкур алломаларнинг йирик асарлари бир неча юз йиллар давомида Европадаги Уйғониш даврига катта таъсир кўрсатиб, унга пойдевор бўлиб хизмат қилганлигини ҳаққоний равишда айтиб ўтган.

Умуман олганда, Амир Темур давлати ўзбек давлатчилиги тарихининг энг ривожланган босқичини ташкил этади. Салтанатда барча соҳаларда туб бурилишлар, юксалишлар кузатилган. Тараққиёт учун хизмат қилган Амир Темур фаолияти билан боғлиқ тарихий қадриятлар аллақачон умуминсоний қадрият даражасига етиб улгурган.

Президент Ислом Каримов «Амир Темур бизнинг шаън - шавкатимиз, ғурур-ифтиҳоримиздир. Амир Темур-халқимиз даҳосини тимсоли, маънавий қудратимиз рамзидир», - дея алоҳида таькидлашига тарихда катта далил ва асослар мавжуд. Шунингдек, «Амир Темур-шахсини идрок этиш - тарихни идрок этиш демакдир. Амир Темурни англаш-ўзлигимизни англаш демакдир. Амир Темурни улуғлаш-тарих қаърига чуқур илдиз отган томирларимизга, маданиятимизга, қудратимизга асосланиб буюк келажагига ишончимизни мустаҳкамлаш демакдир»- дея унинг бугунги кунимизда маънавий қудратимиз рамзига айланганини алоҳида таъкидлаб ўтган.

Амир Темур давлатчилигининг марказида халқ ва давлат манфаати, инсон омили тургани боис, бу даврда шаклланган сиёсий удум ва анъаналарнинг ижобий жиҳатларидан бугунги кунда ҳам кенг фойдаланиш халқнинг фаровон турмушини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.

Амир Темур даврида шаклланган давлат бошқаруви асосларининг туб негизини таҳлил этиш, унинг тараққиётига замин яратган омилларни тушуниб етиш бугунги кунда улардан ижодий фойдаланишда долзарб аҳамиятга эга. Шу боисдан Амир Темурнинг салтанат тараққиётида тутган сиёсий мавқеи, бу давлатнинг ўзига хос хусусиятлари, мавжуд ижтимоий тизимни тўлақонли очиб бериш муҳим масаладир.

Шунингдек, Амир Темур давлатининг марказий ва маҳаллий давлат бошқарув тизими, қурултой, мансаб (лавозим) ва унвонларнинг давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга кўрсатган таъсирини таҳлил этиш алоҳида долзарблик касб этади.

Амир Темур давлатининг суд-ҳуқуқ, мудофаа ва ҳарбий тизимини яхлит ҳолда тадқиқ этиш, уларнинг давлатчилик тараққиётидаги ўрнини кўрсатиб бериш ҳам муҳим масала саналади.

Амир Темур ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари, ўзига хос хусусиятлари, ёзишма мактублар ва уларнинг давлат тараққиётидаги ўрнини очиб бериш, барча бўлимлар, боблар юзасидан муҳим хулоса ва тавсиялар бериш ҳамда улардан фойдаланиш кўламини кенгайтириш бугунги кунда катта аҳамиятга эга долзарб масалаларидан биридир.

Бугунги кунга қадар олимлар томонидан Амир Темурнинг давлат бошқаруви тарихи алоҳида тадқиқот сифатидаги докторлик иши даражасида кўриб чиқилмаганлиги мавзуни тўлақонли ёритиб бериш эҳтиёжини келтириб чиқаради.

Муаммонинг ўрганилганлик даражаси. Амир Темурнинг дунёдаги энг кучли ва катта салтанатлардан бирини барпо этганлиги, ҳарбий саньати, давлатни қандай асосларга таяниб бошқарганини англаб етиш даврлар оша тадқиқотчилар ҳамда сиёсатчиларнинг, арбобларнинг диққат-эътиборини тортиб келган.

Уларнинг кўлами тўғрисида умумий тасаввур уйғотувчи библиографик тадқиқотлар фикримизга далилдир. Жумладан, Э.В. Ртвеладзе, А.Х. Саидов жаҳон миқёсида Темур тарихини ўрганилганлик даражасини аниқлаш борасида изланишлар олиб бориб, «Амир Темур дунё фани кўзгусида» номли библиографик асар чоп этдилар. Ундаги маьлумотларга кўра, Амир Темурга бағишлаб яратилган жиддий асарлар сони Европа тилларида 700 дан зиёд, Шарқ тилларида эса 900 дан кўпдир. Бу асарларда Амир Темур шахси ва салтанатининг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маданий ҳаётига турли баҳолар берилган.

Асрлар оша Амир Темур гоҳ қаттиққўл ва зулмкор, гоҳ адолатли ва талабчан ҳукмдор сифатида талқин этиб келинган. Бу каби турли баҳоларнинг пайдо бўлишига Амир Темур шахсига нисбатан ижобий ёки салбий муносабатда ёзиб қолдирилган кўплаб манбалар сабаб бўлган. Хусусан, Низомиддин Шомий, Шарафиддин Али Яздий каби муаллифлар ўз асарларида Амир Темурнинг давлатни адолатли бошқаргани, халқ ва давлат манфаатлари йўлида кенг кўламли сиёсат юритгани ва бошқа хислатларини ёзиб қолдирган бўлса, Ибн Арабшоҳ «Темур тарихида тақдир ажойиботлари” номли асарида Амир Темур ва унинг фаолиятига салбий баҳо бериб ўтган.

Совет даврида темуршуносликка салбий таьсир кўрсатган омиллардан бири Фридрих Шлоссернинг (1776–1861) «Бутун дунё тарихи» асаридир.

Ф. Шлоссер Амир Темурга «бахтли жангчи, жаҳоннинг янги истилочиси... шу билан бир қаторда олисдаги Шарқнинг қонун чиқарувчиси эди. Осиёдаги камёб бўлган тактик ҳамда стратегик билимларни ўзлаштириб, у ердаги тўдаларни ўзига жалб қилди», – дея тавсиф беради. Шунингдек, олим Соҳибқирон Амир Темурнинг адолатли қонунларга асосланган давлат асосларини барпо этганлигини етарли баҳоламай, уни «минглаб одамларни қирар эди», – деб, ваҳший ва золим ҳукмдор сифатида талқин этди. Ф.Шлоссер ушбу асарда ўз фикрига қарама-қарши ўлароқ «У юришлардан тез-тез Бухоро ва Самарқандга қайтар, ўзининг янги салтанатида тузуклар ҳамда қонунлар эълон қилар эди. Мазкур қонунлар тўплами унинг амри билан амалга ошириладиган даҳшатлар, вайронагарчиликларга мутлақо қарама-қарши тарзда эди», - деган фикр мулоҳазаларини ҳам билдирган.

Маълумотларга кўра, коммунистик мафкура асосчиси К.Маркс Ф.Шлоссернинг Амир Темур ҳақидаги салбий фикр-мулоҳазаларини сўзма-сўз кўчириб олиш вақтида «Темур ўзининг янги подшолигига мамлакатни қуриш тизимлари ва қонунларни берди, булар унинг буйруғи билан аскарлари томонидан амалга оширилган ваҳшийликлар ва ёвуз вайронагарчиликларга ўта зид эди», – каби ижобий фикрларини эътибордан четда қолдирган эди.

Мустабид шўро даврида К.Марс, Ф.Энгельс ва В.И.Лениннинг асарлари барча илмий тадқиқотларга асос бўлиб хизмат қилар, улардан иқтибослар келтирилар ҳамда шунга монанд қарашлар ривожлантирилар эди. “Доҳий”лар томонидан яратилган “синфийлик” назарияси ҳам Амир Темурни “эксплуататор”, “эзувчи”, “босқинчи”, “каллакесар” сифатида талқин этишни тақозо этар эди.

Ана шу тариқа манбалардаги зиддиятли баҳолар, совет даврининг «синфийлик» назарияси Амир Темур фаолиятини холис ёритишда мураккабликлар туғдирди. Бунинг устига чекка ўлкаларнинг буюк давлатчилик тарихини ўрганиш мустабид СССР манфаатларига зид бўлиб, “бу ўлкаларда мустақил ва кучли давлатлар бўлмаган”, – деган фикрларни сингдириш асосий масалалардан бири сифатида қўйилган эди.

Юқорида келтирилган омиллар кўплаб тадқиқотларда Амир Темур фаолиятига адолатсиз, салбий баҳолар берилишида асос бўлиб хизмат қилди.

Совет даврида аксарият ҳолларда Амир Темур фаолияти салбий жиҳатдан талқин этилишига қарамай хорижий шарқ ва ғарбда бу мавзуга оид ҳақли, объектив тадқиқотлар олиб борилган. Бу борада ғарб олимларининг Амир Темур салтанати ҳақидаги анча холис тадқиқотларини алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз. Улар орасида Франция Европа темуршунослигининг йирик марказларидан бирига айланиб бораётганлигини алоҳида таъкидлаш жоиз. Бу ерда “Темурийлар даври тарихи, саньатини ўрганиш ва француз-ўзбек маданий алоқалари Уюшмаси” фаолият юритмоқда. Бу уюшманинг ва Францияда чоп этилаётган “ La Timurid е” журналининг фаолиятига Л. Керен раҳбарлик қилмоқда. Ушбу журналда Амир Темур ва темурийлар даври тарихига оид қатор илмий ишлар мунтазам равишда эьлон қилиб борилмоқда.

Жумладан, Люсен Керен кўплаб тадқиқотларида Амир Темурнинг тарихдаги буюк хизматлари, унинг давлатида адолат ва қонун устуворлик қилганлиги, «раҳбар бўлишдек туғма, аммо ақлга сиғмайдиган табиий ва синоатли хислат соҳиби» бўлганини манбалардаги маьлумотлар, тарихий фактлар орқали очиб берган. Унинг тадқиқотлари илмий оммабоп характерга эга.

Француз темуршуносларидан Жан-Пол Рунинг Амир Темур ва унинг фаолиятига оид “Тамерлан” деб номланган улкан тадқиқоти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз. Жан-Пол ўз тадқиқотида Чингизхон ва унинг авлодлари, Соҳибқироннинг ҳокимият тепасига келиши, давлат тузиши, Эрон, Олтин Ўрда, мусулмон давлатлари билан муносабатлари ва бошқа тарихий жараёнларни тўлиқ очиб беришга интилади. Унда Амир Темурнинг ўз давридаги жамият ҳаётида тутган ўрни, дин, маданий ҳаёт, давлат ва жамият ўртасидаги алоқалар каби масалалар умумий ҳолатда талқин этилган.

Кембриж Университети олимлари тадқиқотларининг Эрон тарихи билан боғлиқ қатор жилдларида ҳам Амир Темур даврига оид бир қанча таҳлиллар мавжуд, аммо уларда давлат бошқарув масалалари ечимига алоҳида эътибор берилмаган.

Тадқиқотчилар орасида Беатрис Форбес Манцнинг темурийлар давлати бошқарувини ўрганишга қўшган ҳиссасини алоҳида таькидлаш жоиз. У Амир Темур давлат тепасига келишидан аввал Чиғатой улусида юз берган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва этник ўзгаришлар, Амир Темур давлатининг маьмурий бошқаруви хусусида қисман фикр-мулоҳазалар билдириб ўтган.

Бу борада ғарбда салмоқли изланишлар олиб борган олимлардан бири яна бири Хилда Хукхэмдир. У Амир Темурнинг шахси ва фаолиятини холисона тадқиқ этишга ҳаракат қилган. Хилда Хукхэм асосан Амир Темур фаолиятини умумий тарзда ёритиш билан чекланиб, унинг давлат бошқарувини тадқиқ этмаган.

Ўзбекистонда ҳам Амир Темур ҳаёти ва давлатчилик фаолиятини холис ўрганиш, тарғиб қилиш мустақилликка эришилгандан сўнг кенг миқёсда амалга оширила бошлади. Ўтган йиллар давомида Амир Темур ва унинг даврига бағишланган ҳақида қатор илмий тадқиқотлар олиб борилди. Жумладан, Ҳалим Бобоев томонидан Амир Темур ва темурийлар давридаги сиёсий-ҳуқуқий таълимотлар тарихи тадқиқ этилди. Унда давлатни идора қилиш тадбирлари, кенгашлари, вазирлар ва амирларни жой-жойига қўйиш, сипоҳ, Амир Темурнинг қарашлари ва бошқалар хусусида тўхталиб ўтилган. Ҳ. Бобоев асосан мавзунинг ҳуқуқий асосларини очиб беришга интилган, Ушбу тадқиқотда эса ижтимоий-сиёсий йўналишлар таҳлил этилган.

А.А. Тўлаганов томонидан “Амир Темурнинг ўзбек давлатчилигининг ривожланишида тутган ўрни ва мавқеи («Темур тузуклари») мисолида” мавзусидаги тадқиқот амалга оширилди. У «Тузуклар»нинг яратилиш тарихи, унинг Мовароуннаҳрдаги сиёсий ва ҳуқуқий таьлимотлар тарихини ўрганишдаги аҳамияти, Амир Темурнинг давлатни идора этишга оид тамойиллари, тадбирлари ва ташкил этилган давлат кенгашларининг давлатчилик тарихидаги ўрни масалаларига эътибор қаратган.

Зиёдулла Муқимов олиб борган илмий ишда эса Ўзбекистон тарихининг VIII-XIX асрларига оид тарихий-ҳуқуқий манбалари ва уларнинг юридик қимматига ҳуқуқшунослик нуқтаи назаридан баҳо берилган.

Тарихчи олим Азамат Зиёнинг «Ўзбек давлатчилиги тарихи» асарида ҳам Амир Темур салтанатидаги давлат бошқаруви тизими борасида тўхталиб ўтилган. Тадқиқотчи Амир Темурнинг марказлашган давлат қуриши даврига оид тарихий жараёнларни қисман таҳлил этган.

Д. Абиджонова инглиз илмий адабиётида Амир Темур даврининг тарихшунослиги масаласи билан шуғулланди. Бу тадқиқот ҳам мавзуни инглиз тарихшунослиги кўламида кенгроқ таҳлил этишда алоҳида аҳамият касб этади.

Мустақиллик даврида яратилган тадқиқотлар орасида Х. Маматовнинг ишини ҳам алоҳида кўрсатиб ўтиш жоиз. Унда «Темур тузуклари»нинг яратилиши ва ўрганилишини тадқиқ этиш орқали Амир Темур давлатининг ташкил топиши, тараққиёти, унинг сиёсий қарашлари шаклланишига тасаввуф таълимотининг кўрсатган таъсири, давлат бошлиғи тўғрисидаги мулоҳазалари, бу даврдаги давлат бошқаруви ва хизмати, қонунчилик ҳамда ҳуқуқий тартибот масаласига кенг тўхталиб, мавзунинг юридик моҳияти очиб берилган.

Тадқиқотчи С. Хидиров эса ўз тадқиқотида Амир Темур давлатининг ташкил топиши, ривожланиши, бу давр ғоя ва мафкура, уларнинг давлат бошқарувига таьсири, амалдаги давлат бошқарув шакли, халқаро муносабатлар ҳуқуқи борасида изланишлар олиб борган.

Б.А.Усмонов «Амир Темур ҳаёти ва давлатчилик фаолиятининг Россия тарихшунослигида ёритилиши» номли илмий ишида мавзунинг рус тарихшунослиги масаласи кенг таҳлил этилган.

Булардан ташқари, Б. Аҳмедов, А. Ўринбоев, Д. Юсупова, А. Аҳмедов, У.Уватов, О.Бўриев, Б. Маннонов каби кўплаб олимлар Шарқшунослик институти фондида, чет эл кутубхона ва архивларида сақланаётган Амир Темур даврига оид бирламчи манбаларни ўзбек ва рус тилларига ўгириш билан биргаликда кенг кўламли илмий тадқиқотлар олиб бордилар ва ноёб маьлумотларни илмий муомалага киритдилар.

Шунингдек, мустақиллик йилларида қатор олимлар томонидан Амир Темур ва унинг фаолиятига бағишлаб бир қанча салмоқли илмий тадқиқотлар яратилди ва катта ишлар олиб борилмоқда. Бу ишлар орасида “Амир Темур жаҳон тарихида” деб номланган йирик фундаментал тадқиқотни ҳам алоҳида таькидлаб ўтиш жоиз. Унда Амир Темур даври ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маданий ҳаётига оид қимматли таҳлиллар, давлатчилик тарихига оид баъзи маьлумотлар берилган. Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 25 августдаги фармойиши билан бу улкан тадқиқот тўлдирилди ва 2001 йилда қайта нашр этилди.

Ушбу “Амир Темур салтанатида миллий давлатчиликнинг ривожланиши” мавзусидаги тадқиқотда юқорида тилга олинган асарларда ўрганилмай қолган жиҳатлар алоҳида илмий иш сифатида ўрганилди.

Диссертация ишининг илмий - тад қ иқот ишлари режалари билан боғлиқлиги. Мазкур диссертация Тошкент Кимё-технология институти талабалари учун “Ўзбекистон тарихи” ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси тингловчилари учун мўлжалланган “Ўзбекистонда давлат бошқаруви тарихи” фанлари бўйича ўтилаётган маъруза режалари билан чамбарчас боғлиқ ҳолда бажарилган.

Тадқиқот мақсади. Диссертациянинг асосий мақсади Амир Темур салтанатида миллий давлатчиликнинг ривожланишини ҳар томонлама, чуқур илмий ва холисона тадқиқ этишдан иборат. Ушбу мақсадни амалга ошириш учун тадқиқот олдига қуйидаги аниқ вазифалар белгилаб қўйилди:

– Амир Темурнинг давлат раҳбари сифатида тутган сиёсий мавқеини, унинг давлатчилик тараққиётига таъсирини таҳлил этиш;

– ўрта аср давлатчилик анъаналаридан фарқли равишда Амир Темур давлат бошқарувига пойдевор бўлиб хизмат қилган омилларни, уларнинг ўзига хос хусусиятларини кўрсатиб бериш;

– Амир Темур салтанатининг ижтимоий тизимига тавсиф бериш ва унинг давлатчиликдаги ўрнини очиб беришга эътиборни қаратиш;

– марказий ва маҳаллий бошқарув усуллари, давлат бошқарув идоралари, уларнинг ўзаро алоқадорлик томонларини кўрсатиб бериш ҳамда уларнинг давлатчиликда тутган ўрнини таҳлил қилиш;

– қурултойларнинг Амир Темур салтанатини мустаҳкамлашдаги аҳамиятини кўрсатиб бериш;

– Амир Темур салтанатида мавжуд бўлган мансаб (лавозим) ва унвонлар, уларнинг давлатчиликни мустаҳкамлашдаги ўрнини таҳлил этиш;

– Амир Темур салтанатида амалда бўлган суд-ҳуқуқ соҳасини тизимлаштирилган ҳолда очиб бериш ва унинг давлатчиликка кўрсатган таъсирини тавсифлаш;

– салтанатнинг мудофаа ва ҳарбий тизими, ташкиллаштирилиш даражаси ҳамда уларнинг кучли давлат асосларини қуришдаги ўрнини очиб бериш;

– Амир Темур давлатининг ташқи сиёсати йўналишларини, дипломатиясининг ўзига хос хусусиятларини, жумладан, унинг бошқа давлатлар томонидан олиб борилган дипломатик усулларидан фарқли жиҳатларини ҳамда бу соҳанинг давлатни мустаҳкамлашдаги ўрнини кўрсатиб бериш, дипломатик ёзишмалар, мактубларнинг давлатчиликдаги ўрнини таҳлил этиш.

Тадқиқот обьекти: XIV–XV асрларда Мовароуннаҳрда кечган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий-маърифий жараёнлар, давлат бошқарув асослари, ижтимоий, ҳарбий, ва суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, Амир Темур давлатининг маьмурий тизими, дипломатия тарихи, ташқи сиёсат ва унинг йўналишлари, халқаро ёзишмалар тарихи.

Тадқиқотнинг предмети асосан икки соҳани қамраб олади: биринчидан, Амир Темур салтанати бошқарувининг тузилиши, марказий ва маҳаллий давлат бошқарув тизими, қурултой, мансаб (лавозим) ва унвонлар, суд-ҳуқуқ, мудофаа, ҳарбий тизим, дипломатия, маънавий соҳалари, бу соҳаларнинг ривожланишига таъсир кўрсатган омиллар, уларнинг ўзига хос ривожланиш хусусиятлари, умуман Амир Темур салтанатида давлатчиликнинг ривожланиши; иккинчидан, давлат ҳокимиятининг жамият ижтимоий-иқтисодий, маьнавий ва маданий ҳаётига кўрсатган таьсири, давлат, жамият ва фуқаролар ўртасидаги муносабатлар.

Тадқиқотнинг даврий чегараланиши. 1370 йилдан 1405 йилгача Амир Темур давлатни бошқарган давр тадқиқотнинг даврий чегараси сифатида белгиланди.

Тадқиқотнинг манбавий асоси кенг қамровли бўлиб совет даврида ва мустақиллик йилларида ўзбек тилига ўгирилиб, нашр этилган тарихий асарлар диссертацияда ёритилиши керак бўлган масалаларни очиб беришда асос бўлиб хизмат қилди.

Улардан дастлабкиси Ғиёсиддин Али ибн Жамол ал - Ислом Яздийнинг “Рўзномаи ғазавоти Ҳиндистон” (“Ҳиндистонга юриш кундалиги”) асари бўлиб, у Амир Темурнинг 1398–1399 йилларда Ҳиндистонга олиб борган юришлари асосида 1399–1403 йилларда ёзилган. Китоб гарчи муболағаларга бой бўлса ҳам маьлумотларнинг аниқлиги билан бу давр тарихини ўрганишда катта аҳамият касб этади.

Амир Темур даврига оид манбалардан бири Низомиддин Шомий (1409 йилда вафот этган) қаламига мансуб “Зафарнома” асаридир. У Амир Темурнинг топшириғига асосан 1402–1404 йилларда ёзилган. Низомиддин Шомий Амир Темурнинг ҳокимият тепасига келишидан то 1404 йилга қадар кечган тарихий воқеаларни содда ва равон тилда ёзган. Бу китобга 1404 –1405 йиллардаги воқеалар - Амир Темурнинг вафотига қадар бўлган давр тарихи Ҳофизи Абрў томонидан қўшимча илова сифатида киритилган ва у тугалланган мазмун касб этган.

Амир Темур даври тарихини ўрганишда Испания элчиси Руи Гонсалес де Клавихонинг “Дневник путешествия в Самарканд ко двору Тимура” асари катта аҳамият касб этади. Клавихо ўз даврининг қудратли давлати саналган Испаниянинг элчиси сифатида 1403–1406 йилларда Мовароуннаҳрга келган. Клавихо ўз элчилиги давомида Мовароуннаҳрда кўрган-билганлари, унга кўрсатилган юксак эҳтиром ва бошқа тассуротлари ҳақида маьлумотлар қолдирган.

“Кундалик” Амир Темур давлатининг куч-қудрати, ички ва ташқи сиёсати, расмий маросимлар, оилавий муносабатлари, илм-фан тараққиёти, урф-одатлар, меьморчилик ва бошқа миллий анъаналар ҳақида бизга кўплаб қимматли маьлумотларни беради.

Амир Темур даврига оид яна бир машҳур манба Шарафиддин Али Яздий (1454 йилда вафот этган) қаламига мансуб “Зафарнома” ҳисобланади. Бу асар қаҳрамонлик, юксак оптимистик руҳда ёзилган. Шарафиддин Али Яздийнинг бу асарида Амир Темур таваллуд топган даврдан то Халил Султон давригача юз берган тарихий воқеалар ёритилган. Унда аҳамиятга молик баьзи тўлдириш ва қўшимчалар мавжуд. Бу асар форс ҳокими темурийзода Иброҳим Султон раҳбарлиги ва топшириғи асосида 1425 йилда ёзилган. Иброҳим Султон бу асарнинг ҳаққоний ва ишончли чиқишида унга жуда катта ёрдам берган. Шунинг учун Шарафиддин Али Яздийнинг “Зафарнома”си манбалар орасидаги энг ишонарли ва ҳаққонийси ҳисобланади.

Ибн Арабшоҳ-Шиҳобиддин Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Иброҳим (1389 - 1450)нинг “Ажойиб ал-мақдур фи ахбори ат-Таймур” ( “Темур ҳақидаги хабарларда тақдир ажойиботлари”) асари Амир Темур даврига оид муҳим манбалардан бири ҳисобланади. 1401 йилда Амир Темур Дамашқни забт этган вақтда Ибн Арабшоҳ 12 ёшда эди. У 1401 йилда асир сифатида Самарқандга келтирилган, бу ерда 1408 йилгача яшаган ва ўз ватанига қайтгач, 1419 йилда Амир Темур даври тарихини ёзиб қолдирган. Бу асар Амир Темурга нисбатан салбий ва душманлик муносабатида, манба ва далилларга кам асосланиб, ўзининг ички субьектив тассурот ва муносабатлари асносида ёзилган бўлса ҳам ундаги баьзи маълумотлар салтанат тарихини ўрганишда алоҳида аҳамият касб этади.

Тарихчи Амир Темурни иродаси мустаҳкам, қаттиққўл ва адолатли давлат раҳбари эканлиги, давлатни қонунларга асосланган ҳолда бошқаргани, ўзи шоҳид бўлган воқеалар ҳақида қимматли маьлумотлар бериб ўтган.

Жумладан, у ўз китобида: «Темур ўз ғойиблигида мамлакати ва раияси ишларида нелар юз берганини суриштириб, еру мулклари масалаларини диққат билан ўргана бошлади ва ҳокимларига йўл-йўриқлар кўрсатди; атроф ва чегаралар, теварак-четлар фойдаси тадбирини кўриб, каттаю кичикнинг ғамини еб, бою фақирнинг манфаати билан машғул бўлди. Ўз мулоҳазаси тақозасига кўра барча ашъёларни ўз ўрнига қўйиб, жами мансабу мартабалар жиловини ўшанга сазовор кишилар қўлига тутқаза бошлади. У сайидларни эъзозлаб, кароматлар соҳиблари (бўлган) авлиёларни иззату икромли қилди, илму фанни ва унинг аҳллари ҳурматини ошириб, уларга мурувватини сочиб, мартабаларини улуғлади…», – каби фикр-мулоҳазаларни ҳам келтириб ўтган эди.

Амир Темур даври давлатчилик тарихига оид яна бир энг муҳим асар “Темур тузуклари”дир. Асл нусхасининг топилмаганлиги учун унинг ёзилиш даври санаси олимлар томонидан аниқланмаган бўлса-да, аммо унда тавсифланган тарихий жараёнлар, воқеаларнинг аксарияти Амир Темур даврида ёзилган бошқа маълумотлар билан мос келади, унда мавжуд баьзи қимматли далил ва воқеалар бошқа манбаларда учрамайди.

“Тузуклар” ўзининг сиёсий-фалсафий, маьнавий-ахлоқий мазмунининг бойлиги билан машҳур бўлган ва турли даврларда кўплаб тилларга таржима қилинган, давлат бошқарувида ундаги ғоялардан фойдаланилган. “Тузуклар” Амир Темур давлатчилик тарихини ўрганишда муҳим аҳамият касб этади ва унинг мазмун-моҳиятини алоҳида мавзуларда очиб бериш долзарб масаладир.

Шаҳобиддин Абдуллоҳ ибн Лутфуллоҳ ибн Абдурашид ал-Ҳавофий –Ҳофизи Абру (1431 йилда вафот этган) ҳам Амир Темур даврининг забардаст тарихнависларидан бири ҳисобланади. У “Мажмуъаи Ҳофизи Абрў”, “Зубдат ут–таворихи Бойсунғурий” (“Бойсунғур Мирзонинг сараланган тарихи”) каби бир неча асарлар муаллифидир. “Зубдат ут-таворихи Бойсунғурий” асарида оламнинг яралишидан то 1426 йилгача бўлган тарихий воқеалар ёзилган. Ҳофизи Абру ўз даври тарихий воқеаларини шоҳид сифатида таҳлил этади ва унинг маьлумотлари ҳам миллий давлатчилик тарихимизни ўрганишда муҳим ўрин тутади.

Амир Темур даври тарихнависларидан бири Фасиҳ Аҳмад ибн Жалолиддин Мухаммад ал-Хавофийдир. Унинг “Мужмали Фасиҳий” (“Фасиҳий тўплами”) номли асари 1441–1442 йилларда ёзилган. Бунда тарихий воқеалар қисқа ва лўнда йилма-йил, даврий кетма-кетликда берилган ва у ортиқча муболаға, мақтов ва субьектив ҳиссиётлардан ҳоли асар ҳисобланади. У Амир Темур давридаги тарихий воқеаларга аниқликлар киритишда катта аҳамият касб этади.

Амир Темур даврида бўлиб ўтган воқеаларни ёзган тарихчилардан бири Камолиддин Абдурраззоқ ибн Мавлон Жалолиддин Исҳоқ ас-Самарқандий (1413–1483) бўлиб, “Матлаи саьдайн ва мажмаи баҳрайн” (“Икки саодатли юлдузнинг чиқиш ва икки денгизнинг қўшилиш жойи”) асари унинг томонидан 1470 йилда ёзилган. Унда Амир Темур, Шоҳруҳ Мирзо, Улуғбек ва бошқа темурий ҳукмдорларнинг ички ва ташқи сиёсати, иқтисодий, маьнавий ҳаётига оид қимматли маьлумотлар учрайди.

«Раузат ус-сафо» («Мусаффолик боғи») номли асар муаллифи машҳур тарихчи Мирхонд (1433-1498) ва унинг набираси Ғиёсиддин ибн Ҳумомиддин Хондамирнинг (1475–1535) “Ҳабиб-ус-сияр фи ахбор ва афроз ул-башар» (“Инсон хабарлари ва фарзларида дўстнинг таржимаи ҳоли”) ва бошқа асарлари ҳам Амир Темур даври манбашунослигида алоҳида ўрин тутади. Бу асар 1524 йилда ёзиб тамомланган бўлса ҳам қўшимчалар киритилиши натижасида у 1529 йилда охирига етказилган.

Амир Темур ва темурийлар даврида Давлатшоҳ Самарқандий (1435-1495), Заҳириддин Муҳаммад Бобур (1483-1530) каби кўплаб давлат арбоблари, сайёҳ тарихнависларнинг асарлари яратилган бўлиб, уларни барчасига батафсил тўхталиш имконияти бўлмаса-да, тадқиқот жараёнида улардан кенг фойдаланишга ҳаракат қилинди.

Таҳлиллар натижасида Амир Темур тарихига тегишли манбаларда ўхшаш маьлумотлар учрагани билан, улар бир-биридан даврида, сифатида, ёзилиш услуби, далил – маьлумотларнинг бойлиги ва бошқа жиҳатларида фарқлар мавжудлиги сезилади. Уларнинг барчаси ҳам ўзига хослиги ва қиммати билан ажралиб туради.

Тадқиқотнинг услубий асоси . Ўзбекистон Республикаси Президенти И.А. Каримовнинг тарих фани олдида турган долзарб масалалар тўғрисидаги фикрлари ва Амир Темур ҳақидаги асарлари илмий ишнинг услубий асосини белгилашда омил бўлиб хизмат қилди.

Шунингдек, тадқиқотда тарих фанининг илмийлик, холислик, танқидий ва қиёсий таҳлил усулларига таянилди, узвийлик, давомийлик тамойилларига амал қилинди хамда бугунги кунда дунё олимлари томонидан эътироф этилаётган цивилизацион услубга ҳам таянилди.

Диссертацияни ёзишда Б. Аҳмедов, А. Ўринбоев, Д. Юсупова, А.Аҳмедов, У.Уватов, О. Бўриев, А. Саидов, Ҳ. Бобоев ва бошқа темуршунос олимларнинг тадқиқотларидаги тавсиялардан ҳам унумли фойдаланилди.

Миллий давлатчилик тарихига бағишлаб хорижда ҳамда Ўзбекистонда чоп этилган шарқшунос, тарихчи ва ҳуқуқшунос олимларнинг асарлари, Амир Темур таваллудининг 660 йиллиги муносабати билан ўтказилган илмий-назарий ва амалий конференциялар материаллари, тадқиқотлардаги тавсиялар диссертациянинг илмий услубини белгилашда асос бўлиб хизмат қилган манбалардан саналади.

Ҳимояга олиб чиқилаётган асосий ҳолатлар:

– Амир Темур шахсида шаклланган сиёсий-маънавий ва аҳлоқий фазилатлар унинг сиёсий мавқеи кўтарилишига асос бўлган.

– Амир Темур ўша даврда мавжуд бўлган мўғул, туркий, форсий, араб усулларининг муҳим ва керакли жиҳатларини бир-бири билан уйғунлаштирган ҳолда янгича бошқарув асосларини ярата олган.

– Амир Темур томонидан олиб борилган сиёсат, айниқса унинг мутахассислар кучидан максимал даражада фойдаланиши ва кучли ижтимоий ҳимояни ташкил этиши салтанат тараққиётига катта таъсир кўрсатган.

– Амир Темур салтанатининг марказлашувида ва мустаҳкамланишида қурултой, марказий ҳамда маҳаллий бошқарув органлари муҳим рол ўйнаган.

– Давлатда маъмурий тизим ишининг самарали ташкил этилишида мансаб (лавозим), унвон ва уларга ҳукмдор томонидан салоҳиятига қараб тайинланган шахсларнинг таъсир катта бўлган.

– Ташкил этилган мудофаа тизими ҳамда юзага келиши мумкин бўлган ички ва ташқи ҳавфларни бартараф этиш учун юритилган изчил сиёсат салтанат барқарорлигига асос бўлиб хизмат қилган.

– Олиб борилган ҳарбий сиёсат ва ўрнатилган ҳарбий тизим, жумладан, қўшин тузилиши, сипоҳнинг ҳаракат усуллари, шахсларнинг ҳарбий мансабларга тайинланиши билан боғлиқ тадбирлар ва бошқа шу соҳада амалга оширилган муҳим сифат ўзгаришлари давлатда барқарорликнинг қарор топишида муҳим аҳамият касб этган.

– Салтанат жорий этилган суд-ҳуқуқ тизими давлатнинг мажбурлов аппарати бўлиб, у қонун устуворлигини таъминлаб турган.

– Амир Темур ташқи сиёсатда турли вазият талабидан келиб чиқиб, ушбу соҳанинг муҳим йўналишларини белгилаб олган. У асосан дўстлик ва ҳамкорлик йўлида ҳалқаро муносабатлар ўрнатган, ҳамда бу борада адолат тантанаси учун курашган.

– Амир Темур дипломатиянинг огоҳлантириш, вақтни чўзиш, овоза тарқатиш каби кўплаб усулларига таянган. Ҳар қандай шароитда ҳам ҳалқаро зиддиятли муносабатларни тинчлик йўли билан ҳал қилишга интилган. Унинг ғоялари, дипломатияга оид тадбирлари давлатнинг ички ҳамда ташқи мавқеини мустаҳкамлашга жуда катта таъсир кўрсатган.

Диссертациянинг илмий янгилиги . Мазкур тадқиқот Амир Темур салтанати давлатчилиги тарихининг асосий йўналишларини яхлит ҳолда очиб берувчи дастлабки илмий ишлардан биридир.

Диссертация мавзусининг айрим жиҳатлари тадқиқотчилар томонидан қисман ўрганилган, аммо давлат бошқарувининг муҳим йўналишлари, уларнинг давлатчилик тараққиётига кўрсатган таъсири, алоҳида мавзу сифатида таҳлил этилмаган. Тадқиқотнинг ёзилишида ана шу жиҳатларга эътибор қаратилди.

Тадқиқотлардаги Амир Темур шахси, унинг аҳлоқий фазилатларига оид масалалар янада тўлдирилиб, илк бор Амир Темурнинг ҳукмдор сифатида давлатчиликда тутган сиёсий мавқеи таҳлил этилди.

Амир Темур давлати нинг ўзига хос хусусиятлари, жумладан, давлатни бошқаришда форсий-арабий, туркий-чингизий анъаналардан ижодий фойдаланилганлиги, ўзбек давлатчилиги тараққиётига кўрсатган таъсири илк бор таҳлил этилди.

Шунингдек, тадқиқотда илм-фан, маданият тараққиётига туртки берган омиллар, Амир Темурнинг ушбу соҳаларга давлат сиёсати даражасида ёндашганлиги, натижада Уйғониш, илм-фан интеграцияси юзага келганлиги ҳақидаги дастлабки таҳлиллар берилди.

Унда Амир Темур салтанатида мавжуд булган ижтимоий табақалар ва уларнинг мавқеига оид илмий хулосалар ҳамда ижтимоий соҳа тизимлаштирилган ва кенгайтирилган ҳолда очиб берилди .

Диссертацияда марказий ва маҳаллий давлат бошқарув идоралари фаолияти алоҳида тадқиқ этилиб, уларнинг ўзаро алоқадорлиги, бир-бирига бўйсуниши ва чамбарчас боғлиқлиги, бу механизмнинг давлатчиликнинг ривожланишига таъсири таҳлил этилди.

Қурултойлар ҳақидаги мавжуд илмий хулосалар янада кенгайтирилди, унинг давлатчилик асосларини такомиллаштиришга кўрсатган таъсири очиб берилди.

Ушбу диссертацияда Амир Темур давридаги мансаб (лавозим) ва унвонларга оид масалаларга ойдинлик киритилди. Илк марта мансаб ва унвонлар марказий, маҳаллий, суд-ҳуқуқ ва диний бошқарув тизимига ажратилиб таҳлил этилди, уларнинг давлатчиликдаги ўрни, моҳияти кўрсатиб ўтилди.

Амир Темур даврида кечган суд-ҳуқуқ тизимининг ихтисослашиш жараёни, мудофаа сиёсати ва унинг барқарор давлат қуришга кўрсатган таъсири тадқиқ этилди.

Мазкур т адқиқотда илк бор Амир Темур дипломатияси ва ташқи сиёсатининг айрим йўналишлари, ўзига хос хусусиятлари, дипломатик ёзишмаларнинг давлатчиликдаги ўрни яхлит ҳолда таҳлил этилди.

Тадқиқот натижаларининг илмий ва амалий аҳамияти. Ушбу тадқиқот натижаларидан Ўзбекистон тарихининг Амир Темур салтанати даврига оид масалаларини ёритишда, жаҳон тарихининг ўрта асрлар қисмини ёзишда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси тингловчиларига маьрузалар матнлари тайёрлашда ва амалий машғулотлар ўтказишда, сиёсатшунослик, фалсафа, ҳуқуқшунослик фанларидан маьруза матнлари, ўқув дастурлари, қўлланмалар тузишда, махсус курслар ўқишда ҳамда давлат ҳокимияти идоралари фаолиятларининг баъзи жиҳатларини такомиллаштиришда фойдаланиш мумкин.

Натижаларнинг жорий қилиниши: Мазкур тадқиқотнинг натижалари муаллиф томонидан Тошкент Кимё-технология институти талабаларига “Ўзбекистон тарихи” фанидан маърузалар ўқишда, маъруза матнлари, ўқув-услубий қўлланмалар ёзишда, маънавий-маърифий тадбирлар ўтказишда, шунингдек республика ва халқаро миқёсда ўтказилаётган илмий конференцияларда, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академияси тингловчиларига маьрузалар қилишда, оммавий ахборот воситаларида давлатчиликнинг долзарб муаммоларини тарғиб этишда кенг жорий қилинмоқда.

Ишнинг синовдан ўтиши. Тадқиқот иши Тошкент Кимё-технология институти Ижтимоий-гуманитар фанлар марказининг 2005 йил 4 майда (№ 13 Баённома), Алишер Навоий номидаги Самарқанд Давлат Университети тарих-фалсафа факультети илмий семинарининг 2007 йил 30 январда (№ 7 Баённома) ҳамда Ўзбекистон Миллий Университети қошидаги махсус илмий семинарнинг 2007 йил 7 февралда (№ 1 Баённома), ЎзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти илмий семинар мажлисининг 2007 йил 24 декабрда бўлиб ўтган (№ 6 Баённома) мажлисларида муҳокама қилинган ва ҳимоя қилиш учун тавсия этилган.

Натижаларнинг эълон қилинганлиги: Тадқиқот иши бўйича муаллиф томонидан турли илмий журналларда 15 та мақола чоп этилган. Жумладан, “Соҳибқироннинг бир фармони ҳақида” мақоласи “Давлат ва ҳуқуқ” (2001, -№1-2), “ Амир Темур ва темурийлар даврида ижтимоий ҳимоя” мақоласи “Қонун ҳимоясида” (2001. -№1-2), “Амир Темур даврида ишбилармонларга муносабат” номли тадқиқоти “Хўжалик ва ҳуқуқ” (2003. – №8) ва бошқалар чоп этилган. Шунингдек, илмий тўпламларда, илмий конференцияларда қилинган маьрузалар юзасидан жами 19 та мақола ва тезислар чоп этилган. Шулардан “Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар: тарих ва ҳозирги замон” мавзуидаги республика илмий-амалий анжуманида “Амир Темур ва темурийлар даврида ижтимоий муносабатлар ҳамда дипломатик алоқалар тарихидан” (ЎзМУ, 2003), “Ўзбекистон давлатчилиги-тараққиёт босқичлари” мавзуидаги республика илмий-амалий конференциясида “Амир Темур ва темурийлар даврида миллий давлатчиликнинг ривожланиши” (ЎзМУ, 2003), “Буюк Ипак йўли ва Фарғона водийси” мавзусидаги республика илмий – амалий анжуманида “Амир Темур ва Буюк Ипак йўли” (АндДУ, 2004), “ Тарихий манбашунослик муаммолари” номли республика илмий-амалий анжуманида “Амир Темур давлатчилиги тарихшунослигига доир” (ЎзМУ, 2008) номли маърузаси ва бошқаларни келтириб ўтиш мумкин.

Диссертант томонидан тадқиқот ишига тааллуқли битта монография эълон қилинган.

Диссертация ишининг тузилиши ва ҳажми. Тадқиқот кириш, тўрт асосий боб, ўн бир бўлим, хулоса ҳамда фойдаланилган манба ва адабиётлар рўйхатидан иборатдир. Диссертация иши 297 бет ҳажмда бажарилган.

ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ

Кириш қисмида мавзунинг долзарблиги, ўрганилиш тарихи, тадқиқотнинг мақсад ва вазифалари, илмий янгилиги, илмий-услубий, манбавий асослари, диссертациянинг боб ва бўлимлардаги мавзулар билан боғлиқлиги, тадқиқотнинг обьекти, предмети, ҳимояга олиб чиқиладиган асосий ҳолатлар, даврий чегараланиши, илмий ва амалий аҳамияти, апробациядан ўтганлиги каби ма ь лумотлар берилган.

“Амир Темур салтанатида давлат бошқарув асослари” деб аталган биринчи боб уч бўлимдан иборат.

Унинг биринчи бўлими “Амир Темурнинг давлатни бошқаришдаги сиёсий мавқеи” деб номланади.

Ушбу масала ҳали олимлар томонидан алоҳида мавзу сифатида ўрганилмаган бўлса-да, Б.Аҳмедов, О.Бўриев, А.Зиё, Ҳ.Бобоев, А.Саидов, Л. Керен, Б. Манц ва бошқа олимларнинг тадқиқотларида Амир Темур кучли характер соҳиби, моҳир сиёсатчи ва лашкарбоши, илмли инсон сифатида таьрифланади. Масалан, Б. Манц Амир Темур ўз даврида араб-форс дунёсининг энг пешқадам кишиларидан бири бўлганлиги, унинг турк ва форс тилида ҳам бирдек мулоқот қила олиши, олимлар билан мунозарага кира олишдек юксак илми борлиги, ўзи юриш қилган ерларни аввалдан тўлиқ ўрганганлиги, ўз даврининг машҳур олими Ибн Халдун билан бўлган мунозараси ҳақида тўхталиб, кўпинча баҳс мунозараларда унинг илми баланд келганлигини айтиб ўтган.

Шунга қарамай, фанда унинг салтанат тараққиётида тутган сиёсий мавқеи тўлиқ очиб берилмаган. “Темур тузуклари”да бу ҳақда баъзи маълумотлар келтириб ўтилган.

Унда давлат бошлиғи ўзини тутиши, қандай асосларга таянилганда давлатни мустаҳкам бошқара олиши ҳақида баъзи йўриқномалар келтирилган. Жумладан, ҳукмдор ўзининг қатьий сўзи ва мустақил фикрига эга бўлиши, масалалар ечимини топишдан аввал ён-атрофдаги кишиларнинг фикрини инобатга олса-да, сўнгги сўзни унинг ўзи ҳал қилиши, турли гап-сўзларга учмаслиги, барча билан яхши муносабат ўрната билиши кераклиги таъкидланган.

Амир Темур мамлакатда ҳукмдор чиқарган буйруқ ва қарорлар фақат унинг ихтиёрида бўлиши керак деб ҳисоблаган ва ўзининг бошқарув фаолиятида бу қоидага амал қилган. Бизнингча, ушбу давлатчилик таьлимоти давлат ҳокимиятини амалга оширишнинг энг муҳим усулларидандир.

Ҳукмдор ўз сиёсий мавқеини сақлаб қолиши учун унинг адолатли ва комил инсон бўлиши етарли эмас, мақсадга эришиш учун унинг атрофидаги мансабдорлар ҳам ўз касбининг устаси, фидойи ва ҳалол бўлишлари керак.

Амир Темур ўзи тайинлаган вазирлар, амалдорлар ва сипоҳийлар воситасида давлат бошқарувини амалга оширганлиги унинг энг катта ютуқларидан биридир.

Амир Темур айниқса, вазирлар танлаш масаласини тўғри ҳал қилишга интилган. У подшоҳ «қошида адолатли вазирлар тутсин, токи подшоҳ зулм қилгудек бўлса, одил вазир унинг чорасини топсин. Агарда вазир золим бўлса, кўп ўтмай салтанат уйи қулайди», - деб таьлим берган.

Ҳукмдор давлат қудратининг рамзи бўлганлиги сабаб унинг озгина салбий ҳатти-ҳаракати ҳам оммага тез таьсир этади. Унинг ҳар қандай масалада адолатли, раҳмдил ва меҳрибон бўлиши ҳамда қонунларнинг ижросини таъминлай билиши ютуқларига кафолат бўлиб хизмат қилади. Тарихий сабоқлар шахсан Амир Темурнинг ўзи ва оиласи қонунлар ижросини таъминлашда халққа ўрнак бўлганлигини кўрсатади.

Амир Темур бошиданоқ бошқарув жиловини ўз қўлида мустаҳкам ушлаган бўлса ҳам ҳокимиятни ўз ходимларига бўлиб бериш, аммо уларнинг устидан назорат ўрнатиш йўлидан борган. Бундан Амир Темурнинг мамлакат ичкарисидаги мухолиф кучларга нисбатан қўллаган тактикасини англаб етиш мумкин. Унинг фикрига кўра “салтанат ишларини ишончли ва мўътабар бир неча кишига бўлиб бериш лозим. Шунда ҳар бири ўз ишига боғланиб, салтанат тахтига кўз олайтира олмайди». Бундан Амир Темур ўша даврдаёқ ҳокимиятнинг бўлиниш тамойили бошқаришни ташкиллаштиришнинг мақбул усулларидан эканини англаб етгани, унинг давлатчилигида ана шундай куртаклар мавжуд эканини англаш мумкин.

Ҳар тарафлама мустаҳкам, қудратли давлатни барпо этиш учун албатта билимли, юксак аҳлоқий сифатлар эгаси, нозиктаьб, сезгир, тезкор, мушкул вазиятларда ҳам ўз мақсадини амалга оширадиган тадбиркор, низо ва камчиликларни бартараф эта биладиган, инсоннинг руҳиятини англай оладиган, бошқарув илми эгаси бўлган иродали, кучли шахс давлатни бошқариши талаб этилади. Амир Темур ўз даврининг ана шу талаб ва эҳтиёжларига жавоб бера олган давлат арбоби эди. У давлат бошлиғини давлат ва халқнинг ўз олдига қўйган мақсадларини амалга оширишдаги асосий воситачи деб билган. Яхши ҳукмдор давлат тепасига келса «атроф-теваракдаги фасодчилар тамаъ қилишни тарк этиб, итоату бўйсуниш йўлига кирадилар» – , деб таълим берган.

Амир Темур қатьият билан ўз олдига қўйган мақсадларига эришган, даврининг энг зукко кишиларини пирлари деб тан олган, олимларнинг ёрдамига таянган. У ўзига мухолифатда бўлган кучларни енгиб, собиқ душманларининг куч ва имкониятларидан давлат тараққиёти йўлида фойдаланган.

Соҳибқирон салтанат ва қўшни мамлакатларда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни сергаклик билан кузатган ҳамда эхтимоли бўлган хавф-хатарларнинг олдини олган.

Амир Темур бирор ишни бошласа доимо уни муваффақиятли якунлашга интилган. Молиявий сиёсатни тўғри юритгани ҳам унинг муваффақиятларига замин бўлиб хизмат қилган. У кирим ва чиқимларни, сарф-харажатларни меъёрида олиб борган, йўқсилларга доимий равишда хайр-эҳсонлар иньом этиб турган, илм-фанга ҳомийлик қилган.

У дунёнинг энг йирик салтанатларидан бирини барпо этган қудратли ҳукмдор бўлса-да, умрининг охиригача софдил ва камтарин инсон бўлиб қолган.

Қисқа қилиб айтганда, Амир Темурнинг давлат раҳбари сифатида ўзи тузган давлат тараққиётида бемисл ўрни бор. Ушбу сабоқлар “давлат бошлиғи мукаммал давлат қуришнинг муҳим воситаси бўлиб, у давлат ижтимоий-сиёсий организмининг юраги ҳисобланган ва барча олиб борилган ислоҳотлар бевосита Амир Темурнинг раҳбарлик салоҳияти орқали амалга оширилган. Бу ноёб иқтидор ва фидоийлик Амир Темур сиёсий мавқеининг мустаҳкамланишига замин бўлиб хизмат қилган”,– деган хулосага келишимизга асос бўлади.

Биз Амир Темурнинг сиёсий мавқеини таҳлил этиш асносида “бу даврда ҳукмдорлик таьлимоти яратилган”, – деган хулосага келдик.

Биринчи бобнинг “ Амир Tемур салтанатида бошқарувнинг ўзига хос хусусиятлари ” деб номланган иккинчи бўлимида Амир Темур давлатининг пайдо бўлиш шарт-шароитлари, бу давлатнинг ўз давридаги бошқа давлатлар бошқарувидан фарқи, йўналишлари, ўрта аср давлатчилик тизимидаги ўзига хос хусусиятлар таҳлил этилган. Унда Амир Темур ўз давридаги турк-мўғул, форсий-исломий давлат бошқарув аьаналаридан давлат ва жамият равнақи йўлида фойдалангани очиб берилган.

Хорижлик муаллифлар Т. Ленц ва Г. Лоури Соҳибқирон Амир Темур салтанати нафақат ҳарбий куч билан барқарор тургани, балки бу давлат ўша давр бошқарувидаги сиёсий, ижтимоий, маданий ҳаётдаги турк-мўғул анъаналарининг энг афзал жиҳатларининг сақланиб қолингани, улар ўз давридаги давлат бошқарувининг энг илғор тизимларидан эканини алоҳида таъкидлайдилар.

Шунингдек, ҳинд олимаси М. Ҳайдар давлат бошқарув институтларида ўтроқ ва кўчманчи аҳоли маданияти акс этганлиги, ҳар икки тоифа маданияти анъаналари бошқарувга сингдирилса-да, барча жабҳаларда туркий давлатчилик анъаналари етакчилик қилганлиги ҳақида асосли фикр-мулоҳазалар билдириб ўтган.

Америка олимаси Беатрис Манц Амир Темур ҳокимиятга келиш арафасида Чиғатой улусининг мавқеи катта бўлганлиги, минтақада мўғул бошқаруви ўрнатилганлиги сабабли уларнинг сиёсий ва маьмурий ҳокимиятда катта рол ўйнагани, бу аньаналарнинг Амир Темур даврида ҳам сақланиб қолганлигини таькидлаб ўтган. Унинг фикрича, фуқаролик бошқарувида форс тили ва маданияти аньаналари устунлик қилган, аммо давлатни бошқаришда форсийзабон кишилардан кўра турк-мўғул уруғларидан бўлган амирларнинг таъсири кучли бўлган, аксар ҳолларда чиғатой амирлари маьмурий бошқарувга жалб этилган.

Амир Темур давлатни бошқаришда икки тоифа кишиларнинг – форсий ва чиғатойларнинг мавқе, билими, тажрибаларидан фойдаланган, аммо уларнинг куч ҳамда имкониятларини чеклашга, бошқа монархлар каби барча соҳалар устидан назорат ўрнатишга интилган.

Олима Амир Темурнинг давлат бошқарувида турк-мўғул ва форс-араб аньаналаридан фойдалангани ҳақида алоҳида таькидлаб ўтган.

Бизнинг фикримизча, Амир Темур турк-мўғул ва форс-араб аньаналаридан ижодий фойдаланган, уларни ривожлантирган, натижада янгича сиёсий удум ҳамда анъаналар жамият ҳаётига кириб келган. Давлат бошқарувида ўтроқ ва кўчманчи аҳолининг диний, миллий, минтақавий, этник қадриятлари ифода этилган, уларнинг манфаатлари ўртасидаги мувофиқлик топилган, бу омиллар эса давлат тараққиётига ижобий таьсир кўрсатган.

Салтанатда ижтимоий соҳага катта эътибор қаратилганлиги, ижтимоий гуруҳлар ва уларнинг манфаатлари инобатга олинганлиги давлатчиликдаги ўзига хос хусусиятларидандир. Амир Темур давлатнинг мақсад ва вазифаларини салоҳиятли мутахассислар орқали амалга ошира олган бўлиб, бу жиҳат ўз давридаги бошқа давлатчилик анъаналаридан фарқлантириб туради.

Шунингдек, мамлакат мудофааси, ҳарбий ва суд-ҳуқуқ тизимининг кучайтирилиши давлат барқарорлигига замин яратган.

Шуни алоҳида таькид этамизки, Амир Темур ўз давлати сарҳадларини дипломатик усуллар, баъзан адолатли юришлар эвазига кенгайтирган бўлса ҳам уни қонунлар, тўғри қўлланган бошқарув орқали кучайтирган ҳамда минтақалардаги тинчлик, барқарорлик ва адолатни таъминлашга эришган.

Амир Темур давлатининг устқурмасида ислом анъаналари устунлик қилган бўлса-да, у дини, ирқи ва миллатидан қатьий назар бутун инсониятнинг фаровонлиги, тинчлиги, ҳамкорлиги, дўстлиги учун хизмат қилган.

Салтанатда давлат, жамият, ҳамда фуқаролар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишга, барча соҳалардаги ижобий ўзгаришларда айнан давлат томонидан олиб борилган сиёсат катта таъсир кучига эга бўлган.

Маъмурий тизимда ҳам ихчамликка ва самарадорликка, хазина маблағини иқтисод қилишга катта эьтибор берилган.

Шунингдек, Амир Темурнинг маслаҳат ва кенгашларга таяниб салтанатни бошқаришни йўлга қўйиши унинг қудрати ва барқарорлигига пойдевор бўлиб хизмат қилган.

Амир Темур салтанати давлат бошқарувида сиёсат, иқтисодиёт, ижтимоий тизим, маьнавий аҳлоқий омиллар бир-бирини тўлдирган ва узвий боғланган.

Амир Темур давлатнинг иқтисодий функциясини тўлақонли амалга оширишда тадбиркорлик ва халқаро савдо-сотиқ ишларига алоҳида эътибор қаратган. Бунда биринчидан, фуқароларнинг моддий таъминоти амалга оширилган бўлса, иккинчидан, божу хирожлар орқали салтанат иқтисодий қудрати ўсиб борган. Амир Темур бу соҳада яхши натижаларга эришиш учун Буюк Ипак йўлининг хавфсизлигини таъминлаган ва унинг устидан назорат ўрнатган.

Мамлакат ички иқтисодий ҳамда ижтимоий потенциалини кучайтириш мақсадида ижтимоий қатламлардан ҳисобланган деҳқонлар, ҳунармандлар, камбағал аҳоли давлат томонидан қўллаб-қувватланган.

Тадқиқотлар Амир Темур давлатчилигида ҳар бир ижтимоий табақаларга эътибор қаратилгани, уларнинг ички ўсишига катта имкониятлар яратилганини кўрсатади.

Соҳибқироннинг бунёдкорлик ишлари давлат сиёсати билан боғлиқ ҳолда олиб борилган. Чунки улуғ амир нафақат адолат, қонунлар устиворлигини таъминлаш, балки бунёдкорликдаги эстетик имкониятлар ҳам давлат ва халқ обрў-эътиборини оширишга, сиёсий, иқтисодий, маънавий ва эстетик уйғунлик қудратнинг асоси бўлиб хизмат қилишини ўз давридаёқ англаб етган.

Амир Темур айниқса Самарқанд шаҳрини ўзининг кўрки ва салобати билан пойтахт талабига жавоб берадиган сиёсий марказга айлантиришга ҳаракат қилган. У салтанат пойтахт сифатида Самарқандда бунёдкорлик, ободончилик ишларига катта эьтибор қаратиш билан бирга мамлакатнинг бошқа ерларида ҳам шифохона, кўприк, мадраса, масжид, работ ва бошқа иморатларни қурдирган. Бунёдкорлик унинг давлатчилик тизимидаги энг муҳим йўналишлардан бири бўлган.

Салтанатда зиёли, олим ва турли соҳаларнинг мутахассисларига ҳомийлик, ғамхўрлик қилинган. Пойтахт шаҳар Самарқандда ва бошқа сиёсий марказларда ўша даврнинг энг катта ҳамда бой кутубхоналари яратилган. Бу омиллар барча соҳалар қатори илм-фанда Уйғониш даврининг келиб чиқишига пойдевор бўлиб хизмат қилган.

Тадқиқотнинг “Амир Темур салтанатининг ижтимоий тизими” деб номланган бўлимида Амир Темур давридаги мавжуд ижтимоий табақалар, мутахассис ва амалдорларни танлаш, ижтимоий ҳимоя масалалари кўриб чиқилган.

Амир Темур салтанат бошқарувида ижтимоий соҳага катта эьтибор қаратилган. Мамлакатда ижтимоий гуруҳларнинг ўн икки тоифага ажратилиши ва уларнинг манфаатларига мослаб бошқарувни олиб бориш Амир Темур давлатчилигининг ўзига хос хусусиятларидандир. Давлат ҳокимиятини амалга оширишда ижтимоий тизимлар, уларнинг талаб ва эҳтиёжлари инобатга олинган.

Амир Темур даври ижтимоий тизимида уруғ-қабилачилик анъаналари ҳам жамият ва давлат бошқарувида катта аҳамият касб этган.

Давлат томонидан бу соҳани ривожлантиришга эътибор қаратилиши салтанатда ижтимоий қатламларнинг кўпайиши, улар ўртасида тоифалашув жараёнларининг тезлашишига, турли соҳа вакилларининг янги тоифалари юзага келишига, уларнинг шаҳар ҳаёти билан боғланиб кетишига замин яратилган. Масалан, савдогарлар орасида халқаро савдо ишлари билан шуғулланувчи энг нуфузли- тужжор лар, шунингдек мамлакат савдосида муҳим ўрин тутган аҳл-и бозор -сотувчи савдогарлар, олиб сотарлар ва бошқа гуруҳлар ҳам мавжуд бўлган.

Йирик ва майда хусусий ер эгалари, ижарачилар, эркин деҳқонлар, қуллар қишлоқ халқининг ўзига хос табақаларини ташкил этган. Амир Темур салтанатида ишлаб чиқариш ва савдонинг тараққий этиши қишлоқ бойларининг шаҳар ҳаёти яъни тадбиркорлик фаолияти билан боғланиб кетишига олиб келган.

Бу даврда ер эгалиги тўрт хилда бўлган . Улар давлат мулки (мамлака), хусусий ерлар, вақф ерлари, жамоа ерларига бўлинган бўлиб оддий халқнинг баъзилари у ёки бу қисмида ишлар эдилар.

Бу даврда ҳунармандчилик ривожланган, бу эса ишлаб чиқариш ва ташқи савдонинг келгуси тараққиётига катта ижобий таъсир кўрсатган.

Салтанатда ижтимоий ҳимоя яхши йўлга қўйилган бўлиб, кам таъминланган, ногирон, етим-есирлар давлат ҳимоясида бўлган. Камбағал кишиларнинг тадбиркорлик, деҳқончилик билан шуғулланишлари, уй-жой қурилишлари учун давлат хазинасидан молиявий ва моддий ёрдамлар кўрсатилган.

Умуман олганда, Амир Темур давлатида шаклланган бу тизимни бошқарувнинг муҳим ижтимоий концепцияси деб баҳолаш мумкин.

Тадқиқотимизнинг иккинчи боби “Амир Темур салтанатининг маьмурий тизими” деб номланган. Ушбу бобнинг биринчи қисмида “Амир Темур салтанатининг марказий ва маҳаллий бошқарув тизими” таҳлил этилган.

Бу масала ҳали фанда алоҳида мавзу сифатида таҳлил этилмаган бўлса-да, олимлар ўз асарларида муаммога қисқача тўхталиб ўтганлар.

Азамат Зиё Амир Темур даврида бошқарув икки идора - даргоҳ ва девон ларга (вазирликларга) бўлинганлиги, уларнинг вазифалари, «сохта хон»лар Суюрғатмиш ва Маҳмудхон ҳақида фикр-мулоҳазалар билдириб ўтади.

Амир Темур расман салтанатни ўзи ва аввало Суюрғатмиш, кейинчалик Маҳмудхон каби хонлар билан бошқарган, уларнинг номи билан биргаликда тангалар зарб қилган бўлса ҳам амалда барча ҳокимият унинг қўлида тўпланган эди. У чекланмаган ҳокимиятга эга бўлиб, амр-фармонлари сўзсиз ижро этилган.

Амир Темур йигирма етти давлатни ўз ичига олган салтанатни етти вазирлар ёрдамида бошқарган. Улардан тўрт вазир олий даргоҳ ишларини юритса, учта вазир вилоятлар ишлари билан машғул бўлган. Вазирлар девонбеги га бўйсунганлар ва бу олий ташкилот олий девон дейилган. Унга девонбеги бошчилик қилган.

Беатрис Манц Амир Темур бош маҳкамаси девони аьло ва девони бузург дан ташкил топганлиги, бу икки девон параллел равишда Амир Темур марказий бошқарувида мавжуд бўлганлиги, девони аьло фуқаролик ишлари бўйича форсий анъаналар билан бошқарилгани ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилган. У девони бузург олий табақа зодагонлар ҳисобланмиш чиғатой амирлари ва шоҳ хонадони аьзолари масалалари билан шуғулланадиган олий трибунал суд эканлигини айтиб ўтган.

Амир Темур салтанатни тўрт улусга бўлиб, уларга ўз ўғил ва набираларини ҳукмдор этиб тайинлаган.

Амир Темур давлатни маҳаллий маъмурий ҳудудларни ташкиллаштиришда мамлакатни улус, вилоят ва туманларга бўлган. Шунингдек, вилоят ва туманларга ҳам асосан темурий шаҳзодалар ҳамда ҳарбий лашкарбошилар раҳбарлик қилган.

Амир Темур вилоят, туманларга кўпинча мамлакат ҳаётида катта ўрин тутган олимлар, жангларда синалган, жасорат кўрсатган ҳарбийларни бошлиқ этиб тайинлаган. Ҳарбий зодагонларнинг давлат бошқарувида иштирок этиши ўрта асрларнинг ҳарбий феодализм босқичига ўтилганини кўрсатади. Бунда ҳарбий ва фуқаролик ҳокимияти уйғунлиги яратилган, деб ҳисоблаш мумкин.

Амир Темур жангларда, давлат ишларида тобланган, садоқатли, тадбиркор, олим кишиларни ўз ўғилларига маслаҳатчи қилиб тайинлаган ва улар орқали маъмурий ҳудудларда бошқарувнинг холисликини таъминлашга интилган.

Салтанат бошқарувида ташкил этилган давлат ноҳия -округларга, ўнмингликлар- туман ларга, мингликлар- ҳазора , юзликлар- сада ва ўнликлар- даҳа ларга бўлинган. Бундан кўриниб турибдики, маҳаллий бошқарувнинг ўнликлар тизими мавжуд бўлиб, унинг асосига белгиланган тартибда Амир Темур қўшини учун аскар етказиб бериш вазифаси қўйилган.

Амир Темур даврида маҳаллий бошқариш ишлари яхши ташкиллаштирилган бўлиб, ҳар бир вилоят шаҳар, туманларнинг ўз ҳокими, молия девони, қозиси, муфтиси, мутаваллиси ва мухтасиби бўлган. Ҳар бир шаҳар ва қишлоққа кутвол , яъни комендант тайин этилган.

Салтанат бошқарувида маҳаллий эркин жамоалар ва маҳалла оқсоқолликлари катта рол ўйнаганлигини алоҳида таькидлаб ўтиш лозим. У бошқарувда миллий урф-одатларини инобатга олиб, солиқлар йиғиш, маҳалла тинчлик-фаровонлигини сақлаш, моддий таьминот ва бошқа масалаларда жамоа ҳамда уни бошқарган маҳалла оқсоқолларининг фикрларини инобатга олган.

Темурийлар давлатида давлатни идора этиш ташкилотларининг ихчам, оддий, арзон ва тезкорлиги, яъни давлат бошқарувининг иқтисодий жиҳатдан тежамкорлиги тамойилига амал қилинган.

Юқоридаги таҳлиллардан хулоса қилиш мумкинки, Амир Темур салтанатида марказий ва маҳаллий ҳокимият органларининг барча бўғинлари ягона бошқарувга бирлашган. Тантанали издаҳом тартибию қоидаларидан тортиб, аъёнларнинг тўёна либосларигача катта эътибор берилган. Салтанат бошқарувида сиёсат, аҳлоқ, этик ва эстетик имкониятлар уйғунлаштирилган.

Бобнинг иккинчи қисмида давлатчиликда вакиллик институти қурултойлар таҳлил этилган бўлиб, у Давлат бошқарувини такомиллаштиришда қурултойларнинг ўрни” деб номланган.

Қурултойлар азалдан юртимизда жамият ва давлат ўртасидаги муносабатларни яхшилаш воситаларидан бири бўлиб, бу сиёсий институт давр талаби ҳамда эҳтиёжига айланган эди. Унда мамлакат ҳаётига доир энг муҳим масалалар, жумладан, бошқа давлатларга уруш қилиш, сулҳ тузиш, давлат бошқарувига оид бошқа муҳим ишлар ҳал этилган.

Қурултой ва унинг жамият ҳамда давлат тараққиётидаги ўрнини ўрганган венгер олими Ҳ. Вамбери унга «Миллат мажлиси» деб баҳо берган.

З. Муқимов «Амир Темур давлатни бошқаришда албатта Қуръон, ҳадислар, тўра ва тузукка таянган. Шу билан бирга кенгаш ва машваратга ҳамда унинг қарорларига таянган. Шу нуқтаи назардан қурултойлар Темур салтанатига демократик тус берувчи зодагонлар кенгашидан иборат эди», – деб фикр билдирган.

Ҳ.Бобоев шарқ деспотик давлатларидан Амир Темур давлати қурултойи билан фарқланишини, шарқона мутлоқий монархиянинг демократия билан қўшилгани ҳақида фикр мулоҳазалар билдириб ўтган.

Қурултойнинг фаолиятини таҳлил этиб Соҳибқирон Амир Темур бу соҳадаги тарихий тажрибани фаоллаштириш орқали туркий давлатчилик асосларини такомиллаштирганини тушуниш мумкин. Қурултой фаолиятини ўрганиб “салтанатда бошқарув нафақат монарх иродаси, балки халқ, жамоатчилик фикрига таянилган ҳолда ҳам олиб борилган ва бу омил давлатчиликка муҳим ижобий таьсир кўрсатган”,-деган хулосага келиш мумкин.

Қурултойларда баьзан маҳаллий халқ вакилларига ўзлари ҳоҳлаган кишини сайлаш ҳуқуқи ҳам берилган эди. Демак, барча талабларга жавоб берадиган кишилар юқори мансабга қўйилган, нолойиқлар эса ишдан туширилган.

Ҳатто бу олий йиғинларда халқ сўровига кўра баъзан солиқлар камайтирилган. Қурултойда давлат амалдорлари, лашкарбошилар, олиму уламолар, кекса-тажрибали кишилар қатнашган ва улар маҳаллий ҳукмдорларга маслаҳатчи этиб тайинланган. Бу анъаналар давлат бошқарувида адолат ўрнатиш, қонунлар ижросини таъминлаш, марказий ва маҳаллий ҳокимият ўртасидаги алоқадорликни таъминлашга хизмат қилган. Ўша даврда бу сиёсий институт зодагонлар кенгашидан иборат вакиллик органи бўлган бўлса ҳам маҳаллий ҳукмдорлар орқали худуд ва халқ манфаатларини ҳимоя этишга интилишлар мавжуд бўлганлиги англашилади. Амир Темур салтанатида фаолият юритган қурултойларнинг фаолиятини ўрганиб, давлатчиликдаги бу сиёсий институт вакиллик демократиясининг куртаги бўлганини англаш мумкин.

Иккинчи бобнинг учинчи бўлими “Амир Темур давлатидаги асосий мансаб (лавозим) ва унвонлар” деб номланган.

Марказий ҳокимиятга доир мансаб ва унвонларни таҳлил этадиган бўлсак, Амир Темур ўз даври анъаналаридан фарқли равишда ўзини хон эмас амир деб атаган. У чекланмаган ваколатга эга бўлиб, ўзи лозим топган пайтда давлат мансабдорлари томонидан қабул қилинган қарорларни ўзгартириши ва янги қарорлар қабул қилиши мумкин эди.

Амир Темурдан кейинги йирик мансаб ҳукумат девонларининг бошлиғи девонбеги ҳисобланган. У баьзан вазири аъзам деб аталган. Вазири аьзам вазирлар маҳкамасининг бошлиғи бўлиб, давлат ишларида муҳим рол ўйнаган.

Девони аьло нинг бошлиғи с оҳиби девон деб аталган. Бу олий мансабга чиғатойлар зодагонлари орасидан қўйилган.

Б. Манц “ярғучи” мансаби шоҳ хонадони ва чиғатой зодагонларини суд қилишга мўлжалланган олий трибунал суди, девони бузург нинг олий мансабдори деган фикрларни илгари суради.

Марказий маҳкаманинг энг олий мансабларидан бири вазирлар салтанатнинг муҳим соҳаларини бошқарган.

Подшоҳ ва давлат хазинаси ( ҳазонайи омира ) ни тасарруф этиб турувчи мансабдор ҳазинадор (хозин) деб аталган.

Марказий ҳокимиятда муҳрдор лавозими катта аҳамиятга эга бўлиб, у давлат ҳужжатларига муҳр қўйиш ишига масьул бўлган. Муҳрдор лавозимига ҳукмдорнинг энг яқин кишилари орасидан тайинланган. “Му'изз ал-ансаб”да Амир Темурнинг Ики Темур, Шайх Муҳаммад, Абдуллоҳ парвоначи каби муҳрдорлари бўлганлиги ҳақида маьлумотлар келтирилган. Шиқовуллар Амир Темур саройида элчилик ва дипломатия ишлари билан машғул бўлган.

Тавочи (адьютант) мансаби саройдаги олий мартабалардан бири ҳисобланган. Улар қурултойга давлатнинг турли ўлкаларидан шаҳзода ва бошқа маҳаллий бошлиқларни йиғиш, юришлар олдидан лашкар тўплаш, жанглар вақтида вафот этган ҳарбийларнинг ҳисобини олиш ва бошқа масъулиятли ишлар билан ҳам машғул бўлишган.

“Му'изз ал-ансаб”да Амир Темур салтанатида Чоку Барлос, Бурундуқ Барлос, Али Султон Найман, Ардашер Қавчин, Муборакшоҳ Барлос, Шамсиддин Аббос, Олим-Шайх, Иноқ Хумори Қавчин, Жаҳон-шоҳ Барлос, Искандар Дурбат, Улайфа Қавчин, Бустари, Бўри Сулдуз, Худойдод Хитой, Луқмон Хоразмий, Муҳаммад ал-Буқра, Юсуф Жалил каби тавочи лари бўлганлиги ҳақида маьлумот бериб ўтилган.

Бундан ташари, саройда қушбеги, тархон, нўён, оталиқ, парвоначи, бахший, битикчи, мунший, котиб каби кўплаб мансаб ва унвонлар ҳам бўлган.

Амир Темур салтанатида Шероз, Исфаҳон, Язд, Ҳирот, Самарқанд каби шаҳарларда маҳаллий девонлар мавжуд бўлиб, девон бошлиқлари соҳиби девон деб аталган.

Маҳаллий бошқарувда доруғалар катта рол ўйнаганлар. Улар туман, шаҳар ёки вилоят ҳокими , с оқчилар бошлиғи каби кўплаб ваколатли ишларни бажарган. Доруғалар кўпинча чегара вилоятларга ҳам тайинланган. Раиятни рўйхатга олиш, аскар тўплаш, солиқларни йиғиш ва подшоҳ саройига етказиш, маҳаллий ҳукмдорларни назорат қилиш ишлари ҳам улар зиммасида бўлган.

Муҳоссил Амир Темур салтанатидаги энг нуфузли мансаблардан ҳисобланган. Муҳоссиллар мансабига ҳам тамға зодагонлари орасидан қўйилган бўлиб, улар моли омон , қарам ерлардан хирож солиғини йиғишга масьул бўлганлар.

Тамғачилар савдо-сотиқдан ва божхона хизмати орқали келадиган тушумларни йиғиш ишларига масьул бўлган.

Ҳар бир вилоят ва шаҳарда адлия бошқармаси бошлиғи- адолат амири, маънавият ва шариат қонунларининг ижросини текширувчи- муставфий, кутвол (қалъа коменданти), жарчи, жуйбон, калонтар каби кўплаб мансаб ҳамда унвонлар мавжуд бўлган.

Салтанатда суд-ҳуқуқ тизимига оид вазифалар ихтисослашган бўлиб, уларнинг ичида қозилик мансаби энг нуфузли ва масьулиятли ишлардан бири бўлган. Қози лар давлатнинг суд, ҳуқуқ-тартибот ишларини мувофиқлаштиришда муҳим рол ўйнаганлар. Уларнинг олий қозиси қозикалон деб аталган.

Чиғатой амирлари ва шаҳзодаларнинг қонунга хилоф ишларини кўрувчи амалдор ярғучи деб аталган . У олий трибунал судида фаолият юритган.

Б. Аҳмедов дунёвий масалалар билан шуғулланувчи қозилар аҳдос қозиси, шариат ишлари билан шуғулланувчи қозилар шариат қозиси , сипоҳийлар ўртасидаги келишмовчилик ва тортишувларни ҳал этувчи қозиларни - қози аскар деб атаган.

Бу даврда ҳуқуқ тартибот идоралари ихтисослашган. Шулардан бири асаслар дир. Улар тунда фуқароларнинг тинчлик-хотиржамлигини сақлашга масьул бўлганлар.

Фуқаролардан тушган арз - додларни қабул қиладиган ва маьмуриятга етказадиган мансабдор додҳоҳ деб аталган. Улар арзбеги га бўйсунган .

Солиқ йиғувчи, ясо ни амалга оширувчи мансабдор ёсоқий бўлиб, улар сарбоз ҳам дейилган. Солиқ йиғиш ишлари улардан тадбиркорлик ва адолат билан иш тутиш, халқ ҳамда давлат манфаатларини тенглаштиришни талаб этган.

Полиция маҳкамаси йасағлиқ деб, тунги соқчилар эса пос ( ёки посбон) деб номланган.

Салтанатда мусулмонлар пешвоси шайхулислом деб аталган. Унинг сиёсий нуфузи баланд бўлиб, давлат маънавий ҳаётида муҳим рол ўйнаган.

Саройдаги энг катта диний лавозимлардан бири аълам дейилган. Улар шариат қонунларига оид масалаларда бош ҳукмдорга маслаҳатчилик ҳам қилишган.

Амир Темур салтанатида пайғамбар Муҳаммад с.а.в.нинг авлодлари саналган саййид ларнинг обрўси кучли бўлган.

Вақф ерларни бошқариш каби муҳим ишларни олиб борган мансабдор садр деб аталган. Улар садри аъзамга бўйсунганлар.

Диний идораларга тегишли имом хатиблар, фақихлар, воъизлар, мударрислар, шайх каби кўплаб мансаб ва унвонлар ҳам мавжуд бўлган.

Тадқиқотимизнинг учинчи боби “Амир Темур давлатининг суд – ҳуқуқ, мудофаа ва ҳарбий тизими” деб номланган . Бобнинг биринчи бўлимида “Амир Темур давлатининг суд-ҳуқуқ тизими” тадқиқ этилди.

Амир Темур давлатда тинчлик, қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида суд-ҳуқуқ тизимига таянган. Салтанатда жиноятга жазо беришдан кўра, уларнинг олдини олишга катта эътибор берилган. Дорул аморат , эл-улус ҳокимлари ва маьмурий органлар ҳам ана шу мақсад йўлида фаолият юритган. Амир Темур салтанатида қозиликларнинг фуқаролик, шариат, ҳарбий ишлар билан шуғулланувчи соҳалари мавжуд бўлган. Улар ўз йўналишидаги низо ва жиноятларни кўриб чиққан. Қозиликларнинг фаолиятларини текшириб туриш ва марказга ҳисобот бериш учун ҳар бир вилоят, шаҳарда адолат амири тайинланган.

Қонунларда содир этилган жиноятга жазонинг муқаррарлиги тамойилига амал қилинган. Давлат учун нафи теккан, обрўли, фидойи шахсларнинг айбига бериладиган жазолар енгиллаштирилган. Амир Темур давлатида давлат қўпорувчилиги, сотқинлик, порахўрлик ва бошқалар оғир жиноятлардан ҳисобланган. Бундай ҳатти-ҳаракатлар аёвсиз жазоланган. Жиноятчиларга адолатли жазолар берилган ва бундай тартиботлар давлатда интизом сақланишига олиб келган.

Салтанатда ҳар бир шаҳарда қозихона (суд идораси), адлия бошқармаси (Дор ул- адолат) мавжуд бўлган.

Амир Темур салтанатининг суд-ҳуқуқ тизими қонунийлик ва адолат тамойилига асосланган бўлиб, давлатнинг мажбурлов кучини сақлаб туришда улар муҳим таъсир кучига эга бўлган. Жойлардаги қозиликларнинг фаолияти марказдан бош қози томонидан назорат қилиб турилган.

Шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза этувчи идоралар ихтисослашган бўлиб, улар кундузги, тунги, фуқаролик ва ҳарбий ишларини назорат қилиш, содир этилган ҳуқуқбузарлик ҳамда жиноятларни фош этишда муҳим рол ўйнаган.

Хулоса қилиб айтганда, Амир Темур салтанатининг суд-ҳуқуқ тизими мамлакатда қонун устуворлигини таъминлашда таянч вазифасини бажарган.

Учинчи бобнинг иккинчи бўлими “Амир Темур давлатининг мудофаа ва ҳарбий тизими” ни ёритишга бағишланган. Бу даврда давлат тинчлигига рахна солувчи икки таҳдид-ички ва ташқи ҳавфларни бартараф этишга эътибор берилган. Амир Темур мамлакат ичкариси ва ён-атрофда рўй бераётган воқеалардан огоҳ бўлиш ҳамда хавфларни ўз вақтида бартараф этишга эришган. Бу даврда амир саройи, девонхона, мамлакат ичкариси ва чегара ҳудудларини ҳимоя қилиш учун махсус бўлинмалар ташкил этилган.

Амир Темур минтақалардаги барқарорликни сақлаш учун ҳарбий соҳани кучайтиришга ҳаракат қилган. Мамлакатда яратилган ҳарбий сиёсат салтанатда давлат тинчлиги, барқарорлиги ва яхлитлигини сақлашда катта куч бўлиб хизмат қилган. Бу эса бизга “Амир Темур ўз даврининг энг пешқадам ҳарбий тизимини яратган”,-деган хулосага келишимизга асос бўлади. Амир Темур ҳарбий соҳани иқтисодий, ҳарбий саньат ва дипломатия йўли билан яна-да мукаммаллаштирди. Урушлар хавфи кучли бўлган ўрта асрларда ҳарбий тизимга алоҳида эьтибор берилиши Амир Темурнинг минтақада фаол ҳаракат олиб боришига, сиёсий мавқеи кўтарилишига замин яратди. Кучлилар заифларга ўлжа бўлган ўрта асрларда Амир Темурнинг Осиё минтақасида тинчлик ва фаровонликни таьминлаганлиги унинг буюк хизматларидандир.

Амир Темур мулк, хазина ва лашкар манфаатларини мувофиқлаштирилишга эришишни давлат тараққиётининг бош омили деб ҳисоблаган. У халқнинг тўқлиги ҳазинанинг тўлишига, ҳазина мустаҳкамлиги аскарнинг жанговарлигига олиб келади. Акс ҳолда халқнинг камбағаллашиши ҳазинанинг камайишига, ҳазинанинг камайиши лашкарнинг тарқалишига, бу эса давлатнинг барқарорлиги ҳамда яхлитлигининг бузилишига олиб келади, шунинг учун аввало халқнинг тўқлигини таъминлаш зарур, деган тушунчага амал қилган.

Соҳибқирон қўшинни ўнлик, юзлик, минглик, ва ўн минглик қисмларга ажратиб бошқарган. Шунингдек, қўшин сонига қараб жанг қилиш усуллари, лашкарни рағбатлантириш, маош тайинлаш каби барча соҳаларига эътибор қаратилган. У ҳарбий соҳани янгича асосда бойитган.

Амир Темур қўшинни паҳлавон йигит танасига, лашкар қисмларини унинг аъзоларига қиёслаган ва жангларда қайси аъзоларни вақтида ишлатишни яхши билган. Қўшинда ҳар бир бўлинманинг махсус кийими, ранги, қуроли мавжуд бўлиб, бу усуллар унинг қисмларни жангга йўналтиришда махсус белги бўлиб хизмат қилган.

Амир Темур қўшин тизимидаги ихчамлик, уларнинг ўзаро узвий боғлиқилиги, бир-бирига бўйсуниши, поғоналар тизими мукаммал ишлаб чиқилган.

Жан-Пол Ру Амир Темур ва Боязид Елдирим муносабатлари ва улар ўртасида бўлиб ўтган Анқара жангини таҳлил қилиб ўтган. У усмонийлар армиясининг ўз ҳарбий бошлиқларига Амир Темур қўшини каби мустаҳкам боғланмагани, Боязид Европага юриш қилгани билан жанг ҳарбий ҳаракатлар мазмунини Амир Темурчалик англаб етмаганлигини алоҳида таъкидлаб ўтган эди. Амир Темур Родос рицарларига тегишли салбчи ғайридинлар маскани Смирнани икки ҳафта мобайнида қўлга киритгани, Боязид Елдирим эса ўн икки йил овора бўлиб бу ерни забт эта олмаганлиги, Соҳибқироннинг ҳарбий лаёқати Боязидникидан бир неча баробар устун бўлганлигини кўрсатиб ўтган.

Тадқиқотимизнинг тўртинчи боби “Амир Темур давлатининг ташқи сиёсати ва дипломатияси” деб номланган бўлиб, унинг биринчи бўлими “Амир Темур давлати ташқи сиёсатининг асосий йўналишлари” мавзусини ёритишга бағишланган.

Бир томондан ҳали Чингизий мўғулларнинг ҳавфи кучли эканлиги, чегаралар хавфсизлигини таъминлаш, Чиғатой улусига эгалик қилиш, иккинчи томондан, Буюк Ипак йўли устидан назорат ўрнатиш ва бу орқали минтақаларда ўз мақсадларини амалга ошириш муаммоси Амир Темурдан турли ташқи сиёсат йўналишларини белгилашни талаб этди.

Соҳибқирон Амир Темурнинг мўғул зулмига зарба бериши унга янгича муаммоларни туғдирди. Вазият Амир Темурдан Хоразм, Олтин Ўрда, Мўғулистон, Эрон, Хуросон каби ўз даврининг кучли давлатлари билан янгича бир-биридан фарқланувчи ташқи сиёсат йўналишларини белгилашни тақозо қилди.

Амир Темур аввало Чиғатой улусининг таркибий қисми бўлган Хоразмни ўз давлатига қўшиб олиш, шу орқали шимолий чегараларни мустаҳкамлаш, мазкур ҳудудда кучли мудофаа маконини яратиш, Олтин Ўрданинг Эрон ва Озарбайжонда ҳукмронлик қилишига йўл қўймаслик, уни иккинчи даражали мамлакатга айлантириш, Дашти Қипчоқнинг шимолий қисмига ўз таъсирини ўтказиш каби мақсад ва вазифаларни қўйган.

Унинг ташқи сиёсат йўналишида Миср, усмонийлар давлати катта ўрин тутган. Амир Темурнинг режаларига дунёда етакчи мавқега эга бўлган давлатларнинг раҳбарлари-Миср султони Барқуқ, усмонийлар султони Боязид Елдирим ҳалақит бераётган, бунинг устига улар Олтин Ўрда билан бирга Амир Темурни янчиб ташлашга интилаётган эди. Манфаатлар, худудлар устидаги тортишувлар ҳам йирик давлатлар ўрасидаги зиддиятларнинг кескинлашишига катта таьсир кўрсатган.

Ҳалқаро майдонда вазиятлар кескинлашаётган бир пайтда Амир Темур тўғри дипломатик тадбир ва усуллар орқали ўз олдида турган мураккаб тўсиқларни енгиб ўтган. Масалан, қарийб йигирма йиллик зиддиятларга қарамай Миср ва Амир Темур давлати ўртасида йирик жанглар содир бўлмаган.

Шунингдек, у Европа давлатлари билан ҳам дўстона, ҳамкорлик ва дипломатик алоқаларни ўрнатишга эришган. Бу эса салтанатнинг наинки шарқда балки ғарбда ҳам обрўси ошишига сабаб бўлган.

Умуман олганда, Амир Темурнинг ташқи сиёсатда қўллаган тадбирлари давлатнинг сиёсий, мудофаа ва иқтисодий қудратини кучайтиришга хизмат қилган.

Бобнинг иккинчи қисмида “Амир Темур дипломатиясининг ўзига хос хусусиятлари” таҳлил этилди.

Мавзуни тадқиқ этиш асносида XIV аср охири ва XV асрнинг бошларида ҳалқаро муносабатлар, ҳар бир давлат раҳбарининг ўзига хос дипломатик салоҳияти ва стратегияси мавжудлиги, бу алоқаларда Амир Темур кучли тактикалар қўллагани, ушбу омиллар салтанатнинг халқаро майдонда обрў қозонишига хизмат қилганлигини тушуниб етиш мумкин.

Шунингдек, Амир Темурнинг инсонпарварлиги, мард, жасур, ташаббускор, стратег, тадбиркорлиги ва аҳлоқий фазилатлари, унинг кучли шахс бўлганлиги келгусидаги ютуқларига асос бўлиб хизмат қилган. У ҳар қандай вазиятларда ҳам енгилган рақибини ҳурмат қилган.

Унинг дипломатиясида манфаатли ҳамкорлик, бугун кўтарилаётган ягона макон барпо этиш ва интеграция тушунчалари устувор бўлган.

Амир Темурнинг қатъияти, тиришқоқлиги, мақсадга интилувчанлиги ва имкониятдан максимал фойдаланганлиги, тезкорлиги, дипломатик ютуқларининг муҳим омилларидан ҳисобланади.

Музокаралар орқали низоларни бартараф этиш Амир Темур дипломатиясининг муҳим ютуғи бўлиб, унинг стратегияси дипломатиясини кучайтиришга хизмат қилди. Соҳибқирон ўз даврининг бошқа ҳукмдорларидан фарқли равишда маслаҳат ва кенгашга таяниб дипломатик асосларни кучайтирган.

У низоли масалаларда вақтни чўзиб дипломатия йўлини тутган ва рақибининг тўғри хулосага келишига имкон берган. Амир Темур кечирувчан дипломат бўлиб, пасткашликка қарши сахийлик, сабр-тоқат, кечирувчанлик ва бағрикенглик билан жавоб қилган. Ҳар қандай шароитда ҳам унинг дипломатиясида талофатсиз мақсадга эришиш бош ғоя бўлган. Амир Темур вазиятларга қараб дипломатиянинг насиҳат, огоҳлантириш, қўрқитиш ва овоза тарқатиш каби усулларидан фойдаланган. У рақибларининг заифликларидан усталик билан фойдаланган ва ғалабаларга дипломатияда қўллаган тўғри тадбирлари орқали эришган.

Амир Темур салтанатида элчи танлаш масаласига алоҳида эътибор берилган, уларга юрт рамзи сифатида қаралган. Шунга монанд саройдаги дипломатия корпуси мукаммал тузилган бўлиб, у мунтазам равишда фаолият юритган. Дипломатик муносабатлар шахсан Амир Темур номидан олиб борилган.

Шуниси эътиборлики, халқаро учрашувлар, расмий маросимлар аниқ ва санъаткорона ишлаб чиқилган қоидалар асосида олиб борилган. Бу қоидаларнинг юксак меъморий-бадиий ечим, этика, эстетика ютуқлари билан бойитилганлиги ҳам давлатнинг обрў эътибор қозонишида муҳим рол ўйнаган.

Сўнгги бобнинг учинчи бўлимида “Амир Темур салтанати дипломатик ёзишмаларининг давлатчиликдаги ўрни” тадқиқ этилган.

Шўролар даврида Амир Темурнинг Европа давлатлари билан олиб борган дипломатик ёзишмалари И.И. Умняков томонидан ўрганилган, аммо бу дипломатик алоқаларда Соҳибқироннинг тутган ўрни ва роли, ҳалқаро муносабатларни мувофиқлаштиришдаги фаолияти таҳлил этилмаган.

Давлатимизнинг мустақилликка эришуви том маънода Амир Темур даврида битилган ёзишма-мактубларнинг тадқиқ этилишига катта имконият яратди. Жумладан, дипломатик ёзишмалар тарихи тадқиқотчилар томонидан холисона ўрганила бошланди. Жумладан, Амир Темурнинг 660 йиллик юбилейи муносабати билан мавзуга доир тадқиқотлар эълон қилинди.

Мактублар мазмуни халқаро муносабатларнинг ривожи ва низоларнинг сабаблари, шунингдек, муносабатларда ким дипломатия нормаларига амал қилгани ёки унга хилоф иш тутгани ҳақида атрофлича билишимизда бизга ёрдам беради.

Турли давлатлар билан олиб борган ёзишмаларида Амир Темур яхши қўшничилик, ўзаро ёрдам, иқтисодий ҳамкорлик ғояларини тарғиб қилиш билан бирга ўзининг геостратегик мақсад ва вазифаларини амалга оширишни истаган.

Ёзишмалар Амир Темур ўз давридаги бошқа мусулмон ҳукмдорлардан фарқли ўлароқ ғайридин қиролларга нисбатан дўстона муносабатда бўлгани ва уларни истиқболли ҳамкор сифатида қабул қилганига шоҳидлик беради. Европа давлатлари билан алоқаларда тез-тез элчилар алмашиниб туриши ва улар орқали дўстликнинг мустаҳкамланиши ҳамда ҳар икки мамлакат тараққиётига катта ҳисса қўшувчи савдогарлар, тадбиркорлар тоифасига катта имкониятлар яратилиши томонлар ўртасида келгусида дўстлик алоқалари ривожланишига сабаб бўлган. Амир Темур тарихда илк маротаба мусулмон шарқидан насроний ғарбга дўстона ва ҳамкорлик йўлида қўл узатган, машриқу мағриб ўртасидаги ғовларни олиб ташлашга интилган жаҳонгир сифатида тарихга кирган. Мактублар мазмуни Амир Темур томонидан савдогарларга катта имкон яратиш, бу орқали мамлакат ва халқнинг иқтисодий аҳволини яхшилаш мақсадлари шарқ ва ғарб ўртасида биринчи марта расмий масала сифатида ҳал этишга интилганини кўрсатади.

Шунингдек, ўзаро ёзишмалардан Амир Темурнинг халқаро муносабатларда сулҳ, тинчлик ва ҳамкорлик тарафдори бўлганини англаш мумкин.

ХУЛОСА

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Амир Темур даврида яхлит давлатчилик концепцияси яратилган бўлиб, салтанат бошқарувининг барча соҳалари, уларда кечган жараёнлар, тармоқлараро алоқалар қонун йўли билан тартибга солинган. Давлат бошқарувида мавжуд бўлган мўғул, форс ва туркий исломий анъаналарнинг ижобий жиҳатларидан фойдаланилиши янгича сиёсий анъаналар келиб чиқишига сабаб бўлди. Бу ўзгаришларни амалга оширишда Амир Темурнинг давлат раҳбари сифатида тутган сиёсий мавқеи ҳам катта аҳамият касб этади.

Давлатнинг ижтимоий функцияси иқтисодий, қонуний ва маънавий воситалар орқали бажарилган.

Амир Темур давлат бошқарув идораларининг ҳар томонлама қулай, тезкор, енгил, содда ва иқтисодий жиҳатдан тежамкорлик асосида фаолият юритишини таъминлай олганлиги катта ютуқлар эшигининг очилишига имкон берган.

Салтанатда марказий ва маҳаллий бошқарув идораларининг ўзаро алоқадорлиги, бир-бирига бўйсуниш қоидалари тартибга солинган, шакл ва мазмун ўртасидаги мутаносиблик таьминланган. Бу эса мамлакатда юксак коммуникация тизими яратилишига сабаб бўлган. Амир Темур бу тизимни салоҳиятли, илмли ва маънавий жиҳатдан етук мутахассислар билан кучайтирди.

Шунингдек, қурултойлар ҳам мамлакат бошқаруви ва тараққиётида муҳим роль ўйнаган.

Амир Темур даврида суд ва ҳуқуқ тартибот соҳалари ихтисослашган бўлиб, бу соҳа давлат таянчи вазифасини ўтаган.

Бошқарувда мамлакат мудофаасига жуда катта эътибор қаратилган. Амир Темур таҳдид солиши мумкин бўлган ички ва ташқи ҳавфларни ўз вақтида бартараф этган, уларнинг олдини олиш тадбирларини ишлаб чиққан. Салтанатнинг ҳарбий сиёсати аввало мудофаани кучайтиришга қаратилган. Унинг томонидан олиб борилган мудофаа, ҳарбий сиёсат ва дипломатия йигирма етти давлатни ўз ичига олган йирик салтанатда барқарорликни таьминлашга, Осиё минтақасида ўз мақсадларига эришишга, интеграцион жараёнларни тезлаштиришга хизмат қилган. Амир Темур ташқи юришларини аввало зулм, адолатсизликлар, бошбошдоқликларни тугатиш мақсадида уюштирган, минтақаларда эл-улус фаровонлигини таьминлашга ҳаракат қилган ҳамда ислом дини ва шариат мустаҳкамлиги учун курашган.

Салтанатнинг дипломатик алоқаларида инсонпарварлик, дўстлик ва ҳамкорлик ғоялари устувор бўлган. Хоразм, Олтин Ўрда, усмонийлар, Миср каби давлатлар билан олиб борилган ташқи сиёсатида ҳам дипломатия қонун-қоидаларига доимий равишда амал қилинган. Хусусан, Европа қироллари билан дўстона дипломатик муносабатларни ўрнатилган. Бу эса ўша даврнинг катта ҳодисаси эди.

Амир Темур дипломатияси ва ташқи сиёсатида илк маротаба «ягона макон» ғоясини илгари сурилган. Бу эса барча инсонларнинг ягона маконда фаолият юритишлари мумкинлиги ҳақидаги дастлабки тушунчаларнинг келиб чиқишига сабаб бўлган. Бу асослар Амир Темур давлатчилик ғоялари байналминалчиликка асосланганлигини кўрсатади.

Умуман олганда, Амир Темур давлатчилиги юксак назарий қоидаларга асосланган ҳолда бошқарилган бўлиб, ундаги мезонлар амалиётдан олинган тажрибалар орқали шаклланган.

Юқоридаги таҳлиллар ва далиллар асосида Амир Темур салтанатида умуминсоний қадриятларга асосланган, сиёсий тизимда янгича, мустаҳкам, ўз даврида мавжуд бўлган турли бошқарув анъаналарининг мақбул жиҳатларини ўзида мужассамлаштирган, ҳамда уларга муҳим ижобий ўзгартиришлар киритилган давлатчилик асослари барпо этилган, деган хулосага келишимиз мумкин.

Амир Темур даврида шаклланган давлатчилик тажрибаси миллий сиёсий тарихдаги энг ривожланган босқични ташкил этади.

Тадқиқот иши юзасидан қуйидаги тавсиялар берилади:

•  Ушбу диссертация ишидан Ўзбекистон давлатчилик тарихини ёритишда, Амир Темур салтанатининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий тарихи, жаҳон тарихининг ўрта асрлар қисмини ёзишда фойдаланиш мумкин.

•  Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиш академияси тингловчиларига махсус курс ташкил этиш лозим.

•  Тадқиқот натижаларидан олий таълим тизимида “Ўзбекистон тарихи”, “Жаҳон тарихи”, “Ўзбекистон давлатчилиги тарихи”, “Сиёсатшунослик”, ”Фалсафа”, ”Давлат ва хуқуқ назарияси”, ”Сиёсий ва хуқуқий таълимотлар тарихи”, ”Марказий ва маҳаллий давлат бошқарув асослари” ва бошқа фанлардан Амир Темур мавзусига оид баъзи қўшимча ва ўзгартиришлар киритишда, маъруза матнлари, ўқув дастурлари, қўлланмалар тузишда, махсус курслар ўқишда фойдаланиш мумкин.

•  Тадқиқот натижаларидан ўрта асрларнинг Амир Темур давлатчилиги билан боғлиқ халқаро муносабатлар ва дипломатия тарихини ёритишда фойдаланиш мумкин.

•  Амир Темур давлатчилиги тарихини ёзишда турли соҳа мутахассислари билан темуршунос олимларнинг кенг ҳамкорлигини таъминлаш лозим.

•  Диссертациядаги мавжуд маълумотлардан давлат бошқарув органлари раҳбарлари фойдаланишлари мумкин.

•  Мазкур иш натижаларидан ёшларни миллий ўзликни англаш, ватанпарварлик, юртга садоқат, умуман комил инсон қилиб тарбиялашда фойдаланиш мумкин.

•  Ҳарбий билим юртлари, Миллий хавфсизлик институти талабаларига маърузалар ўтишда фойдаланиш мумкин

•  Амир Темур ва темурийлар салтанати давлатчилик тарихини ўрганиш марказини ташкил этиш, унда кенг қамровли фундаментал тадқиқотлар олиб бориш, турли тилларда чоп этиладиган “Амир Темур ва темурийлар” номли илмий журнал чоп этиш, олинган муҳим натижаларни ушбу матбуотда мунтазам эълон қилиб боришга эришиш муҳим масаладир.

ЭЪЛОН ҚИЛИНГАН ИШЛАР РЎЙХАТИ:

Монография ва илмий журналларда чоп этилган мақолалар:

1. Ульжаева Ш.М. Амир Темур ва темурийлар даврида миллий давлатчиликнинг ривожланиши. - Тошкент: Фан, 2005. - 272 б.
2. Ульжаева Ш.М. Соҳибқироннинг бир фармони ҳақида // Давлат ва ҳуқуқ.- Тошкент, 2001. - №1-2. - Б.68-69.
3. Ульжаева Ш.М. Амир Темур ва темурийлар даврида ижтимоий ҳимоя // Қонун ҳимоясида. - Тошкент, 2001. - №1-2. - Б. 25-26.
4. Ульжаева Ш.М. Шоҳруҳ Мирзо-темурийлар даври давлат арбоби // Демократлаштириш ва инсон ҳуқуқлари. - Тошкент, 2003. - №1. - Б.74-77.
5. Ульжаева Ш.М. Соҳибқирон вазирларни қандай танлаган? // Ҳаёт ва қонун. - Тошкент, 2003. -№ 3. - Б.45.
6. Ульжаева Ш.М. Шоҳруҳ Мирзо ўгитлари // Мозийдан садо. - Тошкент, 2003. - №2. - Б. 34-35.
7. Ульжаева Ш.М. Амир Темурнинг ҳарбий саркардалик маҳорати // Ижтимоий фикр. - Тошкент, 2003. - № 3. - Б.119-123.
8. Ульжаева Ш.М. Амир Темур ва темурийлар даврида жиноят ва жазо // Қонун ҳимоясида. - Тошкент, 2003. - №4. - Б. 21-22.
9. Ульжаева Ш.М. Амир Темур даврида ишбилармонларга муносабат // Хўжалик ва ҳуқуқ. - Тошкент, 2003. - №8. - Б. 37-39.
10. Ульжаева Ш.М. Амир Темурни англаш - ўзликни англаш // Мулоқот. - Тошкент, 2004.- № 5. - Б. 21 - 22.
11. Ульжаева Ш.М. Буюк давлатчилик аньаналари // Ҳаёт ва қонун. - Тошкент, 2004. - №4. - Б. 74-75.
12. Ульжаева Ш.М. «Темур тузуклари»да давлат хавфсизлигини таьминлаш тўғрисида // Жамият ва бошқарув. - Тошкент, 2004. - №2. - Б. 49-51.
13. Ульжаева Ш.М. Амир Темур ва темурийларнинг Европа давлатлари билан дипломатик ва иқтисодий алоқалари // Ижтимоий фикр. – Тошкент, 2006. - №1. - Б.87-90.
14. Ульжаева Ш.М. Амир Темур ва темурийлар даврида давлат бошқаруви // Жамият ва бошқарув. - Тошкент, 2006. - №1. - Б. 24-26.
15. Ульжаева Ш.М. Куч адолатда // Ҳуқуқ ва бурч. –Тошкент, 2008. – № 4. – Б.17-18.

Илмий тўпламларда чоп этилган мақолалар ва илмий – назарий анжуманлардаги маьрузалар тезислари:

16. Ульжаева Ш.М. Амир Темур ва темурийлар даврида ижтимоий муносабатлар ҳамда дипломатик алоқалар тарихидан // Ўзбекистонда миллатлараро муносабатлар: тарих ва ҳозирги замон: Республика илмий-амалий анжуман материаллари. - Тошкент: ЎзМУ, 2003. - Б. 69-72.
17. Ульжаева Ш.М. Амир Темурнинг давлатни бошқарув тизими хусусида (тарихий манбалар таҳлили) // Тарихий манбашунослик муаммолари: Республика илмий-назарий конференция материаллари. - Тошкент: Университет, 2003. - Б. 87-90.
18. Ҳарбийларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда Амир Темур меросининг аҳамияти // Ҳарбий хизматчилар онгида миллий истиқлол ғоясини шакллантиришнинг долзарб муаммолари: Республика илмий анжумани материаллари. - Тошкент, 2003. - Б. 130-131.
19. Ульжаева Ш.М. Амир Темур ва темурийлар даврида миллий давлатчиликнинг ривожланиши // Ўзбекистон давлатчилиги-тараққиёт босқичлари: Республика илмий-амалий конференция материаллари. - Тошкент: ЎзМУ, 2003. - Б. 29-31.
20. Ульжаева Ш.М. Амир Темур ва Буюк Ипак йўли // Буюк Ипак йўли ва Фарғона водийси: Республика илмий – амалий анжуман материаллари. - Андижон: АндДУ, 2004. - Б. 174-176.
21. Ульжаева Ш.М. Амир Темур ва темурийлар даврида кўчманчи ва ўтроқ аҳоли муносабатлари // Маънавият, илму фан ва иқтисодий билимлар ёшлар тарбиясига хизмат қилсин: Республика илмий-амалий конференция материаллари. - Тошкент: ТДМИ, 2004. - Б. 77-79.
22. Ульжаева Ш.М. Амир Темур дипломатиясининг ўзига хос хусусиятлари // Ўзбекистон Республикаси жаҳон ҳамжамияти тизимида: Республика илмий-амалий конференция материаллари – Тошкент: ТДПУ, 2004. - Б. 60-63.
23. Ульжаева Ш.М. Кадрлар танлаш масаласида Амир Темур меросининг аҳамияти // Мустақиллик йилларида ижодий кадрлар тайёрлашнинг долзарб масалалари: Республика илмий-амалий конференция материаллари. - Тошкент: ТДСИ, 2004. - Б.31-33.
24. Ульжаева Ш.М. Амир Темур ва темурийлар давлатчилик сиёсатида диний бағрикенглик масалалари // Амир Темур ва темурийлар даври: янги тадқиқотлар: Республика илмий анжумани материаллари. 2- китоб. - Тошкент, 2005. – Б. 150-154.
25. Ульжаева Ш.М. Амир Темур, Буюк Ипак йўли ва халқаро алоқаларнинг ривожланиши. // Ўзбекистонда этнодемографик жараёнлар // Халқаро конференция материаллари. - Тошкент: ЎзМУ, 2005. 1 - қисм. - Б. 123-126.
26. Ульжаева Ш.М. Жамиятни модернизация қилишда Амир Темур меросининг аҳамияти // Ўзбекистонда жамиятни модернизация қилишнинг долзарб муаммолари: Республика илмий анжумани материаллари. - Тошкент: ТКТИ, 2005. - Б.69-70.
27. Ульжаева Ш.М., Тошева Г.Ш. Ёшлар иқтисодий тафаккурининг шаклланишида Амир Темур меросининг аҳамияти // Ўзбекистонда жамиятни модернизация қилишнинг долзарб муаммолари: Республика илмий-амалий конференция материаллари. - Тошкент: ТКТИ, 2005.-Б.224-226.
28. Ульжаева Ш.М., Абдурахимов С. Р. Амир Темур ва темурийлар даврида сиёсий билимларнинг ривожланиши // Хоразм Маъмун Академиясининг миллий ва жаҳон фани хазинасига қўшган ҳиссаси: Республика илмий-амалий анжуман материаллари - Тошкент: ТДЖТУ, 2006. - Б. 127-129.
29. Ульжаева Ш.М. Амир Темур ва жаҳон тамаддуни тараққиёти // Олима аёлларнинг фан-техника тараққиётида тутган ўрни: Республика илмий-амалий анжумани маърузалар тўплами. - Тошкент: ТДПУ, 2006. 1-а қисм. - Б. 89-90.
30. Ульжаева Ш.М. Амир Темур давлат бошлиғи сифатида // XIX асрнинг охири ва XX аср бошларида Туркистон тарихининг баъзи масалалари: Илмий мақолалар тўплами. – Тошкент: ТДШИ, 2007. – Б. 45-52.
31. Ульжаева Ш.М. Амир Темур давлат бошқарувининг ўзига хос хусусиятлари // Архитектура қурилиши: муаммолар ва ечимлар: Республика илмий анжумани тезислари. – Тошкент: ТАҚИ, 2007. – Б. 67-69.
32. Ульжаева Ш.М. Амир Темур давлатининг суд-ҳуқуқ тизими // Амир Темур ва ҳозирги замон: Республика илмий анжумани материаллари. – Тошкент: ТДТУ, 2007. – Б. 97-103.
33. Ульжаева Ш.М. Амир Темур қурган кўчма шаҳар // Ўзбекистонда урбанизация жараёнлари: тарих ва ҳозирги замон: Халқаро илмий-амалий анжуман материаллари. – Тошкент: ЎзМУ, 2007. – Б. 145-147.
34. Ульжаева Ш.М. Амир Темур ва темурийлар даврида илм-фаннинг равнақи // Олима аёлларнинг фан-техника тараққиётида тутган ўрни: Республика илмий-амалий конференция материаллари. – Тошкент, 2008. – Б. 275-277.
35. Ульжаева Ш.М. Амир Темур давлатчилиги тарихшунослигига доир // Тарихий манбашунослик муаммолари: Республика илмий-амалий анжумани материаллари. – Тошкент, 2008. – Б. 98-103.

Ульжаева Шохистахон Мамажоновнанинг «Амир Темур салтанатида миллий давлатчиликнинг ривожланиши” мавзуидаги 07.00.03 - Умумий тарих ихтисослиги бўйича ёзилган докторлик диссертациясининг

РЕЗЮМЕСИ

Таянч (энг муҳим) сўзлар: Амир Темур, давлатчилик, марказий давлат бошқаруви, маҳаллий бошқарув, ижтимоий тизим, давлат бошлиғи, қурултой, мудофаа, ҳарбий тизим, суд-ҳуқуқ тизими, дипломатия, ташқи сиёсат.
Тадқиқот объектлари: XIV–XV асрларда Мовароуннаҳрда кечган ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ва маънавий-маърифий жараёнлар, давлат бошқарув асослари, ижтимоий, ҳарбий, ва суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилган ислоҳотлар, Амир Темур давлатининг маьмурий тизими, дипломатия тарихи, ташқи сиёсат ва унинг йўналишлари, халқаро ёзишмалар тарихи.
Ишнинг мақсади: Амир Темур салтанатида миллий давлатчиликнинг ривожланишини ҳар томонлама, чуқур илмий тадқиқ этиш.
Тадқиқот методлари: тарихийлик, объективлик, илмийлик, танқидий усул, тарихий-қиёсий таҳлил, цивилизацион услуб.
Олинган натижалар ва уларнинг янгилиги: XIV–XV асрларда битилган манбаларнинг илмий изоҳли таржималари, маҳаллий ва чет эл тадқиқотчиларнинг асарларига таянилган ҳолда биринчи марта Амир Темур давлатчилик тарихи яхлит ҳолатда очиб берилди ва мавзуга тегишли назарий хулосалар чиқарилди.
Амалий аҳамияти: Тадқиқот материалларидан Ўзбекистонннинг сиёсий, ҳарбий, ҳалқаро муносабатлар тарихини ўрганишда, даврга тааллуқли жаҳон тарихининг ташқи муносабатлар билан боғлиқ мавзуларини ёритишда, тарих, ҳуқуқшунослик, сиёсатшунослик, фалсафа, этика, эстетика, маънавият асослари фанларидан маъруза матнлари тузишда, демократик жамият қуриш асосларини такомиллаштиришда фойдаланиш мумкин.
Тадбиқ этиш даражаси ва иқтисодий самарадорлиги. Диссертация юзасидан 1 монография, 34 та мақола ва тезислар чоп этилган. Диссертация материалларидан Ўзбекистон тарихидан маъруза ўқишда, республика ва ҳалқаро миқёсда ўтказилаётган турли илмий конференцияларда маъруза ва тезислар тузишда, Фуқаролик жамиятини ўрганиш институти томонидан ўтказилаётган тадбирларда, Ўзбекистон телерадиокомпаниясида чиқишлар қилишда фойдаланиш кўзда тутилган.
Қўлланиш соҳаси: Ўзбекистон тарихи, миллий давлатчилик тарихи, ҳуқуқшунослик, сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихи, сиёсатшунослик, фалсафа, этика, эстетика, психология, маънавият асослари ва бошқа ижтимоий-гуманитар фанлар.

РЕЗЮМЕ

диссертации Ульжаевой Шохистахон Мамаджановны на тему: «Развитие национальной государственности в империи Амира Темура» на соискание ученой степени доктора исторических наук по специальности 07.00.03 - «Всеобщая история»
Ключевые слова: Амир Темур, государственность, центральное государственное управление, местное управление, социальная система, глава государства, курултай, оборона, военная система, судебно-правовая система, дипломатия, внешняя политика.
Обьекты исследования: Социально-политические, экономические и духовно-нравственные процессы в XIV–XV вв., основы государственного управления, образование социальной, военной и судебно-правовой системы, админстративное управление эпохи Амира Темура, история дипломатии, внешняя политика и её направления, история международной переписки.
Цель исследования: всестороннее, глубоко научное и обьективное исследование развития национальной государственности империи Амира Темура.
Методы исследования: историзм, обьективизм, научный подход, критицизм, историко-сравнительный анализ, цивилизационный подход.
Полученные результаты и их новизна: На основе научно-комментированных переводов источников XIV–XV вв., исследований местных и зарубежных авторов впервые комплексно раскрыта государственность эпохи Амира Темура и конкретизированы выводы по теме.
Практическая значимость: Материалы исследования могут быть использованы при изучении политической истории Узбекистана, военной истории, международных отношений всеобщей истории, при подготовке текстов лекций по истории, правоведению, политологии, философии, этики, эстетики, нравственности, а также будут способствовать укреплению основ построения демократического общества.
Степень внедрения и экономическая эффективность. По теме диссертации опубликованы 1 монография, 34 научно-практических статей и тезисов. Материалы диссертации используются при чтении лекций по истории Узбекистана, при составлении докладов и тезисов для республиканских и международных научных конференций, на встречах с общественностью вместе с Институтом изучения гражданского общества, выступлениях по телевидению и радио Узбекистана.
Область применения: материалы диссертации могут быть использованы при написании исследований по истории Узбекистана, истории национальной государственности, правоведению, политологии, философии, этики, эстетики, нравственности эпохи Амира Темура и при освещении общих вопросов данных областей наук.

RESUME

Thesis of Uljaeva Shokhistahon Mamajonovna on the scientific degree competition of the doctor of sciences in historical speciality 07.00.03 “General history” subject: "Development of the national statesmant is in the empire of Temur”

Key words: Amir Temur, statehood, the central government, local management, social system, the head of the state, kurultay, defense, military, judicial-legal system, diplomacy, foreign policy.
Subjects of the inquiry: Sociopolitical, economic and moral event in XIV–XV ages , bases of the government, formation of social, military and judicial-legal system, management of an state of Amir Temur, history of diplomacy, foreign policy and its directions, history of the international correspondence.
Aim of the inquiry: All-round, deeply scientific and objective research of development of national statehood of empire of Amir Temur.
Methods of inquiry: a historicism, an objectivism, the scientific approach, kritisizm, the comparative analysis, civilisation the approach.
The results achieved and their novelty: In a basis of translation variants of sources XIV–XV ages, researches of foreign and local authors the statehood of an epoch of Amir Temura for the first time is in a complex opened and conclusions on themes are concretized.
Practical value: materials of research to be research in studying political history of Uzbekistan, military history, international attitudes of general history, in preparation of texts of lecture after history, jurisprudence, political science, philosophy, ethics, an aesthetics, morals, and also to be use in strengthening a democratic society.
Degree of embed and economic effectivety. On a theme of the dissertation 1 monographies, 34 articls. Materials of the dissertation it is used at reading lecture history of Uzbekistan, at meetings with the public together with Institute of studying of a civil society, on performances of a TV.
Sphere of usage: materials of the dissertation to be research in studying history, jurisprudence, political science, philosophy, ethics, aesthetics, morals of epoch Amir Temur and the general questions of the given areas of sciences.

Тадқиқотчи: .......................................................... т.ф.н., доц. Ш.М. Ульжаева

   
   
   
   
   
   
 
   
 
 
   
 
 
   

 
 
 
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
   
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
 
       
Copyright 2005 © beruniy.6te.net
       
       
ЎзР Фанлар Академияси Шарқшунослик Институти
       
Free Web Hosting